Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Ўзбекистонда нега тижоратчилар ишлаб чиқарувчиларга нисбатан кўп?

Ўзбекистонда нега тижоратчилар ишлаб чиқарувчиларга нисбатан  кўп?

Ҳатто мутахассис бўлмаганларга ҳам аён: мамлакатимизда маҳсулот ишлаб чиқариш билан шуғулланаётган тадбиркорларга қараганда савдо-сотиқ ва хизмат кўрсатиш билан банд ишбилармонлар анча кўп. Бунинг боиси нимада? Ана шу масалада фикр билдиришни сўраб “PGS” хусусий корхонаси директори Мадамин Назировга мурожаат қилдик.

– Ушбу ойда электр иситгичлар, электр ўчоқлар ва бошқа шу сингари маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхонамиз фаолият бошлаганига 25 йил тўлди, – дейди тадбиркор. – Рўйи-рост эътироф этиш жоиз: юртимиздаги ишлаб чиқариш корхоналари орасида чорак аср узлуксиз иш юритганлари жуда кам. Тошкент шаҳрида жойлашган корхонамиз эса нафақат ишлаб турибди, балки ресурсларни тежашга имкон берувчи инновацион технологияларни жорий қилиш орқали маҳсулотлар турини мунтазам кўпайтиряпти, сифатини яхшилаяпти. Эътиборлиси, фаолиятимиз самарадорлиги ортишидан ҳамкорларимиз бўлган тадбиркорлар ҳам фойда кўряпти, айримлар эса ҳатто ўз бизнесини бошлаяпти.

Ишлаб чиқаришнинг ўзига хос хусусиятлари, механизмларини теранроқ англаш учун бундай корхона қандай унсурлардан иборатлиги хусусида муайян тасаввурга эга бўлиш лозим. Аввало шуни айтиш керакки, корхонамиз жамоаси муҳандис-технологлар, конс­трукторлар, бухгалтерлар, таъминотчилар, маҳсулот реализацияси учун масъул ходимлар, офис-менежерлар, омбор мудирлари ҳамда монтажчилар, чилангарлар, пайвандловчилар, фрезерчилардан ташкил топган. Албатта, ишчи-хизматчиларнинг барчаси катта тажрибага, юқори малакага эга бўлиши керак. Чунки цехларимиздаги иш жараёни тайёр бутловчи қисмларни йиғишдангина иборат эмас. Муҳими, ҳар бир мутахассиснинг маҳоратига ва бажарган ишига яраша ҳақ тўлаш зарур.

Кичик новвойхоналар, электр ўчоқлар, калориферлар ва бошқа шу сингари қурилмалар ишлаб чиқариш учун хилма-хил дастгоҳлар  зарур. Уларнинг барчаси замонавий, бугунги кун талабларига мос бўлиши шарт. Бундай технологияларнинг нархи ҳамда уларни олиб келиш, ўрнатиш ва созлашга кетадиган харажатларга тўхталиб ўтирмайман.

Кейинги масала. Ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун жой керак. Корхонамиз, мисол учун, 25 йилдан буён ижарага олинган бинода фаолият юрит­япти. Ер участкаси ажратилиши ёки қаровсиз, бўш турган объектни сотиб олишимизга рухсат берилишини илтимос қилиб ўнлаб ташкилотларга, мутасаддиларга мурожаат қилдик. Афсуски, саъй-ҳаракатларимиз бесамар кетди. Лекин ҳозирча бизни ижарада ишлаш қаноатлантиради, буни жиддий муаммо сифатида қабул қилмаса ҳам бўлади.

