Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Biz tarmoqlarda:

Ўзбекистон тараққиётига муносиб ҳисса қўшиш – шарафли бурчимиз

Ўзбекистон тараққиётига муносиб ҳисса қўшиш – шарафли бурчимиз

            Президентимиз Шавкат Мирзиёев иқтисодиётимизга хорижий инвестицияларни жалб қилишнинг ғоят муҳимлигини ҳар бир чиқишларида бот-бот таъкид­лаётганлиги бежиз эмас. Бу бугунги инновацион ғоялар даврининг энг муҳим талабидир. Шу маънода давлатимиз раҳбари Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида ҳокимлар, давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларининг инвестицияларни жалб этиш, хорижий инвесторлар билан ҳамкорлик қилиш, янги ишлаб чиқариш турларини йўлга қўйиш, иш ўринлари яратиш бўйича фаоллигини янада ошириш зарурлигига эътибор қаратди. Яқинда Ташқи ишлар вазирлиги фаолияти таҳлилига бағиш­лаб ўтказилган мажлисда ҳам аниқ инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш, маҳаллий маҳсулотларни ташқи бозорга олиб чиқиш, бизнес-кооперацияни кучайтириш билан боғлиқ масалалар юзасидан изчил иш олиб бориш зарурлиги алоҳида қайд этилди.

            Дарҳақиқат, сармояларсиз тараққиётга эришиб бўлмайди. Хорижий инвестицияларни жалб қилишдан кўзланаётган асосий мақсад эса ишлаб чиқарилган товарларнинг экспорт салоҳиятини ошириш, истеъмолчиларни жаҳон талабларига мос маҳсулотлар билан таъминлаш, пировардида халқимиз фаровонлигини оширишдир.

           Эътиборлиси, партиямиз ўз дастурий ғоя ва мақсадларидан келиб чиққан ҳолда мазкур йўналишга ҳам алоҳида эътибор қаратмоқда. Электоратимиз манфаатларининг тўлақонли ифодаланиши ҳам ана шу вазифанинг муваффақиятли бажарилиши билан узвий боғлиқ. O‘zLiDeP мамлакатимизга сармоядорларни жалб қилиш, инвес­тициявий муҳитни яхшилаш борасидаги камчиликлар бартараф этилишига партиявий воситалар билан кўмаклашяпти, муаммоларга жамоатчилик, мутасадди идоралар эътиборини қаратяпти.

Ўзбекистонда тадбиркорлар учун яратилаётган кенг имконият ва имтиёзлар, шарт-шароитлар хорижлик инвесторлар, жумладан, асли ўзбекистонлик бўлган сармоядорларни юртимизда янгидан-янги лойиҳаларни амалга оширишга ундамоқда. Бугун юртимизнинг турли гўшаларида хорижий инвестициялар кўмагида ҳаётга муваффақиятли равишда татбиқ этилаётган истиқболли лойиҳалар, кутилаётган ижобий натижалар, бу йўлда учраётган айрим тўсиқлар, хорижда тажриба оширган ватандош мутахассисларимизнинг ўлкамизга қайтгандан кейинги самарали фаолияти хусусида сўз юритамиз.

Роман ГОльберг, “GRP International Inc.” корпорацияси таъсисчиси:

“ПРЕЗИДЕНТ ДАЪВАТИДАН РУҲЛАНДИМ”

            1978-1994 йиллари Тошкентда ишлаганман. Машинасозликка ихтисослашган катта-кичик корхоналарни бошқарганман, тадбиркорликка йўл очилгач, шу соҳада хусусий корхоналар очганман. 1994 йили менга Ўзбекис­тондаги энг йирик тадбиркорлардан бири эканим тўғрисида сертификат топширилган. 1995 йили ихтиёримдаги корхоналар ишини мувофиқлаштиришни ёш ўринбосаримга топшириб, ота-онам, оилам билан доимий яшаш ва ишлаш учун АҚШга жўнаб кетдим. Океан ортида мен “GRP International Inc.” корпорациясини ташкил қилдим.

