Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Ўзбекистонда илк бор ҳарбий театр 8 мартдан кейин очилиши режалаштирилмоқда

Ўзбекистонда илк бор ҳарбий театр 8 мартдан кейин очилиши режалаштирилмоқда

          Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги Маънавият ва маърифат маркази ҳузурида илк бор ҳарбий театр-студияси — “Турон” ташкил этилди.  Бу тўғрисида Мудофаа вазирлиги Матбуот хизматининг маълумотига асосланиб, “Халқ сўзи” ёзди.

         Мудофаа вазирлиги қошида ташкил этилган мазкур театр студияси нафақат ҳарбийлар ва уларнинг оиласига, балки барча фуқаролар учун бирдек хизмат кўрсатади. 100-120 кишига маданий ҳордиқ улашувчи “Турон” театри таркибидан Ўзбекистонда хизмат кўрсатган актёрлар Саида Раметова ва Карим Мирходиев, таниқли кино ва театр актёри, режиссёр Сайфиддин Мелиев, Феруза Собитова, Элмира Раҳимжонова каби ўзбек халқининг севимли ижодкорлари жой олган.

         “Турон” театри ўзининг илк премьерасини 8 мартдан кейин “Жалолиддин Мангуберди” спектакли орқали очишни режалаштирмоқда. Бундан ташқари, айнан шу спектакль билан театр актёрлари Ўзбекистон бўйлаб гастроль сафарларини уюштиради. Шу билан бирга, театр репертуаридан “Бибихоним”, “Тўмарис”, “Бир кунлик бахт” сингари спектакллар ҳам ўрин олган.

         Маълумот ўрнида айтиб ўтамиз, Ўзбекистондаги илк театр труппаси 1913 йилда Абдулла Авлоний бадиий раҳбарлиги остида Тошкентда очилган бўлиб, унинг номи ҳам “Турон” бўлган.