Мини-новвойхона ишлаб чиқариш учун махсус пўлат лист, пайвандловчи симлар, рабица тўри ва ҳоказолар талаб қилинади. Биргина бошқарув блокига 360 дона электроника керак. Хуллас, битта мини-новвойхона тайёрлаш учун 500 дан ортиқ технологик операция амалга оширилади. Энди масаланинг бошқа жиҳатига диққат қаратайлик. Махсус пўлат листлар Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайди, электроника ҳам, кукун-полимер бўёқ ҳам хориждан келтирилади. Ана шуларнинг ҳаммасини излаб топиш ва имкон бўлса, камида бир йилга етадиган миқдорда ғамлаб қўйиш керак. Негаки, нарх-наво ой сайин ошяпти. Дарвоқе, металл нархи билан боғлиқ ғалати ҳолатларга ҳам дуч келганмиз. 2016 ва 2017 йилларда Қозоғистон, Россия ва Украинада мазкур хомашё 20 фоизгача арзонлашган, юртимизда эса аксинча, 20 фоизгача қимматлашганди.

Яна бир муҳим масала. Бозор муносабатлари шароитида муваффақиятли фаолият юритиш учун маҳсулотни ортиғи билан ишлаб чиқариш керак. Зеро, мижоз кутишни ёқтирмайди. Мисол учун, бирор одам иситгич сотиб олмоқчи. Мабодо, ўша заҳоти топиб бермасангиз, харидор иситгични бошқа жойдан сотиб олади. Шу ўринда бир савол туғилади: товарни кўп ишлаб чиқариш зарурлиги ойдинлашди, бироқ “кўп” дегани қанча? Бу саволга аниқ, узил-кесил жавоб бериш қийин. Харидорнинг маҳсулот сифатига талаби тобора кучайяпти, айни пайтда талаб-истаклар индивидуаллик касб этяпти. Бозорлар эса таркибий жиҳатдан ранг-баранг. Бутун диққат-эътиборни истеъмолчига қаратиш керак. Истеъмолчи хоҳиш-иродасини тўла-тўкис қаноатлантира олган корхонагина рақобатда ғолиб бўлади. Маркетинг хизмати фақатгина эҳтиёжни қондириш йўлларини топиш билан кифояланмасдан, талабни таклифга мувофиқлаштириш бўйича ҳам изчил иш олиб бориши тақозо этилади. Ана шу вазифани уддалаш, яъни эҳтиёжни олдиндан кўра билиш учун эса истеъмолчилар талабини мунтазам ўрганиб бориш даркор. Бу эса хийла мушкул юмуш. Чунончи, 2015 йили биз вилоятлар, туман ва шаҳар ҳокимликларига муайян маҳсулотга нисбатан талаб-эҳтиёж кўриб чиқилиши сўралган юздан зиёд хат жўнатгандик. Ҳар бир илтимосномада олдиндан пул ўтказиш мутлақо талаб қилинмаслиги ҳамда ҳокимликларга ҳеч қандай мажбурият юкланмаслиги таъкидланган эди. Зеро, биз жойлардаги аҳволдан озми-кўпми хабардор бўлишимиз, шунга асосан иш олиб боришимиз керак эди. Аммо, наинки вилоят, балки бирор тумандан ҳам ҳеч қандай жавоб бўлмади. Бинобарин, юртимиздаги аксарият ишлаб чиқарувчилар тахмин ва тусмол билан, таваккалига иш тутяпти. Уларнинг айримлари касодга учраётгани сабабларидан бири ҳам шу.

Маҳсулот ишлаб чиқарилди. Энди уни сотиш керак. Бунинг учун дўконлар, савдо нуқталари зарур. Шаҳарларда яхши савдо жойининг бир квадрат метри товар ишлаб чиқаришдан ҳам қиммат туради. Маҳсулотни ўтказишнинг бошқа йўли бор –  тўғридан-тўғри корхона омборидан реализация қилиш. Бироқ бунда рекламага зўр бериш керак. Хусусан, биз олган фойдамизнинг қарийб 40 фоизини рек­ламага сарфлаяпмиз. Бироқ шунда ҳам мурод ҳосил бўлмаяпти. Ҳозир газета ўқийдиганлар кам, кўпчилик телевизор кўради ёки интернетда “сайр” қилади. Оммабоп телеканаллардаги 1 дақиқалик рекламанинг нархи юқори малакали пайвандловчининг бир ойлик маошидан ҳам кўпроқ. Бошқа каналларда реклама нисбатан арзон, лекин самараси ҳам шунга яраша.

