Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Ўзбекистонда қимматли қоғозлар бозори ривожланади

Ўзбекистонда қимматли қоғозлар  бозори ривожланади

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Банк-молия академияси билан ҳамкорликда “Ўзбекистонда қимматли қоғозлар бозорини ривожлантириш: институционал, иқтисодий ва ташкилий жиҳатлари” мавзусида республика илмий-амалий конференциясини ташкил этди.

Фонд бозорининг профессионал иштирокчилари билан биргаликда ўтказилган анжуманда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракцияси аъзолари, партия фаоллари, Молия вазирлиги, Марказий банк, Савдо-саноат палатаси, Инновацион ривожланиш вазирлиги, тижорат банклари, Капитал бозорини ривож­лантириш агентлиги, олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари ва изланувчилари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳам иштирок этди.

Таъкидлаш керак, мазкур аҳамиятли конференцияда қимматли қоғозлар бозори тўғрисидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга,  қимматли қоғозлар чиқариш тартибларига, қимматли қоғозлар билан боғлиқ биржадан ташқаридаги битимлар ҳисоб регистри, қимматли қоғозлар бозорида манипуляциянинг олдини олиш қоидалари ва қимматли қоғозлар билан репо битимларни амалга ошириш низомига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар, бир сўз билан айтганда, қимматли қоғозлар бозоридаги фаолиятни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, корпоратив бошқарув­ни ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилишига оид вазифалар муҳокама этилиб, илмий асосланган таклиф ва тавсиялар билдирилди.

– Маълумки, Президентимизнинг 2017 йил 7 февралдаги “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги фармони билан тасдиқланган “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси”нинг “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” деб эълон қилинган 2019 йилда мамлакатимизда қимматли қоғозлар бозори фаолиятини мувофиқлаштириш, қимматли қоғозлар савдосини ташкил этиш ва қимматли қоғозлар марказий депозитарийсини тартибга солиш, шунингдек, корпоратив бошқарувни ривожлантириш бўйи­ча комплекс чора-тадбирлар амалга оширилиши белгиланган, – дей­ди Банк-молия академияси ректори в.в.б. Баҳриддин Бердияров.

Қайд этилишича, саноати тараққий этган мамлакатларда очиқ бозор операциялари пул-кредит сиёсатининг асосий воситаси ҳисобланади. Ҳозирги кунда ривожланаётган ҳамда ўтиш давридаги давлатларда ҳам ушбу операциялар муҳим аҳамият касб этмоқда. Очиқ бозор операцияларига эътибор ошишининг асосий сабаби, ушбу операциялар бажарилишининг теxник имкониятларидир. Амалиётларни Марказий банк энг самарали ва ривожланган бозорда – давлат қимматли қоғозлар бозорида оддий бозор қатнашчиси сифатида амалга оширади. Бунда Марказий банк ушбу бозорнинг барча афзалликларидан фойдаланади.

– Халқаро валюта жамғармасига (IMF) кўра, Ўзбекистонда ЯИМ ўсиш суръатлари 2019 йили 5,5% атрофида бўлиши прогноз қилинган ва 2020–2021 йилларда 6%га кўтарилиши мумкин, – дейди Молия вазирлиги бўлим бошлиғи Темур Малик Нарзиқулов. – МДҲ давлатлари орасида Ўзбекистон иқтисодиёти нисбатан яхши диверсификация қилинган. Давлат статистика қўмитасига кўра, ЯИМнинг тузилмасини асосан хизматлар – 35,6%, қишлоқ хўжалиги – 32,4%, саноат маҳсулотлари – 26,3% ва қурилиш ишлари – 5,7% ташкил этган. Бироқ 2018 йилнинг якуни бўйича дастлабки маълумотларга кўра, ташқи савдо (товар ва хизматлар) сальдоси – 9,3 миллиард АҚШ долларига тенг. Бу, ўз навбатида, олтин-валюта захираларининг емирилишига олиб келиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг “Монетар сиёсатнинг 2019 йил ва 2020–2021 йиллар даврига мўлжалланган асосий йўналиш­лари”да очиқ бозор операциялардан фойдаланиш белгиланган. Бунда Марказий банк тижорат банклари билан репо операциялари ўтказиш орқали ликвидлиликни тартибга солишини мақсад қилиб қўйган. Тадбирда тижорат банкларининг қимматли қоғозлар бозоридаги фаолиятини ривожлантириш йўлида бир талай таклифлар билдирилди. Хусусан, тижорат банкларидаги давлат улушини аҳоли, корхоналар, институционал инвесторлар ва хорижий инвесторларга сотиш, активларини диверсификация қилиш, даромадларини ошириш ва ликвидлигини таъминлаш мақсадида давлат қимматли қоғозларига қилган инвестициялари ҳажмини ошириши кабилар шулар жумласидандир.

