Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

ЎЗБЕКОВДАН ЎЗБЕКОНА ҒАЛАБА!

ЎЗБЕКОВДАН ЎЗБЕКОНА ҒАЛАБА!

Ўзбекистон терма жамоасининг ёш вакили Лазизхон Ўзбеков 2001 йил 7 январда Самарқанд вилоятида туғилган. Оилада тўрт нафар ўғилнинг учинчиси қаҳрамонимиз саналади. Ҳозирда Самарқанд Олимпия захиралари спорт коллежининг учинчи босқич ўқувчиси. 2018 йилда Загребда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатининг Юнон-рум кураши бўйича олтин медал соҳиби. Жорий йилнинг май ойида Тошкентда бўлиб ўтган Осиё чемпионатида юртимиз шаънини шарафли ҳимоя қилиб, ўсмирлар ўртасида 51 кг вазнда бронза медалини қўлга киритди.

-          Ҳар бир спортчи учун илк ютуғи ўзининг энг катта ютуғи саналади. Келинг,       суҳбатимиз аввалида сизнинг мана шу илк ютуғингиз ҳақида сўз юритсак.

-      Илк ютуғим сифатида 2016 йилда Ўзбекистон чемпионати учун ўтказилган мусобақа деб биламан. Унда Ўзбекистон чемпиони бўлганман. Илк бор ифтихор туйғусини барча спортчи ўз юртида ҳис қилса керак. Албатта бу мусобақадаги чемпионлик ҳам ўзига яраша қийинчиликлар эвазига келган. Юртимизда ёш, кучли, шижоатли спортчилар талайгина. Шуларнинг орасида чемпионлик мақомига эга бўлиш мен учун энг катта ютуқларимдан деб ўйлайман.

-          Спортчи бўламан деб болалигингиздан орзу қилганмисиз? Юнон-рум спорт турига қизиқишингиз сабаб кириб келдингизми ёки кимларнингдир хоҳиш-истаги, қистови орқалими?

-          Оилада фақат ўғил фарзандмиз. Болалигимдан акаларим билан кураш тушиб катта бўлганман. Балки шуннинг учун айнан шу спортни танлагандирман. Юнон-рум курашига қизиқаман. 9-10 ёшимдан буён шу спорт билан шуғулланиб келаман. Спортчининг ўзида хоҳиш, қизиқиш бўлмаса у ҳеч қачон бирор ютуққа эриша олмайди. Шунинг учун ҳам мен бошқаларнинг истаги билан бу спорт турини танламаганман, деб бемалол айта оламан.

-          Лазизхон, “юртимиз тарихида ҳали бунақаси бўлмаган, жаҳон чемпионатида учта олтин медал”, - деган шоу-шувли хабарлар сиз ғалабага эришган лаҳзадан бошлаб яшин тезлигида тарқала бошлади. Мана ҳали-ҳанузгача бу шарафли ютуқ тўғрисида фахр-ифтихор билан сўзлаяпмиз. Сиз ўша тобда нималарни ҳис қилдингиз, энг биринчи навбатда кимнинг севинчини ҳаёлингиздан ўтказдингиз?

-          Ҳар сафар майдонга чиқаётганимда чемпионатда юртимиз шаънини муносиб ҳимоя қиламан деб, ўзимга сўз берар эдим. Устозларим ҳам “Сен кучлисан, енгасан ҳаммасини”,- дея менга шижоат беришган. Энг аввал ҳис қилганим бу ватан туйғуси. Мен эришган ютуқ Ўзбекистонимиз учун қанчалар аҳамиятли эканлиги қувонтирган. Албатта, бу борада мени қўллаб-қувватлаган устозларим, ота-онам, акаларимнинг ҳам меҳнати ётади. Ҳамма нарсани ўйлаганман, тўғриси. Қувончим чексиз эди.

-          Сизнингча, курашда спортчи учун энг керак нарса нима деб ўйлайсиз?

-          Юқоридаям айтиб ўтдим, нафақат спортда балки ҳамма соҳада ҳам кишида энг аввало қизиқиш, хоҳиш-истак бўлиши керак. Тўғри иқтидор, абжирлик, устамонлик, олдиндан сеза билиш каби қобилиятлар ҳам талаб қилинади. Бироқ ғалабага эришиш учун 99 фоиз меҳнат керак. Бу меҳнатни бажариш учун истак, албатта, шарт, деб ўйлайман. Чунки бу менинг принсипим. Шу сабабдан ҳам мана юзимиз ёруғ бўлиб келмоқда (кулиб). Биласизми, ҳудди шу саволни чемпионатдан олдин ўзимга бериб кўрганман. Ва айнан айтганимдек хулосага келганман.

-          Мусобақа мобайнида қайси давлат спортчилари билан беллашдингиз? Бунда  энг кучли рақиб сифатида кимни кўрган эдингиз ва бу тахминингиз тўғри чиқдими?

-          Билсангиз керак, олимпиядада ҳеч қачон кучсизлар бўлмайди. Улар шу босқичга етиб келгунларига қадар минг чиғириқдан ўтадилар. Дастлаб Озарбайжон, кейин Лива ундан сўнг эса Арманистонлик рақибларим билан беллашиб финалга чиқдим. Албатта, финалга йўлланма олганимдан кейин энг кучли рақиб сифатида Ҳиндистонлик Лайшарам Мейтейни корганман ва бу тахминим ўз исботини топди. Ҳақиқатдан кучли рақиб бўлди. Минг шукур, меҳнатларимиз самараси шу ерда кўринди.

-          Ўзингиз севган спортчи борми? Кимга хавас қиласиз? Шулар билан ўртоқлашсангиз.

-          Мўминжон Абдуллаевга ҳавас қиламан. Яқиндагина Жакартада бўлиб ўтган Осиё чемпионатида 130 кг вазнда чампион бўлиб қайтди. Фақат чемпионлиги учун ҳавас қилар экан деб ўйламанг. Умуман олганда, унинг тактикаси, ўзига хос услуби бор. Ундан кўп нарса ўрганиш мумкин.

-          Келажакдаги режаларингиз борасида ҳам гапириб берсангиз.

-          Ҳар битта спортчининг орзуси, мақсади жаҳон ареналарида юртининг шаънини ҳимоя қилиш, фақат-фақат чемпионлик билан байроғини энг юксакларга кўтариш бўлса керак. Ҳудди шунингдек менинг ҳам чинакам мақсадим Ўзбекистонимиз учун ҳақиқий, фидойи ўглон бўлишдир. Бундан ташқари устозларим Олмос ака Мардиев, Толиб ака Назаровларнинг ишончини оқлаш яна бир орзуларимдан бири.

-          Сиз билан суҳбатлашиш мобайнида менда ҳам ватан туйғуси жунбушга келди. Чиндан ҳам ҳеч қайси юрт фарзанди ўзбек фарзандиддек жонкуяр бўлмаса керак. Биз сизга янада улкан зафарлар, янги-янги ютуқлар тилаймиз. Лазизхон, мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур!

Дилрабо ЭГАМБЕРДИЕВА

cуҳбатлашди.


Мусобақадан видеолавҳаларни телеграмдаги @XXIasrofficial каналимиз ва Facebook'даги Asr Gazetasi саҳифамизда кўринг.