Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Ўзбекистонда 100 йилдан кейин тупроқ бутунлай яроқсиз ҳолга келиши мумкин

Ўзбекистонда 100 йилдан кейин тупроқ бутунлай яроқсиз ҳолга келиши мумкин

Тупроқ унумдорлиги нега пасаймоқда? Туркиялик мутахассислар иштирокида бу жиддий саволга жавоб изланяпти.

Кейинги икки-уч йил мобайнида мамлакатимизда инвестиция сиёсатини такомиллаштириш ва хорижий сармояларни жалб қилишга қаратилаётган эътибор ҳамда саъй-ҳаракатлар яхши натижалар бер­япти. Масалан, жорий йилнинг дастлабки беш ойи давомида республикамиздаги қўшма ва хорижий корхоналар сони  776 тага кўпайди. Бу аввалги йилнинг мос даврига нисбатан 496 тага кўп демакдир.

Айниқса, бу борада O‘zLiDeP ва Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг юртимизга кириб келаётган инвестициялар оқими кучайишида муайян ҳиссаси борлиги қувонарли. Эътиборли жиҳати, икки ташкилот ташаббуси билан ўтган ҳафта Нурафшон шаҳар ҳокимлигида туркия­лик ишбилармонлар билан учрашув бўлиб ўтди. Туркиянинг Едитепе университети генетика ва биоинженерия кафедраси мудири, профессор Метин Туран, органик ўғитлар тайёрлаш билан шуғулланувчи тадбиркор Себаҳитдин Коркмаз Тошкент вилоятининг турли туманларида фаолият юритувчи 50 дан зиёд фермерга табиий ўғитларнинг афзалликлари хусусида сўзлаб бердилар, саволларга батафсил жавоб қайтардилар.

Туркиялик мутахассислар қайд этганидек, Ўзбекистоннинг кўп ҳудудларида ер унумдорлигининг узлуксиз пасайиши кузатиляпти. Ўз вақтида зарур чора-тадбирлар амалга оширилмаса, тахминан яна 100 йилдан кейин тупроқ бутунлай яроқсиз ҳолга келиши мумкин. Ана шу салбий жараённи тўхтатиш учун ерни ўғитлар билан тўйинтириш керак. Лекин бу борада фақатгина кимёвий ўғитларга таяниш – хато. Чунки синтетик ўғитларнинг 15 фоизигина ўсимликлар томонидан ўзлаштирилади, қолгани эса тупроқда қолиб, уни баттар чарчатади. Тўғри, кимёвий ўғитлар қўлланилганда дастлаб ҳосилдорлик ортади. Кейин эса унумдорлик кескин пасаяди. Қолаверса, мева-сабзавотлар таркибида пестицидлар миқдори кўпаядики, бу уларни экспорт қилишда муаммоларни келтириб чиқаради. Бинобарин, муаммони ҳал этишнинг энг мақбул йўли органик ўғитлардан кенг фойдаланишдир. Ана шундагина, деҳқонлар таъбирича “ориқ”, “нимжон” бўлган ерлар асл ҳолатига қайтади. Табиий ўғитлар билан ишлов бериш орқали ерни уч йил ичида унумдор заминга айлантириш мумкин. Шунисиям борки, органик ўғитлар сунъийларига нисбатан 40-50 фоиз арзон.

Туркиялик тадбиркорлар шу йили микробиологик ва ферментли ўғитлар, биогумус ишлаб чиқарувчи корхона фаолиятини йўлга қўйишни мақсад қилишган. Хорижлик мутахассислар ҳамкорлик қилиш истагидаги фермерларга бепул маслаҳатлар бераётир.  

Ўз мухбиримиз