Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Ўзгараётган тизим: солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси амалга татбиқ қилинмоқда

Ўзгараётган тизим: солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси амалга татбиқ қилинмоқда

 

Бозор муносабатлари шароитида айнан солиқлар иқтисодиётни тартибга солишнинг муҳим воситаси сифатида майдонга чиқяпти ва биз бугунги кунда мамлакатимизда кенг миқёсли солиқ ислоҳотлари амалга оширилаётганига гувоҳ бўляпмиз.

Президентимизнинг 2018 йил 29 июндаги “Ўзбекистон Респуб­ликасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тўғрисида”ги фармони солиқ тўловчилар томонидан мамнуният билан кутиб олинди. Айниқса, 2019 йил 1 январдан айрим солиқлар ва мажбурий ажратмаларнинг бекор қилиниши ҳисобига умумий солиқ ва мажбурий ажратмалар турларининг камайтирилиши, бир қанча солиқ ставкаларининг пасайтирилиши сингари ўзгаришлар солиқ тўловчилар эътиборини тортди. Шу билан бирга “солиқ турларининг камайтирилиши ҳамда солиқ ставкаларининг  пасайтирилиши натижасида давлат бюджети йўқотишлари қандай қопланади?” деган савол юзага келди ва мутахассислар ўртасида баҳс-мунозаралар авж олди.  Бироқ  концепцияда нафақат солиқ юкини камайтириш, балки солиқ объектларини тўлиқ қамраб олиш ва солиқларнинг йиғилувчанлигини ошириш масаласи ҳам қўйилгани эса кўп ҳолларда эътибордан четда қолди.

Ўтган йил поёнида солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепциясида белгиланган  вазифалар ижросига киришилди. 2018 йил 24 декабрда “Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2019 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Унда концепцияда белгиланган вазифалардан келиб чиққан ҳолда бир қанча солиқ ставкалари белгилаб берилди. Жумладан, Солиқ кодексининг 181-моддасига кўра  Ўзбекистон Республикаси резиденти бўлган жисмоний шахснинг даромадларига (бундан дивидендлар ва фоизлар тарзида тўланадиган даромадлар мустасно) 12 фоизли ставка бўйича солиқ солинади. Рес­публикамиз резидентларига дивидендлар ва фоизлар тарзида тўланадиган даромадларга 5 фоизли ставка бўйича солиқ солиниши кўрсатилди. Яъни, солиқ концепция­сидаги аҳоли даромадларини ошириш, солиқ сиёсатини такомиллаштириш борасидаги вазифалар бажарилиши йўлида дадил одимлар ташланди. Шунингдек, меъёрий ҳужжатнинг тегишли бандларида  фуқароларнинг меҳнатга ҳақ тўлаш туридаги даромадларидан Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига ушлаб қолинадиган суғурта бадалларини бекор қилиш, ягона ижтимоий тўлов ставкасини пасайтириш, давлат мақсадли жамғармаларига юридик шахсларнинг обороти (тушуми)дан ундириладиган мажбурий ажратмаларни бекор қилиш, юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи ставкасини 14 фоиздан 12 фоизгача, тижорат банклари учун – 22 фоиздан 20 фоизгача пасайтириш, ўтган йил якунлари бўйича йиллик обороти (тушуми) 1 миллиард сўмдан ошган ёки йил давомида белгиланган чегаравий миқдорга етган корхоналарни умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтказиш, йиллик обороти (тушуми) 1 миллиард сўмгача бўлган солиқ тўловчилар учун оборотдан (тушумдан) солиқни 4 фоиз миқдордаги базавий ставкадан келиб чиқиб ҳисоблаш ва тўлаш тартибини ҳамда қўшилган қиймат солиғини ихтиёрий равишда тўлаш имкониятини белгилаш, ягона ер солиғи тўловчилар учун солиқ солиш тартибини сақлаб қолиш ва бошқа талай қоидалар ўз ифодасини топди.

