Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

“O‘zLiDeP кутубхоналари” захираси 20 мингдан ошди

“O‘zLiDeP кутубхоналари”  захираси 20 мингдан ошди Давлатимиз раҳбари ёшлар ўртасида китобхонлик маданиятини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратиб келаётгани барчамизга аён. Зеро, китоб инсоннинг энг яқин дўсти, йўлдоши, тўғри йўлга бошловчи маёқдир.
Президентимиз 2017 йил 12 январда “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойишга имзо чеккани бежиз эмас. Бугунги шиддатли даврда ҳар қандай мустақил мамлакатнинг эртанги тақдири айнан ёш авлоднинг интеллектуал салоҳияти, билими билан ўлчаняпти. Ана шундай шароитда ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш, китоб ўқиш маданиятини шакллантириш, уларни билимли, зукко, ҳар соҳада етакчи қилиб тарбиялаш биз учун сув ва ҳаводек зарур.

Табиийки, Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ушбу қизғин жараёндан четда тургани йўқ. Партиямиз томонидан китобхонликни оммалаштириш, ёшларни кўпроқ китобга ошно қилиш борасида тизимли ишлар йўлга қўйилиб, бугунги кунда янада кенг доирада давом эттирилмоқда. Хусусан, ўтган йиллар мобайнида партия фаоллари, тадбиркорлар, фермер ва депутатлар ҳомийлигида энг чекка ҳудудларда 20 мингдан ортиқ китобни ўз ичига жамлаган “O‘zLiDeP кутубхоналари” ташкил этилди.

Ўтган икки йил давомида партия томонидан “Дурдона” маърифий лойиҳаси доирасида жойларда туркум учрашувлар ўтказилди. Мазкур тадбирларда 30 мингга яқин ўғил-қизлар қамраб олинди ва уларга бепул китоблар тарқатилди. Қолаверса, электорат вакиллари кўмагида замонавий кутубхоналар барпо этилиб, уларга ўзбек ва жаҳон адабиёти дурдоналари тақдим этилди.

Эътиборга молик жиҳати, энг чекка ҳудудларда истиқомат қилаётган ёшларнинг бадиий, илмий адабиётлардан бемалол фойдаланишида “O‘zLiDeP кутубхоналари” яқиндан ёрдам бермоқда. Жумладан, Асака туманида 2 минг, Бахмал туманидаги Камар қишлоғида 1500 дан ортиқ, Олтиариқ туманида 4 мингта китоб фондига эга кутубхоналар фаолият кўрсатаётир.

Аввал хабар қилинганидек, шу йилнинг 19 март куни Президентимиз раҳбарлигида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, китобхонликни тарғиб қилиш масаласи яна бир бор кўтарилди ва бу борадаги устувор вазифалар белгилаб берилди.

O‘zLiDeP ҳам ана шу ҳаётий вазифалардан келиб чиқиб, бир қатор лойиҳаларга қўл урмоқда. Жумладан, республикамизнинг барча ҳудудларида партия фаоллари иштирокида “O‘zLiDeP, ёшлар, китоб ва маънавият” номли акция ўтказиш белгиланди. Ушбу тадбир бугун Тошкент вилояти Бекобод туманининг энг чекка Ачамайли қишлоғидаги 48-мактабда старт олади ва республикамизнинг барча ҳудудларида тизимли равишда ўтказилади.

Барча юртдошларимизни, партиямиз фаолларини ушбу тадбирда фаол қатнашишга чорлаймиз.

Гулруҳ ҚИЛИЧОВА