Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Ўзбекистонда дунёдаги энг тез ўсувчи дарахт етиштирилмоқда. У яна қандай хусусиятларга эга ?

Ўзбекистонда дунёдаги энг тез ўсувчи дарахт етиштирилмоқда. У яна қандай хусусиятларга эга ?

Павловния — дунёдаги энг тез ўсувчи  дарахт сифатида тан олинган. Император дарахти, Малика дарахти, Кири, Танг номлари билан машҳур бу дарахтнинг асл ватани Жанубий ва Жануби-шарқий Осиё ҳисобланади. Асосан Хитой ва Японияда кенг тарқалган бўлиб, Хитойда қарийб 2,5 миллион гектар майдонда ўстирилади.

Саноат маҳсулоти сифатида павловния Хитой, Япония, Тайвань, Корея, Шимолий Америка, Бразилия ва Австралияда кўпдан бери қўлланиб келинади. Японияда павловния дарахти ёғочга бўлган талабнинг 90 фоизини таъминлайди. Кунчиқар юртда ундан фанер ва мебель, қутилар, шунингдек, пойабзал ва асбоб-ускуналар ишлаб чиқаришда фойдаланилади. 

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Самарқанд вилоят ҳудудий бошқармасида  Самарқандда фаолият юритаётган “Гардерс Ширинов агро” оилавий корхонаси томонидан етиштирилаётган Павловния дарахти ва унинг хусусиятлари билан таништириш мақсадида семинар ташкил этилди. Тадбирда вилоятдаги ўрмон хўжаликлари раҳбарлари, тадбиркор ва фермерлар иштирок этди.

Тадбирда мазкур дарахтни уруғидан, томири ёки кўчатидан экиб парваришлаш сирлари экранга кўчган кадрлар ёрдамида  намойиш этилди. 

-Бундан олдин водий вилоятларида фаолият юритаётган тадбиркорлар учун Андижонда шундай семинар ташкил қилган эдик,-дейди С. Жабборова. –Жуда илқ кутиб олишди. Бугун Самарқандда ҳам жуда катта қизиқишга гувоҳ бўлар эканмиз, ташаббусимиз тўғри танланганига амин бўлаяпмиз. Бу тадбирлар давомида мазкур дарахт кўчатларидан олмоқчи бўлганларга ўзларига яқин ҳудудлардаги иссиқхоналардан етказиб беришга келишиб олаяпмиз. Шунингдек, кўчатни олгандан сўнг уни парваришлаш сирларидан ҳам хабардор бўлишаяпти.

-Мен бу дарахт ҳақида олдин эшитмаган эканман, – дейди мебел ишлаб чиқарувчи тадбиркорлардан бири Баҳодир Баҳронов. –Биз сосна, дуб каби оғир ёғочландан фойдаланиб келаяпмиз. Бу дарахт ёғочини кўриб унинг ёғоч эканлигиги аввалига ишонмадим. Лекин, ҳақиқатда дарахт эканлиги, ҳатто далада тўпроқни эррозиядан сақлашда қисқа фурсатда ёрдам беришини айтишди. Ўзимиз ҳам экиб, етиштиришни ўйлаяпмиз. Биз каби мебел ишлаб чиқарувчи тадбирколарга айни муддао экан. Енгил ёғочни қайта ишлаш меҳнат сарфини осонлаштиради-да, албатта.

Тадбиркорлик ҳаётимизни қамрагани сайин ҳамма илдамликни касб этиб бормоқда. Кўп йилардан бери мудроқ босган кўнгиллар ҳам уйғониб, кимдандир ўрнак олиб, бизнесда омадини синаяпти. Бу борада ҳам илмга яқин қишилар илғорликни қўлдан беришмаяпти, десак хато бўлмайди. Самарқандлик Сожида Жабборованинг ҳам асли касби стоматолог. Лекин, болаликдан табиатга ошнолигидан бўлса керак, нима бўлди-ю, бир икки йиллар илгари вилоятда инновация бўйича ташкил этилган тадбирда қатнаша туриб, жуда кўп илмий натижаларга гувоҳ бўлди. Шу палла у мўжазгина ёғоч тахтачанинг олдидан бепарво ўтиб кета олмади. Қўлига олди. Тахтачанинг вазни жуда ҳам енгиллиги ҳайратини оширди. Кўргазма иштирокчилардан сабабини сўраганда, улар Павлония дарахтадан ясалгани, афсуски бу дарахт бизда учрамаслигини, ушбу кичик ашё ҳам чет элдан келтирилганини таъкидлашди.

