Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Biz tarmoqlarda:

Ўзимизнинг «Боғбон» трактор

Ўзимизнинг «Боғбон» трактор

ихтирочиси тўрақўрғонлик Ҳожиназар Ходиназаров яратган
техниканинг афзаллигини қачон эътироф этамиз?

          Хитойда бўлиб ўтган Осиё чемпионатида Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси футболчилари қор қуюни остида, ғоят оғир шароитда жасорат ва матонат кўрсатиб, Осиё чемпиони деган шараф билан юртга қайтган кунлари муҳтарам Президентимиз Қашқадарёда эди. “Мана ўзбек ёшлари нималарга қодир! – деди воҳа фаоллари билан учрашувда давлатимиз раҳбари фахрланиб. – Қаранг, ҳаммалари ҳам турли вилоятлардан, қишлоқлардан борган оддийгина, жайдари болалар. Юртимизда бундайлар кўп. Фақат, биз уларга ишонсак, адолат қилсак, шароит яратсак бўлгани...”.

          Юрт раҳбарининг ана шу соддагина сўзлари замирида кўп нарса мужассам эди. Фахр ва ифтихор ҳам, ғурур ва сурур ҳам, эъзоз ва эҳтиром ҳам. Ҳамма-ҳаммаси...

         Бу энди спорт. Миллиардлар ўйини – футбол!

         Мамлакатимизнинг олис-яқин вилоятларида, катта-кичик қишлоқларда, маҳалла, овулларда, ҳар жабҳада шундай одамлар борки... уларнинг эл-юрт учун қилаётган ишлари, изланишларини кўриб, кузатиб, инсоннинг имкониятлари чексиз эканлигини ўйлайсан киши. Қалбинг қувонч, шодликка тўлади.

       Бугун биз сизга Наманган вилояти Тўрақўрғон туманида яшовчи “оддийгина, жайдари” замондошимиз Ҳожиназар Ходиназаров ва унинг ажойибу ғаройиб бир ихтироси ҳақида сўзлаб бермоқчимиз.

        Ҳожиназар Ахсикентга олиб чиқадиган катта йўлнинг шундоқ ёқасидаги гавжум, серфайз Паст Найманча маҳалласида туғилиб ўсган. Отаси Раҳмонназар ака уста-дурадгор, онаси Бусора ая уй бекаси, чевар эди. Оилада тўрт ўғил, бир қиз бўлиб, бизнинг қаҳрамон – ўғилларнинг иккинчиси, тиришқоғи, отасининг суянч-тиргаги. Мактабни битириб, кўплардек шаҳарга ошиқмади. Ўз ибораси билан айтадиган бўлсак, “қўли етмайдиган жойга бўй чўзмади”. Туман марказидаги ҳунар-техника билим юртида ўқишини давом эттириб, дарсдан бўш пайтлари отасининг пойтешасини кўтаришиб юраверди. Билим-юртини битирар-битирмас, ҳарбий хизматга чақирилди. Олис элда, Россиянинг Амурск шаҳрида йигитлик бурчини ўтади.

        – Изимдан почта орқали “4-разрядли пайвандчи” деган дипломимни юборишди. Темир йўл қисмида эдик, – деб эслайди ўша даврларни ҳамсуҳбатимиз. – Касбим, ишим командирларга ёқиб тушди. Бир йўла 5-разряд беришди. Улкан подстанция қурилишида “йигитлик бурчимни ўтаб” юрдим. Кўплаб раҳматномалар, ташаккурномалар олдим.  Сон-саноқсиз темир-терсак ичида юриб десангиз, техникага ҳавасим ортди...

        Ҳожиназар икки йил деганда билаги кучга, юраги ғайратга тўлиб она қишлоғига қайтди. Сменали иш ахтариб, қурилиш ташкилотларининг бирига қоровул бўлиб жойлашди.

       – Мақсадим, бўш кунларим отамга ёрдам бериш, ҳарна рўзғорга қарашиш эди, – деб изоҳлайди ўзи.

        Мустақиллик йилларида давлатимиз томонидан кичик бизнесга, тадбиркорликка йўл очилди. Энди Хўжаназарга қоровуллик эриш туюлиб қолди. “Найманча гулшани” фермер хўжалигига аъзо бўлиб кирди. Кўзли деҳқонлар қатида деҳқончилик қилиб, ер илмини обдон ўрганди.

        – Худди шу йиллари техникалар ишини кўриб, кузатиб, кўнглимнинг туб-тубида бир нарсалар ғимирлаб қолди, – дейди Ҳожиназар.

