Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

ЎРКАЧЛИ ЙЎЛЛАР Кўчаларда сунъий нотекислик пайдо қилишдек ўзбошимчаликка қачон барҳам берилади?

ЎРКАЧЛИ ЙЎЛЛАР Кўчаларда сунъий нотекислик пайдо қилишдек ўзбошимчаликка қачон барҳам берилади?
...Тун. Маҳалладаги кимсасиз, қоронғи кўча. Ёмғир шивалаб турибди. “Кўз тегмасин, йўлларимиз борган сайин яхшиланяпти, агар кўчаларни ёритиш...” деб ўйлай бошлайди ҳайдовчи ва тўсатдан хаёллари остин-устин бўлиб кетади: ғилдираклар қандайдир тўсиқдан зарб билан ошиб ўтади, автомобиль сапчиб тушади, ҳайдовчи мункиб, боши билан орқани кўрсатувчи кўзгуни қийшайтиради, жонҳолатда тормозни босади. Кейин тушиб қарайди: асфальт йўлга кўндаланг қурилган дўнгалакка дуч келган экан.
“Яқиндагина таъмирлаган эдим-а, лаънатини кўрмай қолибман”, дея ғижинади. Ваҳоланки, ҳали олдинда яна бир қанча шундай ғовлар кутиб турганини билмайди. Ўркачларни ўз вақтида пайқашга келсак, ҳайдовчида айб йўқ: бунақа кўтармаларни кундузи ҳам кўриш қийин. Чунки улар нимадан қилинган бўлмасин, буқаламунга ўхшаб йўл қопламаси қандай тус олса, худди шундай кўринишга киради. Шукрки, ҳайдовчига шикаст етмади, аммо унинг ўрнида велосипедчи ёки мотоциклчи бўлганда... Худо кўрсатмасин, майиб бўлиши ҳам мумкин. Бунга ким жавоб беради? Нафсиламрини айтганда, оқибатларнинг қанчалик оғир ёки енгил бўлиши “дўнгалак бунёдкорлари”нинг дунёқарашига, характерига, ҳимматию инсофига боғлиқ бўлиб қолган. Йўллардаги сунъий нотекисликлар орасида шундайлари ҳам учрайдики, улардан ҳатто юк машиналари ҳам базўр ўтади.
Гап нимада ўзи, йўлда ётган биргина тош ёки таёқни олиб қўйишга эринадиган одамлар нечукки шундай “иншоот”ларни барпо этишга ўзида ҳафсала, маблағ, вақт топяпти? Гап шундаки, бундай сунъий ғовлар орқали гўё машиналар тезлигини камайтириш, болалар хавфсизлигини таъминлашга ҳаракат қилиняпти. Албатта, фарзандларига кўчада ўйинқароқлик қилмасликни, эҳтиёт бўлишни ўргатиш, “темир тулпор”ини орқа-ўнгига қарамай елдираётган ёшларни тарбиялаш, танбеҳ беришдан кўра дўнгалак қуриш осонроқ-да. Айримлар эса худбинлигини олижаноб мақсадлар билан ниқоблашга уринади: ҳовлидан, гараждан автомобилини бемалол чиқариб олиши учун йўлга туянинг ўркачига ўхшаган кўтармалар ясайди. Бунинг учун кимдан рухсат оладилар, лоақал, ким билан маслаҳат қиладилар? Ваҳоланки, Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 26 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги автомобиль йўлларида хавфсизликни таъминлаш ва ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 342-сонли қарорининг 1-иловасида белгиланган тартиб-қоидаларга биноан, йўлларда ўзбилармонлик билан сунъий нотекисликларни қуриш тақиқланади.
