Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

ОТАМНИНГ ИСМИ... ОНАМ!

ОТАМНИНГ ИСМИ... ОНАМ! Бугун нуфузли бир ташкилотда юқори лавозим учун бўладиган суҳбатга бораман. Бир ой аввал ишга олишларини сўраб ўзим ҳақимдаги маълумотнома тақдим қилгандим-у, номзодимни маъқул топиб, суҳбатга чақирадилар деб ўйламагандим, рости. Айтилган ватқдан ярим соат олдин етиб бордим. Талабгорлар кўп. Ҳайъат аъзолари келишиб, йиғилганларни бирин-кетин суҳбатга чақира бошлашди. Менинг ҳам навбатим етди: ўзимни таништира бошладим. Исм-фамилиямни айтдим-у, отамнинг исмига етиб келганда индамай туравердим.
—  Ҳайъат аъзоси:
—  Отангизнинг исми?
—  ...
—  Отангизнинг исми ким?!
Важоҳатидан билдимки, жавоб бермасам бўлмайди. Бироз ўйланиб туриб:

Отамнинг исми – онам. Ишга киришга отанинг алоқаси бўлмаса керак, –  дедим-да, ўрнимдан туриб хонани тарк этдим...
Ҳакамлар бир-бирларига тикилганча жим қолишди. Ташқарига чиқдим-у, бирдан ҳўнграб йиғлаб юбордим. Болалигим эсимга тушди. Отам онам иккимизни бойликка алмашиб, бир бой ҳамкасби билан чет элга кўчиб кетган. Онам бошқа турмуш қурмай, ҳаёт қийинчиликларига бардош бериб мени ўстирди, ўқитди. Орзуларидан воз кечиб,  топган тутганини менга берди.

Эсимда, қишки этигим йўқ эди, онамнинг ҳам. Муштипарим ўзи қишни ёзги оёқ кийимда ўтказар, биргина пальтосини ҳам менга этик олиш учун сотиб юборган эди. Бечора қишни юпун камзул, ёзги туфлида кечирар эди.

Катта бўлдим, ўқидим, оилали бўлдим. Лекин энди яхши кунлар етиб келганида, қўлимга дастмоя кириб онамни орзуларини ушалтираман, сиҳатгоҳларда даволатиб, дунё кездираман, Маккатуллоҳга обораман, хизматларини қиламан деганимда, икки йил аввал хасталикка чалиниб дунёдан ўтиб қолди.

Ўтган йили бир одам олдимга келиб “Мен отангман”, деди, қабул қилмадим. Ўшанда бу одамга ҳам айтганман менинг отам – онам деб. Чунки оғир вақтларда яримта оилани бутун қилган онам менинг отам эмасмиди? 

Хаёлларимни елкам тушган қўл бўлди. Ўгирилиб қарасам, боя савол берган ҳайъат аъзоси. Менга қараб кулиб турарди:
— Шахсингиз ҳақидаги маълумотномани ўқиб чиқдим, кейинги ҳафта навбатдаги суҳбатга келишингиз мумкин!..

      
                                                                                                                                                                                                                  Асад СОЛИЕВ