Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Biz tarmoqlarda:

Отамдан қолган далалар

Отамдан  қолган далалар

Киндик қон тўкилган, ота-боболар хоки ётган заминнинг азизлиги, муқаддаслиги беқиёс ноз-неъматлари орқали янада тўкисроқ, янада тўлиқроқ. Бу замин табиати, ҳайвонот ва наботот дунёси, серҳосил тупроғи, зилол сувлари таърифи етти иқлимга таралган. Кўпни кўрган, тупроқ билан тиллашиб умри ўтганлар билганга чин, билмаганга ташбеҳ тариқасидаБугун чўп суқсанг, эртага ҳосил оласан бу заминдан”, деб ҳар бир кафт тупроқни кўзларига тўтиё қилишлари бежиз эмас.

– Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз, – дейди республикада таниқли фермерлардан бири, арнасойлик Рашида опа Ёдгорова. – Нима учун аждодлардан мерос бўлиб келаётган шу далаларни она замин деб улуғлаймиз?.. Аждодлар хоки ётгани учунми? Ризқ-рўз манбаи бўлгани учунми?..

Агар кўнглингизда туғён урган туйғуларга қулоқ тутсангиз, бу саволга жавоб ўлароқ дилда туғилиб, шуурингизда ўсган сўзларни таърифлаш осон эмас. Турли хил уруш, ўзаро қирғинбарот сабаб бўлмаса, юртимизга ҳеч қачон очарчилик келмаган. Ҳатто уруш йиллариям ўзга эллардан мусофирлар “Тошкент – нон шаҳри” деб диёримизга интилишган. Бу, авваламбор, Она замин саховати, қолаверса, бободеҳқонларимиз, боғбону миришкорларимизнинг ер билан тиллашиб меҳрини, меҳнатини аямаганидан далолат.

Собиқ иттифоқ даврида деҳқончилик борасида асрлар давомида шаклланган анъаналар, тўп­ланган тажрибалар ҳисобга олинмай, пахта яккаҳокимлигига зўр берилди. Умрида далани кўрмаган “мутахассис”лар марказдан туриб, қачон чигит экиш лозим-у, қачон ҳосилни йиғиб олиш кераклигигача уқтирарди. Алмашлаб экиш, ернинг мелиоратив ҳолати, айниқса, деҳқонларнинг фикри, аҳволи бировни қизиқтирмасди. Миллион тонналаб “оқ олтин” етиштирганлар бир парча читга зор кунлар ҳам бўлган. Шу боис мустақиллигимизнинг дастлабки йиллариданоқ ерни ҳақиқий эгаларига топшириш, уларнинг ўз меҳнатлари самарасидан баҳраманд бўлишларини таъминлаш, ернинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, янги агротехник воситаларни жорий этиш, алмашлаб экишни йўлга қўйиб, пахта яккаҳокимлигига барҳам бериш, ғалла мустақиллигини таъминлаш борасида дадил қадамлар ташланди.

Мамлакатимизни янада ривожлантиришнинг 5 та устувор йўналишига асосланган Ҳаракатлар стратегиясида ҳам соҳани ривожлантириш, амалга оширилаётган ислоҳотларни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқиш зарурлиги қайд этилган. Жумладан, вилоятнинг маълум ҳудудий хусусиятларидан келиб чиқиб соҳада янги тармоқ ва йўналишларга асос солинмоқда. Жиззах вилоятида ҳам 2017–2021 йилларда комплекс ривожлантиш чора-тадбирлар дастури қабул қилинган бўлиб, Ғаллаорол, Бахмал, Зомин, Шароф Рашидов туманларида сувли ғалла майдонларига сабзавот, томчилатиб суғориш технологиялари асосида интенсив боғ, узумзорлар, эски боғ ва узумзорларни бузиб, замонавий интенсив боғлар, махсус агрофирмалар ташкил этиш режалаштирилган. Шунингдек, Зомин туманида “Тошкентвино” корхонаси томонидан уч минг гектар майдонда интенсив узумзор барпо этиш ҳамда узумни қайта ишловчи вино ва пиво заводлари қуриш, 5 мингдан ортиқ оилага яйлов ерлари ажратиб бериш ҳамда ҳар бир хонадонда 90-100 бошдан гўшт учун қўй боқишни йўлга қўйиш, асаларичилик агрофирмалари ташкил этиш каби кўплаб истиқболли йўналишлар белгиланган.