          Президентлик фаолиятини бошлаган илк кунларданоқ Шавкат Мирзиёев қарийб барча соҳаларни ислоҳ қилишга киришди, жумладан, хусусий бизнес борасида ҳам катта ижобий ўзгаришлар яққол кўзга ташланди. Янгиланишлар жараёни мени ҳам бефарқ қолдирмади. Айниқса, мамлакат раҳбарининг серғайрат, истеъдодли ишбилармонлар, сармоядорларни ўзбек заминига чорлаётгани катта далда бўлди.

           Ўтган йили Президент Шавкат Мирзиёев Нью-Йоркда бўлиб ўтган бизнес форумда бир қанча инвесторлар билан учрашиб, хомашёни чуқур қайта ишлаб, ички ва ташқи бозорларга рақобатбардош маҳсулотлар чиқаришни мақсад қилган, бу йўлда бутун салоҳиятини ишга солишга интиладиган тадбиркорларни шахсан қўллаб-қувватлашини билдирди. Ушбу йиғилишда бош офиси Нью-Йоркда жойлашган корпорациямиз – “GRP International Inc.” вакиллари ҳам иштирок этганди. Учрашувда Президент томонидан айтилган сўзлар мени ҳам ғоят илҳомлантирди. Ўзим кўп йиллар нон-тузини тотиб, яхшилик кўрган юртда янги ғоялар, лойиҳаларни амалга ошириш  иштиёқи қалбимда алангаланди. Аввалига Тошкентда Америка бизнес маркази ва савдо уйини очиш бўйича баъзи ишларни бошладим. Мазкур марказ америкалик ва ўзбекистонлик ишбилармонларнинг мулоқотларини уюштиради, маслаҳатлар беради, қисқаси, бизнес бўйича ҳамкорлик кенгайишига ҳар жиҳатдан кўмаклашади. Ҳозирча бу йўналишдаги ишлар ниҳоясига етганича йўқ, аммо ташкилотнинг ишга тушиши ҳар икки давлат тадбиркорлари учун айни муддао бўлади, деб ўйлайман.

             Лойиҳаларимиздан яна бири – Бухоро вилоятидаги йод қазиб олишга ихтисослашган “Asian Pharmaceutical Industrial Group KRG” қўшма корхонаси билан боғлиқ. Ҳозирда 10 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ сарфланиб, дастлабки босқичда 40 иш ўрни яратилиши кўзда тутилган мазкур лойиҳанинг амалга оширилиши сустлашиб қолган. Негаки, дастлабки келишувларга кўра корхонамизга Олот туманидан 10 гектар ер ажратилиши керак эди. Бу борада айрим муаммолар сақланиб қолмоқда. Умид қиламизки, бу масалалар тез орада бартараф бўлади.

            Яна бир йирик инновацион лойиҳам – “Asian Vermiculite Industrial Company” қўшма корхонасини ташкил этишдан иборат. Вермикулит конлари мавжуд ҳудуд – Қораўзак туманида мазкур корхона қад ростлаши борасида ҳам ишларни бошлаганмиз. Айтиш керакки, вермикулит плитаси ажойиб маҳсулот – ўта юқори ҳароратга бардошли, шовқин, иссиқ ва совуқни, заиф радиоактив нурланишни ўтказмайди, турдош материалларга нисбатан енгил. Жаҳондаги бешта мамлакатгина шундай плиталар ишлаб чиқариш имконига эга.

           Корхонамиз тўла қувват билан ишга тушиш арафасида. Хориждан айрим ускуна-жиҳозларни олиб келиб, ўрнатсак бас. Лекин, ушбу лойиҳамизни амалга оширишда ҳам банк кредитларини олиш билан боғлиқ баъзи муаммоларга тўқнаш келмоқдамиз. Гарчи талаб қилинган барча ҳужжатларни тақдим этган ва гаров сифатида мол-мулк­ни қўйган бўлсак-да, сармоя берилиши анчадан бери чўзилиб келаётганди. Ниҳоят, куни кеча бу борада яхши хабар эшитдик.

