Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Ўзбекистон туманидаги коллежда Польша давлатининг гранти асосида кичик цех қурилган

Ўзбекистон туманидаги коллежда Польша давлатининг гранти асосида  кичик цех қурилган

           Фарғона вилояти Ўзбекистон туманида жойлашган қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар коллежида 542 нафар ўқувчи тикув ва тикув трикотаж буюмларини ишлаб чиқариш техник-технологи, бухгалтер, агрономия, қишлоқ хўжалиги машиналарини механизациялаштириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, ихтиолог, ветеринария йўналишларида таҳсил олмоқда.

           Коллежимизда яхши тажриба йўлга қўйилган. 32 нафар фан, 12 нафар касбий таълим ўқитувчиси ўзи яшайдиган ҳудуддаги ўқувчиларни назорат қилиб боради. Агар бирор ўғил-қиз дарсга келмай қолса, педагог уйига қайтаётган вақтда ундан хабар олиб, сабабини аниқлайди. Шу боис охирги беш йилдан буён коллежимизда давомат 98 фоиздан тушмай келмоқда.

          Менинг ўзим 32 йиллик меҳнат стажига эга касбий таълим ўқитувчисиман. Тикув ва тикув трикотаж буюмларини ишлаб чикариш техник-технологи йўналишида қизларга ҳунар сир-асрорларини ўргатиб келмоқдаман. 3 та тикувчилик устахонаси мавжуд бўлиб, қизларимиз замонавий русумдаги “Brauzer”, “Anisef” тикув машиналарида бемалол ишлайди. Ўқувчиларимиз ўз қўли билан тиккан кийим-кечак ва қўғирчоқларни тумандаги МТМлар тарбияланувчиларига совға қилишади.

           Коллежимизда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш бўйича Польша давлатининг гранти асосида кичик цех қурилган. Цехдаги битта қозон бир вақтда 100 кг маҳсулотни қайта ишлаш имкониятига эга. Помидор, ўрик, қовун каби мева-сабзавотлар коллежимизнинг ёрдамчи хўжалигида етиштирилади ва шу ернинг ўзида қайта ишланиб, туманимиз аҳолиси дастурхонига етказилади. Яна бир муҳим жиҳат, ўғил болаларимиз касб-ҳунар эгаллаш билан бирга В,С тоифа бўйича ҳайдовчилик гувоҳномасини ҳам оладилар.

           Битирувчиларни иш билан таъминланиши борасида деярли муаммога дуч келаётганмиз йўқ. Уларнинг аксарияти ўз тадбиркорлик фаолиятини бошлаб, ижобий натижаларга эришаётгани коллежимизнинг ютуғи бўлмоқда. Битирувчиларимиздан Нурмуҳаммад Ҳайдаралиев 14 миллион сўм имтиёзли кредит ҳисобига чорвачиликни йўлга қўйди, Бозорова Матлуба ўз тикувчилик цехини очди, Баҳорой Абдуллаева уйида кичик корхона ташкил этиб, тенгдошларини ҳам иш билан таъминлади. Алимардон Ҳусанов, Шаҳзод Машрабжонов автомобилларга техник хизмат кўрсатиш шохобчаси фаолиятини юритмоқда.

         Коллежимизга бириктирилган Халқ банки туман бўлими ходимлари томонидан битирувчиларимизга ўз тадбиркорлигини бошлаш учун нималарга эътибор қаратиш кераклиги, бизнес лойиҳалар қандай тузилиши, битирувчилар учун қандай имтиёзли кредитлар ажратилиши тўғрисида маълумот берувчи ўқув-семинарлар ташкил этилмоқда. Шунингдек, бундай тадбирларни уюштиришда O‘zLiDeP Ўзбекистон тумани Кенгаши ходимларининг фаоллигини алоҳида таъкид­лашни истардим.

Нодира ҚОРАБОЕВА,

Ўзбекистон туманидаги

қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар

коллежи ўқитувчиси