Замонавий қишлоқ хўжалиги соҳасини фақат уруғ қадашу ҳосилни йиғиб олиш деб тушуниш ярамайди, албатта. Бугун бозор иқтисодиёти даври соҳа вакиллари олдига қатор долзарб, комплекс чора-тадбирларни қўймоқда. Бу вазифаларни ҳал этиш эса ҳар бир ҳудуддаги мавжуд аҳвол ва имкониятларни ўрганиш, илмий асосда чуқур таҳлил қилишни, тажрибали, билимдон соҳа вакиллари билан амалий ҳамкорликни талаб этиши табиий.

O‘zLiDeP Жиззах вилоят Кенгашининг бизнес тузилмалари ва фермерлар билан ишлаш бўлими мудири Алишер Фозиловнинг бу борадаги фикрларига қулоқ тутдик:

 – Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан бўлиб ўтган видеоселекторда давлатимиз раҳбари: Фақат битта қишлоқ хўжалик экинига қарам бўлиб қолмасдан, даромад, фойда нуқтаи назаридан ўзини оқламаган пахта майдонларини қисқартириб, унинг ўрнига нимаики даромад келтирса, нимаики экспортбоп бўлса, нимаики одамлар ҳаётини фаровон қиладиган бўлса, айнан шу экинни экамиз”, деб таъкидлаган эди. Пахта йиғим-терим мавсуми бу фикрнинг нақадар тўғрилигини кўрсатди. Қолаверса, электоратимиз фаолияти, ҳаёти, муаммо ва ютуқларига доир бирорта масала маслакдошларимизни бефарқ қолдирмаслиги аниқ, – дейди Алишер ака. – Жиззахлик пахтакорлар доим меҳнатсевар, жонкуяр, ишбилармонлиги, ер билан тиллаша олиши билан алоҳида ажралиб туришган. Бироқ соҳада йиғилиб қолган муаммолар ҳам талайгина. Уларни бартараф этишда фермерларимизга елкадош бўлиш, янги иш усулларини жорий этишга кўмаклашиш асосий вазифамиздир.

Яқинда тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасининг топшириғига асосан, Жиззах вилоят кенгашидаги ишчи гуруҳ томонидан депутатлар, электорат ҳамда ҳамкор ташкилот вакиллари иштирокида Зафаробод туманида пахта ва бошоқли дон экинлари ҳисобидан экин майдонларига янги боғ ва токзорлар барпо қилиш бўйича ишлар ўрганиб чиқилди.

Зафаробод туманида ҳозир жами 722 та фермер хўжалиги фаолият юритмоқда. Улар ихтиёрида 26720 гектар суғориладиган ер мавжуд бўлиб, шундан: 10400 гектарини пахта, 11000 гектарини бошоқли дон экинлари, 2819 гектарини бошқа экин майдонлари ва 2501 гектарини мелиоратив ҳолати, рентабеллик даражаси паст ва сув таъминоти оғир ерлар ташкил этади. Таҳлилларга кўра, пахтанинг шартномавий ҳосилдорлиги гектарига 23,9 центнер бўлса-да, сўнгги уч йилда ҳосилдорлик ўртача 22,6 центнерни ташкил қилган. Айниқса, Мустақиллик, Кожаахмед, Чимқўрғон, Тинчлик СИУдаги фермер хўжаликларида ушбу кўрсатгич атиги 12-15 центнердан ошмаса-да, пахта экиб келинган. Яна қандай манфаатдорлик ҳақида гап бўлиши мумкин?!