Бугунги кунда энг кўп муҳокама қилинаётган масалалардан бири қўшилган қиймат солиғидир. Бунга сабаб, бир томондан қўшилган қиймат солиғининг ҳақиқий ва ҳуқуқий тўловчисининг фарқланиши бўлса, иккинчи томондан мазкур солиқ ҳисоб-китобининг мураккаблигидир. Хорижий мамлакатлар билан солиштирганда мамлакатимизда шу кунга қадар қўшилган қиймат солиғининг асосий ставкаси ҳисобланган 20 фоизлик миқдор ҳақиқатан ҳам юқоридир. Концепцияда қўшилган қиймат солиғини тўлиқ ҳисобга олиш тизимини жорий этиш, солиқ солиш базасини аниқлаштириш ва имтиёзлар сонини камайтириш, шунингдек, 2019 йил якуни бўйича мазкур солиқ ставкаси миқдорини пасайтириш орқали қўшилган қиймат солиғининг 20 фоиз миқдордаги амалдаги ҳажмини сақлаб қолиш белгиланган эди. 2019 йил 1 январдан қўшилган қиймат солиғи бўйича умумбелгиланган ва соддалаштирилган тартиблар жорий этилди. Шу орқали қўшилган қиймат солиғининг товарлар нархи ва корхоналар айланма маблағларига жиддий таъсирини камайтириш кўзда тутилганди. Шунингдек, қўшилган қиймат солиғи тўланишига босқичма-босқич ўтиш мўлжалланяпти. Чунки қўшилган қиймат солиғини ҳисоблаб чиқариш ва тўлашнинг соддалаштирилган тартиби 2021 йил 1 январгача бўлган давр мобайнида амал қилади.

Қайд этганимиздек, қўшилган қиймат солиғини ҳисоб-китоб қилиш турли занжирли боғланишлар туфайли мураккаблик касб этади. Қўшилган қиймат солиғи тўлашга ялпи ўтиш кузатилаётган бир вақтда ушбу солиқ тури бўйича турли ставкалар қўлланилаётгани, айрим товарларнинг қўшилган қиймат солиғидан озод қилиниши кабилар ҳисоб-китобларни янада мураккаблаштиради. Бинобарин, Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси томонидан турли ахборот хизматлари кўрсатилаётганлиги айни муддаодир. Хусусан, Молия вазирлиги қошида махсус штаб тузилгани ҳам эътиборга молик. Қўшилган қиймат солиғига ўтиш, истеъмол товарлари нархларини мониторинг қилишга оид саволларга тезкорлик билан жавоб бериш мақсадида @MoliyaPress’ телеграмм хизмати йўлга қўйилгани ҳам таҳсинга лойиқ.

Президентимиз 2018 йил 28 декабрда Олий Мажлисга Мурожаатномасида:  “Солиқ ставкалари пасайтирилиши ёки айрим солиқлар бекор қилиниши билан бюджетга тушадиган маблағ албатта камаяди. Буни самарали солиқ маъмуриятчилиги орқали бартараф этиш ва бюджет барқарорлигини таъминлаш мумкин. Айнан шунга эришиш биринчи галдаги вазифамиздир”, дея таъкид­лаганди. Мазкур фикрни амалиётга татбиқ қилишга тааллуқли айрим таклифларимизни, мулоҳазаларимизни баён қилишни мақсадга мувофиқ , деб топдик.

  Биринчидан, электрон ҳужжатлар, жумладан, электрон ҳисобварақ-фактуралар айланишини самарали ташкил этиш лозим. Тўлиқ электрон ҳисобварақ-фактураларга ўтиш уларни ўзаро солиштириш орқали солиқ объектларини тўлиқ қамраб олишга имкон беради.

Иккинчидан, солиқ объектларини яшириш ҳолатлари бўйича таъсир чораларини кучайтириш мақсадга мувофиқ. Чунки таъсир чораси қанчалик заиф бўлса, солиқ ҳуқуқбузарлик­ларига мойиллик шунчалик кучли бўлади.

Учинчидан, солиқ қонунчилигига жиддий ўзгартишлар киритилишини уларнинг кучга кириш муддатидан камида бир ой олдин қабул қилинишига эришиш лозим. Маълумки, ўтган йилнинг охирги декадасида қабул қилинган тартиблар жорий йилнинг биринчи кунидан амалиётга жорий этилди. Натижада жуда кўп саволлар юзага келганига гувоҳ бўлиб турибмиз.

Тўртинчидан, солиқ қонунчилигини соддалаштириш, солиқ тўловчилар ҳуқуқий саводхонлигини узлуксиз ошириб бориш лозим. Чунки савдо марказларида барча товарлар бўйича бир хил ставкада қўшилган қиймат солиғини ҳисоблаш ҳолатлари кузатилмоқда. Ваҳоланки, қўшилган қиймат солиғидан озод қилинган товарлар ҳам мавжуд.  

Бешинчидан, онлайн тартибда ишлайдиган назорат-касса машиналарини кенг жорий этиш мақсадга мувофиқ. Бундай амалиёт солиқ объектлари қамровини оширишга хизмат қилади.

Самариддин ЭЛМИРЗАЕВ,

Тошкент молия институти

Молиявий менежмент кафедраси мудири,

иқтисодиёт фанлари доктори