Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Ўзбекистон жаҳон сайёҳлик марказларидан бирига айланади

Ўзбекистон жаҳон сайёҳлик марказларидан бирига айланади

Бугун туризм жаҳон иқтисодиётининг етакчи тармоғи сифатида мамлакатлар ижтимоий-иқтисодий ривожланишида ўзининг салмоқли ҳиссасига эга.

              Бутунжаҳон туризм ташкилоти маълумотларига кўра, 2016 йилда ушбу тармоқ улуши жаҳон ялпи ички маҳсулотининг 10,2 фоизини ташкил этган. Халқаро миқёсда товарлар ва хизматлар экспорти ҳажмининг 7 фоизи, жами хизматлар экспорти ҳажмининг 30 фоизи (1,4 трлн. АҚШ доллари), умумий бандлик кўрсаткичининг эса 9,6 фоизи (292 млн. киши) ушбу соҳа ҳиссасига тўғри келади. Дунё бўйича яратилаётган ҳар ўнинчи янги иш ўрни айни туризм соҳасида яратилмоқда. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, туризмнинг ижтимоий-иқтисодий аҳамияти унинг мультипликатив самарасига асосланади. Ана шу куч туфайли туризм катта рекреацион имкониятларга эга бўлган мамлакат ва ҳудудларда ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг янги босқичини бошлаб беради.

           Буюк ипак йўлининг марказида жойлашган, асрлар давомида ўз давлат ғазнасининг каттагина қисмини саёҳатчилар ва хорижий савдогарлар ҳисобидан тўлдириб келган, қадимий шаҳарлари билан машҳур, бой тарихий ва маданий ўтмишга эга Ўзбекис­тон туризм тармоғини ривожлантириш ва уни миллий иқтисодиётнинг етакчи тармоқларидан бирига айлантириш учун улкан салоҳият ва етарли имкониятга эга давлатдир. Давлатимиз раҳбари ташаббуси туфайли юртимизда туризм индустриясини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани натижасида Ватанимизнинг гўзал табиати, муқаддас қадамжолари, ноёб меъморий обидалари ҳамда файзли гўшалари дунё аҳлини тобора ўзига мафтун этмоқда. Албатта, бунда мамлакатимиздаги мустаҳкам тинчлик ва барқарорлик, ўзаро меҳр-оқибат ҳамда ҳамжиҳатлик муҳити, дунёга машҳур ўзбекона меҳмондўстлик, замонавий меҳмонхоналар ва дам олиш масканлари ташкил қилиниб, уларда турли хизматлар тақдим этилаётганлиги муҳим омил бўлмоқда.

          Ўзбекистон сайёҳлик кўлами ва тарихий қадамжолари кўплиги бўйича дунёдаги етакчи ўн мамлакат қаторида туради. Ҳозирги кунда юртимизда турли даврлар ва цивилизацияларга оид 7 300 дан ортиқ туристик объектлар мавжуд. Улар ҳамиша жаҳон аҳлини ўзига ром этиб келган. Хусусан, Самарқанддаги Регистон мажмуаси, Улуғбек расадхонаси, Бухоронинг кўҳна Арк қалъаси, Сомонийлар мақбараси, Хиванинг Ичанқалъаси, Қаршининг Одина, Кўкгумбаз обидалари, Шаҳрисабзнинг Оқсарой маданий ёдгорлиги, Қўқон ўрдаси сайёҳларнинг диққат-эътиборини тортмоқда. Бундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, мамлакатимиз туризм тармоғини ривожлантириш учун улкан имкониятларга эга.