Шундан сўнг Сожиданинг кўнглига бир истак қаттиқ ўрнашиб қолди. Нима қилса, қандай бўлса ҳам павловния дарахтини топиб, ўзимизнинг юртимизда кўпайтиришни дилига тугиб олди. Ниҳоят интернетдан дараклаб, хитойлик ишбилармонлардан топди.  Ўтган икки йил унинг бу борадаги ишларининг энг қайноқ палласи бўлди. Павлониянинг уруғидан тортиб, кўчати-ю, томирларигача олиб келди. Бир сўз билан мақсадига эриша бошлади.

- Фаолиятимизни юритиш учун бизга вилоят ҳокимияти томонидан жуда катта амалий ёрдам берилди, - дейди “Гардерс Ширинов агро” оилавий корхонаси раҳбари Сожида Жабборова. – Дарғом ўрмон ишлаб чиқариш корхонаси ҳудудидан ажратилган саккиз гектар тажриба майдонда ушбу дарахт кўчатлари экилиб  парваришланмоқда.

Шу ўринда Павловния билан яқиндан танишиб олсак. Император дарахти, Малика дарахти, Кири, Танг номлари билан машҳур бу дарахтнинг асл ватани Жанубий ва Жануби-шарқий Осиёдир. Хитой ва Японияда кенг тарқалган бўлиб, Хитойда қарийб 2,5 миллион гектар майдонда ўстирилади. XIX асрда машҳур Хитой чинниларини уммон ортига етказиб бериш чоғида шикаст етмаслиги учун пўкак ўрнида павловния уруғларидан фойдаланилгани дарахтнинг АҚШда ҳам оммавийлашувига олиб келган. Дарахт ноёб хусусиятларга эга. Хусусан, ёғочи, хушбўй ва ранг-баранг гули ҳамда йирик барглари билан иқтисодиётнинг кўплаб тармоқларига келтираётган фойдаси боис нефть қудуғига ўхшатилади.

У саноат маҳсулоти сифатида Хитой, Япония, Тайвань, Корея, Шимолий Америка, Бразилия ва Австралияда кўпдан бери қўлланиб келинади. Японияда павловния дарахти ёғочга бўлган талабнинг 90 фоизини таъминлайди. Кунчиқар юртда ундан фанер ва мебель, қутилар, шунингдек, пойабзал ва асбоб-ускуналар ишлаб чиқаришда фойдаланилади.

 Аҳамиятлиси, павловния дунёда энг тез ўсувчи дарахт саналади. Йилига беш метрдан етти метргача ўсиши мумкин. Асаларичилик кундан-кун ривожланаёган ўлкамиз учун яна бир аҳамиятли жиҳати шундаки, экилгандан сўнг тўртинчи йилга бориб, атрофга ифор таратувчи чиройли гулларидан сифатли асал олиш мумкин. Биз тадбиркор сифатида Хитойдан  иклимимизга мос яна хам тезрок ўсиб тайёр булувчи “гибрид Шангтон” ва “Гибрид 9501” навларидан олиб келдик. Ҳозирда Фарғона, Бухоро, Самарқанд ва Тошкент вилоятларида ташкил этилган тажриба майдонларида павловния кўчатлари парваришланмоқда. Дунёда энг тез ўсадиган бу дарахт  саксон йилгача умр кўриши, шу йиллар давомида ҳар саккиз-ўн йилда тайёр дарахат кесиб олиниб, ўрнидан ўсиб чиққан ниҳол, яна шунча вақтда мустаҳкам дарахт бўлишини назарда тутсак, саксон йил давомида саккиз ёки тўққиз марта дарахатни кесиб, сифатли ёғоч маҳсулоти олиш имконияти мавжуд. Дарахт танасининг диаметри 1 метрга, бўйи 25 метрга етиши, ундан олинган ёғоч эса жуда енгиллиги билан эътиборга лойиқ. Чунки,  унинг ёғочи тез қуриб, ташиш учун қулай бўлган енгил маҳсулотга айланади. Қиёслаш учун – эман дарахти ёғочининг бир куб метри ўртача 850 килограмм, қарағайники 482 килограммни ташкил этса, павловнияда бу кўрсаткич кўпи билан 282 килограммга етиши мумкин. Мустаҳкамлиги ва узоқ йиллар фойдаланиш мумкинлиги туфайли павловния ёғочидан шифт, эшиклар, жавон, стол ва стуллар тайёрлашда кенг қўлланилади. Ёғочдаги табиий нақшлар турли қутилар, сурат ромлари, ёғоч дарпардалар, сандиқларга жозибадорлик ва жимжимадорлик бахш этади.

