Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

ОҚИБАТСИЗ ОТА

ОҚИБАТСИЗ ОТА
“Ойижон, чанқаб кетяпман...”Хамир қораётган Нодира ўғли Рустамжоннинг инграшидан безовталаниб, қўлларини апил-тапил ювди-да, боласи қошига шошилди. Кўрпага бурканиб олганча дир-дир титраётган беморнинг иситмаси баландлиги шундоққина юзидан билиниб турса-да, пешонасига кафт босди. Тўрт фарзандни катта қилган Нодиранинг кафти ҳарорат ўлчагичдан фарқ қилмай қолганди. Ҳозир ҳам кенжасининг иситмаси салкам қирққа яқинлашиб қолганини сезди.
– Сув, – тағин ингради Рустамжон қуруқшаган лабларини ялаб.
– Ҳозир, болажоним, мана...
 У онаси тутган сувни ютоқиб ичгач, мажолсиз ўрнига чўзилди.
Нодира малҳамлар солинадиган қутини титкилади, иситма туширадиган дори тугабди. Дорихонадан олиб чиқай деса... ҳамён бўм-бўш... Бўғзига нимадир тиқилиб, хўрлиги келди. Аёл боши билан бир ўзи нима қилсин?! Катта қизи коллежда, қолган уч боласи мактабга боради. Кунда нон дейдиган ҳам, пул дейдиган ҳам – шулар. Болаларга қолса-ку, пул сўзини оғзига олмаса, бироқ коллеж ва мактабда ҳали унга, ҳали бунга деб “йиғ-йиғ”лар кўп-да. Нодира ўзини минг ўққа-чўққа урмасин, “илма-тешик” рўзғорни ямашга ожизлик қилаётир. Кечқурун хамир қилиб қўяди, эрталаб сомса пишириб, маҳаллага олиб чиқади, дўкон, мактабларни оралайди. Сотиб бўлгач, уйга чопади: кечгача тикиш-бичиш қилади. Барака топсин қўшнилари, қандай тикувчилик ишлари бўлса, Нодирага олиб чиқади, фойдаси шунга бўлсин, дейишади-да.
Қадимгилар бежиз нақл қилишмаган экан, эркакнинг топганида барака бўлади, деб. Нодира ҳам шунга куяди-да, турмуш ўртоғи эр бўлиб ойда бир эшик қоқмаса, ота бўлиб болаларининг ҳолидан хабар олмаса?!
...Абдураҳмон нима сабабдан уйга келмай қўйганини ҳалигача тугал тушунолмайди. Ораларидан ола мушук ўтмаган, жиддий сен-менга боришмаган, ҳе йўқ, бе йўқ, қорасини кўрсатмайди.
– Ойижон, совқотиб кетяпман...
Бўғиқ овоз Нодирани ўзига келтирди. Тахмондан яна бир кўрпа олиб ёпди-да, ҳамсоясиникига югурди. Қўшни аёл ҳам ҳали ишда экан, эшик очилмади. Бошқасининг эшигини қоқишга ор қилди. Илинж билан дорихонага чопди. Аҳволини сотувчига тушунтирди, хайрият...
Бола дорини ичгач, тинчланиб ухлаб қолди. Бироқ ярим тунда иситма яна ошди. Аммо энди дори кор қилмас, Рустамжон ўқчиб-ўқчиб, қайт қиларди. Уй телефонига қарздорлик ҳисобланган: онаизор қўшни уйга чиқиб, тез ёрдам чақирди...
– Ўғлингизни зудлик билан касалхонага ётқизмасак бўлмайди, “сариқ” аломати борга ўхшаяпти, – деди шифокор беморни текшириб бўлгач...
Нодира касалхона йўлагидаги ўриндиққа чўккалади. У бир томондан боласининг аҳволидан азоб чекса, иккинчи томондан, дори-дармонга пул топишни ўйларди. Ўйлаганидек, сал ўтиб ҳамшира муолажа учун керакли нарсаларнинг рўйхатини қўлига тутқазди.
Эридан ёрдам сўрашдан бошқа иложи йўқ. Бировдан қарз олгандаям, уч-тўрт кун ўтиб сўраши бор. Қолаверса, мана бундай рўйхатларнинг ҳали яна қанчасини тутқазишади булар – Худо билади.
...Қизи Зарнигорни отасининг ишхонасига жўнатди. Ажабки, қизини кўрган отанинг қовоғидан лак-лак қор ёғилди, бармоқлари мушт бўлиб тугилди. Тиши газ-газ бўлди. Ўғли касал эканини ё қулоғи эшитмади ёки пул олиш мақсадидаги баҳона деб ўйлаб пинагини ҳам бузмади. Фақат ҳамкасбларидан уялганидан 50 минг сўмни зарда билан стол устига улоқтирди.
