Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Ўзбекистонда Корея инвестицияси иштирокидаги 500 дан ортиқ корхона фаолият юритмоқда

Ўзбекистонда Корея инвестицияси иштирокидаги 500 дан ортиқ корхона фаолият юритмоқда

       Пойтахтимиздаги Халқаро ҳамкорлик марказида 13 февраль куни иқтисодий ҳамкорлик масалалари бўйича Ўзбекистон – Жанубий Корея биринчи қўшма мажлиси бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА ёзди.  

         Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов, Корея Республикаси Бош вазири ўринбосари, стратегия ва молия вазири Ким Донг Ён ва бошқалар мамлакатларимиз ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик изчил мустаҳкамланиб бораётганини алоҳида таъкидлади. 

         Корея Республикаси Ўзбекистоннинг асосий хорижий ҳамкорларидан бири, мамлакатимизда амалга оширилаётган иқтисодиётни модернизация қилиш ва таркибий ўзгартириш, рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш, экспортни оширишга йўналтирилган кенг кўламли дастурларнинг сармоядори ва иштирокчиси ҳисобланади. Бугунги кунда Ўзбекистонда Жанубий Кореянинг 70 дан ортиқ компанияси ваколатхоналари бор. Иқтисодиётнинг деярли барча тармоқларида Корея инвестицияси иштирокидаги 500 дан ортиқ корхона фаолият юритмоқда, уларнинг маҳсулот ҳажми 5 миллиард АҚШ долларидан ошган. 

          Ўзбекистонда Жанубий кореялик ҳамкорлар билан автомобилсозлик, электр энергетикаси, нефть-газ, электротехника, тўқимачилик саноати, ахборот технологиялари, телекоммуникация ва бошқа соҳалар бўйича кенг кўламли инвестиция лойиҳалари амалга оширилди. Яқинда Ўзбекистон Президентининг фармони билан Корея Республикаси фуқаролари учун виза бекор қилинди. Бу мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. 
        Маълумот учун, ўтган йили мамлакатларимиз ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 1 миллиард 360 миллион АҚШ долларини ташкил этди. Бу 2016 йилга нисбатан 27 фоиз кўпдир.