Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Ўзбекистон-Туркия: манфаатли ҳамкорликнинг янги босқичи

Ўзбекистон-Туркия: манфаатли ҳамкорликнинг янги босқичи
Бахтиёр ЯКУБОВ,
O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши
Ижроия қўмитаси раиси
     вазифасини бажарувчи
             
              Кейинги йилларда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ҳар томонлама вазмин, очиқ, одилона ташқи сиёсати натижасида Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятидаги тутган ўрни ва роли тобора юксалиб бормоқда. Бу амалда муҳим дастурий ҳужжат – Ҳаракатлар стратегияси асосида халқаро майдонда жадал ва барқарор ривож­ланаётган, иқтисодий бақувват, ўзаро тенг ва манфаатли ҳамкорликка тайёр бўлган юртимизнинг мутлақо янги қиёфасини шакллантириш борасида муҳим ислоҳотларга қўл урилаётганидан далолатдир.

               Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдўғоннинг қисқа муддат ичида Ватанимизга иккинчи маротаба ташриф буюриши, мамлакатимизнинг бу борадаги тутган йўлини, яъни барча давлатлар билан уларнинг сиёсий тизими ва мафкуравий қарашларидан қатъи назар, ўзаро тенглик асосида, манфаатли, дўстона алоқаларни амалга оширишга тайёрлигини яна бир бор намоён этди, десак тўғри бўлади.

              Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистоннинг халқаро ҳамжамият олдида бундай очиқ, конструктив сиёсат юритаётгани нафақат мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳаётида туб бурилиш ясамоқда, балки бутун Марказий Осиёда инвестицион муҳитнинг яхшиланишида, қўшни давлатлар ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларининг кучайишида муҳим ўрин тутмоқда.

               Режеп Таййип Эрдўғон бошчилигидаги расмий делегация билан олий даражадаги музокаралар давомида давлатимиз раҳбарининг Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янги форматда давом эттириш йўлида кўрсатаётган амалий ташаббуслари алоҳида эътироф этилди.

        Эътиборлиси, ташқи сиёсат бобида мамлакатимизда мутлақо янгича, очиқ-ошкора, демократик қарашларнинг вужудга келгани Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги янги имижи шакл­ланишига олиб келмоқда. Халқаро тажрибадан яхши маълумки, муваффақиятли имижни яратиш мамлакатнинг туризм, экспорт, ички ва ташқи сиёсатини фаоллаштириш, инвестицияларни жалб қилиш ҳамда экспорт ҳажмини оширишда ниҳоятда муҳим аҳамиятга эга.

    Миллий имижнинг ижобийлашишидан эса биринчи навбатда тадбиркорлар манфаатдор. Чунки айнан ишбилармонлар хориж инвестициясини жалб қилиш ва мамлакатимиз маҳсулот ҳамда хизматларининг дунё бозорларига чиқишини ҳаммадан ҳам кўпроқ исташади.

     Президентимиз Шавкат Мирзиёев томо­нидан Ўзбекистон ва Туркиянинг етакчи банклари, компания ва фирмалари раҳбарларининг қўшма бизнес-форумида мазкур масалага алоҳида урғу берилиб, ўзаро алоқаларнинг янги босқичга чиқиши ва унинг янада мустаҳкамланишида асосий куч – тадбиркорлар эканлиги қайта-қайта таъкидланди. Нафақат маҳаллий, балки туркиялик тадбиркорлар йўлига сунъий тўсиқ бўлиш давлат сиёсатига хиёнат деб қабул этилиши эълон қилинди. Давлатимиз раҳбарининг ушбу сўзлари замирида жуда катта маъно мужассам. Энг аввало, тадбиркорлик ҳар қандай жамиятнинг тараққиётини таъминловчи локомотивдир. Бугунги ривожланган ахборот асрида эса унинг йўлига сунъий тўсиқ қўйиш очиқчасига тараққиётдан орқада қолиш демакдир.

      Яқин йилларда Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмини 5 миллиард долларга етказиш бўйича келишувга эришилгани бу икки мамлакат ишбилармонларига жуда катта ишонч билдирилаётганидан дарак беради. Шу маънода O‘zLiDeP электорати вакиллари ҳам бизнес-форумда Президентимиз томонидан билдирилган ниҳоятда ўринли ва асосли таклифларни ўзлари учун эзгу даъват сифатида қабул қилади ва мазкур жараёнларда фаоллик кўрсатиб, амалий жиҳатдан ҳисса қўшишга интилади.

        Туркия билан олиб борилаётган ҳамкорликнинг янгича босқичга чиқаётгани ҳар икки томон учун ҳам бирдек манфаатли эканлиги аниқ. Биламиз, Туркия ҳар томонлама ривожланган мамлакат бўлиб, ўзининг иқтисодий тараққиётига кўра дунёда кучли 20 талик гуруҳига кирувчи давлатлардан бири ҳисобланади. Бу ўлкада кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик гуллаб-яшнаяпти. Айниқса, тўқимачилик, кўнчилик, озиқ-овқат, кимё, фармацевтика соҳалари, энергетика, металлургия, кемасозлик, автомобилсозлик ва электр маиший товарлар ишлаб чиқариш кенг тараққий этган. Айниқса, туризм динамик тарзда юксалаётган тармоқ саналади.

           Мамлакатимиз бугунги кунда Туркиянинг Марказий Осиёда энг асосий шерикларидан бири ҳисобланади. Ўзбекистоннинг улкан бозори, тобора либераллашиб бораётган иқтисодиёти, қулай инвестициявий муҳити, тарихий шаҳарлари, муқаддас диний қадамжолари Туркияда катта қизиқиш уйғотаётгани икки давлат раҳбарлари ўртасида бўлиб ўтган музокараларда яққол сезилди. Демак, ҳамкорликни мустаҳкамлашдан ҳар икки томон ҳам бирдек манфаатдор бўлиб, бу жиҳат ўзаро муносабатларнинг истиқболи порлоқ эканлигидан далолат беради.