Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

“O‘zLiDeP МЕНИНГ ТАҚДИРИМДА БЕҚИЁС САҲИФАЛАРНИ ОЧДИ”

“O‘zLiDeP МЕНИНГ ТАҚДИРИМДА БЕҚИЁС САҲИФАЛАРНИ ОЧДИ”
Ёшлик инсон ҳаётининг кейинги йиллари учун уруғ қадаладиган баҳор палласидир, деган эди файласуфлардан бири. Дарҳақиқат, шундай. Энг муҳими, эзгулик уруғини ўз вақтида қадашдир.
 
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ҳам ана шу тамойилга амал қилган ҳолда ёшлар масаласига алоҳида аҳамият қаратмоқда. Сайловолди дастурида белгиланганидек, партиянинг саъй-ҳаракатлари ҳар томонлама ривожланган ва соғлом ёш авлодни, Ватанга содиқ, ривожланган бозор муносабатлари ва фуқаролик жамияти шаклланиши жараёнларида фаол иштирок этишга тайёр йигит-қизларни тарбиялашга йўналтирилади. Ёшлар учун сабот билан, босқичма-босқич ижтимоий кўтаринкилик муҳитини яратиш ва уларнинг ижтимоий-сиёсий истиқболини таъминлашга бор кучини сафарбар этади.
Айтиш жоизки, O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасининг ёшлар билан ишлаш бўлими томонидан партия сайловолди платформаси ҳамда 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ижросини таъминлаш мақсадида кўплаб хайрли ишлар амалга оширилди. Айниқса, пойтахт ва ҳудудларда турли лойиҳа ва кўргазмаларнинг мунтазам ўтказиб келинаётгани муҳим омил бўлмоқда. Биргина шу йилнинг ўтган 9 ойи давомида жами 1 999 та тадбир ва учрашув ташкил этилиб, уларда 157 700 нафар олий ўқув юрти ва коллеж битирувчилари, уюшмаган ва фаол йигит-қизлар иштирок этди. Энг асосийси, бундай учрашувларда интилувчан ёшлар бир-бирларидан ўрнак олиш баробарида тажриба орттиришмоқда. Ҳозир эътиборингизга “Ёшлар қаноти” томонидан турли йўналишларда амалга оширилган амалий ишларни ҳавола этамиз.
 

Ватаним тараққиётига менинг ҳиссам
 
Ёш тадбиркорлар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар кўргазмасининг мазкур шиор остида ўтказилаётгани бежиз эмас, албатта. Мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётган бир пайтда асосий электорати тадбиркор, ишбилармон ва фермерлардан иборат бўлган O‘zLiDeP ислоҳотларга кўмакчи бўлиш мақсадида “Ватаним тараққиётига менинг ҳиссам” шиори остида кўргазма ўтказишни йўлга қўйган эди. Кўргазма баҳона ёш тадбиркор, фермер ва ҳунарманд­лар ўзлари ишлаб чиқарган маҳсулот, хизмат турлари ҳамда инновацион ғояларини кенг тарғиб қилиш имкониятига эга бўлишди. Коллеж битирувчилари эса бизнес лойиҳа ишлаб чиқиш, тадбиркорликни бошлаш ва бош­қариш ҳақида батафсил маълумот олаётганларидан хурсанд.
Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлашга қаратилган мазкур кўргазмани ўтказишда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ўрта махсус касб-ҳунар таълими ҳамда Тадбиркорлик ва фермерликни қўллаб-қувватлаш марказлари яқиндан ёрдам беришмоқда.
 – Тақдимотларни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад ёш тадбиркорлар фаолиятини тарғиб этиш ва янги иш ўринлари ташкил қилишдир, – дейди O‘zLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси Кенгашининг ёшлар билан ишлаш бўлими мудири Муҳаббат Ахназарова. – Кўргазмада иқтисодиётимиз ривожига ҳисса қўшиб келаётган қирқдан ортиқ ёшлар ўз маҳсулотлари билан қатнашди.
Жиззах вилояти Зафаробод туманилик Умида Раҳмонова – якка тартибдаги тадбиркор. Ҳали ёш бўлишига қарамай, соҳада етарлича тажриба тўплаган тиниб-тинчимас, ғайратли қизимиз яна бир хайрли ишга қўл урди.
– Юртимизда биз, ёшларнинг иқтидоримизни юзага чиқариш учун барча шарт-шароитлар яратилган, – дейди Умида. – Ўзимдан қиёс. 2015 йили O‘zLiDePнинг “Диплом билан бизнесга” лойиҳасида ғолиб бўлдим. Мукофот – “Микрокредитбанк” ажратган 3 миллион 500 минг сўм миқдоридаги имтиёзли кредит ҳисобига тикув цехи очдим. Ҳозирда 8 тенгдошим билан бир-биридан гўзал либослар тикаяпиз. Яқинда 7 миллион сўм миқдорида молиявий сармоя олиб, беданачиликни ҳам йўлга қўйдим.
– Халқ амалий санъати намуналарини кўриб, беихтиёр қўлигул ёшларнинг маҳоратига лол қоласиз, – дейди O‘zLiDeP Жиззах вилоят Кенгашининг ёшлар билан ишлаш бўлими мудири Олим Норжигитов. – Қувонарлиси, ишбилармонларнинг маҳсулотлари ҳозирданоқ ўз харидорини топиб улгурган. Буни жиззахлик ёшлар мисолида ҳам кўриш мумкин.
Дарвоқе, бу каби кўргазмаларда республикамиз бўйича 600 га яқин қиз-йигитлар фаол иштирок этди.
 