         Тўрақўрғон замини соз тупроқ. Балонли тракторлар ерни эзғилаб кетади. Трактор юрган қаторга кетмон урсангиз, тиғи ботмайди. Бу нарса ҳосилга, ҳосилдорликка ҳам анча-мунча зиён келтиради. Занжирли трактор олиб келишнинг эса ўз йўл-йўриқлари, муаммолари бор. Қишлоқ, маҳалла раҳбарлари “асфальтни бузади” деб кўчага бундай тракторларни йўлатмайди. Қолаверса, занжирли тракторни дала қошига келтиришга махсус машина топилавермайди. Топилса ҳам, эшагидан тушови қиммат демоқчи, хизмат ҳаққи пахта нархидан ошиб тушади. “Наҳот, ерга, тупроққа озор бермайдиган, ҳосилдорликка зарари тегмайдиган, асфальтни бузмайдиган техника яратишнинг имкони бўлмаса?..” деб ўйланиб қолдим.

         Даладан бошқани билмайдиган йигит шу ўй билан кутубхонага аъзо бўлди. Бозор-учарга борса, аёли Тоҳирахонни лолу ҳайрон этиб, техникага оид китобларни кўтариб келадиган одат чиқарди. Даладан кела солиб китоб титкилайди, алланарсаларни ўзича хомчўт қилади, дафтарга нималарнидир чизадими-ей... “Сочига оқ оралаб, яқинда неварали бўладиган бу одамга нима бўляпти? – ўйлайди Тоҳирахон. – Бундоқ ёрилса-чи...” Сўраса, “қўявер”, дейди-ю, яна китобга шўнғийди.

          – Нима, шу ёшингизда энди институтга кирмоқчимисиз, олим бўлмоқчимисиз? – сабр-тоқати тугаб сўрайди аёли.

         – Илмнинг эрта-кечи йўқ, – дейди Ҳожиназар чинлигини ҳам, ҳазиллигини ҳам билиб бўлмайдиган оҳангда...

         Ҳаммасидан қизиғи, хонадон соҳибининг болаларнинг “оғзини оқлаб турган” сигирни бир чиройли бузоғи билан сотиб, алмисоқдан қолган “Газ 24” деган яғир бир “арава”ни эшикдан юрғизиб эмас, уч-тўрт кишилашиб, “ҳая-ҳайлашиб” итариб киргани бўлди.

       – Вой менгина ўлиб қўяқолай, ақлингизни едингизми?! – йиғлаб юборди Тоҳирахон. – Бу нима қилганингиз? Бўлди, етар, жонга тегди ҳаммаси, шуниси етмай турувди энди, кетаман!

       Тоҳирахон болаларини эргаштириб чиқди-кетди! Ҳожиназар ҳайҳотдек ҳовлида совуқ урган дарахтдек сўппайиб қолди. Аёл дегани эркакнинг қовурғасидан яралгани рост экан. Бир ҳафтага чидади. Болаларига ичикди. Саккизинчи куни оқшомлатиб, қайнона-қайнотасининг эшигини қоқди. Қайнонаси келинг ҳам демади. Қайнотаси бўлса, қўлини олишга олди-ю:

        – Жуда машина мингингиз келиб қолган бўлса айтмайсизми, куёв, “Тико”-пико олиб берардик, – дея узиб олди.

      Ҳожиназар шунда ҳам тиш ёрмади. Болаларнинг кенжасини бағрига босди-ю, эшикдан чиқди. Она барибир она-да. Тоҳирахон ҳадемай қолганлариниям эргаштириб эри ортидан эргашди... Уйга келиб, “Волга”нинг парча-парча қилиб ташлангани устидан чиқди. “Хайрият”, деди, “инсофга келганга” йўйди...

      – Шу куйи йиллар мобайнида хаёлимда тикланиб бораётган янги тракторнинг эҳтиёт қисмларини тўп­лаб бордим, – дейди Ҳожиназар ўша кунларни кулиб эсларкан. – Олдимда учта йўл бор эди. Биринчиси, мен яратадиган занжирли тракторнинг худди самолётникидек таг қисмида балонли ғилдираклари бўларди. Шу ғилдирак билан катта йўлдан келиб, дала бошида ғилдирагини ичига тортиб оларди-да, ерни ҳайдашга ёки текислашга тушарди. Иккинчи йўл – худди қуш қанотларидек балонлар тракторнинг икки чеккасига жайлаштириларди. Трактор далага келганда балонларини кўтариб олиши керак эди... Йўқ. Бўлмади. Бунақада трактор ҳаддан зиёд баҳайбат бўлиб кетар, ғилдираклар ишлашга халақит берарди... Сўнгги йўл – трактор ташийдиган трайлер яратишим керак бўларди. Яна битта йўли... Яратилажак трейлердан транспорт ўрнида фойдаланиш... Шунда ўйладим-да: ‘Тракторнинг ўзида кучли мотор турибди-ку? Нима учун бошқа трактор ташқаридан келиб уни шатакка олиши керак?’ Шу тариқа занжирли тракторни ташийдиган трейлер яратиш, унга трактор тормози ва юриш, ёритиш қисмларини улаш ғояси пайдо бўлди. Ишонсангиз, ана шу тўхтамга келишимга роса етти йил умрим кетди. Яхшиямки, бу орада тўнғичимиз Ҳақназар эр етиб, ёнимга кириб қолди. Қўшни Хўжанд қишлоғидаги автомобилсозлик коллежига кириб, баъзи ҳисоб-китоб ишларида, чизмаларда кўмак­лаша бошлади. Ишимиз юришиб кетди...