            Мавриди келганда, кредит сиёсатига доир бир мулоҳазамни ҳам ўртага ташламоқчиман. Банклар кредитдан 200-300 фоиз фойда олишни кўзлайди. Бунинг ёмон жойи йўқ. Лекин ишлаб чиқаришнинг ҳеч бир йўналиши бу даражада фойда келтирмайди. Ишлаб чиқарувчи 15-20 фоизга тенг ўз даромадини қўшганда ҳам банк қўяётган устама фоизларни тўлашга қурби етмай қоляпти. Фикримча, банклар узоқ муддатли кредитларнинг устама фоизлари хусусида жиддий ўйлаб кўришлари зарур.

            Сўзим ниҳоясида Ўзбекистоннинг, ўз фарзандларининг келажагига бефарқ бўлмаган барча инсонларни Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида олиб борилаётган изчил ислоҳотларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга, шу юрт юксалишига муносиб ҳисса қўшишга ундайман.

БУХОРОГА ҚАЙТАР ҚЎЛИ ЕНГИЛ ШИФОКОРЛАР

            Мамлакатимиз тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасини Бухоро вилояти мисолида ҳам кўрса бўлади. Эътиборлиси, соҳа пешқадамлари орасида маълум муддат хорижда ўз билим ва малакасини ошириб, кейинчалик она шаҳри Бухорои шарифга қайтган, айнан шу ерда бир қатор жарроҳлик амалиётини амалга оширган ва шу тариқа беморларга қайта ҳаёт бағишлаган малакали мутахассислар оз эмас. Ана шундай инсонлардан бири – тиббиёт фанлари номзоди Шермуҳаммадхўжа Турсунов бўлиб, бугунги кунда вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказининг ангиография ва рентгенэндовафкуляр хирургия бўлими мудири бўлиб ишламоқда. Москва юрак-қонтомирлари хирургияси илмий-текшириш институтида кардиолог-жарроҳ сифатида меҳнат қилиб, малака ошириб қайтгани ва шу тариқа Бухоро давлат тиббиёт институтида олган назарий билим ва амалий кўникмаларини янада мустаҳкамлагани шундан кейинги тиббий фаолиятини янги босқичга кўтарди.

           Ўтган йилнинг май ойида она шаҳри Бухорога қайтган Шермуҳаммадхўжа Турсунов атиги бир ҳафта ичида вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида Академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургик маркази мутахассислари ва ўз ҳамкасблари билан бирга 14 та жарроҳлик амалиётини муваффақиятли бажарди. Юрак ишемик касаллигидан азоб чеккан бухоролик Фурқат Ҳожиев, инфаркт хасталигини бошидан кечирган қоракўллик Наима Шониёзова сингари беморлар дардига шифо бағишлаб, уларни оила бағрига қайтарди. Ўтган давр мобайнида жами 284 нафар беморга коронарография, 82 нафар беморга коронар қонтомирларни стендлаш тиббий амалиётларининг бажарилгани, кўплаб кишиларда эса оёқ артерияларини баллонли ангиопласткаси бўйича мураккаб жарроҳлик амалга оширилганини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз.

            Бундай мисолларни яна келтирса бўлади. 2017 йилнинг 23 декабрь куни вилоят тарихида биринчи марта ўтказилган туғма юрак нуқсони бор 20 ёшли қизда ўпка артериясининг клапанли торайишини баллонли дилятация (кенгайтириш) операцияси ҳам муваффақиятли кечди.

 

***

            Маълум муддат Россия халқлар дўстлиги университетининг юрак-қонтомирлари хирургияси кафедрасида ишлаб, кейинчалик тиббиёт фанлари номзоди илмий унвонига эришган қўли енгил шифокорлардан яна бири Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Бухоро филиали малакали жарроҳи Тоҳир Мусаев билан ҳам шогирдлари ҳар қанча фахрланса арзийди.

         – Устозим ҳақида фақат илиқ сўзларни эшитиб келамиз, – дейди ёш шифокорлардан бири Фаррух Ҳайдаров. – Оддий бир жарроҳ сифатида нафақат мен, балки шифохонамизнинг иқтидорли кардиологлари – Латиф Аҳмедов, Жамшид Алиев, Наргиза Аҳмедова, Аваз Ҳайдаров ҳам устознинг ўгит ва маслаҳатларига амал қилиб кам бўлишмаяпти. Оғир хасталикдан қутулган беморлар чеҳрасидаги шодмонликни кўриб, соҳа ходимларининг ҳам қалби қувончга тўлиши аниқ.