 
Диплом билан бизнесга йўл
 
Юртбошимизнинг “Таълим муассасаларининг битирувчиларини тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида 2010 йил ишлаб чиқилган мазкур лойиҳа ўз номи билан дипломли йигит-қизларни бизнес оламига бошламоқда.
Лойиҳа доирасида ташкил этилган махсус семинар-тренингларда 45 мингдан зиёд коллеж битирувчиларининг бизнес режалари тижорат банкларига тавсия этилди. Бизнес режаси энг маъқул деб топилган 2 712 нафар ёш тадбиркорга фаолиятини бошлаши учун тижорат банклари томонидан қарийб 47 миллиард сўм миқдорида маблағ ажратилди.
 
Мулкдор – юрт таянчи
Мулкдор бўлишни ким ҳам орзу қилмайди, дейсиз. Бу ниятга эришиш каттаю кичикка бирдек муҳим. “Ёш мулкдор – юрт таянчи” лойи­ҳасининг асосий мақсади ҳам мулкдор бўлиш ниятидаги ёшларнинг қўлидан тутиш ва кўмак бериш.
– Шу йил 14 840 нафар вақтинча ишсиз, уюшмаган ёшлар ўртасида сўровнома ўтказганимизда, уларнинг 7 250 нафари тадбиркор ва фермерликка қизиқиши маълум бўлди, – дейди O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасининг Ёшлар билан ишлаш бўлими етакчи консультанти Нилуфар Отаева. – Сир эмас, семинарларни кўпчилик шунчаки тадбирбозлик деб тушунади. Аммо тадбирлар ёшларнинг кўнглига қўл солиш, муаммоларини ўрганиш, эркин фаолиятларига бўлаётган қаршиликларни тўсиқларни аниқлаш учун жуда қулайдир. Юзма-юз мулоқотларимиз чоғида 822 нафар қатнашчи ўз бизнесини бошлашда тўсиқларга дуч келаётганини билдирди. Зарур саъй-ҳаракатлардан сўнг кўпчилигининг муаммоси жойида ҳал этилди. 193 нафар иштирокчини қийнаётган масала эса тегишли ташкилотларга мурожаат этилгач, ижобий ечим топди.
 