 Шундай экан, пахта экиладиган паст рентабелли ва мелиоратив ҳолати оғир далаларга сабзавот, полиз, картошка, мойли экинлар экиш, боғ ва токзорлар яратиш мақсадга мувофиқ.

– 2017 йилда режани уддалай олмадик. Юзимиз шувут. Бироқ меҳнатни ўзгалардан кам қилмагандик, – дейди зарбдорлик фермерлардан бири куюниб. – Чунки туманнинг пастки зоналарида экилган пахта кутилган самарани бермаяпти. Қўптармоқли фермер хўжаликлари фаолияти ҳақида гапиришганда, ёзишганда ҳавасимиз келади. Бироқ даромадга яраша буромад-да, ука.

– Президентимиз бу масалага алоҳида эътибор қаратаётгани севинтираяпти, – дейди суҳбатимизга қўшилган яна бир фермер. – Насиб қилса, зарбдорликларнинг ютуқлари ҳақида ҳали эшитиб қоласиз.

Фермерларнинг исмларини тилга олмадик. Боиси, халқимизга хос андиша уларни хижолатга солиб турибди. Муҳими, ўзгаришлардан уларнинг умиди катта.

Ҳисоб-китобларга қараганда, туманда пахта ҳосилдорлиги 10 центнердан паст бўлган 2100 гектар экин майдонларидан олинадиган жами даромад 4410 млн. сўм, жами харажат 5292 млн. сўмни ташкил этади. Кўриниб турибдики, йил давомида қилинган харажатлар ошиб кетиб, 882 млн. сўм зарар кўрилмоқда.

Агар туманда 2018 йили 600 гектар, 2019 йили 700 гектар, 2020 йили 800 гектар, жами 2100 гектар мелиоратив ҳолати ва сув таъминоти оғир ер майдонлари оптималлаштирилса, 1041 гектар сабзавот, 233 гектар картошка, 476 гектар озуқа экинлари, 169 гектар мойли экинлар, 75 гектар боғ ва 106 гектар токзор барпо этилиб, бундан самарали фойдаланиш эвазига фермерларнинг даромади ошади. Энг муҳими, 2610 нафар янги иш ўрни яратишга эришилади.

 Агарда 2100 гектар майдонга бошқа қишлоқ хўжалик экинлари экилса, олинадиган жами даромад 11313 млн. сўмни, соф фойда 1462 млн. сўмни ташкил этади ёки рентабеллик даражаси 14,8 фоизга ошади. 1 гектардан 696 минг сўм соф фойда олиш имкони юзага келади.

1041 гектарга эса сабзавот уруғи қадалса, жами харажат 4195,2 млн. сўм, жами даромад 4747,0 млн. сўм, соф фойда 551,7 млн. сўм ёки рентабеллик даражаси 13,2 фоизни, 233,1 гектарга картошка экилса, жами харажат 3359,1 млн. сўм, жами даромад 303916,1 млн. сўм, соф фойда 557,0 млн. сўм, рентабеллик даражаси 16,6 фоизни ташкил этиши мумкин.

 Мойли, озуқа экинлари, янги боғ ва токзорлар барпо этилганда ҳам ана шундай ижобий натижаларни олиш мумкин экан. Бундай ўрганишлар бошқа туманларда ҳам олиб борилаётгани билан қизиқдик.

– Айни пайтда Зомин туманида ўрганиш олиб борилмоқда. Бу ерда қор ва ёмғир сувларидан унумли фойдаланиб, янги токзорлар, интенсив боғлар яратиш имкониятлари ўрганилмоқда, – деб жавоб беради Алишер ака.

Албатта, бу шунчаки хомаки ҳисоб-китоблар. Бу ҳақда ҳали олимларимиз, селекторларимиз, мутахассису тажрибали фермерларимиз ўз фикр­ларини айтишади. Қолаверса, ҳар қандай пухта режанинг амалга ошишидаги асосий мезон, авваламбор, инсон омилидир.

 

 Баҳром МИРЗАҚОБИЛОВ,

“XXI asr” мухбири