         Аммо, бугун бу соҳани ривожлантириш борасидаги имкониятлар ҳали тўлиқ ишга солинмаган. Хусусан, 2016 йилда Ўзбекистон Республикаси туризм тармоғининг ЯИМдаги улуши (туризм тармоғининг миллий иқтисодиётга бевосита ва билвосита таъсирини инобатга олган ҳолда) 3 фоизни ташкил қилди. Биздаги каби имкониятларга эга мамлакатлар билан таққослаганда бу кўрсаткич анча пастдир. Масалан, 2016 йилда туризм тармоғининг мамлакат ЯИМдаги улуши Мальтада 26,7 фоиз, Кипрда 21,4 фоиз, Мисрда 18,6 фоиз, Испанияда 14,2 фоиз, Италияда 11,1 фоиз, Португалияда 16,6 фоиз, Туркияда 12,5 фоиз ҳамда МДҲ мамлакатларидан Россияда 5 фоиз, Қозоғистонда 6,2 фоиз, Қирғизистонда 3,9 фоизни ташкил этган. Кўриниб турибдики, туризм катта рекреацион имкониятларга эга бўлган мамлакатларда иқтисодий ривожланишнинг қудратли катализатори сифатида хизмат қилмоқда.

           Маълумки, соҳанинг самарали ривожига мамлакатда бинолар тизими, муҳандислик ва коммуникация тармоқлари, шу жумладан, йўллар, транспорт тизими, электр ва алоқа билан таъминлаш, салоҳиятли кадрлар тайёрлаш, сифатли сервис хизмати сингари туризм инфратузилмасисиз эришиб бўлмайди. Сайёҳлик бизнесининг самарали ривожланиши туристик маҳсулотларни ишлаб чиқиш, уни ўз вақтида истеъмолчиларга (сайёҳларга) етказиб бериш босқичларига тегишли ҳар бир жараёнга замонавий ахборот технологияларини татбиқ этишни назарда тутади.

           Бундан ташқари, туризмни барқарор ривожлантириш йўлидаги асосий тўсиқлардан бири – туризмга оид виза расмиятчилигидир.

         Президентимизнинг шу йил 3 февралда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси туризм салоҳиятини ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш бўйича қўшимча ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилиниши миллий иқтисодиётимизни таркибий ўзгартириш ва диверсификация қилишни чуқурлаштиришнинг муҳим воситаларидан бири сифатида туризм соҳасини жадал ривожлантиришга қаратилган ҳамда бу соҳани иқтисодиётимизнинг стратегик тармоқларидан бирига айлантиришга хизмат қилувчи муҳим тарихий воқеа ҳисобланади.

        Фармоннинг эътиборга молик жиҳати, хорижий туристлар учун мамлакатимиз жозибадорлигини ошириш, сайёҳлик оқимини сезиларли даражада орттириш мақсадида мамлакатимизнинг виза сиёсатини тубдан либераллаштириш бўйича бир қатор чора-тадбирлар белгиланди.

           Фармонда ички туризмни жадал ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Республикамизда “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” номи остида мамлакат бўйлаб таништирув саёҳатлари ва турларини ташкиллаштиришнинг кенг миқёсли дастури ишга туширилади. Бундан ташқари, туризм соҳасини ривожлантиришга қаратилган кўплаб лойиҳалар амалга оширилиб, туризм соҳасида фаолият юритадиган тадбиркорлик субъектлари учун қатор имтиёзлар берилади. Умуман олганда, юртимизда дунёнинг туризм соҳаси энг юқори ривожланган мамлакатларидаги сингари имкониятлар яратилишига эътибор қаратилади.

        Дунё тамаддуни бешикларидан бўлмиш буюк тарихга эга Ўзбекистонимиз юксак ислоҳотлар, соҳага қаратилаётган эътибор туфайли янада жозибадор қиёфа касб этиши шубҳасиз. Бу ижобий ўзгаришлар яқин келажакда мамлакатимизнинг жаҳон туризм марказларидан бирига айланишида муҳим омил бўлади, десак асло муболаға бўлмайди.

Дилбар АСЛАНОВА,

Самарқанд иқтисодиёт ва сервис
институтининг илмий ишлар
бўйича проректори. 

Машҳура АЛИМОВА,

институтнинг маркетинг
кафедраси мудири,

 O‘zLiDeP Самарқанд вилояти
Кенгаши фаоли