Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

“O‘zLiDeP кутубхонаси” лойиҳаси: ҲАР БИР ИШИМИЗ АНИҚ НАТИЖА БЕРСИН

“O‘zLiDeP кутубхонаси” лойиҳаси: ҲАР БИР ИШИМИЗ АНИҚ НАТИЖА БЕРСИН
ЖИЗЗАХ
O‘zLiDeP энг мўътабар, энг қадрли айём – мустақиллигимизнинг 26 йиллигини муносиб нишонлаш мақсадида бир қанча янги лойиҳаларни амалга оширмоқда. Диққатга сазовор жиҳати,  улар ўз моҳият-эътибори билан аниқ натижаларга, Президентимиз илгари сураётган ғояларни ҳаётга татбиқ қилишда O‘zLiDeP иштирокини таъминлаш, аҳолини ўйлантираётган муаммолар ечимини топишга йўналтирилган. Мазкур лойиҳалардан бири “O‘zLiDeP кутубхонаси” лойиҳасидир. Унинг юзага келиши давлатимиз раҳбарининг партиямиз VIII съездида илгари сурган ғоялари билан бевосита боғлиқлигини таъкидлаш жоиз.
Съезддаги маърузасида юртбошимиз: “Айни вақтда ёшларни китоб билан дўст бўлишига, аҳолининг китобхонлик савиясини янада оширишга алоҳида эътибор қаратиш лозим”лиги тўғрисидаги фикрни таъкидлаб, бу борадаги аниқ вазифаларни белгилаб берган эди.
Қайд этиш керакки, бу борадаги ишларга масъул давлат ташкилотлари томонидан талай ишлар амалга оширилмоқда. Партия ҳам ўз аъзолари, фаоллари имкониятларини хайрли ишга сафарбар этиб, эзгу ишларга салмоқли ҳисса қўшишга интилаяпти. Тизимли саъй-ҳаракатлар натижасида шу кунга қадар партия ташаббуси билан республикамизнинг барча ҳудудларидаги қишлоқ ва маҳаллаларда 20 га яқин “O‘zLiDeP кутубхонаси” ташкил қилинди. Бундай зиё масканлари Тошкент шаҳри ҳамда Тошкент, Бухоро, Хоразм, Фарғона вилоятларининг бир қанча туманларидаги маҳаллаларда фаолият юритяпти.
Шу ўринда бир савол туғилиши мумкин. Хўш, партия ўз кутубхоналарини нега асосан маҳаллаларда ташкил этаяпти? Бундан қандай мақсад кўзланган? Айтиш керакки, бу ташаббус маҳаллалар аҳлини, айниқса, ёшларни китоб мутолаасига қизиқишини ошириш, уларда китобхонлик маданиятини шакллантириш, энг асосийси – аста-секин ушбу кутубхоналарни маҳалладаги уюшмаган ёшлар билан ишлайдиган марказга айлантиришдан иборатдир. Шу туфайли бўлса керак, аҳоли бундай амалий ташаббусни қўллаб-қувватлаб, уни теран хайрихоҳлик билан кутиб оляпти.
Бундай кутубхоналарни очиш айниқса Мус­тақиллик байрами арафасида янада фаоллашди. Уларнинг ҳар бири маҳалла аҳлига O‘zLiDePдан ўзига хос байрам туҳфаси бўлмоқда. Яқинда Шароф Рашидов туманидаги “Олмача” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида навбатдаги “O‘zLiDeP кутубхонаси”нинг очилиши ҳам шу ерда яшовчи барча юртдошларимиз учун айни муддао бўлди. Айниқса, ёшлар бундан жуда қувонишди.  Кутубхона 3 мингдан ортиқ китоб фонди билан ишга тушган бўлса, тез орада жами адабиётлар сони 5 мингга етказилиши мўлжалланяпти. Кутубхонанинг очилиш маросимида вилоятдаги ёзувчилар, шоирлар, партиямиз фаоллари, йигит-қизлар, тадбиркор ва фермерлар, маҳалла фаоллари иштирок этди.
– O‘zLiDeP жуда хайрли ишга қўл урди, – дейди маҳалла фаоли Шодиёр Қўчқоров. – Истиқлол шодиёналари арафасида ташкил этилган ушбу кутубхона маҳалламиз аҳли, жумладан, ёшларимиз учун улкан туҳфа бўлди. Фарзандларимиз бу даргоҳга келиб, ўз билимларини бойитиб, бундан-да юксак чўққиларни эгаллашларига шубҳам йўқ. Сабаби, эзгуликка йўғрилган китоблар инсонларда ватанпарварлик, инсонпарварлик, миллий ифтихор, ахлоқий поклик каби энг нодир фазилатларни шакллантиради. Яхши тарбия топган фарзанд эса ўз юртига содиқ ва ота-онасига меҳрибон бўлади. 