Банд инсон – бахтли инсон
 
Фойдали меҳнат билан банд бўлмаган инсон борки, турли ўй-хаёлларга берилади, турмушидан кўнгли тўлмайди, ўзини кераксиз матоҳдек ҳис этади. Завод ва фабрикаларда тенгқурлари орасида жавлон уриб, маошини ота-онасига тутқазиб, уларнинг дуосини олишга нима етсин?
Узоққа бормайлик, жорий йилнинг 18-25 август кунлари Наманган вилоятида O‘zLiDeP “Ёшлар қаноти” ташаббуси билан “Буюк келажак сари Президент ғоялари билан” шиори остида ўтказилган форум водийликлар ҳаётида унутилмас воқеа бўлди.
“Ёшлар бандлигини таъминлаш муҳим вазифамиз” шиори остида ўтган тадбирга партия туман кенгашлари ходимлари, маҳалла фаоллари, бошланғич партия ташкилотлари етакчилари, депутатлар, корхона, ташкилот, муассасалар раҳбарлари, тадбиркорлар ҳам таклиф этилди. Улар ёшларга ўз корхоналаридаги шароитлар, бўш иш ўринлари ҳақида маълумот беришди. 308 нафар уюшмаган ёшлар 6 кун мобайнида партия фаоллари бошқараётган субъектларга ишга жойлаштирилди!
– Маҳаллаларда бўлган мулоқотлар жараёнида ишлашга иштиёқи ва билими бор ёшлар билан суҳбатлашдик, – дейди Чуст туманидаги “Жасурбек жасорат” хусусий корхонаси иш юритувчиси Улуғбек Эргашев. – Самимий ва дўстона суҳбатлардан кейин уларнинг 8 нафарини ишга қабул қилдик. Бундан уларнинг ота-оналари ҳам хурсанд.
– Наманган шаҳридаги “Зафар келажак спорт сервис” корхонаси довруғини кўп бор эшитган эдим, – дейди форум иштирокчиларидан бири Ҳошимхон Нурмирзаев. – Мустақиллик байрами арафасида O‘zLiDeP шаҳар Кенгаши аппарати раҳбари Соҳибаҳон Ғаффорова депутат ва тадбиркорлар ҳамда “Зафар келажак спорт сервис” корхонаси раҳбари билан бирга маҳалламизга келиб, биз билан суҳбатлашди. Корхона раҳбари бугунги фаолияти, ишлаб чиқариш субъектида ишчи-хизматчилар учун яратилган шароитлар ҳақида сўзлаб берганида қизиқишим янада ошди. Фурсатдан фойдаланиб, мени ҳам ишга қабул қилишларини сўраган эдим, илтимосим ерда қолмади. Ҳозир фойдали меҳнат билан бандлигимдан, оиламиз иқтисодий ривожига ўз ҳиссамни қўшаётганимдан бахтиёрман.
– Бу ҳали ҳаммаси эмас.  – дейди O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасининг ёшлар билан ишлаш бўлими етакчи консультанти Тоир Салимов. – Бундай ёшларнинг 30 нафари “Наманган момиқ сочиқлари”, 16 нафари “Наманган темир-бетон буюмлари”, 10 нафари “Ixlos textile sanoat” масъулияти чекланган жамиятларида иш бошлашди. Яна 90 нафар қизларга “8 март” тикувчилик корхонаси ўз бағрини очган бўлса, Тўрақўрғон туманидаги “Dilrabo SDA” кўп тармоқли ишлаб чиқариш фирмаси 30 нафар йигит-қизларга ишлаб маош олиш шароитини яратиб берди.
Бундай эзгу мақсаддаги тадбирлар Қорақалпоғистон Республикаси бўйлаб ҳам ўтказилди. Ушбу ҳудудда 21 773 нафар уюшмаган ёшлар аниқланган бўлса, уларнинг
9 минг 34 нафари норасмий меҳнат билан банд экан. 6 336 нафар йигит-қиз эса меҳнат, ўқиш ёки бошқа сабабларга кўра чет элларга чиқиб кетган. Хонадонларга ташрифлар давомида 190 нафар навниҳолнинг бандлиги таъминланди. Хўжайли ва Чимбой туманларида бўлган меҳнат ярмаркаларида яна 93 нафар юртдошимиз бекорчиликдан қутулди.
 
