Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

ЎЗГАРТИШ ВА ҚЎШИМЧАЛАР, ТАКЛИФЛАР

ЎЗГАРТИШ ВА ҚЎШИМЧАЛАР, ТАКЛИФЛАР

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракциясининг куни кеча бўлиб ўтган йиғилиши кун тартибига 5 та қонун лойиҳаси киритилди. Муҳокамадаги ҳужжатларнинг 2 таси иккинчи, 3 таси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Депутатлар эътиборига дастлабки тарзда концептуал жиҳатдан ҳавола этилаётган “Ўзбекистон Респуб­ликасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонуни лойиҳаси Президентимизнинг 2018 йил 28 мартдаги “Ўсимликлар карантини бўйи­ча давлат хизмати фаолиятининг самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори талаблари асосида ишлаб чиқилган.

Таъкидланишича, мазкур ҳужжатни қабул қилиш зарурати ўсимликлар карантини соҳасидаги қонунчилик талабларини бузганлик учун қўлланиладиган амалдаги маъмурий жавобгарлик тизимининг самарасизлиги  билан изоҳланади.

Ҳозирги пайтда ўсимликлар карантини инспекторлари зарарланган ҳудудларни аниқлаш мақсадида қиш­лоқ хўжалиги экинлари майдонлари ва аҳоли томорқаларида назорат ўтказиб келмоқдалар. Карантин объектлари билан зарарланган ўсимликлар аниқланган тақдирда ер эгаларига ўсимликларни зарарсизлантириш учун мажбурий амалга ошириладиган чора-тадбирларни ёзиб бермоқдалар. Лекин бу борада аниқ механизм йўқлиги туфайли ушбу чора-тадбирлар бажарилмасдан қолмоқда.

Шу муносабат билан кодекснинг айрим моддаларига қуйидагича қўшимча ва ўзгартишлар киритиш таклиф этилмоқда:

“107-модда. Карантин эълон қилинган зараркунандаларга, ўсимликлар касалликларига ва бегона ўтларга қарши курашнинг санитария қоидаларини ва бошқа хил қоидаларни бузиш – фуқароларга энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача, мансабдор шахсларга эса уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

108-модда. Чет мамлакатлардан келтирилиб, карантин текширувидан ва тегишли ишлов беришдан ўтказилмаган материалларни ташиб чиқиб кетиш – фуқароларга энг кам иш ҳақининг икки бараваридан беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса – ҳуқуқбузарлик ашёларини мусодара қилиб, фуқароларга энг кам иш ҳақининг беш бараваридан етти бараваригача, мансабдор шахс­ларга эса етти бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади”.

Қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш жараёнида Хитой, Жанубий Корея, АҚШ, Россия Федерацияси, Беларусь, Украина ва Қозоғистоннинг ўсимлик­лар карантини соҳасидаги қонунчилиги ўрганилган.

Фракция муҳокамасидан биринчи ўқишда ўтган яна бир ҳужжат номининг ўзи 40 та сўздан иборатлиги эътиборимизни тортди. Сиз ҳам танишинг: “Суд, Ўзбекистон Респуб­ликаси Судьялар олий кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Одил судлов муаммоларини ўрганиш тадқиқот маркази ва Ўзбекистон Рес­публикаси Олий суди ҳузуридаги Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти ходимларининг мансаб даражалари тўғрисидаги низомга қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойи­ҳаси. “Оқ чойнакка оқ қопқоқ, кўк чойнакка кўк қопқоқ” тарзидаги тез айтишни эслатмадими бу талаффуз сизга?! Бизнингча, уни 13 та сўзгача камайтириш имкони бор эди...

Қонун лойиҳаси билан қуйидагилар назарда тутилмоқда:

Биринчидан, мансаб даражаларини нафақат олий юридик маълумоти ёки бошқа олий маълумоти мавжуд бўлган ходимларга, балки ўрта махсус юридик ёки бошқа ўрта махсус маълумотга эга ходимларга ҳам берилиши мумкинлигини белгилаш.

Иккинчидан, низомда назарда тутилмаган, лекин штат жадвалида мавжуд бўлган лавозимларга эга бўлган ходимларга мансаб даражаси беришни белгилаш.

Учинчидан, Ўзбекистон Респуб­ликаси Президентининг 2018 йил 13 июлдаги “Суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш ва суд ҳокимияти органларига ишончни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонининг 4-банди билан Ўзбекистон Республикаси Олий суди, қуйи судлар судьялари ва ходимлари ҳамда Олий суд ҳузуридаги Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти ва унинг ҳудудий бўлимлари ходимларининг Ягона тариф сеткаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлаш разрядлари янгидан тасдиқланганлиги муносабати билан айрим лавозимлар бўйича ходимларга берилиши мумкин бўлган мансаб даражаларини ўзгартириш.

Лойиҳада малакали мутахассисларни суд тизимига жалб этилишини кенгайтириш мақсадида суд тизимига ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидан ва бошқа ташкилотлардан ишга ўтган ходимларнинг илгариги иш ёки хизмат жойида олган махсус унвонини ва мансаб даражасини сақлаб қолишни назарда тутувчи тегишли ўзгартиш киритиш, шунингдек, суд тизимига янги ишга қабул қилинган, ўз вазифасини виж­донан ва масъулият билан бажараётган ходимларнинг меҳнатини инобатга олиб, уларга лавозимга тайинланганидан кейин камида 3 ой вақт ўтгач, лекин олти ойдан кечиктирмасдан мансаб даражаси берилишини белгилаш таклиф этил­япти.

Йиғилишда муҳокама қилинган барча масалалар юзасидан фракциянинг тегишли қарорлари қабул қилинди.

Озод РАЖАБОВ,
“XXI asr” мухбири
Суратларни Солижон ЗОИРОВ олган.