Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Biz tarmoqlarda:

Осиё чемпиони Ботиржон Эргашев: “Малуби”ни дадамга беришибди, у киши миниб келдилар!

   Осиё чемпиони  Ботиржон Эргашев: “Малуби”ни дадамга беришибди, у киши миниб келдилар!

 

– Чемпионат давомида “Ана шу дарвоза ортида Ўзбекис­тон турибди, Она халқим, ота-онам, бизга ишонч билдирган муҳтарам Президентим турибди!” деган туйғу мени бир зум бўлса-да тарк этгани йўқ, – дейди Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси дарвозабони, Осиё чемпиони Ботиржон Эргашев.

               Гарчи йигитларимиз тарихий ғалабани қўлга киритиб, Осиё чемпиони деган шараф билан юртга қайтганидан кейин бир неча кун ўтган эса-да, Хитойда кечган ўша финал ўйини, ёшлар терма жамоамиз аъзолари кўрсатган ўзига хос “футбол спектакли” халқимизнинг, миллионлаб футбол мухлисларининг дилидан дилига, тилидан тилига кўчиб юрибди. Ҳамюртларимиз ҳануз ўша ғаройиб ўйин ҳисси, ҳиссиёти билан яшамоқда. Ўзбекистон байроғини олам узра кўтариб, халқимиз кайфияти, ғурури, сурурини тоғдек юксалтирган ёшлар жамоаси таърифи тинмаяпти. Ҳа, кутилмаган мураккаб об-ҳаво шароитида, тинимсиз қор бўрони остида ўтган бу ғоят оғир, ҳал қилувчи ўйин муҳтарам Президентимиз таъбири билан айтганда, “ҳақиқий жанг бўлди, қаҳрамонлик бўлди. Жамоанинг ҳар бир аъзоси “Мен ўзбекман, менда Амир Темур қони бор!” деб ҳақиқий жасорат билан ўйнади”.

             Терма жамоа аъзолари давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “оддий, жайдари болалар”. Масалан, “чемпионатнинг энг яхши ўйинчиси” деб тан олинган Одилжон Ҳамробеков Наманган туманидан бўлса, деярли барча учрашувларда мамлакатимиз дарвозасини мардона қўриқлаган Ботиржон Эргашев Поп туманидаги Истиқбол маҳалласида, оддийгина ишчи оиласида туғилиб, вояга етган. Ўйиннинг эртаси куни ғолиб жамоа ярим тунда Ватанга қайтганида Ботиржон жамоа сафида эмасди. У “Пахтакор” клуби аъзоси сифатида яна бир халқаро мусобақада қатнашиш учун Хитойдан Қатарга жўнаб кетганди.

        – Ўзим олисда бўлсам ҳам, кўнглим Ўзбекис­тонда бўлди, ярим тун эканига қарамай жамоадошларимнинг минг-минглаб юртдошларимиз томонидан зўр тантана билан кутиб олинганини интернетдан кўриб, муҳтарам Президентимизнинг бизга йўллаган табригини тинглаб роса хурсанд бўлдим, – дейди бу ҳақда Ботиржоннинг ўзи.

        – Президентимиз совғаси “Малуби”ни ким қабул қилиб олди-ю, қишлоққа ким миниб келди? – сўраймиз ундан.

       – Дадамга беришибди, у киши миниб келдилар, – дейди Ботиржон...

        Дунёда бахтли одамлар кўп. Мол-дунёси беҳисоб, қўлини қаёққа чўзса етадиган бойлар ҳам кўп. Лотореясига миллион-миллион ютволиб, байрам қилиб юрган омадли, пешонаси ярқираган инсонлар ҳам оз эмас. Аммо ўғли, жондан азиз дилбанди халқаро мусобақада мардона ўйин кўрсатиб, бутун мамлакатни, таъбир жоиз бўлса, бутун дунёни ўзига қаратган, юрти Ўзбекистонни оламга танитган, чемпион бўлиб олтин медаль олган, янаям қувончлиси, ўғлининг номидан Президентнинг совғасини қабул қилиб олиб, ҳали бўёқ ҳиди кетиб улгурмаган шоҳона машинани қишлоғига миниб қайтган бахтиёр оталар унча кўп бўлмаса керак. Ботиржоннинг ўзидек одми, ўзидек содда сўзларини тинглар эканмиз, ана шу ҳақда ўйлаймиз. “Узбеккровля” комбинатининг оддий ишчилари, бахтиёр жуфтлик – Ҳайдарали Эргашев билан Тўлғоной Бектемировага чин дилдан ҳавасимиз келади.

