Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

“Ўзимдаги ҳамма яхши хислатлар учун китобдан миннатдорман”

“Ўзимдаги ҳамма яхши хислатлар учун китобдан миннатдорман”         Кўнглимда адабиётга илк муҳаббат болалик дав­римдан уйғонган. Ҳазрати Боязид Бистомий ўз ҳолларини “онадан туғма давлат” деганлар. Албатта, ҳар бир шоирнинг шоирлиги ҳали туғилмасидан бошланади.
        Ёзган шеърларимдан кўра ёзмаганларим кўпроқ.

        Ота-онам фақат меҳнат-машаққат ичида яшадилар.

        Онам беш ёшда оталари, саккиз ёшда оналаридан айрилиб, етим ўсган ғариба аёл, акамни ўзига ота қилиб олган, мени ака, укаларимни ука, амаки ва тоғалар қилиб олган эдилар. Кейин сингилларим: онам­нинг она ва опалари туғилди. Бу юксак мартабаларимиз дилимга ғамгинлик бериб, кўзимни ёшлатар эди. Ўша илк ғамларим, кўз ёшларим кўнглимда уйғонган илк шеър­лар бўлса, ажаб эмас.

         Беш яшарлигимда уч яшар синглим сувда оқиб кетиб, вафот бўлди, онам тегирмон тагидан топиб чиқдилар. Онамнинг ўлик қизчани бағрига босиб фар­ёд чекканлари, эҳтимол, илк шеърларимдир.

       Қишнинг узун кечаларида акам иккимиз онамга ва бизникига келган қўшни аёлларга халқ достонларини ўқиб берар эдик. Энг ғамгин жойларида акам чиқиб кетар, мен йиғлаб, давом эттиришга мажбур бўлар эдим. Масалан, Холбиканинг икки ўғли дорга осиляпти, у нажот қидириб, бўзлаб, дорнинг оғочига салом беради: “Ассаломалайкум, дорнинг оғочи!” – дея золимлар қалбига шафқат солмоқчи бўлади. Балки, ўша риёсиз йиғилар илк шеърларимдир.

 

***

         Адабиётнинг жамиятдаги ўрни, агар у ҳақиқий адабиёт бўлса, танадаги руҳ кабидир. Албатта, адабиётни маънавий ва ахлоқий жиҳатдан тартибга солиш яхши ва бу ҳар бир ижодкорнинг ўз иймони ва виждонида бўлиши керак. Лекин шахсларни синдириш, халқнинг руҳини ўлдириш, сўзни, ижодни, илму фанни, тафаккурни, ҳатто туйғуларни ва қалбни сиёсийлаштириш мустабид тузумнинг мажбурловчи услуби эди. Баданнинг озуқаси бўлганидек, руҳнинг ҳам озуқаси бор. Баданнинг озуқаси табиат бозорларида бўлса, руҳнинг озуқаси маънавият бозорларидадир.

          Шўро даврида руҳ озуқаси бўлган маърифат, миллий тарих хазиналари, илоҳий ҳақиқатлар, Қуръони карим, ҳадиси шарифлар тақиқланиб, халқнинг биргина маънавий таянчи адабиёт бўлиб қолган эди. Ҳатто ҳинд кинофильмлари, ўта содда бўлишига қарамай, халқимизнинг миллий туйғуларига мувофиқ тушар, қайноқ инсоний ҳисларни сақлашга сабаб бўлиб, ёшлар ўзаро таб­рикномаларида бир-бирига “ҳиндуёна муҳаббат” тилар эди.

          Шунинг учун истиқлолнинг илк даврида асл илоҳий манбаъларга йўл очилгач, Раҳмоний маърифат натижаси бўлган ҳақиқий адабиётга эҳтиёж ортди ва шайтоний илҳом маҳсули бўлган асарлар бозори касод бўлди. Янги фикрли, заковатли, салоҳиятли, талабчан китобхонлар зумраси пайдо бўлди. Баъзи қаламкашлар буни ҳисобга олмаяптилар ва эски фалсафий қолипларда юрибдилар.

 

* * *

           Мумтоз адабиётда “мажоз тариқи”, “ҳақиқат тариқи” деган тушунчалар бор эди. Бу кун буни анг­лайдиган инсонларнинг ўзи оз. Менимча, шарқ халқ­ларининг, ўзбек халқининг адабиёти муайян ахлоқ ва ҳаё пардаларига ўралган бўлиши шарт. Денгиз ортидаги ҳурриятни (демократияни) ёки ғарб ва оврўпо ҳурриятини айнан бир мамлакатга, масалан, Ўзбекистонга кўчириш мумкин бўлмаганидек, баъзи адабий мезонларни ҳам айнан кўчириш мумкин эмас. Чунки уларда ҳамма нарсага – ҳаромга, фасодга, бузуқликка ҳам ҳуррият бор. Ислом маданияти тарқалган ўлкаларда эса ҳаққа ҳуррият бор, ботилга, фасодга, бузуқлик ва беҳаёликка ҳуррият йўқ.

         Муҳтарам кишилар таржима қилган баъзи романлар борки, гарчи уларда “буржуа” разолати, фоҳишабоз­лик фош этилган бўлса-да, одамлар, ёшлар улардан яхшиликни ўрганади, дейиш қийин. У китоблардан ёшлар ўша жирканч ҳаётни, бузуқликни, беҳаёликни ўрганмасмикин, деган қўрқувдаман. Телевидениедаги баъзи сериаллар ҳам шунга дохилдир. Қадим шарқ маданиятида гуноҳни ёзиш тугул, гапиришга рухсат бўлмаган. Чунки гуноҳ гапирилса, инсонлар унга кўникиб қолади, жирканч ишдан ҳазар қилмайдиган, уни тўхтатмайдиган бўлади.

          Саҳна асарининг ҳам, қўшиқ санъатининг ҳам, бадиий фильмларнинг ҳам таянчи сўздир – адабиётдир. Баъзи эстрада қўшиқлари санъат намунаси эмас, шаҳват намунаси бўлса, бас, ўша сўз санъат асари эмас, шаҳват асаридир.

          Адабиёт азал-абад эзгуликни, одамийликни, меҳр-муҳаббат ва дўстликни, покликни, олий инсоний фазилатларни устун тутади. “Ўзимдаги ҳамма яхши хислатлар учун китобдан миннатдорман”, деганда атоқли адиб КИТОБнинг моҳиятини очиб берган. Китоб муборак ва мўътабар нарсадир. У шармандали ҳаёт мажмуъи бўлиб қолмаслиги керак. Шукур Холмирзаев Толстой тилидан: “Санъатнинг энг улуғ вазифаси эса – инсонларни бирлаштириш, бир-бирига биродар қилишдан иборат”, дейди. Бас, адабиётимизда мумтоз, аслий гўзал анъаналар давом этиб, нохуш иллатлар барҳам топишини истайман.

Мирзо КЕНЖАБЕК

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи, шоир, таржимон.

  “Ёшлик” журнали 2011 йил