Марказий банк очиқ бозор операцияларидан самарали фойдаланиши учун эса мамлакатимизда давлат қимматли қоғозлари бозори ривожланган бўлиши шарт. Конференция экспертларининг фикр билдиришича, ушбу соҳани ривожлантиришда давлат қимматли қоғозлар бозорининг ҳажми банк тизимидаги ликвидлилик ҳажмига мутаносиб бўлиши керак. Бунда Марказий банк очиқ бозор операциялари орқали банк тизимидаги ликвидлиликка сезиларли даражада таъсир кўрсата олиши лозим. Давлат қимматли қоғозларининг ҳажми биринчи навбатда эмитентнинг эҳтиёжларидан келиб чиқиб белгиланади. Агар Молия вазирлиги томонидан эмиссия қилинадиган давлат қимматли қоғозларининг ҳажми етарли даражада шаклланмаса, Марказий банк муомалага ўз облигацияларини чиқариши зарур бўлади. Хоссатан, давлат қимматли қоғозлар бозорининг қатнашчилари мақсади турлича бўлади. Эмитентнинг мақсади молия бозоридан вақтинчалик бўш пул маблағларини жалб қилиш бўлса, тижорат банкларининг мақсади ликвид активларга инвестиция киритиш, Марказий банкнинг мақсади эса пул-кредит сиёсатини юритиш ҳисобланади. Ушбу мақсадларни фақатгина ликвидлилиги юқори бўлган бозорда амалга ошириш мумкин.

Тадбир давомида Ўзбекистонда тижорат банкларининг қимматли қоғозлар бозоридаги фаолиятини ривожлантириш борасида ҳам таклифлар ўртага ташланди. Чунончи, тижорат банкларидаги давлат улуши аҳоли, корхоналар, институционал инвесторлар ва хорижий инвесторларга сотилиши мақсадга мувофиқ. Бунинг натижасида банк акциялари олди-сотдиси ривожланади, банк тизимида давлат улуши камаяди ва рақобат ошади. Тижорат банклари республикамизда хусусийлаштиришнинг IPO усулида актив иштирок этиши лозим. Яқинда “Кварц” компанияси акцияларининг IPO усулида сотилиши, унинг ижобий натижаси капитал бозоридаги аҳамиятли воқеа бўлди. Ҳозир рес­публикамизда бир қатор акциядорлик жамиятида IPOни ўтказиш режалаштирилган. Буларда банкларнинг иштирок этиши активлари таркибини ўзгартиради, даромадларини оширади ва риск даражасини пасайтиради. Тижорат банклари ўзларининг ресурс базасини мустаҳкамлаши учун депозит сертификатлари ва корпоратив облигациялар эмиссияси ҳажмини ҳам ошириши зарурдир.

Конференция мобайнида банк тизими ва капитал бозори инвестицион салоҳиятини ошириш, давлат қимматли қоғозларини муомалага чиқариш тартиби каби соҳага оид масалалар ҳақида ҳам сўз юритилди.

Ишчан руҳда ўтган анжуман якунида олимлар, мутахассислар билдирган фикр ва мулоҳазалар асосида илмий таклиф ҳамда амалий тавсиялар ишлаб чиқилиб, уларни амалиётда қўллаш учун Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракцияси ҳамда тегишли давлат идораларига юборилиши ҳақида келишиб олинди.

Сардор ТУРОБОВ,

Шуҳрат РАҲИМОВ (суратлар),

“XXI asr” мухбирлари