Фермер – келажак пойдевори
 
Мустақиллик йилларида қишлоқ хўжалигида мутлақо янги иқтисодий муносабатлар жорий этилиб, фермерлик ҳаракатига кенг йўл очилди. Бугунги кунда фермер хўжаликлари нафақат қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 90-92 фоизини ишлаб чиқармоқда, балки улар қишлоқ тараққиёти учун масъулиятни ўз зиммасига олган, халқимиз фаровонлиги йўлида тинмай хизмат қилаётган, қудратли ижтимоий-сиёсий ҳаракатга айланмоқда.
O‘zLiDeP “Ёшлар қаноти” ташаббуси билан “Ёш фермер” кўрик-танлови ёшларнинг соҳага қизиқишини кучайтириш, билимини ошириш мақсадида ўтказиб келинмоқда. Таъкидлаш лозимки, танловда иштирок этиш истагини билдирганлар бу йил янада кўпайди. Масалан, 2016 йили лойиҳада 600 дан ортиқ ёш иштирок этган бўлса, айни йилда уларнинг сони 1 300 нафарга етди.
– Тумандаги энг ёш фермерман, – дейди танловнинг Қашқадарё вилоят босқичи ғолиби Акмал Оромов. – Фермер бўлишимга O‘zLiDeP туман Кенгаши фаоллари яқиндан ёрдам беришган. Кўп йиллардан буён партия тадбирларида қатнашиб, билим ва тажрибамни ошириб келяпман. Хўжалигимиз тасарруфида 82 гектар ер бор. Бу йил 40 гектар майдондан 45 центнердан ғалла, 42 гектар майдондан мўл пахта ҳосили олдик. Ёш бўлсам-да, 20 нафар тенгдошимнинг бандлигини таъминлаганимдан хурсандман. Бу йил яна 20 сотих майдонда иссиқхона ташкил этдик. 300 бош чорва боқиладиган замонавий комплекс қуряпмиз. Йил якунигача гўштни қайта ишлайдиган технологияни ишга тушириш ниятидамиз.
Лойиҳанинг мувафаққиятида ҳамкор ташкилотларнинг ҳам муҳим ўрни бор. Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжалик­лари ва томорқа ер эгалари Кенгаши, ҳудудий касаба уюшмалари, туман ва вилоят ҳокимлик­лари танловнинг самарали ўтказилишига катта ҳисса қўшмоқда. Ҳозирда ёш фермерлар шу ойда ўтказиладиган республика босқичига қизғин тайёргарлик кўришмоқда.
 
Олим ва мутахассисларга мадад
 
Барқарор ривожланиш, янгича қараш, олдинга интилиш каби ғоялар эгаси, албатта, олиму зиёлилардир. Бундай инсонлар ҳамиша қўллаб-қувватланиб, рағбатлантириб келинган. O‘zLiDeP ташкил этаётган “Ёш олимлар ва мутахассислар” ҳудудий ва республика танловлари айни шу мақсадни кўзлайди.
“Давлат ва жамият ривожининг ҳозирги босқичида мамлакатни демократик янгилаш ва модернизациялаш жараёнларининг долзарб масалалари” ва “Ўзбекистонда давлат ва жамият қурилиши соҳасидаги ислоҳотлар – тизимлилик, изчиллик ва ўзаро боғлиқлик” мавзуларида бўлиб ўтаётган мусоҳабалар ёш олимларимизда катта қизиқиш уйғотди.
Натижаларни таҳлил этадиган бўлсак, 2012 йили ташкил этилган беллашувда 140 дан ортиқ ёш олим ва тадқиқотчи иштирок этган. Шулардан партия кадрлар захирасига 80 нафари олинган бўлса, кейинги йилда 200 нафар ёш олим ва катта илмий ходим-изланувчи захирага киритилди.
Амалиётга жорий этиш мақсадида саралаб олинган илмий ишлар салмоғига ҳам эътибор қаратиш ўринлидир. 2012 йили 53 та илмий ишлар танланган бўлса, бу кўрсаткич 2013 йили 160 та, 2015 йили 90 тани ташкил этган. Танловда қатнашган ёш олимларнинг сон жиҳатидан кўлами ҳам сезиларли даражада ортган.
– Бу танлов ёшлар орасида кенг оммалашган ва амалий аҳамиятга эгадир. Ўтган 4 йил мобайнида 600 дан ортиқ ёш олимлар қамраб олиниб, илғор ғояларини ҳаётга татбиқ қилишда амалий ёрдам кўрсатилди. Яқин кунларда танловнинг ўтган йиллардаги ғолиблари билан учрашиб, уларга партиямиз томонидан нашр қилинган мақолалар тўпламини тақдим қилмоқчимиз. Кейинги давр учун янги танлов эълон қилишни режалаштирмоқдамиз, – дейди “Ёш олимлар ва мутахассислар” лойиҳаси координатори Мэлс Тошев.
– Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг БМТ минбарида сўзлаган нутқи биз ёшлар учун тарихий аҳамиятга эгадир, – дейди ёш олим, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясининг катта илмий ходими Актам Холов. – Президентимиз дунёда 2 миллиарддан ортиқ нуфузга эга ёшларни қўллаб-қувватлаш, ўз салоҳиятини кенг намоён этишига ёрдам бериш мақсадида Ёшлар конвенциясини қабул қилишни таклиф этди, жаҳон ҳамжамияти олдида Ўзбекистон ёшлар масаласини давлат сиёсати даражасига кўтарган ва мазкур йўналишда амалий қадамлар ташлаётган мамлакат сифатида намоён бўлди. Ёш олим сифатида O‘zLiDePнинг ҳар бир йиғилиш ва конференциясида “Ғоялар лабораторияси”ни яратиб, ҳудудлардаги ёшлар муаммоларини аниқлаш ва муаммо динамикаси, трендини тузишни таклиф қиламан. Партиянинг фаол аъзоси сифатида бу каби лойиҳалар нафақат сон, балки сифат жиҳатидан ҳам янги босқичга чиқиши тарафдориман.
 
