Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш учун жиддий ишга киришди

Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш учун жиддий ишга киришди

Ўзбекистонда Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиб кириш бўйича идоралараро комиссия тузилди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири республика Ташқи савдо вазири ўринбосари Соҳиб Саифназаров берган маълумотга асосланган ҳолда хабар бермоқда.

«Ташқи савдо вазирлиги раҳбарлигида Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиб кириш бўйича  идоралараро комиссия тузилди. Музокаралар гуруҳларига раҳбарлар тайинлаш бўйича иш олиб борилмоқда. Женевада Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотидаги доимий вакили лавозими тикланади», – деган Саифназаров Тошкентда Жаҳон савдо ташкилоти ва Жаҳон банки экспертлари иштирокидаги халқаро семинардаги чиқиши вақтида. 

Шунингдек, унинг қўшимча қилишича, ЖСТга аъзоликнинг муайян йўналишлар ва иқтисодий секторларга таъсирини баҳолаш билан шуғулланувчи 8та кичик гуруҳ тузилган. 

Саифназаровнинг ишонч билдиришича, Ўзбекистон савдо соҳасини либераллаштиришни ўз олдига мақсад қилган, ЖСТга аъзо бўлиш эса – мамлакатни ривожлантириш йўлидаги муҳим қадамлардан бири бўлади.

У бу йўналишдаги асосий қадамлардан бири сифатида 2017 йилнинг сентябрида валюта конвертацияси очилишини эслаб ўтган. У бу ислоҳот туфайли «ташқи савдо фаолияти тараққиёти учун муҳим туртки бўлгани ва мамлакат қаршисида янги эшиклар очилгани»ни таъкидлаб ўтган. 

«Солиқ тизимини ислоҳ қилиш бўйича ишлар давом этмоқда, шунингдек, божхона тизимидаги қонунчилик қайта кўриб чиқилмоқда. Бундан ташқари, экспорт бўйича барча чекловлар олиб ташланди, олдиндан тўловсиз экспорт қилиш тартиби жорий қилинди», – дея қайд этган Саифназаров. 

Унинг қўшимча қилишича, 2017 йилда ташқи савдо бўйича чекловлар бекор қилиниши эвазига 1000дан ортиқ янги корхоналар экспорт фаолиятига жалб этилган. 118дан ортиқ янги товарлар экспорти йўлга қўйилган, маҳсулотлар етказиб берилиш географияси янги 62та бозор нуқтаси ҳисобига кенгайган. 

Жаҳон савдо ташкилоти мамлакатлар ўртасидаги ўзаро савдо мулоқотларини ўтказиш ва бу борадаги низоларни ҳал этиш имкониятини берувчи  глобал майдон ҳисобланади. Бугунги кунда дунёнинг 164 та давлати унга аъзо. БМТ мамлакатлар ўртасидаги сиёсий муносабатларни, Жаҳон савдо ташкилоти эса улар ўртасидаги савдо муносабатларини тартибга солади.  

Бугунги кунда Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотда кузатувчи сифатида қатнашиб келади.

Ўзбекистон ЖСТга аъзо бўлиб кириш учун 1994 йилда ариза берган. Бугунги кунгача ушбу масалада ишчи гуруҳларнинг 3та йиғилиши ўтказилган. Бундай йиғилишларнинг охиргиси 2005 йилда бўлиб ўтганди.

Ўтган йили мамлакат ҳукумати ташкилотга аъзо бўлиш учун барча зарур жараёнларни тиклашга тайёрлигини маълум қилганди.