Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Biz tarmoqlarda:

Оёқлари гул бола

Оёқлари гул бола

              Одатда гўзал нарсалар ярата оладиган, эпли инсонларга нисбатан қўли гул иборасини ишлатамиз. Худойшукурнинг расмлар билан лиқ тўла хонасига кирар эканман, беихтиёр “Оёқлари гул бу боланинг”, деган ўй келди. Ҳайрон бўляпсизми? Чунки унинг... қўллари йўқ! Аммо бу спорт билан шуғулланиши, расм чизиши, замонавий техника воситаларидан фойдаланишига асло тўсиқ эмас.

                 Мўйлаби сабза урган, узун бўйли бу йигитчани илк бора икки ой олдин пойтахтимиздаги 100-сонли имконияти чекланган болалар мактаб-интернатида кўрган эдим. Кўзойнаги ўзига ярашган, қора пальтосининг енглари чўнтакларига солиб қўйилган эди. У тадбир иштирокчиларининг чиқишини зўр мамнуният билан кузатарди, болакайлардан бирининг акаси бўлса керак, деб ўйлагандим. Кейин билсам, унинг ўзи шу даргоҳни тамомлаган экан...

                Асли Хоразмдан бўлган Худойшукур Ражабов 7-синфдан таълимни ушбу мактабда давом эттиради. Республика рассомлик коллежида ўқиб юрган кезлари ҳам кўплаб танлов-фестивалларда қатнашиб, фахрли ўринларни эгаллайди. Худо берган истеъдоди ­– қоғозга расм чизишни намоён этишига жисмоний нуқсони тўсқинлик қилолмади. “Қарасам оёқларим соғ экан, улар ёрдамида чизавердим”,  дейди у. Бироз суҳбатлашсангиз, ёш рассомдаги кўтаринки кайфият сизга ҳам юқади. Ундаги улкан бахтиёрлик ҳиссини кўриб қойил қоласиз. Асарларини кузатиб, маҳоратига тан берасиз. Қачондан чиза бошлагансиз, деган саволингизга, “Билмасам, 4-5 ёшларимдан бўлса керак. Эсимни таниб қарасам, расм чизиб ўтирган эканман”, дея ҳазиломуз жавоб қайтаради. Унинг аскияга ўчлиги сизга ҳам кўчиб, ҳазиллаша бош­лаганингизни сезмай қоласиз.

           Тасвирий санъатдаги биринчи устозлари Дилфуза ва Дилоро опалардан соҳа сирларини ўрганиб борган Худойшукурнинг ижодий ишлари “Ғунча” журнали рассоми Сарвар Фармоновга ҳам маъқул келади. Улар мактабдаги маҳорат машғулотларида бирга шуғулланишади. Коллежнинг биринчи босқичида ўқиб юрган вақтларидаёқ, шу ердаги ўқитувчиси Зуҳриддин Исломшивов асарлари билан биргаликда унинг чизган расмлари ҳам кўргазмага қўйилади. Кейинчалик Олмаота шаҳрининг 1200 йиллиги муносабати билан ўтказилган халқаро фестивалда 2-ўринга лойиқ топилиб, давлат гранти асосида Камолиддин Беҳзод номидаги миллий рассомлик ва дизайн институтига ўқишга қабул қилинди. 

 

          Расм чизиш мобайнида қалам учи билан бошини қашиб қўйишни ҳам унутмайдиган бу ёш рассомни кузатиб завқланмасдан илож йўқ. Ишлашига разм солиб ўтирар эканман, олдимда буюк бир матонат эгаси турганини ҳис этаман. Аксарият асарларида табиат манзаралари, қишлоқ кўчалари, қадим қадамжолар...

          Худойшукурни гапга тутаман:

– Яна нималарга қизиқасиз?

– Рус, инглиз ва форс тилларини ўрганишга.

– Тушкун вазиятдан қандай чиқиб кетасиз?

– Ноҳақлик қилишмаса, тушкунликка тушмайман. Хато қилсам, бошқа такрорламайман, деб ўзим учун сабоқ олиб кетавераман.

– Рассом бўлмаганингизда қайси касбни танлаган бўлардингиз?

– Спортни, югуришни. Мактаб давримдан буён шуғулланиб келаман. Бу жуда завқли машғулот!..

            Худойшукур билан суҳбатлашганим сайин ҳаётнинг имкониятлари нақадар кўплигини тушуна бошладим. Юрагим уриб тургани, нафас олаётганимнинг ўзи бир бахт! Ёзиб турганим-чи! Ўн тўққиз яшар йигитчанинг бунчалар тиниқ фикрлаши, ҳаётга чанқоқлигини кўриб, шукроналик туйғуси билан яшаш кераклигини, тириклик энг олий бахтлигини ҳис этдим.

                                                                                                                                                                  Чарос ЁҚУБОВА,

XXI asr” мухбири