Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Ўзбекистон 24-26 апрель кунлари навбатдаги халқаро конференцияга мезбонлик қилади

Ўзбекистон 24-26 апрель кунлари навбатдаги халқаро конференцияга мезбонлик қилади

            Жорий йилнинг 12 апрел куни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан 24-26 апрель кунлари Федерацияси ташаббуси билан ҳамкор ташкилотлар иштирокида ўтказиладиган “Ҳаракатлар стратегияси ва кучли ижтимоий сиёсат: халқаро амалиёт ва Ўзбекистон тажрибаси” мавзуидаги халқаро конференция олдидан Брифинг бўлиб ўтди.

           Унда халқаро анжуманни ўтказишдан кўзланган мақсад ва унинг мазмун-моҳияти, конференция якуни бўйича қабул қилиниши кўзда тутилган тавсиялар тўғрисида таҳлилий ахборот ва маълумотлар маълумотлар билан ўртоқлашди. Хусусан, мазкур халқаро конференцияга тайёргарлик ишлари юқори савияда бораётганини таъкидлади.

            Тадбир аввалида Федерация раиси ўринбосари Бахтиёр Маҳмадалиев сўзга чиқар экан, мазкур нуфузли халқаро анжуманни ўтказиш ғояси Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ), Халқаро касаба уюшмалари Конфедерацияси (ХКУК), Халқаро касаба уюшмалари Конфедерациясининг Умумевропа ҳудудий кенгаши, Халқаро иш берувчилар ташкилоти томонидан тўла қўллаб-қувватланганини таъкидлади. Конференция ишида мазкур нуфузли халқаро ташкилотлар ҳамда хорижий давлатларнинг касаба уюшма марказлари, Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган дипломатик корпус вакиллари ва халқаро ташкилотлар раҳбарлари, дунё миқёсида обрў-эътиборга эга бўлган ҳорижий экспертлар ва олимлар иштирок этиши кутилмоқда, – дейди у. 

             Таъкидланишича, конференцияда 30 дан ортиқ мамлакатдан нуфузли ҳорижий экспертлар ва олимлар, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Парламенти аъзолари, мамлакатимиздаги суд ва ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари, вазирлик ва идоралар, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, Республика ва хорижий оммавий ахборот воситалари ҳамда Ахборот агентликлари журналистлари иштирок этиши кутилмоқда.

            Берилган маълумотларга кўра, барча ҳорижий иштирокчиларни мажлисдан бир кун аввал Самарқанд, Бухоро ва Тошкент вилоятларига ташрифлари амалга ошириш режалаштирилган. Ҳорижий экспертлар мазкур ҳудудларга ташрифлари давомида Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда олиб борилаётган кучли ижтимоий сиёсат ва инсон манфаатлари йўлидаги ислоҳотларнинг натижаларини оддий одамлар ҳаётида ўз кўзлари билан кўриш имконига эга бўладилар. Хусусан, ҳорижий иштирокчилар кучли ижтимоий ҳимоя борасида олиб борилаётган тизимли ишларнинг самарали натижалари билан танишиш мақсадида соғлиқни сақлаш, таълим муассасалари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолияти, ижтимоий инфратузилма объектлари, аҳолининг кам таъминланган тоифалари учун қурилаётган арзон уй-жой мажмуалари, меҳнат жамоалари ва аҳоли хонадонларида бўладилар. Шунингдек, тарихий обидаларга ташриф буюрадилар.

             Брифингда кўзланган мақсадларга кўра мазкур халқаро конференция бевосита ижтимоий-меҳнат масалаларини ҳал этиш билан шуғулланувчи анжуман иштирокчиларининг таклифлари, фикрлари ва тажрибаларини конструктив муҳокама қилиш учун халқаро майдон вазифасини ўташи алоҳида таъкидланди. Анжуманниг айнан шу форматда ўтиши сўзсиз Ўзбекистоннинг халқаро ҳамжамиятга очиқлигини, мазкур йўналишда илғор халқаро ва ҳорижий тажрибани ўрганиш ҳамда ҳаётга татбиқ этишга тайёр эканлигини намоён этиши эътироф этилди.

            Халқаро анжуманнинг биринчи Ялпи мажлиси 25 апрель куни «Интернатионал Ҳотел Ташкент» меҳмонхонасининг «Амир Темур» конференц-залида ўз ишини бошлайди.

            Ундан сўнг иштирокчилар 4 гуруҳга бўлинган ҳолда секциялар бўйича йиғилишларда иштирок этадилар. Секциялар бўйича йиғилишлар «Интернатионал Ҳотел Ташкент» меҳмонхонасининг “Амир Темур” ва “Самарқанд” залларида ҳамда «Халқаро Ҳамкорлик Маркази» АК Халқаро бизнес марказининг “Навоий” ва “Тошкент” залларида бўлиб ўтади.

            Секция йиғилишларида аҳолининг реал даромадлари ва бандлиги даражасини ошириш орқали ижтимоий ҳимояни кучайтириш, фуқаролар ва улар саломатлигини ижтимоий ҳимоялаш, арзон уй-жойлар қуриш, йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмаларни ривожлантиришнинг мақсадли дастурларини амалга ошириш, фан ва таълим соҳасини ривожлантириш истиқболлари, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, ёшларга оид давлат сиёсатини такомиллаштириш йўналишларидаги ишлар хусусида фикр юритилади.

"XXI asr" мухбири

Муҳаммадали Мухторов