Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Ўзбекистонда интернет фойдаланувчилари сони 20 000 000 га етди

Ўзбекистонда интернет фойдаланувчилари сони 20 000 000 га етди

         Бугун “ЭОАВМА” медиҳоллида Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси томонидан ўтказилган "Оммавий ахборот воситалари халқнинг энг яқин кўмакчиси ва демократия кўзгуси" деб номланган конференция бўлиб ўтди. Унда “Ziyo.uz”нинг муҳаррири Давронбек Тожиалиев "Ўзбекистонда интернет журналистикасининг бугунги ҳолати" мавзусида  маъруза қилиб, қуйидаги маълумотларни тақдим этди.

        Рақамларга мурожаат этадиган бўлсак, 2002 йил январь ойида Ўзбекистон бўйича интернет фойдаланувчилари 136 880 кишини ташкил қилган бўлса, бу кўрсатгич 2018 йилда 20 000 000 га етди. Албатта, бу яхши натижа. Агар ўтган йилгига нисбатан оладиган бўлсак, 1 йилда 5,3 млн.га ошганини кўришимиз мумкин. Яъни 2017 йилда Ўзбекистонда интернет фойдаланувчилари сони 14 700 000 эди.

       Айтиш мумкинки, жорий йилга келиб интернет тармоғидан фойдаланувчилар умумий аҳолининг 63%ига тўғри келади. Улардан 22 800 000таси эса мобил телефон орқали интернетдан бевосита фойдаланади.

       Юқорида келтирилган рақамларнинг йилдан йилга ўсиб боришида, ҳеч шубҳасиз, онлайн ахборот каналларининг ҳам ўрни жуда катта. Масалан, Ўзбекистондаги энг катта ахборот каналлари булар: “Daryo.uz” ҳамда “Kun.uz”. Уларни ижтимоий тармоқда кузатиб борувчи кишилар  1 000 000дан ошади. Бир кунда ушбу сайтларда 90-110 тагача материал  жойлаштирилади. Охирги маълумотларга қараганда “xabar.uz” қисқа вақт оралиғида Ўзбекистондаги онлайн ахборот каналлари ўнталигидан 6- ўринга кўтарилди.

      Бундан ташқари, интернет сайтлари билан бир қаторда газеталарнинг онлайн шаклдаги фаолияти ҳам яхши  йўлга қўйилган. Бугунги кунда “Даракчи” газетасининг сайтида кузатиб борувчилар 26 149 кишини  ташкил қилса, “Ҳордиқ” газетасининг сайти эса 22 101 ўқувчисига эга.