Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Ўзбекистон Республикасида миллий маданиятни янада ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида

Ўзбекистон Республикасида миллий маданиятни янада ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Кейинги йилларда мамлакатимизда халқимизнинг маънавий-маърифий савиясини юксалтириш, маданият ва санъат муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, соҳа вакилларини қўллаб-қувватлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон ижодкорларини қўллаб-қувватлаш “Илҳом” жамоат фонди, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузурида Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси, Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси, Ўзбекистон давлат филармонияси, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг Фарғона минтақавий филиали ташкил этилди.

Ўзбек мумтоз ва фольклор санъатининг ноёб намуналарини, ўзига хос ижро мактаблари ва анъаналарини асраб-авайлаш ва ривожлантириш тизими яратилди. Ўзбек миллий мақом санъати маркази ва музейи ташкил этилди. Ҳар икки йилда бир марта Халқаро мақом санъати анжумани ҳамда Халқаро бахшичилик санъати фестивалининг ўтказилиши ноёб меросимизнинг нуфузини жаҳон миқёсида ошириш йўлида муҳим амалий қадам бўлди.

Айни пайтда миллий маданиятни янада ривожлантиришга тўсқинлик қилаётган бир қатор тизимли камчиликлар мавжуд. Жумладан:

биринчидан, маданият соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш, маданият ва санъат муассасалари, ижодий уюшма ва бирлашмаларнинг ҳуқуқий мақоми, ижодкорларни ижтимоий ҳимоя қилишга қаратилган ягона ҳуқуқий база яратилмаган;

иккинчидан, ёш ижодкорларга таълим-тарбия бериш, юқори малакали кадрлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш борасида пухта тизим яратилмагани маданият соҳасида ягона давлат сиёсатини самарали олиб бориш, аҳолининг ўсиб бораётган маданий эҳтиёжларини қондириш ва маданий хизматлар сифатини кескин ошириш имконини бермаяпти;

учинчидан, аксарият маданият ва санъат муассасаларининг моддий-техник базаси замон талаблари ва халқаро стандартларга мос келмайди, бу эса уларнинг тўлақонли фаолият кўрсатиши учун имкон бермаяпти;

тўртинчидан, замонавий медиа маконда миллий маданиятимиз муносиб ўрин эгалламагани, соҳага ахборот-коммуникация технологиялари тўлиқ жорий этилмагани соҳани кенг тадқиқ ва тарғиб этиш, халқаро маданий жараёнларга талаб даражасида интеграция қилишга йўл бермаяпти;

бешинчидан, маданият ва санъат соҳасидаги нуфузли халқаро фестиваль ва танловларда ижодкорларимизнинг иштирокини изчил таъминлаш ва уларнинг сара асарларини намойиш этиш, миллий ижодий маҳсулотларни экспорт қилишнинг самарали тизими яратилмагани, хорижий ташкилотлар билан ҳамкорлик етарлича йўлга қўйилмагани ҳам соҳа ривожига тўсқинлик қилмоқда.

Халқимизнинг асрлар давомида шаклланган юксак маънавий қадриятлари ва маънавий меросини асраб-авайлаш ҳамда жаҳон маданияти билан уйғун ҳолда ривожлантириш, миллий маданиятни кенг тарғиб этиш, унинг халқаро маданий маконда тутган ўрни ва мавқеини янада мустаҳкамлаш мақсадида:

1. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикасида миллий маданиятни янада ривожлантириш концепцияси (кейинги ўринларда Концепция деб юритилади) 1-иловага;

2019 – 2020 йилларда Ўзбекистон Республикасида миллий маданиятни янада ривожлантириш концепциясини амалга ошириш бўйича “йўл харитаси” (кейинги ўринларда – “Йўл харитаси”) 2-иловага мувофиқ;

2019 – 2020 йилларда Ўзбекистон Республикасида миллий маданиятни янада ривожлантириш концепциясини Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар дастурлари (кейинги ўринларда – Чора-тадбирлар дастурлари) 2.1–2.14-иловаларига мувофиқ тасдиқлансин.