– Абдураҳмон, қанақа отасан? – дакки берди ҳамкасби Содиқ ака. – Одамлар тирноққа зор, сен лоақал қизинг бечорага аҳволинг қандай демадинг-а!
– Эй, менга ақл ўргатмаган сен қолувдинг, – юзини бурди Абдураҳмон Набиев. – Мана шулар бўлмаганда аллақачон бўлим мудири эмас, бошлиқ бўлган бўлар эдим, шуларни деб шунча йил судралиб юрдим...
– Сен берган пул дармон бўлармиди? Шуни ўйлаб кўрдингми, ундан кўра югуриб бормайсанми, балки сенга илҳақ бўлгани учун тоби қочгандир...
Дарҳақиқат, отанинг берган пули урвоқ ҳам бўлмади. Рустамжоннинг иситмаси тушмас, муштдай болада бир неч­та касаллик аломатлари аниқлангач, онаизор эрининг ишхонасига қўнғироқ қилишга мажбур бўлди.
– Агар ишхонамга келсанг ўлдираман, менда пул йўқ, – деди гўшакни зарда билан жойига қўяркан.
Аммо сал ўтиб мусичаи беозор, ердан кўзини олмайдиган аёлини ишхонасида кўргач, аввал ишонмади, сўнг кўзларидан ғазаб учқунларини отиб, ўшқирди:
– Қандай ҳаддинг сиғди бу ерга келишга?!
– Болангиз учун келдим, аҳволи жуда ёмон, уч кундан буён иситмаси тушмаяпти, – онанинг кўзлари ёшга тўлди.
– Менга ақл ўргатма, йўқол бу ердан, акс ҳолда ўлдираман! – Абдураҳмон столининг тортмасидан пичоқ чиқарди. – Мени ишхонамда шарманда қилмоқчи, обрў-эътиборимни ерга урмоқчи бўлгансан, анави ақлли опаларинг ўргатган сенга шундай қилишни! Бола бир баҳона, холос...
– Бақирманг! Ота бўлиб охирги марта қачон хабар олдингиз? Уларнинг ҳоли нима кечди экан деб бирор марта ўйладингизми? Ейишга ҳеч вақоси йўқлигидан мактабга боролмай уйда оч ўтирганидан-чи, хабарингиз борми? Қанақа отасиз ахир?!
– Ҳали тилинг ҳам чиқибдими? – ҳамкасблари олдида сирлари фош бўлаётган Абдураҳмоннинг қўллари бўйинбоғига узалди. Кўзларидан олов чақнаб, қаршисида болаларининг муштипар онаси эмас, ашаддий душмани тургандек ўқрайди. Пичоқни кўтариб, унга ташланди.
Нодира ҳимояланиш мақсадида беихтиёр ёнидаги стулни кўтарган эди, зарб билан келган ўткир пичоқ ёғоч стулга қадалди. Эр пичоқни суғурди-ю, хотинининг бўғзига қадади.
– Ўлдираман сени, ҳаётдан умидингни узавер, – унинг кўзлари роппа-роса бир йилдан сўнг рафиқаси билан яна юзма-юз келди. – Мени шармисор этаман деганларнинг ҳоли ана шундай тугайди.
Нодира уни нари итарган эди, тиғ пастга тушаётиб бармоғини кесиб юборди. Аёл жон-жаҳди билан ташқарига отилди. Важоҳат билан ортидан етиб келган Абдураҳмон энди унинг сочидан тортиб дуч келган жойига уриб, тепа бошлади...
...Тафсилотни шу жойда тўхтатсак. Негаки, бундай хатти-ҳаракатнинг якуни маълум: тергов, суд...
Суд ҳукмига кўра, Абдураҳмон Набиев Жиноят кодексининг 112-моддаси (Ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш) биринчи қисми ва 277-моддаси (Безорилик – совуқ қурол ёки кишининг соғлиғи учун амалда шикаст етказиши мумкин бўлган нарсаларни (қурол сифатида) намойиш қилиб, уларни қўллаш билан қўрқитиш ёхуд қўллаш) иккинчи қисмининг “в” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилди. Шунча хўрланишига қарамай, суд залида Нодира яна аёллигини унутиб, меҳрибон она сифатида сўзлади: “Илтимос, болаларим отасининг гуноҳидан ўтиб, унга енгилроқ жазо тайинлашингизни сўрайман. Менинг даъвоим йўқ...”.
 Жиноятга жазо муқаррар. Абдураҳмон Набиев ҳам тегишли жазога тортилди. Лекин бир савол ҳамон тинч­лик бермайди: “Бундайларни ота деб бўлармикан?”.

Нурхон ЭЛМИРЗАЕВА
(Мақолада келтирилган исм-фамилиялар ўзгартирилган).