Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Ўқув-семинар ниҳоясига етди

Ўқув-семинар ниҳоясига етди

          “XXI asr” газетасининг аввалги сонида O`zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси Сиёсий таълим маркази ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларига сайланган депутатларимиз учун ўқув-семинарлар ўтказаётгани тўғрисида хабар берилганди. Бу йўналишдаги партиявий фаолиятга бутунлай янгича ёндашувлар давом этаётганини яна бир карра ёрқин намоён этган, нафақат депутатлар – тинг­ловчилар, балки сафдошларимиз, хайрихоҳларимизда ҳам катта қизиқиш уйғотган мазкур ўқувлар ниҳоясига етди. Ўқувлар иштирокчилар томонидан ҳам юқори баҳоланди, семинар дастури ҳар жиҳатдан мукаммал тарзда ишлаб чиқилгани эътироф этилди. Дадил айтиш мумкинки, бошқача бўлиши ҳам мумкин эмасди. Чунки ўқувлар маҳаллий кенгашлардаги вакилларимиз фаолиятида кузатилган айрим камчиликлар ҳамда партиямиз вакилларининг талаб-истаклари инобатга олиган ҳолда тайёрланган эди.

Тингловчиларга Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциямиз аъзолари, “Ўзингни англа” психологик хизмат кўрсатиш маркази мутахассислари, тегишли вазирлик ва идоралар ходимлари, олий ўқув юртлари ўқитувчилари ниҳоятда долзарб, амалий аҳамиятга эга мавзулар бўйича сабоқ бердилар. Айниқса, Банк-молия академияси ўқитувчилари – иқтисод фанлари доктори Убайдулла Ғафуров ва иқтисод фанлари номзоди Валентин Котов, филология фанлари номзоди Раҳимбой Жуманиёзов, “Ўзингни англа” психологик хизмат кўрсатиш маркази директори Замира Азимова, парламент қуйи палатасидаги фракциямиз аъзоси Шуҳрат Бафаевнинг маърузалари барчага манзур бўлди.

       Якунланган ўқувлар мазмун-мундарижаси, савияси ҳақида ҳеч ким тингловчилардан кўра аниқроқ, холисроқ баҳо бера олмайди.

Нуриддин ЗАЙНИТДИНОВ,

халқ депутатлари Учтепа туман Кенгашига  5-“Янги Лабзак” сайлов округидан сайланган депутат:

        – Тошкент  шаҳар халқ депутатлари туман кенгашлари – янги тузилмалар ҳисобланади. Илгари улар бўлмаган. Туман ҳокимликлари халқ вакиллари олдида ҳисоб бермасди. Демак, иш жараёнида талай саволлар туғилади. Семинарда ана шундай саволларга аниқ жавоблар олдик. Жумладан, мен депутат ўзи ҳал қила олмаётган масалани Кенгашдаги депутатлик гуруҳи, Кенгаш ва партия юқори ташкилотлари орқали ҳал қилиши мумкинлигидан ҳам хабардор бўлдим.

          Мени маҳаллий бюджет билан боғлиқ турли масалалар ҳам қизиқтирарди. Банк-молия академияси ўқитувчиси Зарина Сирожиддинова бу мавзуда яхши маъруза қилди. Маҳаллий бюджетнинг шаклланиши, тақсимланиши ва ижро этилиши механизмларини амалий машғулотларда, гуруҳларга бўлинган ҳолда ўргандик. Бюджет ижроси ўрганилиши учун депутатлик гуруҳи томонидан махсус саволнома тузилиши, соҳа мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳ ташкил қилиш, масалани гуруҳ йиғилишида кўриб чиқиш, кенгаш доимий комиссияси йиғилишлари ёки сессиялар кун тартибига киритиш механизмлари бўйича тасаввурга эга бўлдик. Бизга туманни ривожлантириш бўйича давлат дастурлари ишлаб чиқишда ер ресурслари, турли объектларни инвентаризациядан ўтказиб, олинган ахборотни таҳлил қилиш ва хулосалар чиқариш йўллари борасида ҳам тушунчалар берилди.         

        Таклифларим шуки, O`zLiDeP Тошкент шаҳар Кенгаши томонидан ҳар чоракда туман кенгашларидаги 137 нафар депутатимиз йиғилишлари мунтазам ўтказилса. Бу биз фикр ва тажриба алмашадиган, турли масалаларни муҳокама қиладиган доимий мулоқот майдончаси бўлиб қолади. Шунингдек, назаримда,  партия Тошкент шаҳар ташкилоти қошида депутатлар, жамоатчилик вакиллари фаол қатнашувчи  дебатлар клуби ташкил қилиниши ҳам мақсадга мувофиқ бўлади.