              Тоҳир Мусаевнинг Россиядан қайтиб келганига анча бўлиб қолди. Орадан ўтган йиллар кўплаб ҳаяжонли дамларни ҳадя этди. Ўзига ва ҳамкасбларига қатъий ишончи, хушмуомаласи ва ширин сўзлиги боис беморлар кўзида соғайишга умид учқунларини аниқ кўра олди. Шу тариқа бир-биридан муваффақиятли жарроҳлик амалиётларини ўтказишга бор куч, билим ва салоҳиятини тўлиқ сафарбар эта билди. Ўтган давр мобайнида 22 нафар беморга кардиостимулятор ўрнатилди. 13 нафар хаста кишида эса ўт йўлларини ташқи дренажлаш амалиёти бажарилди. Қўли енгил шифокор илмий-амалий тажрибасининг аниқ самараси ўлароқ 80 ёшни қоралаб қолган Эргаш бобо Қиличев ва яна бошқа кўплаб ҳамюртларимиз соғ-саломат уйга қайтдилар.

             Ўзбекистонда илк маротаба юракда ўтказилган жарроҳлик амалиётидан кейинги эрта босқичларда 2 яшар бола, жажжи қизалоқ Динара Авезованинг юрагига доимий электрокардиостимулятор ўрнатилди.

             Бухоро вилоят даволаш муассасалари кейинги йилларда замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланаётгани, янгидан-янги тиббиёт масканларининг барпо этилаётгани ёки реконструкция қилинаётгани, қолаверса, соҳа ходимлари учун етарли шарт-шароитлар яратилаётгани турли сабабларга кўра хорижга кетиб қолган бухоролик шифокорларни ҳам она юртга чорлаб турибди. Бу эзгу жараённинг янада бардавом бўлишига ишонамиз.

ЖИЗЗАХНИНГ  “ИПАКЛАРИ ТИЛЛОДАН...”

             Ипакчилик юртимизда теран тарихий илдизлари ва анъаналарига эга. Асрлар оша янада ривож­лантирилиб, бойитиб борилди. Айни пайтда Ўзбекистон ипак етиштириш бўйича Хитой, Япония, Ҳиндистон ва Бразилия каби етакчи беш давлат қаторига киради.
Президентимизнинг шу йил 12 январда қабул қилинган “Республикада ипакчилик тармоғини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида соҳани янада такомиллаштиришнинг комплекс чора-тадбирлари белгилаб берилди. Айнан шу қарор ижросини таъминлаш доирасида “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси ташаббуси билан Буюк Британия инвесторлари жалб қилиниб, Жиззах вилоятининг ипакчилик саноатига чет эл сармояларини киритиш бўйича ҳамкорлик йўлга қўйилди. Ушбу хайрли ишнинг дарҳол эътиборга тушиб, шов-шувга сабаб бўлиши эса Буюк Британиядан ташриф буюрган инвестор Акбар Ашуров билан боғлиқ эди.

                Жиззах вилоятида ипакчилик тармоғини ривожлантириш мақсадида иккита лойиҳа амалга оширилмоқда. Улардан бири хорижлик ватандошимиз киритган инвестиция ҳисобига ташкил этилган “Silk Expert Processing” МЧЖ томонидан амалга оширилмоқда. Лойиҳага асосан 5 миллион АҚШ доллари миқдоридаги тўғридан-тўғри инвестиция 2017-2021 йиллар давомида вилоятда тармоқни босқичма-босқич ривожлантиришга йўналтирилади.