Кутубхонанинг очилиш маросимида иштирок этганлар китобларнинг хилма-хиллиги, 7 ёшдан 70 ёшгача бўлган инсонларнинг қизиқиш ва дунёқарашига мос келадиган китоб фонди шакллантирилганлигидан бениҳоя мамнун бўлишди. Шунингдек, маҳалла нуронийлари мазкур маънавий бойликни асраб-авайлаш, уни янада бойитиш барчанинг бирдек вазифаси эканлиги тўғрисида сўзладилар.
Тадбир давомида яна бир янгилик эълон қилинди.  Фермер Шарофат ая Нориева ташаббуси ҳамда O‘zLiDeP шафелигида маҳалла ҳудудида келажагимиз соҳибларига қуёнчилик, паррандачилик, кулолчилик, тўқувчилик, қандолатчилик каби ҳунарларни ўргатувчи ўқув курси ҳамда тикувчилик цехи ташкил этилди. Эътиборлиси, ушбу ўқув курсида  эҳтиёжманд оилалар фарзандлари бепул ўқитилади.
– Маҳалламиз байрамона кайфиятда. O‘zLiDeP ташаббуси билан кутубхона, ўқув курси, тикув цехининг очилиши бизни ниҳоятда қувонтирди, – дейди цехга ишга қабул қилинган ёшлардан бири Мадина Нурматова. – Айниқса, мен каби анчадан буён иш излаб юрганлар шодлигининг чеки йўқ. Иш жойимиз маҳалланинг ўзида, маошимиз яхши. Бўш вақтимизда тенгдошларим билан китоб мутолаа қилиш учун ҳам шароит яратиб берилди. Бизларга марказдан асло қолишмайдиган мана шундай имкониятлар яратиб берилган экан, албатта, бу ишончни оқлашимиз керак. Маҳалламиз кўркига кўрк қўшган янги кутубхона биноси, ундаги катта китоб фонди китобсевар оилаларни кўпайтириш, ҳар бир хонадон ва маҳаллада, мўъжаз бўлса-да, кутубхона ташкил этиш учун саъй-ҳаракатларни бирлаштириш зарурлиги айтилди. Пировардида йиғилганлар ёшу қарини бирдек қувонтирган мана шундай маънавият масканларини қўшни маҳаллаларда ҳам барпо қилишга келишиб олдилар.
Шоира ҲАСАНОВА,
O‘zLiDeP Жиззах вилоят Кенгаши
масъул ходими
ФАРҒОНА
Куни кеча Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Ватанимиз мустақиллигининг йигирма олти йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида яна бир бор парламент ва фуқаролик жамиятининг муҳим институтлари бўлган сиёсий партиялар, жамоат ташкилотлари фаолиятини янги босқичга кўтариш хусусида тўхталиб ўтди. Давлатимиз раҳбари “...халқимиз ўз ҳаётидаги ижобий ўзгаришларни келажакда эмас, балки бугун кўришни, улардан бугун баҳраманд бўлишни истайди” дея алоҳида таъкидлаганлик­лари ҳам бежиз эмас.
Куни кеча эса ана шундай кутубхоналардан яна бири Фарғона вилоятининг Риштон туманида фойдаланишга топширилди. Риштонликлар O‘zLiDePнинг бу ташаббусини истиқлолимиз тўйига муносиб совға сифатида қабул қилдилар.  
Риштон туманидаги Бешкапа қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудидаги кулолчилик музейи биносида ташкил этилган ушбу маърифат масканининг очилиш маросими байрам тадбирларига уланиб кетди. Ёшу қарини бирдек руҳлантирган мазкур ташаббус, айниқса, қишлоқ ёшларида катта қизиқиш уйғотди. Улар она тилимизга таржима қилинган жаҳон адабиётининг сара дурдоналари билан бойитилган кутубхона энди қиш­лоқ аҳлининг севимли гўшасига айланишидан мамнун эканликларини изҳор этишди.
Шу кунларда яна бир нечта “O‘zLiDeP кутубхоналари”нинг очилишига қизғин тайёргарлик кўрилмоқда.
 O‘zLiDeP Фарғона вилоят Кенгаши
матбуот хизмати