Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

ЎЗИМИЗНИНГ “ШВЕЙЦАРИЯ” ЁКИ ХОНОБОД ЯНАЯМ ОБОД БЎЛАДИ!

ЎЗИМИЗНИНГ “ШВЕЙЦАРИЯ” ЁКИ ХОНОБОД ЯНАЯМ ОБОД БЎЛАДИ!
Хонобод – қўшни Қирғизистонга туташ шаҳар. Ҳавоси тоза, файзли мас­канлардан. Ёз ойининг бошида Президентимизнинг Андижонга ташрифи давомида бу шаҳарга алоҳида қизиқиш билдиргани, ободонлаштириш масалаларида қатор топшириқларни белгилаб бергани барчага маълум.
Келинг, Хонобод томонлардан сўзлашамиз...
 
Рустамбек ТЎРАХОНОВ,
Халқ депутатлари вилоят
Кенгаши депутати:
– Шаҳарнинг  хос табиати, сўлим гўшалари, чиройли манзаралари, дов-дарахтлари, ёқимли об-ҳавоси ҳақида юртбошимиз тўлқинланиб гапирар экан, бу жойни аввалгидан ҳам, бугунгидан ҳам гўзалроқ қилиш, кўркамлаштириш зарурлигини алоҳида таъкидлаганликлари бежизмас. Халқимиз, керак бўлса, қўшни қардошларимиз учун ҳам дам олиш масканлари барпо қилиш кераклиги айтиб ўтилди.  Айниқса, “Ўзбекистоннинг Швейцарияси” деган номга сазовор шаҳарнинг файзини юксалтириш зарур деган мазмундаги гапларидан руҳландик.
Бугун Хонобод аллақачон улкан бунёдкорлик майдонига айланган. Ҳудудда айни вақтда жами 108 та янги лойиҳа асосида қурилиш, ободончилик ишлари олиб бориляпти. Уларнинг 46 таси ишлаб чиқариш, 62 таси хизмат кўрсатиш соҳаларидаги лойиҳалардир. Муҳими, янги лойиҳалар бўйича давлат тасарруфидаги 6 та бўш турган бинолар инвес­тиция киритиш шарти билан “ноль” қийматида тадбиркорлик субъектларига ажратиб берилган.
 