O‘zLiDeP кутубхонаси
 
Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг VIII съездидаги маърузасида Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, айни вақтда ахборот-коммуникация соҳасидаги охирги ютуқларни ўзлаштириш билан бирга, ёшларнинг китоб ўқишга қизиқишини ошириш, уларни китоб билан дўст бўлиши, аҳолининг китобхонлик маданиятини янада оширишга эътибор қаратиш лозим. Бунинг учун, аввало, миллий адабиётимиз ва жаҳон адабиётининг энг сара намуналарини ижтимоий тармоқларга жойлаштириш ва уларни кенг тарғиб қилиш муҳим аҳамият касб этади. 2017 йил 12 январда давлатимиз раҳбарининг “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойиши қабул қилиниши эса юқоридаги фикрларнинг мантиқий давоми бўлди. Шундан келиб чиқиб, “Ёшлар қаноти” фаоллари ўзлари учун бир қатор вазифаларни белгилаб олишди. “O‘zLiDeP кутубхонаси” лойиҳаси ана шундай эзгу мақсадлардан биридир. Ниятимиз – ҳар бир маҳаллада кутубхона ташкил этиш орқали аҳоли, айниқса, ёшларнинг маъанавиятини юксалтиришдир.
Кутубхона ташкил этишда асосий электоратимиз ҳисобланган тадбиркор ва фермерлар, партия ва “Ёшлар қаноти” фаоллари, депутатлар салмоқли ҳисса қўшиб келмоқда. Жавонлардан ўзбек ва жаҳон адабиёти намуналари билан бирга тадбиркорликка оид китоб­лар ҳам ўрин олган.
– O‘zLiDeP кутубхонасининг очилиши яхши ташаббус бўлди, – дейди Қува тумани Қақир маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган “Бойистон ота” фермер хўжалиги раҳбари, “Ёш фермер – 2016” кўрик-танловининг рес­публика босқичи иштирокчиси Абдулатиф Исахонов. – Бу ерда мавжуд 5 мингга яқин турли йўналишдаги адабиётлар каттаю кичикнинг маънавий дунёқарашини бойитишга беминнат хизмат қилмоқда. Мен ҳам бўш вақтимда кутубхонага келиб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва чорва ҳайвонлари етиштиришнинг назарий асосларидан бохабар бўлиб тураман.
– Бугунги кунда замонавий ахборот технологиялари, яъни интернетдан унумли фойдаланган ҳолда юртимиз ва жаҳонда рўй бераётган воқеа-ҳодисалардан хабардор бўлиб келяпмиз. Аммо кутубхонада ўтириб, мутолаа қилишнинг завқи барибир ўзгача-да! Шунинг учун партиямиз томонидан корхонамизда ташкил этилган кутубхонадаги адабиётларни ўқиб-ўрганиб, билимларимизни янада ошириб келмоқдамиз. Бунинг учун партия фаолларига корхонамиз ходимлари номидан ташаккур билдирамиз, – дейди “Наманган момиқ сочиқлари” масъулияти чекланган жамияти ишчиси Камолхон Раҳматов.
Ҳозир жойларда бундай маърифат масканларининг сони 30 га етди. Айниқса, Фарғона, Наманган вилоятлари ва Тошкент шаҳрида бу борада кўпроқ амалий натижаларга эришилди. Ўз навбатида китоб фондини янада кўпайтириш ҳам диққат марказида. Хусусан, пойтахтимизнинг Учтепа тумани Журжоний маҳалла гузарида ташкил этилган масканда китоблар дастлаб 300 та бўлган бўлса, Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати Бахтинур Саидов ёрдамида китоблар фонди 3 000 донага етди. Хоразм вилояти Ҳазорасп туманидаги “GM Ўзбекистон” қўшма корхонаси бошланғич партия ташкилоти фаоллари томонидан ташкил этилган зиёхонанинг китоб фонди 400 тадан 1 000 тага кўпайди.
 
