Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Ўйнаб гапирманг, илтимос!

Ўйнаб гапирманг, илтимос!

– Ассалому алайкум, “XXI asr” газетасими?

– Худди шундай.

– Мен...асли журналистман, ҳозир саломатлигим озгина панд бергани сабабли уйдаман.

– Хўш, малол келмаса, ўзингизни таништиринг.

– Гулчеҳра, узр, фамилиямни ёзманг, нега десангиз, билдирмоқчи бўлган фикрларим турли сайтларда мақола ёзаётган баъзи ҳамкасбларимга оғир ботиши мумкин.

– Марҳамат!

– Тўғрисини айтсам, ана шу муаллифлар билдираётган “доно маслаҳат”ларни ўқиб, бир ижодкор сифатида қаттиқ оғриндим.

– Нега энди,  ҳар биримиз бу каби мавзуларда муносабат, таклиф айтишимиз табиий-ку!

– Биласизми, оммавий ахборот воситаси, бу ўзига хос минбар, тўғрими, ҳар қандай шахс, у объектив бўладими, субъективми, бирор масалада муносабат, фикр билдиришдан аввал, ўзига ўзи савол бериши керак: хўш, ана шу мавзуни кўтариш, муҳокама қилишга менинг маънавий ҳаққим борми ёки йўқми?

– Бугунги кунда кўпчиликни ўйлантираётган босма нашрлар муаммоси ёки мажбурий обуна ҳақида ҳар ким ўз нуқтаи назарини айтиши... табиий жараён эмасми!

– Мен бошқа нарса ҳақида гапирмоқчиман, ўйлаб кўринг, агар айнан шу долзарб мавзуда бизнинг авлод вакиллари учун устоз мақомига эришган Хуршид Дўстмуҳаммад, Сафар Остонов, Шуҳрат Ризаев, Муҳаммаджон Обидов, Аҳмаджон Мелибоев, Ўткир Раҳмат, Қулмон Очил каби забардаст журналист-­ижодкорлар куйиниб ёзганларида тўғри қабул қилган бўлардим. Афсуски, оммани чалғитиш, шу тобда айрим, узоқни кўролмаётган тизим раҳбарлари тегирмонига сув қуйишга баҳона бўлган “таклифлари” билан машҳурлик даъво қилаётган “журналист”ларнинг шу кунгача бирор газета ёки журналда тўрт қатор ўқувчилар эътиборига тушган мақоласи чиққанмикан ўзи? Ёхуд мамлакат сиёсий-ижтимоий ҳаётида муҳим ўрин тутадиган расмий ҳужжатлар, қонун, фармон ёки қарорлар ва қолаверса, халқимизни ўйлантираётган айрим ўткир мавзулардаги мақолаларни тайёрлаб, зўрға рўзғорини тебратиб юрган фидойи қаламкашларнинг кўз нурлари, юрак қўрлари тўкилиб тонгга қадар бедор юрганликларини бизга маломат қилаётганлар билармикан?

– Билганларида ёзишармиди?

– Халқимизнинг ажойиб нақли бор: “Ўйнаб гапирсанг ҳам, ўйлаб гапир”. Энди айтаман, шахсан менинг ўзим, сайтчи мухбирлар ёзаётган жиддий газеталардан бирида ишлаганман. Бор ҳақиқат шу, босма нашларда бугун фақат заҳматкаш инсонлар қолди. Айримлари олаётган маошини айт­сам... шартмас, лекин давлатимиз шунча шарт-шароит яратиб бераётган замонда ўша нашрларни таъсис этганлар ҳам энди жиддий ўйлаб кўриши керак. Нега десангиз, кўплари, яшириб нима қиламан, “жамоатчи муассис”, номига, хўжакўрсинга, нашрларнинг кўпчилиги масъулияти чекланган жамият шаклида, демак,  имкониятиям шу даражада-да...