                 – Ушбу қарорга асосан қиймати эквивалентда камида 5 миллион АҚШ долларига тенг лойиҳаларни амалга ошириш шарти билан, “Ўзбекипаксаноат” уюшмасининг тегишли илтимосномаси мавжуд бўлган тақдирда, ипакчилик тармоғидаги инвестиция лойиҳалари ташаббускорларининг ишлаб чиқариш жараёнида давлат мулки объектларидан “ноль” харид қиймати бўйича фойдаланиш учун берилиши хусусидаги мурожаатлари устувор тартибда кўриб чиқилиши таъминланиши кўрсатилган, – дейди мазкур жамият раҳбари Умиджон Икромов. – Айни пайтда Жиззах шаҳридаги Сайилжойи маҳалласи Наримонов кўчасида жойлашган “Қозонхона (РК-3)” биноси 11,5 миллиард сўм инвестиция киритиш ва 120 ўринли иш ўрни яратиш шарти билан сотиб олинди ва пиллачилик фабрикасини ишга тушириш саъй-ҳаракатлари бошлаб юборилди. Ипак йигириш ускуналари Хитойдан, мато ишлаб чиқариш жиҳозлари эса Европадан олиб келиш учун шартномалар имзоланган.

            Ушбу лойиҳани амалга ошириш бўйича вилоятдаги 8 та туман пиллачилик идораси вакиллари билан муқаддам тутчилик учун ажратилган ер майдонлари хатловдан ўтказилиб, мавжуд тут кўчатлари сони, экилиши лозим бўлган ер майдонлари миқдори аниқлаб олинди. Ҳозирги кунда 50 минг дона сифатли тут кўчатлари олиб келиб экилди. Тутзорларда смарт технологиялар ва ноу-хауга асосланган янгича ишлаб чиқариш услуби йўлга қўйилади.

               Мазкур лойиҳа доирасида амалга оширилаётган ишлар бизнинг анъанавий пилла ва ипакчилик ҳақидаги тушунчаларимиздан тубдан фарқ қилади. Пиллани қайта ишлашдан тортиб, экспорт учун мато, кийим-кечак ва гилам ишлаб чиқариш жараёнигача бўлган барча босқичлар тўлиқ қамраб олинади. Режага кўра, тўртинчи босқичда маҳсулотларнинг 60 фоизини хом ипак, 30 фоизини калава ва 10 фоизини мато ташкил қилади. Корхонада биринчи босқичда 144 тонна қуруқ пилла қайта ишланади, йил охирига бориб, 2 миллион АҚШ долларилик маҳсулот экспорт қилиш кўзда тутилган. Ҳозирданоқ Эрон, Туркия, Покистон, Озарбайжон, Вьетнам каби бир қатор давлатлардан ипак толасини сотиб олиш учун таклифлар тушмоқда. 2021-2022 йилларда эса экспорт миқдорини 22,8 миллион АҚШ долларига етказиш прогноз қилинмоқда.

           Лойиҳа тўлиқ қувват билан ишга тушгач, чиқитсиз ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Мисол учун, ҳатто пилла қуритилгач, ғумбаклардан ҳам балиқчилик, қуёнчилик ва чорвачиликда фойдаланиладиган озуқа маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Диққатга сазовор жиҳатлардан яна бири, лойиҳа тўлиқ амалга ошгач, 480 нафар доимий ва 10 000 га яқин мавсумий иш ўрни яратиш имконияти туғилади.

СУРХОН МЕВАЛАРИ ЕВРОПАГА ЭКСПОРТ ҚИЛИНАДИ

              Мамлакатимизда озиқ-овқат маҳсулотларини кўпайтириш, экспорт ҳажмини ошириш, ички бозорни тўлдиришга оид бир қатор қарорлар ҳаётга изчил татбиқ этилмоқда. Жумладан, давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 16 январда  “Мамлакатнинг озиқ-овқат хавфсизлигини янада таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилиниб, 2018 йил 1 февралдан республикага озиқ-овқат товарларини импорт қилиш бўйича айрим хўжалик юритувчи субъектларга тақдим қилинган индивидуал божхона, солиқ имтиёзлари, шунингдек, бошқа преференциялар бекор қилинди. Шу билан бирга, Президентимизнинг “Ёнғоқ ишлаб чиқарувчилар ва экспорт қилувчилар уюшмасини тузиш ва унинг фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорида лалми ерлардан фойдаланишни рағбатлантириш ва самарадорлигини янада ошириш, ички ва ташқи бозорларда рақобатбардош ёнғоқ етиштириш ҳаж­мини кўпайтириш, бунинг учун замонавий ёнғоқзорларни барпо қилиш таъкидланган эди. Бу каби кенг миқёсли чора-тадбирлар, имконият ва шароитлар тадбиркорлар фаолиятига янада кенгроқ имконият яратяпти.

