Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

ЎТКИР ҲОШИМОВ ХАЗИНАСИ (мутолаа вақти)

ЎТКИР ҲОШИМОВ ХАЗИНАСИ (мутолаа вақти)
Қуйида ёзувчининг “Икки эшик орасида” романидан келтирилган парчаларни ўқиб адиб бадиий тасвирда нақадар топқирлик билан ёндошганлигига гувоҳ бўласиз. Асарда турли қаҳрамонларнинг ҳаёт йўлларида уларнинг кўнгил кечинмалари, афсус – андуҳлари ва абадий армонга айланган дийдор воқеалардан намуналар келтирилган. Бунда ёзувчи сўзларни қўллашда моҳирлик билан фойдаланганлигига амин бўласиз. Асарни ўқиб чиқиб ҳақиқатдан ҳам Ўткир Ҳошимовнинг хазинаси борлигига шоҳид бўласиз.

***

Қуёш ҳар куни уйғонган заҳоти жилмайиб боқадию унсиз хитоб қилади: бир киприк қоқгулик қисқагина умрингизда тинч - тотув яшасаларинг бўлмайдими? Гоҳ нон талашасизлар, гоҳ шон! Гоҳ макон талашасизлар гоҳида имон? Ахир ҳаммангиз инсонсиз-ку ҳаммангиз менинг болаларимсиз-ку, мен сизларнинг отангизман-ку. Бир-бирларинг билан қирпичоқ бўлаверишларингни кўравериб чарчаб кетдим-ку! Етар ахир, етар, болажонларим! Ўз онангизни – ер куррасини адойи тамом қилиб тинчимоқчимисиз?! Онангиз шу умидда туққанми сизни?! Шу ниятда кўтариб юрибдими кўксида!”

Қуёш ҳар куни шундай деб илтижо қилади. Аммо одамлар унинг ҳайқириғини эшитмайди. Бир-бирига чоҳ қазийди. Бир-бирининг кўзига чўп солади, хиёнат қилади. Дунё нега бунақа...?

Бўйи етган қизнинг орзуси осмондаги юлдузга ўхшайди. Узоқдан ярақлаб кўринади-ю, на етасан на тутасан. Юлдуз эса олисда сирли-сирли милтираб тураверади.

Йигирма икки йил... йигирма икки йиллик умр хазон бўлди. Ёшим 50 ёшга етмасдан инвалид бўлдим... Эссиз умр... эссиз одам... эссиз умидларим ҳаммаси қора ерга кўмилди. Кимман ўзи? Мен ҳам одамманми? Мен ҳам онаманми?

 

***

Марҳумлар ҳеч нарсани кўрмайди деб ўйлайсизми? Марҳумлар ҳеч нарсани эшитмайди деб ўйлайсизми? Марҳумлар ҳеч нарсани билмайди, деб ким айтди сизга! Биз ҳаммасини кўриб турамиз, ҳамма гапингизни эшитамиз. Фақат сиз тириклар бизнинг гапимизни эшитмайсиз. Бизнинг сизлардан фарқимиз, олдингизга юриб боролмаймиз. Шунинг учун ора-сирада тушингизга кириб турамиз. Сиз билан тушингизда гаплашамиз.

***

Марҳумлар ҳеч нимани эсламайди, десангиз хато қиласиз. Марҳумларнинг хотираси – сиз тирикларникидан яхшироқ бўлади. Негаки, сиз тириклар минг хил ҳаёт ташвишлари билан елиб югурасиз. Бизнинг эса хотираларни эслашдан бошқа юмишимиз йўқ.

***

Биламан, сиз - тириклар ўлимдан қўрқасиз. Тириклигимда мен ҳам қўрқар эдим. Йўқ ўлим унчалик даҳшатли эмас. Эртами-кечми ҳамма ҳам ўлади-да! Ҳаёт нима ўзи?..худо ҳадя этган инъом. Аммо одамлар ҳар хил. Биров шу инъомни бошқалар билан баҳам кўради. Биров бошқаларникини ҳам қўшиб олгиси келади. Шу билан умри узайиб қоладигандек. Гап қачон ўлишдами? Қандай ўлишда эмасми?