     Ва ниҳоят, ўтган йили трактор тайёр бўлди. Ҳожиназар шундай ажойиб техника ихтиро қилганини суюнчилаб, тумандаги тегишли ташкилотларга учради. Фермер хўжаликларида синовдан ўтказмоқчи бўлди.

      – Қизиғи, ҳеч ким мени эшитишни истамади, тўғрироғи, ишонишмади, ҳатто фермер дўстларим ҳам даласига янги тракторни яқинлаштирмади, – дейди Ҳожиназар. – Бахтимга, туманда Халқ қабулхонаси очилиб қолди. Шу ерга мурожаат қилдим. Туман қиш­лоқ ва сув хўжалиги бўлимидан “Янги яратган техникангиз масаласи бўйича Наманган вилояти ҳудудий инновация фаолияти ва технологиялар трансфер марказига учрашинг”, деган жавобни олдим. Юрагимга нур киргандек бўлди. 2017 йилнинг 16 март куни шаҳардаги “Паҳлавон” спорт мажмуасида янги тракторимизнинг тақдимот маросимини ўтказдик. Тошкентдан келган мутахассислар ишланмамизни ижобий баҳолашди...

       – Жуда яхши техника! – деди Интеллектуал мулк агентлиги вакили қўлимни маҳкам сиқиб табриклар экан. – Патент олиш учун ҳужжатларингизни тайёрлаб топширинг!

      Ўғлим Ҳолиқназар билан ҳужжатлар устида ишлаб, 3 апрел куни агентликка топширдик...

        Ўтган йилнинг 12 майида бизни пойтахтга, “Экспомарказ”да ўтказиладиган кўргазмага таклиф этишди. Бу ерда соҳага тегишли илмий-тадқиқот инс­титутлари олимлари, инженер-техниклар, респуб­ликамизнинг турли ҳудудларидан келган фермерларга “Боғбон” деб аталган занжирли тракторимиз жуда маъқул тушди. “Бизга ҳам боғ қатор ораларида ишлаш учун худди шунақа трактор ясаб беринг, айтган пулингизни берамиз”, деган фермерлар ҳам чиқди. Янги ихтиромиз билан республика оммавий ахорот воситалари вакиллари, телевизорчилар қизиқиб қолишди. “Ўзбекистон” каналининг “Ахборот” дастурида тракторимизнинг ишлаш жараёнини бир эмас, икки марта кўрсатишди. Шундан кейин телефоним тўхтовсиз жиринглай бошлади. Интернет хабарлари ёғилиб келарди. Мазмуни эса деярди бир хил: “Сизни ғоят фойдали инновацион ғоянгиз билан табриклаймиз. Биз бундай техникани кўпдан кутган эдик. Тезроқ ишлаб чиқаришга жорий қилинса, фойдадан холи бўлмасди...”.

         Тошкентдан қайтиб келиб, ҳали нафас ростламасимиздан яна чақириб қолишди. Бу гал “Экспомарказ”да ўтадиган “Uzbekistan Agrotesn Expo” халқаро кўргазмасига таклиф этишди. Дунёнинг 60 давлатидан 500 дан зиёд компаниялар иштирок этган бу нуфузли кўргазмада 138 йўналишдаги қишлоқ хўжалик техникалари, мева ва сабзавотни қайта ишлаш ускуналари намойиш қилинди. Булар орасида биз яратган “Боғбон” деб аталган мини тракторимиз ҳам борлиги, албатта, қувончли эди.

         – Яратган техникангизнинг афзаллик томонларидан гапиринг...

