Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Ўзбекистонда 6 миллион ишсиз борми?

Ўзбекистонда 6 миллион ишсиз борми?

Ўзбекистон фуқароларининг 13 миллиондан ортиғи меҳнатга лаёқатли ҳисобланади. Лекин, Ўзбекистон Давлат солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Беҳзод Мусаевнинг солиқ концепцияси муҳокамасига бағишланган анжуманда маълум қилишича, уларнинг фақат бир қисмигина даромад солиғи тўламоқда, деб ёзмоқда kun.uz.

Беҳзод Мусаевнинг маълумот беришича, Ўзбекистон аҳолисидан 5,7 миллиондан ортиқроғи расман иш жойига эга – улар даромад солиғи тўлайди. Бундан чиқди, халқимиздан нақ 6 миллион 300 минг нафари ишсиз бўлиб чиқмоқда. Шунақами?!

Солиқ қўмитаси раиси ўринбосари ушбу саволли ҳолатга изоҳ берган. Унинг айтишича, солиқчилар баъзи савдо объектларида текширувлар ўтказишган ва бу объектларнинг баъзи ходимлари норасмий равишда ишлаб келаётганини аниқлашган. Беҳзод Мусаев бунда тадбиркорларни айблашдан йироқлиги, улар ходимга 1 миллион сўм маош тўлаш учун шунинг тенг ярмича, яъни 500 минг сўм миқдорида солиқ тўлашга мажбур бўлаётганини қайд этган. Демак, солиқ сиёсати мақбуллаштириш йўли билан ҳам тадбиркорликни ривожлаштиришга йўл очиш, ҳам бюджетга тушумларни кўпайтириш мумкин. Энг муҳими, тадбиркорлар ҳам, уларнинг қўл остидаги ишчилар ҳам солиқчидан қочиб-писиб эмас, одамдай – қонунан ишлай бошлайди.

Президентнинг 2018 йил 13 февралдаги «Солиқ қонунчилигини тубдан такомиллаштириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармойишига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги солиқ юкини камайтириш, ҚҚС ставкаларини пасайтириш, қатор солиқлар ва мажбурий тўловларни бекор қилишни, шунингдек, солиқ маъмурчилигини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирларни кўзда тутувчи 2018-2020 йилларга мўлжалланган Солиқ тизимини тубдан ислоҳ қилиш концепцияси лойиҳасини тайёрлади.

Лойиҳа Ўзбекистон Республикаси норматив ҳуқуқий ҳужжатлар муҳокамаси порталида эълон қилинган.