Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Ўзингиз фойдаланинг ёки самарали ишловчига беринг акс ҳолда, таъсирчан солиқ механизми қўлланилади

Ўзингиз фойдаланинг ёки самарали ишловчига беринг акс ҳолда, таъсирчан солиқ механизми қўлланилади

Давлатимиз раҳбарининг шу йил 4 сентябрдаги “Ишлаб чиқариш майдонларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ишлатилмасдан бекор ётган объектлар мулкдорлари, барча даражадаги раҳбарларнинг мазкур объектлардан оқилона ва мақсадли фойдаланилиши бўйича масъулиятини кучайтириш, шунингдек, корхоналарни фаол хўжалик фаолиятига жалб этиш асосида янги иш ўринларини яратишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Андижон шаҳридаги “Нурмуҳаммад” масъ­улияти чекланган жамияти ҳудуди қарийб 4 гектар.  Жамият “Бухоро гипс” қўшма корхонаси ҳамда “Кнауф гипс Бухоро”, “Fuber side Plast” хорижий корхоналарининг маҳсулотини сотиш билан шуғулланиб келган, холос. Фаолият тури фақат дилерлик экани ҳисобга олинса, қанча майдон, қанча иншоотдан фойдаланилмаётганини тасаввур қилиш қийин эмас. Бўш ётган ишлаб чиқариш майдонларини хатловдан ўтказиш ва аниқлаш бўйича Идоралараро комиссия хулосасига кўра, мулкдорни соддалаштирилган солиқ солиш тизимидан умумбелгиланган солиқларни тўлаш тартибига ўтказишга қарор қилинди. Бу эса жамият раҳбарларини янги лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этишда ташаббус кўрсатишга ундади. Комиссияга фақат савдо-сотиқ билан кифоя­ланмасдан, балки импорт ўрнини босувчи 14 хил турдаги қуруқ қурилиш қоришмалари ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқчи эканликларини, бу орқали  20 га яқин янги иш ўрни яратилишини билдиришди. Ўз ҳолига ташлаб қўйилган омборхона қисқа муддатда таъмирланди. Идоралараро комиссия Андижон вилояти давлат солиқ бошқармасига ушбу жамиятга нисбатан таъсирчан солиқ механизмини бекор қилиш мақсадга мувофиқлиги юзасидан хулоса берди.

Шу пайтга қадар юқоридаги тадбиркорлик субъекти сингари ўз мулкига нисбатан парвосизлик қилиб келган  вилоятдаги 97 корхонага ҳам худди шундай қарор қабул қилиниши биланоқ, улар ҳам ҳаракатга тушиб,  янги фаолият турлари билан мамлакат иқтисодиётига ҳисса қўша бошлашди.

Андижон шаҳри Найман кўчасидаги Андижон механика заводи салкам 18 гектар ҳудудни эгаллаган. 6 гектардан зиёд майдон ўз ҳолига ташлаб қўйилган. Идоралар­аро комиссия талабига биноан, корхонага ҳам таъсирчан солиқ механизми қўлланилиши тўғрисидаги қарордан сўнг завод раҳбарияти ўз ихтиёри билан 6,3 гектар ерда жойлашган умумий майдони 6 минг 960 квадрат метрлик бўш турган ишлаб чиқариш биноларини маҳаллий ҳокимият захирасига топширишга розилик билдирди.  Ишлаб чиқариш майдонларидан самарали фойдаланишга ноқобиллиги сабабли “Уз Карам Ко” қўшма корхонаси ҳам худди шундай йўл тутди. 7 минг 501 квадрат метр майдондаги фойдаланилмаётган бинони маҳаллий ҳокимият захирасига ўз ихтиёри билан топширди.

Кошки, бино ва иншоотлари, ер майдонидан самарали фойдаланмаётган тадбиркорлик субъектлари ўз имкониятларини чамалаб, янги лойиҳаларни жорий эта олмасликларини мардларча тан олса. Йўқ, айримлар на ўзи ишлаб чиқаришни йўлга қўяди, на ташаббускорга беради. Тепса-теб­ранмас бундай хўжалик юритувчи субъектларга президентимизнинг юқоридаги қарорида фойдаланилмаётган объектлар мулкдорлари – юридик шахсларга мол-мулк ва ер солиқларини икки карра миқдорда тўлаш, 6 ойдан сўнг – беш карра, 12 ойдан сўнг ва кейинчалик – ўрнатилган ставкага нисбатан ўн карра миқдорда тўлашга ўтказиш белгиланган.

Ҳужжат ижроси доирасида айни пайтга қадар вилоятда бино ва иншоотлари, ер майдони ҳамда имкониятлари бўла туриб, самарали фойдаланмаётган, инвестиция лойиҳаларини тақдим этмаган 134 нафар мулкдорга нисбатан таъсирчан солиқ механизмларини қўллаш юзасидан талабномалар юборилган. Уларга 8 миллиард 551 миллион 771 минг сўм қўшимча ер ва мол-мулк солиғи қайта ҳисоб-китоб қилинди. Шу кунга қадар мазкур субъектлардан 3 миллиард 991 миллион 68 минг сўм маблағ ундириб олинди.

Алоҳида таъкидлаш жоизки, шу йилнинг 1 май санасидан бошлаб илгари хусусийлаштирилган, қурилиши тугалланмаган объектлар ҳамда майдони минг квадрат метр ва ундан ортиқни ташкил этувчи ва ундан фойдаланилмаётган мулкдорларга нисбатан кескин чоралар қўлланила бош­ланганди. Бу ишбилармонлар фаоллигини оширди. Натижада мамлакат бўйича бир ярим мингта корхона фаолияти тикланиб, 12 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилди.

Янги қарор ҳам тадбиркорларни хорижий инвесторлар билан ҳамкорликни кенгайтириб, имкониятлардан юқори даражада фойдаланишга, за­монавий ишлаб чиқариш ва янги иш ўрин­ларини ташкил этиш учун қулай ша­роит яратишга хизмат қилади.

 Акрамжон ОЧИЛОВ,

Андижон вилояти давлат
солиқ бошқармаси
бўлим бошлиғи