Экспорт масаласига ҳам тўхталиб ўтиш жоиз. Тадбиркорнинг ўзи, мус­тақил тарзда бу йўналишда сезиларли натижага эришиши қийин. Фараз қилайлик, у Екатеринбургга бориб, “керакли” одамлар билан учрашди. Аммо бу – ишбилармон шартнома тузишга муваффақ бўлди, дегани эмас. Ваҳоланки, тадбиркор ана шу сафарга 3-4 минг доллар харажат қилади. Мамлакатимизда 10 минг ишлаб чиқарувчи бор, деб тахмин қилсак ва уларнинг ҳар бири ўз маҳсулотига харидор излаб, чет элларга йўл олса, бунинг учун қанча маблағ сарфланишини тасаввур қилиш ҳам қийин. Шунисиям борки, рес­публикамизда ким, қанақа, қанча ва қандай нархда маҳсулот ишлаб чиқариши бўйича аниқ, ишончли маълумотлар йўқ. Шу маънода тадбиркорларга экспорт борасида мадад берувчи тузилмалар фаолиятини такомиллаштириш зарур. 

Яна бир гап. Дарҳақиқат, респуб­ликамизда тижоратчилар ишлаб чиқарувчиларга нисбатан бир неча баробар кўп. Улар савдо-сотиқ учун зарур майдонларга эга бўлсалар-да, негадир маҳаллий ишлаб чиқарувчилар маҳсулотларини олишни истамайдилар. Бунинг сабабларини баён қилиб ўтирмаймиз, фақат шуни  қайд этамизки, мазкур муаммо ҳал қилиниши учун зарур чоралар кўриш пайти келди.  Ҳолбуки, дўконлардаги товарларнинг лоақал 25 фоизини ўзимизда тайёрланган маҳсулотлар ташкил қилиши кераклиги қатъий белгилаб қўйилса, бундан ҳамма, биринчи навбатда давлат бюджети фойда кўрарди.

Мамлакатимизда тадбиркорлик субъектлари фаолиятига тааллуқли муаммоларни ўрганиш, уларнинг ҳал қилинишига кўмаклашиш билан шуғулланувчи жамоатчилик маслаҳат кенгашлари тузилган. Мазкур тузилмалар юртимизда ишлаб чиқарувчиларга нисбатан савдогарлар нега кўплигини ҳам чуқур ўрганиб чиқиши, бундай тафовутга барҳам берилишига ёрдамлашиши керак, назаримда. Зотан, ишлаб чиқарувчиларга осонми? Меҳнат жамоасини шакллантириш, дастгоҳлар, ускуналар, шунингдек, хомашё, материаллар харид қилиш, уларни ишга солиш учун жой ҳозирлаш, ҳужжатларни юритиш,  маҳсулот ишлаб чиқариш ва уни сотишни эплаш... Кечалари ухлолмай, ишчи-хизматчиларга иш ҳақини тўлаш билан боғлиқ масалаларни ўйлаб чиқиш, корхонадаги шарт-шароитни яхшилаш, техник, санитар ва ёнғин хавфсизлигини таъминлаш ва бошқа кўп, жуда кўп муаммолар устида узлуксиз бош қотириш... Ҳа, ишлаб чиқариш машаққатларига ҳар ким ҳам бардош беролмайди. Уларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлашга эътибор кучайтирилиши керак.

Бугун юртимизда ҳар жабҳада туб ислоҳотлар амалга ошириляпти. Ишлаб чиқариш билан машғул тадбиркорлар дуч келаётган қийинчиликлар, муаммолар ҳам аста-секин барҳам топишига ишонамиз. Президентимиз тадбиркорларга катта ишонч билдиряпти. Биз ана шу ишончни оқлашимиз, халқимизга, Юртбошимизга чинакам таянч, мададкор бўлишимиз лозим.

“XXI asr” мухбири  

Беҳзод ИСРОИЛОВ ёзиб олди.