– Саккиз йилдан бери маҳалла раисиман. Бироқ шу пайтгача ҳеч ким кўтармалар қуриш юзасидан биз билан маслаҳатлашгани йўқ, – дейди пойтахтимизнинг Миробод туманидаги “Баёт” МФЙ раиси Ҳасанхон Аҳмедов. – Икки йилча аввал тўрт қаватли уй олдидаги кўчамизга ҳам иккита дўнгалак ётқизилди. Лекин бундан илгари шу йўлда, умуман, бошқа кўчаларимизда ҳам транспорт ҳаракати билан боғлиқ бирорта нохуш ҳодиса рўй берганини эслолмайман.
Шу тумандаги “Баротхўжа” МФЙ раиси Сайфиддин Қўзибоев ҳам, хусусан, Парвона кўчасида қўполдан-қўпол қурилган бир неча секинлатгичлар автомобиллар қатновига халақит бераётганини билдирди. Бундан, албатта, маҳалла нозирининг ҳам хабари бор. Аммо аҳвол ўзгармаяпти...
– Уйи олдига кўтармалар қуриб олганлар билан бир-икки гаплашдим, – дейди пойтахтимизнинг Бадахшон 2-тор кўчасида яшовчи фуқаро Қобил Саидов. – Бунга мутлақо эҳтиёж йўқлигини тушунтирмоқчи бўлсам, “ишингиз нима” қабилида жавоб қилишди. Менимча, бу манманлик, бошқаларга нисбатан беписандликдир. Ғов кўтаргандан кўра кўчасидаги ўнқир-чўнқирларни текисласа бўлмайдими?!
Яна бошқа ўнлаб юртдошларимиз ҳам бундай ўзбошимчаликлар кўпчилик манфаатига зидлиги ҳақида гапирди. Ғовлар қурилишини маъқуллаб, бир-икки фойдали томонларини айтганлар ҳам бўлди. Аммо тарози палласини барибир салбий жиҳатлар босиб кетяпти. Мана улар:
– автомобилларга зиён етади, ҳайдовчиларнинг ортиқча харажати кўпаяди;
– йўллар тармоғида транспорт оқими нотекис йўсинда тақсимланади: асосий йўлларда катта тирбандликлар бўлгани ҳолда кўплаб иккинчи даражали йўллар бўм-бўш, чунки уларда кўтармалар кўп-да;
– йўллардаги сунъий нотекислик­лар тез тиббий ёрдам ходимлари, ўт ўчирувчилар, қутқарувчиларнинг машиналарига халақит беради, ҳолбуки, улар учун ҳар бир сония ғанимат ;
– тадқиқотларга қараганда, доимий тормозланиш ва қайтадан тезланиш талаб қилинувчи йўлларда автомашиналар чиқараётган зарарли газлар икки баробарга кўпаяди. Демак, бунинг экологияга ҳам таъсири бор. Теваракдаги аҳоли ифлосланган ҳаводан нафас олишга мажбур бўлади. Қолаверса, йўлдаги ўркачлардан ўтаётган транспорт воситасининг шовқини, айниқса, беморлар ва кексаларнинг асабига тегади;
– қаршисидан дўнгалак чиқиб қолган баъзи ҳайдовчилар кескин тормоз босади, шу боис унга орқадаги транспорт воситаси урилиб кетиши хавфи юзага келади. Умуман, бошқа турдаги йўл ҳаракати ҳодисалари ҳам рўй бериши эҳтимоли кучаяди...
Ҳаётимизнинг ҳар бир жабҳаси халқ вакиллари томонидан маъқулланган, аҳоли манфаати ифодаланган қонун-қоидалар билан тартибга солиняпти. Шу боис аҳоли турмуш тарзи кун сайин яхшиланяпти. Айтайлик, бирор кимса йўл ёқасидаги дарахтни ўзбошимчалик билан кесиб ташлолмайди. Бироқ нега йўлларга ўзбилармонларча ўркач солаётганларни ҳеч ким тартибга чақирмайди?
Беҳзод ИСРОИЛОВ,
XXI asr” мухбири
 
Солижон ЗОИРОВ олган суратлар