Ёғоч таркибида сув миқдори ва ёниш хавфининг камлиги уни автомобилсозлик, самолётсозлик ва кемасозлик сингари йирик саноат тармоқлари учун истиқболли хом ашёдир. Чунончи, бугун халқаро амалиётда автомашиналар салонида павловния ёғочидан фойдаланиш афзал кўрилмоқда.

Намликни қийин ўтказганлиги учун ундан ясалган маҳсулотлар бошқа ёғочларники сингари шишиб ёки уваланиб кетмайди. Қайишқоқлиги миллий ҳунармандлик намуналаридан бўлган бешиксозлик, турли ўйинчоқлар ишлаб чиқаришда қўл келса, ноёб акустикага эгалиги мусиқа асбобларини тайёрлашда катта имконият яратади.

Павловния дарахтидан қисқа фурсатда кўп миқдорда биоёқилғи олиш мумкинлиги уни муҳим муқобил энергия манбаларидан бирига айлантирмоқда. Маълумотларга кўра, павловния дарахти экилган бир гектар майдондан ҳар уч йилда минг тоннагача биомасса олиш мумкин. Ҳар бир кесилган дарахтдан бир нечта новда ўсиб чиқиши ундан кўп йиллар мобайнида энергия манбаи сифатида фойдаланиш имконини беради.

Шу билан бирга, электр станциялари, заводларда тобора кенг қўлланилаётган ёғоч чиқиндиларидан тайёрланадиган қаттиқ ёқилғи кўринишидаги пеллетлар ишлаб чиқаришда павловниянинг аҳамияти катта. Пеллетлар ёниш жараёнида ўзининг тежамкорлиги ва юқори иссиқлик самарадорлиги билан ажралиб туради. Павловния пеллетлари эса ёндирилганда ҳавога карбонат ангидрид ҳамда олтингугурт миқдори бирмунча кам чиқади. Ҳаводаги намликни ўзига тортиб олмайдиган бундай қаттиқ ёқилғининг юқори иссиқлик ўтказувчанлиги вақт ўтиши билан ҳам камайиб кетмайди.

Мутахассисларнинг таъкилдашича, мазкур дарахт наинки ўтин ёки ёғоч сифатида, балки, ернинг унумдорлигини яхшилашда ҳам муҳим аҳамиятга эга. Чуқур илдиз отадиган павловния ердаги нитрат, оғир металл ва бошқа элементларни ютиб, ернинг таркиби яхшиланишига хизмат қилади. Бугунги кунда ривожланган мамлакатларда унумсиз ерларда павловния плантациялари барпо этилаётгани бунинг ёрқин далилидир. Яна бир маълумот, Павловниянинг йирик барглари жониворларни озуқа билан таъминлашда қўл келади. Унинг таркибидаги азот, темир, рух, марганец сингари 8та аминокислота ва микроэлемент уй ҳайвонларининг ўсишини таъминлайди.

Сожида билан суҳбатимиз чоғида уяли телефони бир неча бор жиринглаб, кўчат олиш истагида бўлганлар манзилини сўрашди.

Унинг айтишича, айни пайт Павловния кўчатларини экадиган палла. Бунинг учун уни экиб, парваришлаш истагида бўлган деҳқон, фермер ва аҳоли учун кўчатлар шай қилиб қўйилибди. Кўчатлар берилди, тамом, ўсиб кетади, эмас, балки, уч йил давомида зарур маслаҳатлар ҳам бериб бориш режада бор.  

 

Муҳаббат РАВШАНОВА,

“XXI asr”   мухбири