 Мадаминжон НАЗИРОВ,

халқ депутатлари Чилонзор туман Кенгашига 19-“Наққошлик” сайлов округидан сайланган депутат:

          – Семинар кенг қамровлилиги билан, машғулотларга жуда кучли мутахассислар жалб қилингани билан менга ёқди. Маърузалардан ташқари психологик анкеталар, мўъжаз тадқиқотлар, мантиқий ўйинлар, қизиқарли машқлар ўтказилди. 

         Семинар билимларимни теранлаштирди. Маърузачилар таъкидлаганидек,  депутатлик назоратининг алоҳида шакли – депутат сўровини йўллашда етти ўлчаб, бир кесмоқ даркор. Муаммо сўров юбориш даражасида муҳимми? Буни аниқлаш лозим. Шунингдек, депутат сўрови сайлов округи доирасидаги муайян масала юзасидан тақдим қилиниши мақсадга мувофиқ. Депутат сўрови юбориш учун асос бўлувчи омиллар, депутат сўрови билан танқидий мулоҳазалар, таклифлар ва бошқалар баён қилинган  турли хатлар ҳамда мурожаатлар  орасидаги тафовутлар, бир неча депутат томонидан битта сўров юборилишининг ижобий ва салбий жиҳатлари билан танишдим. Шунинг баробарида бошланғич ташкилотлар тузиш, турли идоралар билан алоқаларни йўлга қўйиш хусусида ҳам муфассал маълумотларга эга бўлдим.

 

Рената ЮСУПОВА,

халқ депутатлари Юнусобод туман Кенгашига 25-“Боғи бўстон” сайлов округидан сайланган депутат:

 

– Биз, энг аввало, ўз бизнесини йўлга қўйиб, ишбилармонлик салоҳиятини эркин ҳамда самарали намоён этиш истаги ва ғайрати билан фаолиятини бошлаган тадбиркорларга ҳар жиҳатдан суянч бўлишимиз, уларнинг турли бюрократик тўсиқлар, сансалорликлар, муаммоларга дуч келишининг олдини олишга астойдил кўмаклашишимиз лозим. Шу боис мутахассисларга кўп саволлар бердим.

Сайловолди учрашувларида одамларни ўйлантираётган кўпгина муаммолардан бохабар бўлдик. Бир жиҳатга эътибор берайлик: улар тилга олган масалалар кўп йиллардан бери “муаллақ” турибди. Одамлар бир қанча ташкилотларга мурожаат қилишган. Лекин натижа бўлмаган. Айтайлик, янги мактабгача таълим муассасаси барпо қилиш ҳам шулар сирасидан. Хўш, депутат ишни нимадан бошлаши керак? Тўғри, тадбиркор сифатида аввал қандайдир масалаларни ҳал қилганман. Бироқ бу услублар депутатлик фаолиятимизда фойда бермаслиги мумкин. Шу маънода мураббийлар бизга энг қисқа ва самарали йўлни кўрсатишди.

Яна бир нарсани қайд этишни истардим, одамлар глобал, ўта мураккаб масалаларни кўтариб чиқаётгани йўқ. Уларнинг талаб-эҳтиёжлари камтарона, оддий, аксарияти маҳалла миқёсида. Фикримча, баъзи мансабдор шахсларнинг лоқайдлиги, масъулиятсизлиги оқибатида кўпгина мурожаатлар ҳал қилинмай келмоқда. Демак, барча ваколатларимизни ишга солишимиз зарур.

Шу ўринда партия бизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаётганидан ниҳоятда миннатдорлигимни билдираман. Ўқувлар бизга жуда кўп нарса берди. Лекин барибир ҳали ҳаётий тажрибамиз кам. Кўп йиллар депутат бўлиб ишлаган сафдошларимиз бой тажрибаси, билимлари билан ўртоқлашса, айни муддао бўларди. Партия шундай учрашувларни тизимли йўлга қўяди, деган умиддаман.

Шу кунларда манфаатдор шахслар билан биргаликда “Электрон маҳалла” яратиш устида иш олиб боряпмиз. Бунинг натижасида вужудга келадиган бир қулайлик шуки, ташкилотлар, муассасалар ўзлари учун зарур маълумотни бевосита  интернетдан олаверадилар. Фуқароларнинг маҳалла идораси билан боғлиқ оворагарчиликларига чек қўйилади. 

 

Беҳзод ИСРОИЛОВ ёзиб олди.