Парламент – ёшлар манфаатлари ҳимоячиси ва демократия мактаби
 
Олий Мажлис Қонунчилик палатасида 27–28 октябрь кунлари ушбу мавзуда ташкил этилган анжуманга республикамизнинг турли ҳудудларидан келган талабалар жам бўлди. Тадбирларда O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ходимлари, партия фракция­си аъзолари ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси фаолиятини яқиндан кузатиб бораётган 200 нафар иқтидорли ёшлар иштирок этди.
 
 
Таъкидлаш жоизки, давлатимиз раҳбари шу йил 12 июль куни Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан бўлиб ўтган видео­селектор йиғилишидаги нутқида қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш жараёнида ёшлар иштирокини таъминлаш, уларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, мамлакатимиз тараққиёти йўлида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг аҳамиятини ёшлар орасида кенг тарғиб этишни устувор вазифа қилиб белгилаган эди. Бунинг учун уларга Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатига эркин кириб чиқиш, қонунларни ишлаб чиқиш жараёнида қатнашиш, депутатлар билан бевосита мулоқот қилиш имкони яратилиши кераклигини таъкидлаган эди. Шундан сўнг партия ёшлар билан ишлаш йўналишида бир қатор янги лойиҳаларга қўл урди. Жумладан, жойларда ёшлар ва партия депутатлик гуруҳи аъзо­ларининг учрашувлари ташкил этилди. Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги тадбир ҳам ёшлар ва депутатларнинг мулоқот майдонига айланди.
Анжумандан кўзланган асосий мақсад – ёшларни парламент қуйи палатаси фаолияти билан яқиндан таништириш, янги қонун лойи­ҳалари ишлаб чиқиш жараёнида уларнинг бевосита иштирокини таъминлаш ҳамда шу каби анжуманлар орасидан бўлажак депутат ва сенаторларни тайёрлашдан иборатдир.
Тадбир давомида “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида” ҳамда “Халқ депутатлари вилоят, туман (шаҳар) кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида”ги қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш юзасидан муҳокамалар ўтказилиб, иштирокчилардан таклифлар олинди. Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракцияси аъзолари билан учрашув ташкил этилди. Депутатлар ёшларни қўмиталар фаолияти билан яқиндан таништиришди.
Тадбирнинг иккинчи куни ҳам қизиқарли маърузалар, баҳс-мунозараларга бой ўтди. Жумладан, “Ўзбекистонда сиёсий партияларнинг давлат ва жамият қурилиши тизимидаги роли ва аҳамияти: бу борада O‘zLiDePнинг дас­турий мақсад ва вазифалари”, “Сиёсий партияларнинг депутатлик гуруҳлари фаолияти” мавзусидаги маърузалар анжуман иштирокчиларида катта таассурот қолдирди. Маърузаларда тараққиётимизнинг янги даври сиёсий партия ва унинг фракцияси, депутатлик гуруҳлари олдига қўяётган талаблар ҳақида батафсил сўз юритилди.
Анжуман доирасида O‘zLiDePнинг “Ёш либераллар” клуби ҳамда унинг “Келажак депутатлари” ва “Ёш тадбиркорлар муаммоларини ўрганиш” гуруҳларининг тақдимоти ўтказилди. Иштирокчилар вилоятлар кесимида гуруҳларга бўлиниб, “Келажакда депутат бўлсам” мавзусида тақдимот тайёрлашди. Уларнинг чиқишларини баҳолашда ўзлари яшаб турган ҳудуддаги муаммони очиб бериши ва унга депутат сифатида қандай ечим топишига алоҳида аҳамият қаратилди.
 
Авазбек Абдусаидов,
Тошкентдаги ИНҲА университети талабаси,
“Сурхондарё” гуруҳи аъзоси:
 
 Биз ўзимизни ҳақиқий депутат деб ҳис қилиб, таклифларимизни ишлаб чиқдик. Асосий ғоямиз – вилоятимизни янги Буюк ипак йўлига тайёрлашдир. Биламизки, Хитой Буюк ипак йўли лойиҳасига 80 миллиард доллардан ортиқ маблағ инвестиция йўналтирган. Ушбу йўлнинг Сурхондарёдан ўтиши кўзда тутилаётган экан, вилоятимизни шунга тайёрлашимиз керак. Бу нафақат Сурхондарё, балки бутун Ўзбекистон учун ниҳоятда аҳамиятлидир.
 