       – Янги тракторимиз гарчи “мини” деб аталиб, кўринишдан ихчам бўлса-да, бемалол катта техникалар ўрнини боса олади, – дейди Ҳожиназар. – 98 от кучига эга. Иш сифати ва самарадорлиги хорижникидан қолишмайди. Тезлиги соатига 30-35 километрни ташкил этиб, бир гектар майдонни уч соатда ҳайдаб улгуради. Шу жараёнда 30 литр суюлтирилган пропан гази ёқади. Занжирли универсал тракторимиз боғдорчилик ва узумчилик ишларига мўлжалланган бўлиб, унда ерни шудгорлаш, чизеллаш, текислаш, ариқ очиш ва кўмиш, дарахтларга кимёвий ишлов бериш каби юмушлар бажарилади. Мевали дарахт шохларига зиён етказмаслик учун минитрактор кабинаси тентли бўлиб, рамаси тезкор ёпиладиган ва очиладиган қилиб ишланган. Минитракторни бир жойдан иккинчи жойга транспортировка қилиш учун махсус ўзиюрар трейлер ишланган бўлиб, тракторнинг қувват олиш валидан ҳаракат олади, шу тариқа ташиш учун қўшимча транспорт талаб қилинмайди. Энг қизиғи, ўзиюрар трейлер дала бошига келиб, минитрактордан бўшагач, ундан шийпонча, овқатланиб дам олиш хонаси сифатида ҳам фойдаланиш мумкин. Бунинг учун тўлиқ жиҳозланган. Бу янги ихтиромиз амалдаги занжирли тракторларнинг транспортировкадаги қийинчиликлар ва етишмовчиликларни қисқартириш, экин майдонларини қотириб юбормаслик ва боғлар ҳосилдорлигини оширишга эришиш, пропан газида ишлаши натижасида ёнилғига кетадиган сарф-харажатларни тежаб қолиш имконини беради. Янги инновацион ғоямизни ишлаб чиқаришга кенг миқёсда жорий қилиш томорқачи деҳқонларимиз ва фермерларимиз учун янги имконият эшикларини очади.

        – Дарвоқе, патент олдингизми?

       – Ҳозирча йўқ. Аммо кўнглимиз тўқ. Кейинги кўргазмада ҳукумат раҳбарларидан бири тракторимизни кўздан кечираркан, ҳаяжон билан “Кўринглар, мана оддий одамларимиз нималарга қодир!” дегани ҳануз қулоғим остида турибди. Телефонларимиз тинмаяпти. Ҳатто қўшни туман, вилоятлардан кўргани келишяпти. Республика интеллектуал мулк қўмитасидан яқин орада ижобий жавоб олишга умид қилиб турибмиз...

       – Ҳожиназар камтарлик қилиб, уйида, маҳалламизда амалга ошираётган хайрли ишларини айтмади, – дейди “Паст Найманча” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Ўктамхон Аҳмедова. – У ясаган сўриток­ларга мўлжалланган электрлашган шоти қўни-қўшниларига ҳам асқотяпти. Уни истаган баландликка қўйиб, бемалол хомток қилишингиз, узумларни зарурат бўлганда ҳашоротга қарши дорилашингиз мумкин. Яна, ҳовлисида 20 куб сув сиғимига эга қудуқ кавлаган. Ёзда маҳалламиз кўчаларидаги дов-дарахтларни, гул-гулзорларни ана шу сув билан суғорамиз. Яна...

       – Буларнинг ҳаммасини кейинги гал бафуружа кўриб, ўрганиб, газетага берсак нима дейсиз? – қиш­лоқ ихтирочисининг ҳамма янгиликларини санайверсак, саҳифамиз торлик қилиб қолишини ўйлаб раис сўзларини бўламиз.

      – Маъқул, – дейди шодон кулиб Ўктамхон опа.

       Худди шу пайт туриш-турмуши хонадон соҳибига ўхшаб кетадиган икки йигитча эшикдан салом бериб кирди. Қўлларида қандайдир қоғозлар.

      – Бу йил Хушназар ҳам акаси ўқиётган коллежга кирди, – дея шипшиди бизга ҳамроҳлик қилаётган O‘zLiDeP Тўрақўрғон туман Кенгаши масъул ходими Рустамжон Дадақўзиев. – Ака-ука энди мини комбайн яратишмоқчи...

       Бу янгиликни эшитиб хурсанд бўлдик, албатта. Ўйлаймизки, Наманган вилоятининг чекка бир қишлоғида умргузаронлик қилаётган камтарин, оддийгина ихтирочи Ҳожиназар Ходиназаровнинг ташаббуси мамлакат миқёсида ҳар қанча қўллаб-қувватлашга арзийди!

Ортиқали НОМОЗОВ,

“XXI asr” мухбири