Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Ўқитувчилар қўшимча ишларга эмас, қўшимча дарсларга жалб қилинишининг натижаси қандай бўлмоқда?

Ўқитувчилар қўшимча ишларга эмас, қўшимча дарсларга жалб қилинишининг натижаси қандай бўлмоқда?

...Мактабнинг орт дарвозасидан кирган эканман, стадиондан чиқиб қолдим. Бинонинг ташқи томони оддий, усталар таъмирлаш ишларини олиб боришаётган экан. Майдонда болалар берилиб футбол ўйнамоқда. “Умид ниҳоллари” мусобақасининг туман босқичида иккинчи ўринни қўлга киритган ҳам, “Ёш қутқарувчилар” танловида ҳудудда мутлоқ ғолиб бўлган жамоа ҳам айнан шу маскандан чиққан. Мураббий Баҳодир Бобоқуловнинг айтишича, “Ҳоким кубоги” футбол мусобақасида “Энг яхши ўйинчи” номинациясини олган 7-синф ўқувчиси Алимардон Қурбонов ҳам шу стадионда машқ қилган.

             “Ассалому алайкум!” Йўлимда учраган ҳар бир ўқувчи қўлини кўксига қўйганча салом бериб ўтади. Англадимки, бу мактабда нафақат таълим, айни пайтда тарбия билан ҳам жиддий шуғулланилади. Бинонинг ичи ҳам сирти каби: алоҳида шароитлар, замонавий таъмирланган хоналарга кўзингиз тушмайди. Ҳатто директор Муборак Низомованинг хонаси ҳам оддийгина.

           – Эътиборни кўпроқ таълим сифатига қаратамиз. Дарсдан кейин бепул фан тўгараклари ташкил этганмиз. Аввалига иқтидорли, хоҳиши бўлган болалар машғулотларга келган бўлса, ҳозирда ота-оналарнинг ўзлари фарзандларини тўгаракларга мунтазам олиб келишади. Ўқувчиларни жазолаб эмас, тарбиялаб йўлга солишга ҳаракат қиламиз. Дарс қилиб келмаган болани бурчакка турғизиб қўйишдан нима наф? Уларни дарсдан сўнг олиб қолиб, фан ўқитувчилари алоҳида шуғулланишади, – дея изоҳ беради директор.

          Мактабдаги 13 та бошланғич, 17 та юқори синфда 902 нафар бола таълим олади. 54 нафар ўқитувчи болалар билан нафақат дарс давомида, балки дарсдан сўнг ҳам шуғулланиши яхши натижа бериши табиий, албатта. Аммо ўқитувчининг ҳам оиласи, болалари бор. Бу уларга оғир ботмасмикин?

          – Жамоамиз яхши. Ҳар куни узоқдан қатнасак ҳам, кечгача дарс ўтсак ҳам, муҳит яхшилиги учун билинмайди, – дейди кимё ва физика фани ўқитувчилари Зуҳра Шомуродова ҳамда Хуршида Пардаева. – Дарсларни кундалик ҳаётга боғлаб, қўшимча маълумотлардан фойдаланиб ўтамиз. Тажрибалар ўтказиб кўрамиз. Фанга қизиққан ўқувчи билан ишлаш жуда мароқли. Айниқса, шогирдларимиз олимпиадада қатнашиб, юқори ўринларни қўлга киритганида барча чарчоқ кетади.

             Мактабда аниқ ва табиий фанларга чуқурлаштирилган синф ташкил этилган бўлиб, ўқувчилар иқтидори ва билимига кўра гуруҳларга бўлинган. 9-“В” синф раҳбари Манзура Юсупова бизни билимдонлар билан таништирар экан, уларнинг порлаб турган кўзларидан нималарга қодирлигини уқиш қийин бўлмади. Фан олимпиадасида Умиджон Тиллаев кимёдан, Муниса Тоҳирова инглиз тилидан, Нозима Ниғматова биологиядан, Нигора Зиёева тарихдан муносиб иштирок этишди. Таэквандо бўйи­ча икки карра республика чемпиони Абдулла Сиддиқов ҳам улар билан синфдош. Ўқувчилар билан нафақат гуруҳ раҳбарлари, балки барча ўқитувчилар жиддий шуғулланади. Болаларнинг қабул қилишига кўра қандай усулларда дарс ўтиш кераклиги маслаҳат қилинади. Янги ишга кирган педагоглар тажрибали устозларга бириктирилиши ҳам муваффақиятни таъминлашга асос бўлмоқда.

             – Ҳар ҳафта иншолар танлови ўтказамиз, – дейди директор ўринбосари Барчиной Валиева. – Бу ўқувчиларнинг фикрлаш доирасини кенгайтиради, тасаввурларини ёзма баён қилиш кўникмасини кучайтиради. Синфхоналаримизда ҳуснихат бурчаги, мўъжаз кутубхона ташкил этганмиз. Драма тўгарагида саҳналаштирилган асарлар ҳам кутубхонада қўлма-қўл ўқилади.

                Мактаб кутубхонасига ҳам бирровга бош суқмасак бўлмасди. 1 411 та китоб захирасига эга нурли масканга Сапура Орипова мудиралик қилади. 700 дан ошиқ бадиий китоблар ўқувчиларнинг ёшига мос бўлиб, икки йилдан буён вазирлик томонидан янги адабиётлар берилмоқда. Бу йил ҳам 27 номдаги бадиий асарлар келтирилган. Ҳар ойда “Тарғиботчи китобхон” танлови ўтказилади. Ўтган ойда 9-“А” синф ўқувчиси Диёрбек Шерқўзиев ғолиб бўлди. “Бир фарзандга уч китоб”, “Фарзандингизга китоб совға қилинг” каби қизиқарли акциялар ҳам ташкил этилмоқда. Қувонарлиси, “Ғунча” ва “Гулхан” журналларига ўқувчилар ўз ташаббуслари билан обуна бўлиб, ҳар сонини кузатиб боришади.

            Пойтахтимизнинг Қўйлиқ мавзесида жойлашган 277-умумтаълим мактабида таълим ва тарбия ана шундай чамбарчас олиб борилиб, ўқитувчиларни қўшимча ишларга эмас, қўшимча дарсларга жалб қилиш орқали ижобий натижаларга эришилмоқда. 

Чарос ЁҚУБОВА,
“XXI asr”   мухбири