Белгилансинки, 2021 йил ва ундан кейинги йиллар учун Концепцияни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” ва Чора-тадбирлар дастурлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

2. Концепциянинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:

маданият соҳасига оид норматив-ҳуқуқий базани, ушбу соҳадаги институционал тизимни ва маданият муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш;

тарихий ва маданий меросимизни сақлаш ҳамда уни ёш авлод тарбиясида кенг қўллаш;

миллий ва умуминсоний қадриятларни ёшларимиз онгига сингдириш, этник маданий анъаналарни асраб-авайлаш ва шу асосда халқ ижодиётини қўллаб-қувватлаш;

аҳоли, жумладан, ёшларнинг ижодий салоҳиятини рўёбга чиқариш учун зарур шарт-шароитларни яратиш ва кенгайтириш;

маданият соҳасига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш, маданиятни янада кенг тадқиқ ва тарғиб этишда инновацион ғоялар ва технологиялардан самарали фойдаланиш;

фуқароларнинг, жумладан, ногиронлиги бўлган шахсларнинг маданий ҳаётда фаол иштирок этиши ва маданий хизматлардан фойдаланишда ижтимоий тенглигини таъминлаш;

маданий соҳада ўзаро самарали халқаро муносабатларни ташкил этиш ва ривожлантириш, миллий маданиятга жаҳон маданиятининг ажралмас қисми сифатида қараш, бу борада тенг ҳуқуқлилик ва инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилишга алоҳида эътибор қаратиш;

қабул қилинаётган иқтисодий, ижтимоий ва маданият соҳасига оид қарорларнинг ушбу соҳадаги ягона давлат сиёсатига мослигини таъминлаш;

маданият ва санъат муассасаларининг тўлақонли фаолият кўрсатишини таъминлаш, уларнинг моддий ресурс базасини янада мустаҳкамлаш, объектларни сақлаш ҳамда муҳофаза қилишда жамоатчилик назоратини йўлга қўйиш.

3. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида фаолият кўрсатаётган маданият ва аҳоли дам олиш марказлари негизида маданият марказлари ташкил этилсин.

Қуйидагилар маданият марказларининг асосий вазифалари этиб белгилансин:

аҳолига маданий хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш, уларнинг маданий эҳтиёжларини қондириш ва бўш вақтларининг мазмунли ўтишини таъминлаш, ижодий жамоаларнинг миллий қадрият, урф-одат ва анъаналарни ўзида мужассам этган намунали дастурларини шакллантириш;

халқ ижодиёти ва бадиий ҳаваскорлик санъатини сақлаб қолиш ва ривожлантириш, бадиий ва амалий ижодий жамоалар, ҳаваскорлик гуруҳларини ташкил этиш ва уларнинг фаолият юритиши учун қулай шарт-шароит яратиш ҳамда ижодий жараённи тизимли равишда бойитиб бориш;

болаларни тўгаракларга жалб этиш, хорижий тилларни ўрганиш ва “нутқ маданияти” бўйича курсларни ташкил этиш, халқ ижодиётининг барча жанр ва йўналишлари, ҳаваскорлик санъати ва номоддий маданий меросни кенг тарғиб қилиш ҳамда уларни асл ҳолича келажак авлодга етказиш;

адабиёт ҳамда санъат арбоблари ва профессионал ижодий гуруҳлар билан маънавий-маърифий, маданий-оммавий тадбирлар ташкил этиб, улар иштирокида аҳоли, хусусан, ёшлар билан бевосита бадиий учрашувлар ва давра суҳбатларини ўтказиш;

танловлар, халқ ижодиёти ва томоша санъатининг туман (шаҳар) миқёсидаги фестивалларини ўтказиш, иқтидорли ёшларни аниқлаш, ижодкор ёшларни қўллаб-қувватлаш;

оммавий байрам, томоша ва халқ сайилларини ташкиллаштириш, ижтимоий-маданий соҳада юридик ва жисмоний шахслар билан тузилган шартномалар бўйича уларга пулли хизматлар кўрсатиш.

4. Қуйидагилар:

2019 – 2020 йилларда маданият марказлари фаолиятини янада ривожлантириш ва такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар дастури (кейинги ўринларда – Дастур) 3-иловага;

2019 – 2022 йилларда янги қуриладиган, реконструкция қилинадиган, капитал таъмирланадиган ва жиҳозланадиган маданият марказларининг манзилли рўйхати 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигига зарур ҳолларда Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан келишган ҳолда 2019 – 2022 йилларда янги қуриладиган, реконструкция қилинадиган, капитал таъмирланадиган ва жиҳозланадиган маданият марказларининг манзилли рўйхатига ўзгартириш киритиш ҳуқуқи берилсин.

5. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

бир ой муддатда маданият марказлари фаолиятини, жумладан, маданият марказларини янги қуриш, реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ва жиҳозлаш ишларини ташкил этиш, шунингдек, самарасиз фаолият юритаётган маданият марказларини мақбуллаштириш тўғрисида Ҳукумат қарорини қабул қилсин;

2019 йилнинг 1 февралига қадар маданият марказлари тўғрисидаги низомни, шунингдек, маданият марказлари фаолияти самарадорлигини баҳолаш мезонлари ҳамда бадиий ва тўгарак раҳбарларини уларнинг меҳнат фаолияти натижаси асосида рағбатлантириш тартибини тасдиқласин.

6. Қуйидагилар мазкур қарорда назарда тутилган чора-тадбирларни молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:

Ўзбекистон Республикасининг ривожланиш давлат дастури доирасида марказлаштирилган манбалар ҳамда республика бюджети маблағлари;

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси маблағлари;

имтиёзли хорижий кредитлар ва грантлар;

жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.

7. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Ўзбекистон Бадиий академияси, “Ўзбеккино” Миллий агентлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмасининг “Маданият ва санъат фидокори” кўкрак нишонини таъсис этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда “Маданият ва санъат фидокори” кўкрак нишонини таъсис этиш тўғрисидаги Ҳукумат қарори лойиҳасини ишлаб чиқсин ва тасдиқлаш учун белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

8. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси 2019 йилнинг 1 июнига қадар, жумладан, қуйидагиларни назарда тутувчи ва тўғридан-тўғри амал қилувчи “Маданият тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритсин:

маданият соҳасида давлат сиёсатининг асосий тамойиллари ва йўналишлари, уларни амалга оширишда иштирок этувчи давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг ваколатлари;

маданият соҳасида фуқаролар, миллат ва элатларнинг ҳуқуқ ҳамда эркинликлари;

маданий объектларни ташкил этиш, қайта ташкил этиш ва тугатиш тартиблари, шунингдек, уларни молиялаштириш ва бошқаришнинг ўзига хос хусусиятлари;

ижодий уюшма ва бирлашмаларнинг ҳуқуқий мақоми, маданият соҳасидаги ходимларнинг ижтимоий ҳимояси;

маданий алмашув, халқаро ташкилот ва хорижий давлатлар билан ҳамкорлик, маданият объектлари ва санъат асарларини оммалаштириш.

9. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг “Халқ чолғулари ижрочилари”, Мукаррама Турғунбоева номидаги “Миллий рақс ижрочилари” ва Юнус Ражабий номидаги “Ёш мақом ижрочилари” республика кўрик-танловларини анъанавий равишда ўтказиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.

Белгилансинки:

а) ушбу республика кўрик-танловлари:

“Халқ чолғулари ижрочилари” кўрик-танлови икки йилда бир марта, дастлаб 2019 йилнинг июнь ойида;

Мукаррама Турғунбоева номидаги “Миллий рақс ижрочилари” кўрик-танлови икки йилда бир марта, дастлаб 2019 йилнинг октябрь ойида;

Юнус Ражабий номидаги “Ёш мақом ижрочилари” кўрик-танлови икки йилда бир марта, дастлаб 2020 йилнинг апрель ойида ўтказилади;

б) ушбу республика кўрик-танловлари ғолибларининг бир нафардан якка ижрочилари тегишли йўналиши бўйича олий таълим муассасасининг бакалавриат босқичига қабул квотасига қўшимча давлат гранти асосида қабул қилинади.

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги икки ой муддатда ушбу республика кўрик-танловларини ўтказиш тартибларини ишлаб чиқсин ва тасдиқлаш учун белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

10. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг ҳар йили 21-27 март кунлари “Театр томошалари ҳафталиги”ни ва унинг доирасида маданий-маърифий тадбирлар, жумладан, театр рассомларининг кўргазмалари, театр либослари ва декорациялари намойишларини ташкил қилиш, томошабинлар билан ижодкорлар ўртасида мулоқотлар ўтказиш ҳамда аҳолининг шу кунлари давлат театрларига бепул кириши тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.

11. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий комиссияси ва Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда:

давлатлараро қўшма лойиҳа доирасида Буюк ипак йўлининг мамлакатимиздан ўтган қисмини “Ипак йўли: Зарафшон дарёси воҳаси” ва “Ипак йўли: Фарғона – Сирдарё ҳавзаси” номи остида ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон маданий мероси рўйхатига;

ўзбек халқининг кўҳна ва бетакрор санъати намунаси бўлган Хоразм “Лазги”сини “Хоразм рақси – Лазги” номи остида ЮНЕСКОнинг Инсоният номоддий маданий меросининг репрезентатив рўйхатига киритиш бўйича чора-тадбирларни амалга оширсин.

12. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги (Б.С.Сайфуллаев):

янги қуриладиган, реконструкция қилинадиган, капитал таъмирланадиган ва жиҳозланадиган маданият марказлари лойиҳаларининг техник-иқтисодий ҳисоб-китобларини экспертизадан ўтказиш учун Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлигининг “Шаҳарсозлик ҳужжатлари экспертизаси” давлат унитар корхонасига белгиланган тартибда киритсин;

янги қуриладиган, реконструкция қилинадиган, капитал таъмирланадиган ва жиҳозланадиган маданият марказларининг манзилли рўйхати параметрларининг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши юзасидан қатъий назоратни таъминласин;

мазкур қарорда назарда тутилган чора-тадбирларни амалга оширишга бағишланган ахборот-таҳлилий шарҳларни аниқ мезон ва натижаларни кўрсатган ҳолда мунтазам равишда тайёрлаш ва оммавий ахборот воситаларида эълон қилиб борилиши чораларини кўрсин, зарур ҳолларда фуқаролик жамияти институтлари ва илмий доираларни миллий маданиятни янада ривожлантириш бўйича долзарб масалаларни муҳокама қилишга жалб этсин;

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси Молия вазирлиги билан биргаликда тасдиқланган ривожлантириш давлат дастурига киритилган маданият марказларини ривожлантириш ва моддий-техник базасини яхшилаш, шу жумладан, уларни жиҳозлаш учун имтиёзли шартлар асосидаги хорижий кредитлар ва грантларни жалб этиш чораларини кўрсин;

“Йўл харитаси”, Чора-тадбирлар дастури ва Дастурнинг бажарилиши юзасидан ҳар чоракда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига маълумотларни тақдим этиб борсин.

13. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги Ташқи ишлар вазирлиги ва Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан биргаликда:

кириш ва ички туризмни ривожлантириш дастурлари доирасида юртимизда ўтказиладиган маданият соҳасидаги тадбирлар ҳамда маданият марказлари томонидан маҳаллий ва хорижий сайёҳлар учун ташкил этиладиган маданий тадбирлар рўйхатини ҳар йили 15 декабрга қадар шакллантирсин;

мазкур тадбирларни Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги дипломатик ваколатхоналари орқали хорижий оммавий ахборот воситаларида аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари ўртасида тарғиб қилсин.

14. Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Ариповга – “Йўл харитаси”, Чора-тадбирлар дастурлари ва Дастурни амалга ошириш юзасидан вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда уларнинг ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли бажарилиши юзасидан тизимли мониторинг ўрнатилиши;

Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг ўринбосари Ф.Ш.Маҳмудовга – Концепцияда назарда тутилган вазифаларнинг босқичма-босқич тўлиқ амалга оширилиши, 2021 йил ва ундан кейинги йиллар учун назарда тутилган “Йўл харитаси”нинг ўз вақтида ва сифатли ишлаб чиқилишини ташкиллаштириш;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларига – “Йўл харитаси”, тегишли Чора-тадбирлар дастури ва Дастурда назарда тутилган вазифаларнинг ижросини тўғри ташкиллаштирилиши ҳамда чора-тадбирларнинг ўз вақтида ва тўлиқ бажарилиши;

Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири А.Х.Комиловга – Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги дипломатик ваколатхоналари вакиллари орқали юртимизда ўтказиладиган маданий тадбирларни хорижий оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиб бориш, чет эл мамлакатлари билан маданий ҳамкорликни янада жадаллаштириш, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан биргаликда хорижий сайёҳларни маданий тадбирларга жалб қилиш чораларини кўриши юзасидан шахсий жавобгарлик юклансин.

15. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига мазкур қарорнинг мазмун-моҳияти ҳамда унда белгиланган чора-тадбирларнинг амалга оширилишини ёритиб бориш тавсия этилсин.

16. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.

17. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш.Низомиддинов, Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Б.М.Мавлонов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг ўринбосари Ф.Ш.Маҳмудов зиммасига юклансин.


Ўзбекистон Республикаси Президенти                                                 Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри, 2018 йил 28 ноябрь