               Ўктам Маҳмудов Сурхондарё вилоятининг чекка туманлардан бири Сариосиёда истиқомат қилади. Соҳага берилаётган эътибор уни ҳам кенг кўламли тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишга, пировардида Ватанга ҳалол хизмат қилиб, аҳоли бандлигига ҳамда ҳудуд ободлигига ҳисса қўшишга ундади. Тумандаги “Хуфар” ва “Янги ҳаёт” маҳалласи ҳудудидан 19 гектар ерда лимонзор барпо этди. Шундан 9 гектар майдонда лимон етиштирилса, 10 гектарида лимон кўчатлари парваришланяпти. Келгусида бу жойда етиштирилган 700 тоннадан 1000 тоннагача лимон меваси Россия ва Европанинг бир қанча давлатларига экспорт қилиниши мўлжалланмоқда.

              Тадбиркор раҳбарлигидаги “Lider agro export fayz” МЧЖ банкдан 2 миллион 850 минг доллар миқдорида кредит олиб, фаолиятини янада кенгайтирмоқчи. Эътиборлиси, Исроил давлатидаги ҳамкорларимиз томонидан ҳам мазкур корхона лойиҳалари учун 1 миллион АҚШ долларидан ортиқ инвестиция жалб қилиняпти.

             – Вилоятимизнинг лалми ерларини ўзлаштириб, ёнғоқзор, гилосзорларни кўпайтирсак, элдошларимиз ҳам қўшимча даромадли бўлади, ҳам лалми ерлардан самарали фойдаланилади, – дейди тадбиркор Ўктам Маҳмудов. – Сариосиёнинг тоғли ва тоғолди ҳамда воҳанинг бошқа туманларидаги шўрлик даражаси меъёрдан ортиқча майдонларни ўзлаштириб, ёнғоқ, писта, бодом ва субтропик дарахтлар – лимон, апельсин, мандарин боғларини кенгайтириш мумкин. Бу боғлар келгусида халқимизни дармондорига бой мевалар билан қишин-ёзин таъминлаш имконини беради. Қолаверса, серқуёш ўлкамизда етиштирилган сархил мевалар хорижга экспорт қилиниб, валюта тушумининг оширилишига ҳисса қўшилади.

           Серғайрат тадбиркор Ўктам Маҳмудов Сариосиё туманидаги тоғли ва тоғолди ҳудудларида бир қатор истиқболли лойиҳаларни амалга оширишни кўзлаяпти. Хусусан, 72 гектар ерда гилосзор, 1000 гектар ерда эса ёнғоқзор барпо этиш ҳаракатида. Айни пайтда унинг корхонасида 60 ишчи ишласа, катта мақсадлар амалга ошгач, яна қўшимча 140 иш ўрни яратилади.

             Давлатимиз раҳбарининг қанотбахш даъватидан руҳланиб, қисқагина муддатда мамлакатимиз нуфузи дунё миқёсида тобора ошиб бораётганлигига яна бир бор ишонч ҳосил қилаётган сармоядорлар сафи кенгаяётгани қувонарли, албатта. Фаол тадбиркорлик деган замонавий тушунча юртдошларимиз орасида янада кенгроқ мазмун касб этаётгани, айниқса, ўз бизнес фаолиятини инновацион, яъни, бугунги замондошларимиз шиддат билан ривожланаётган замондан ортда қолишни энди  исташмайди. Негаки, энди талаб бошқа, бугунги давр эврилишлари биздан фақат ва фақат фаолликни кутаётир. Демак, қулай инвестиция муҳити барқарор бўлган ўлкамизда тараққиёт, ривожланиш янгича босқичларга кўтарилиши табиий.

Беҳзод ИСРОИЛОВ, Баҳром МИРЗАҚОБИЛОВ,

Асхор ИСТАМОВ, “ХХI аср” мухбирлари,

Сарвар ТЎРАЕВ, журналист