Олег МИХМАНОВ,
Халқ депутатлари вилоят
Кенгаши депутати:
– Хонободни “очиқ шаҳар” деб эълон қилиш, қурилиши 2006 йили тўхтаб колган 200 ўринли санаторийни 2018 йил Наврўз байрамига қадар қуриб битказиш, шаҳар марказида замонавий гипермаркет қуриш, Қорадарё кўпригини бунёд этиш, Андижон – Хонобод электр поезди ҳаракатини йўлга қўйиш, барча болалар дам олиш оромгоҳларини ишга тушириш, Хонтоғ ва Тошаххур адирларида писта, бодом, ёнғоқ, жийда каби экспортбоп мевалар экиш ва парваришлаш, шаҳар оқава сув тозалаш иншоотларини, ҳудуддаги кўп қаватли уйларда локал иссиқлик тармоқларини ишга тушириш... хуллас, қилиниши лозим бўлган ишлар кўп. Шунингдек, электр таъминоти мўътадиллигини таъминлаш ҳамда хусусийлаштирилган, бироқ ан­ча вақтдан бери фаолият кўрсатмаётган қатор корхоналарни ишга солиб, янги иш ўринлари яратиш каби долзарб вазифалар ижроси ҳар биримиздан фидойилик талаб қилади. Биз депутатлар мана шундай шижоат, иштиёқ намунасини кўрсатишда ибрат бўлмоғимиз зарур.
Олдимизда яна бир жиддий масала борки, унга ёндашишда катта масъулият талаб этилади. Бу  шаҳарга келувчи меҳмонларга аъло даражада маиший хизмат кўрсатиб, ҳудудни аввалги мавқеидан ҳам зиёда обод ва гўзал масканга айлантиришдан иборат. Бу ишларни амалга оширишда O‘zLiDeP Хонобод шаҳар Кенгаши фаоллари, партия депутатлик гуруҳи аъзолари фаол қатнашмоқдалар.
Айни пайтда шаҳарда 7 та болалар дам олиш оромгоҳи, 2 та аҳоли дам олиш масканлари мавжуд. Уларни қайта реконструкция қилиш замирида дам олувчиларга янада қулай шарт-шароитлар яратиш мақсади мужассам.
...“Хонобод санаторийси” қурилиши тўхтаб қолганига бир неча йиллар бўлган. Қаровсизлик, бепарволик оқибатида бу ишга масъуллар зиммасидаги бурчни унутган бўлсалар, не ажаб?! Жиддий топшириқ айни мана шу масканни барпо этиш ишларини тезлаштириб юборди.
Бироз ортга қайтайлик. 2004 йилда 18,5 гектар ҳудудни ўз ичига олган мазкур масканни қуриш-битказиш ишлари учун 8 миллиард сўм сарфланиши кўзда тутилган лойиҳа ишлаб чиқилиб, тасдиқланган. Бироқ лойиҳани амалга ошириш номаълум сабабларга кўра чала қолиб кетган. Атиги 3 миллиард сўм сарфланган-у,  қурилиш таққа тўхтаган. Орадан, мана, ўн йилдан зиёд вақт ўтиб, унутилган ваъдалар эсга олинди. Айниқса, давлат раҳбарининг ташрифи бу ишни жонлантириб юборди.  Санаторий қурилиши ишларига 100 миллиард сўмлик лойиҳа ишлаб чиқилди. “ЎзАвтосаноат” АК томонидан амалга оширилаётган мазкур бунёдкорлик бугун авж палласида.
– Мазкур дам олиш масканлари фойдаланишга топширилгандан сўнг йилига 300 мингдан ортиқ аҳолининг дам олиши режалаштирилган, – дейди Хонобод шаҳар ҳокими Мусохон Мамадалиев. –  Шунингдек, жорий йилнинг куз фасли охирига қадар Хонобод-Андижон йўналиши бўйича электропоезд қатнови  йўлга қўйилиши кўзда тутилмоқда. Темир йўллардаги капитал таъмирлаш ишлари жадал давом этмоқда. Шу ўринда яна бир нарсани қувонч билан айтиш мумкинки, “канат йўли” (сим арқонга бириктирилган челак шаклидаги махсус кабина билан) пастдан юқорига кўтарилиш йўналишини ҳам янгилаш йўлга қўйилмоқда. Унга кўра, янги қурилиши режалаштирилган уч қаватли гипермаркет ёнидан чўққидаги чархпалакка кўтарилиб, у ердан “Позилмон ота зиёратгоҳи”гача етказиш бўйича янги лойиҳа ишлаб чиқилди. Ушбу қурилиш ишлари ҳам кўп ўтмай ниҳоясига етади.
Маҳаллий аҳоли бунёдкорлик ишларига бефарқ эмас. Улар ҳам янги-янги ташаббусларни илгари суришмоқда. Жимгина куни ўтганига хурсанд одамни учратмайсиз. Масалан, маҳаллий аҳоли учун адирликдан ёнғоқ ва унаби кўчатларини экиб, парваришлари учун 1 гектардан  3 гектаргача ер майдонлари ажратиб берилмоқда. Демак, энди фермерлик, тадбиркорлик янада юксалиши турган гап. Бундан ташқари, корхона ва ташкилотларга ҳам аҳоли дам олиш масканлари қуришлари учун 1 гектардан  4 гектаргача ер майдонлари ажратилиб берилади.                   
Ҳашар – элга ярашар, дейишади. Бугун нафақат хонободликлар, балки юрагида шижоати, ғайрати бор ҳар бир инсон бу ердаги бунёдкорликда фаол. Эртанги обод Хонобод бугунги  чекилаётган ёқимли риёзатлар натижасида пайдо бўлади.
 Зилола РАҲМОНОВА,
“XXI asr” мухбири