           Ботиржон Қатардан уч-тўрт кун ўтказиб қайтди. Тўғри қишлоғига ошиқди. Чемпионни ҳамқишлоқлари йўлига пояндозлар тўшаб, нону туз, даста-даста гул билан, карнай-сурнай садолари остида кутиб олди. Дастлаб туман марказида сон-саноқсиз футбол ишқибозлари, Ботиржоннинг мухлислари иштирокида тантана бўлиб ўтди. Туман ҳокими Осиё чемпионини табриклаб, “Хитойдаги ғалабангиз минг-минглаб ёшларимиз қалбига чўғ ташлади. Ҳадемай Поп­дан сизга ўхшаган кўплаб чемпионлар етишиб чиқса, ажаб эмас”, дея ўз совғасини топширган бўлса, қишлоқ марказидаги тантанада юзлаб отахон-онахонлар Ботиржонни қучоқлаб, бағриларига босдилар. Ўнлаб оналар, келинчаклар “муборак, муборак!” дея олд қисмига “Чемпион”, ёнбошига “Президент совғаси” деб ёзилган автомашина устидан ҳовуч-ҳовуч ширинликлар сочишди. (Кейин эшитдик, ўша куни туман туғруқхонасида дунёга келган бешта чақалоққа “Ботиржон”, деб исм қўйишибди.) Шундан кейин чемпион ва унинг яқинлари ўтирган машиналар Халқобод шаҳарчасидаги 37-умумий ўрта таълим мактаби сари йўл олди. Бу ердаги тантана, бу ердаги қувончу шодликни кўрсангиз энди!

         – Эсимда бор, – дейди мактаб директори Ниля Нужина. – 2001 йилнинг 2 сентябрида биринчи синфга қабул қилинган болалар орасида қорачагина, бўйчангина, кўзлари ёниб турган бир болакай эътиборимни тортганди. Бу Ботиржон эди. У мактабда яхши ўқирди. Жамоат ишларида ҳам фаол эди. Айниқса, футбол деса ўзини томдан ташларди. Дарсдан кейин уни қидирган одам “Нотўқимачи” жамоаси ўйингоҳидан топарди. Мана шу ўқувчимиз бугун Осиё чемпиони бўлиб, ўз юртини, ўқиган мактабини, биз устозларини шарафларга буркаб турибди. Биз билим даргоҳимиздан ана шундай чемпион чиққани билан ҳақли равишда фахрланамиз. Ниля Александровна шундай дея чемпионга эсдалик совғасини топширди.

         – Ўзим туманимиздаги “Нотўқимачи” фабрикасида ишлаш билан бирга, республиканинг иккинчи лигасида қатнашаётган шу номдаги футбол жамоасига мураббийлик ҳам қилардим, – дейди Ботиржоннинг илк мураббийларидан бири Муҳаммадали Сайфиддинов. – Ёшига нисбатан ҳаракатлари дадил, чаққон, чапдаст эди. Оёғига тўп тушиб қолса, гол урмагунча қўймасди. “Исми-жисмига муносиб экан”, деб ўйлаганман ўшанда. Бир куни унга бўйчанлигини назарда тутиб: “Дарвозада турсанг, қандай бўларкин?” дедим. “Қаерга қўйсангиз, ўйнайвераман”, деди у. Шу-шу, дарвозабон бўлиб кетди. Ўн тўрт ёшида “Пахтакор” клуби қошидаги футбол академиясига қабул қилинди. Кейинроқ мамлакатимизнинг йигирма ёшгача бўлганлар терма жамоаси сафида Маямидаги, Янги Зеландиядаги жаҳон чемпионатларида қатнашди. Хитойдаги Осиё чемпионати, адашмасам, унинг дебюти эди.

          Тантаналар чемпионнинг уйига кўчади. Мўъжазгина ҳовли катта тўйхонага айланиб кетади. Бутун қишлоқ, маҳалла, қариндош-уруғу ёри-дўстлар, синфдошлар, туман маданият уйи санъаткорлари, матбуотчилар, телевизорчилар... ҳамма-ҳамма Осиё чемпионати олтин медали соҳибини қутлаш, суҳбатини олиш учун келаверди.

         – Ботиржон ҳали мактабга бормаган ёшгина бола эди, – дея кулиб эслайди Ҳайдарали ака. – Бир куни дадам раҳматли тўртта чоғроқ-чоғроқ тарвуз олиб келдилар. Қарасак, ўғлимиз тушмагур битта тарвузни ҳовлига олиб чиқиб тўпга ўхшатиб тепиб юрибди. Тергаб-уришмоқчи бўлиб тургандим, дадам “Уришма, мана кўрасан, шу ўғлинг футболчи бўлади”, дедилар. Кейин унга битта қулинг ўргилсин тўп олиб келиб бердилар. Шу-шу, футбол Ботиржоннинг асосий машғулотига айланди. Хитойдаги ўйин пайти хаёлан ўғлим билан бирга эдим. Худди олдимда тургандек тинмай: “Маҳкам бўл, дарвозанг ортида Ватан турибди, халқинг турибди! Уйга ёруғ юз билан қайт!” деявердим. Қизиғи, у ҳам худди шу гапларни такрорлаб ўйнаган экан, қаранг. Худога шукр, ҳаммаси хайрли кечди.

 Ортиқали НОМОЗОВ,

“ХХI asr” мухбири

Суратни Йигитали ҚОЗОҚОВ олган.