***

Ҳақиқат эгилади-ю синмайди, деганлари рост, шунақаки ҳақиқат эгилади. Вақти келиб тикланади. Аммо то тиклангунча анча мунчанинг қовурғаси цингани ёмонда.

***

Кимсан урушда бедарак кетганидан кейин орадан йигирма тўрт йил ўтиб тушида илк муҳаббати Робия билан суҳбати.

- Йиғлама, Робия! Қара, ёстиғинг ҳўл бўлиб кетибди.

 

- Кимсан ака, сизни танидим.

- Мен ҳам...

- Кимсан ака, гуноҳимдан ўтинг. Сизни кутдим. Кўп кутдим. Кейин тоғамга...

- Бўлди, Робия...

- Кимсан ака! Бояги йигитча... Музаффар... менинг ўғлим. Яна битта ўғлим бор: Омон. Биласизми, Омон... Сизнинг ўғлингиз бўлиши мумкин эди...

- На чора, Робия! Урушни мен ўйлаб топганим йўқ. Сен ҳам...

- Мен-чи, сизга атаб қийиқча тикдим. Кўп қийиқча тикдим. Отингизни ёзиб, тагига гуллар чиздим.

- Йиғлама, Робия... ёшингни арт, жоним! Қулоқ сол. Эшитдингми, ҳали оқсоқол нима деди? Ер юзида янги уруш очишни хаёл қилган номардлар ҳали ҳам бор экан. Эшитяпсанми, Робия! Гапим қулоғингда бўлсин! Айт. Музаффарга, Омонга, ҳаммага айт! Одамлар эсини йиғсин! шунақа номардларнинг қўлига кишан солинглар. Тўғри ўлиш қийин иш эмас, ўлим даҳшатли эмас, аммо инсон яшаш учун туғилади, Робия! Эшитдингми! Бўлди, Робия! Йиғлама, эртага яна келаман...

***

Кимсан урушда бедарак кетди. Орадан йигирма тўрт йил ўтиб тушида онаси билан суҳбатлашди.

- Ойи мени танидингиз-а?

- Танидим, ўғлим. Ўлганмидинг? Мен бўлсам...

- Йиғламанг, ойи, мен тирикман. Бугун ўзингиз кўрдингиз-ку!

- Даданг йўлингга кўз тика –тика оламдан ўтди.

- Сиз яшашингиз керак, ойи. Мен учун ҳам...

- Йигирма тўрт йил кутдим. Кимсан... бу ёғига кучим етармикан?

- Сиз яшашингиз керак.

- Хўп, жон болам, хўп. Сен шунақа десанг...

 

***

Эҳтимол одамзод фаришта бўлиб туғилса-туғилар. Аммо бир умр фаришта бўлиб яшай олмайди. Ҳеч ким! Ҳеч ким фаришта эмас. Фақат ўзини оппоқ қилиб кўрсатгиси келади. Минг урингани билан фаришта бўлолмайди. Муҳими ўзини ва ўзлигини унутмаслиги керак...

***

Амалдор бўлишнинг яхши томони ҳам бор-да! Ўзингдан пастроқ турганларни темир пайпоқ кийган оёғинг билан тепасан! Ўшанда жонинг ҳақиқатан ҳам роҳат қилади. Одамлар сендан қўрқса, кўзингга қараб мўлтираб турса, бундан ортиқ роҳат борми? Бўлмаса, уям одам боши думалоқ чоти айри, лекин тўғри гапирасанми, нотўғрими, бари бир таъзим қилиб туради! Қандоқ яхши! Раҳмдил одамдан раҳбар чиқмайди...

***

Одам амалдан кетиши билан обрўйи ҳам бир пул бўларкан. Амалдан тушдингми тамом иккинчи сорт бўлиб қолар экансан. Кеча товонингни ялаганлар бугун худди ўша товонингни ялаган оғзи билан бетингга тупураркан...

 

Завқиддин НАСИМОВ

Республика Маънавият ва маърифат маркази мутахассиси