Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Ўзбекистонда 60 минг АҚШ долларидан кам бўлмаган иш ҳақи белгиланди. Уни кимлар олиши мумкин?

Ўзбекистонда 60 минг АҚШ долларидан кам бўлмаган иш ҳақи белгиланди. Уни кимлар олиши мумкин? Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида хорижий давлатларнинг малакали мутахассислари томонидан меҳнат фаолиятини амалга ошириши учун қулай шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Қарор билан малакали чет эллик мутахассислар меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун қулай шароитлар яратиш, юртимизнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш ва уни мутлақо янги поғонага кўтариш, рақобатдош меҳнат ресурсларини жалб қилишни рағбатлантириш бўйича бир қатор янги қоидалар жорий этилмоқда. Бу ҳақда "Халқ сўзи online" манбасида ёзилди.

Хўш, улар нималардан иборат? 

Жумладан, юртимизда юқори малакали мутахассислар, деб халқаро рейтингда биринчи 1000 таликка кирадиган олий таълим муассасаларини битирган, мутахассислиги бўйича 5 йилдан кам бўлмаган иш тажрибасига эга чет эл фуқаролари тан олинадиган бўлди. Уларга Ўзбекистон Республикасида йилига 60 минг АҚШ долларидан кам бўлмаган суммада иш ҳақи белгиланади. 

Малакали мутахассислар
, деганда эса олий маълумотли, мутахассислиги бўйича камида 5 йиллик иш тажрибасига эга чет эл фуқаролари тушунилади. Уларнинг йиллик ойлик маоши миқдори камида 30 минг АҚШ долларини ташкил этиши мумкин. 

Агар ушбуларни Ўзбекистоннинг хорижлик мутахассисларга талаби, деб қабул қиладиган бўлсак, табиийки, иш бажарувчининг ҳам ўзига яраша шартлари бўлади. Қарорда айни шу шартларга жавоб бўладиган имтиёзлар ҳам ўз ифодасини топган. 

“Масалан, улар кўп марталик меҳнат визасини олиш ҳуқуқига эга бўлади. Қолаверса, виза муддати тугаган тақдирда Ўзбекистон ҳудудидан чиқмасдан туриб, виза учун қайта мурожаат қилишлари мумкин. Яна бир қулайлик шуки, уларнинг оила аъзоларига ҳам яшашлари учун тегишли виза ҳужжатлари расмийлаштирилади. Мабодо юқори малакали хорижий мутахассис объектив сабабларга кўра, жалб қилинган корхонада ишлай олмаса, унга 30 кун ичида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бошқа корхона топиб, ўша ерда ишлашига имкон берилади” — дейди Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг биринчи ўринбосари Эркин Муҳитдинов. 

Шунингдек, ҳужжатда хорижлик малакали мутахассисларнинг Ўзбекистонда меҳнат фаолиятини олиб бориши ва инвестицияларни жалб этиши учун яна кўплаб имтиёзлар белгиланган.