Лазизжон Тошниёзов,
Губкин номидаги Россия давлат нефт ва газ университети
Тошкент филиалининг маънавият ва маърифат ҳамда
иқтидорли ёшлар билан ишлаш бўлими методисти:
 
 Партия қошида миллий қадриятларимизни тарғиб қилувчи гуруҳни шакллантириб, дунё бўйлаб саёҳатни йўлга қўйиш керак. Бундан кўзланган асосий мақсад – ўзбек маданиятини бутун дунёга танитишдир. Бир вақтнинг ўзида ҳам уларнинг маданиятини ўрганамиз, ҳам ўзимизникини ўргатамиз. Қолаверса, дунё кезган инсоннинг фикрлаши ўсади. Шу лойиҳани ёзги мавсумда йўлга қўйсак, айни муддао бўларди.
Ёшларнинг “Келажак депутатлари” гуруҳи фаолияти ҳақида билдирган фикрлари, айниқса, аҳамиятлидир. Анжуман доирасида иштирокчилар келажак депутати сифатида ўз сайловолди дастурларини муҳокама қилишди. Жумладан, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, тадбиркорлик субъектларини ташкил этиш бўйича норматив ҳуқуқий ҳужжатларни янада соддалаштириш, тадбиркорлар учун берилган имтиёзлар муддатини узайтириш, аҳолининг турмуш даражасини ошириш бўйича айтилган фикрлар партия фракцияси аъзоларининг ҳам эътирофига сазовор бўлди.
Анжуман якунида иштирокчиларга партиянинг аъзолик гувоҳномалари ва сертификатлари топширилди.
 
 
“Start Up”:
пухта ва пишиқ бизнес режалар
 
Ишбилармон ва тадбиркорлар манфаатларини ҳимоя қилиш орқали ўрта қатлам сафини кенгайтириш, иқтисодиётни модернизация қилиш, диверсификациялаш, шу туфайли иқтисодий барқарорликка эришишни мақсад қилиб сиёсий майдонга чиққан O‘zLiDeP ҳозиргача бу борада салмоқли ишларни амалга ошириб улгурди.
Навбатдаги амалий қадамлардан бири – “Ёшлар қаноти” томонидан ёш тадбиркорлар ёки эндигина соҳага кириб келаётган ёшларга инвесторлар, йирик тадбиркор ва давлат ташкилотлари билан мулоқот майдонини яратиш мақсадида “Start Up” лойиҳасини бошлади.
“Start Up” – ривожланиш орқали фойда олишни мақсад қилган бизнес лойиҳа бўлиб, оригиналлиги, амалдагилардан нусха олинмагани билан ажралиб туради. Бошқача айтганда, бизнесга янгича ёндашувдир.
Ушбу лойиҳа доирасида “Start up invest”, “Start up export” ҳамда “Start up innovation” йўналишлари бўйича республика бўйича ўтган 30 дан ортиқ тадбирда 2 мингга яқин ёшлар қамраб олинди. 153 нафар йигит-қизлар ўз лойиҳаларини тақдим қилишди, 9 нафари инвестор топди, 3 нафар тадбиркор эса ўз маҳсулотларини экспорт қилишга тегишли ташкилотлардан рухсат олди ва 2 нафар ёш инноватор ўзаро ҳамкорлик битимини имзолади.
– Партия томонидан ташкил этилган “Start up invest” лойиҳаси доирасидаги очиқ мулоқотда ўз бизнес режам билан қатнашган эдим, – дейди Бойсун туманидаги “Абдулла Бойсуний” деҳқон хўжалиги раҳбари Абдулла Темиров. – Бизнес режамнинг асосий мақсади Янги Зеландиядан наслдор қуёнларни маҳаллий шароитимизга мослаштириб, бизнесни йўлга қўйишдан иборат. Лойиҳага сарфланадиган маблағ 23 миллион 500 минг сўмни ташкил қилади. Бунинг учун тижорат банкларидан кредит олишим керак эди. Мен “Start up invest” лойиҳасида қатнашиб, бизнес-режамнинг камчиликларини бартараф этиб, ҳужжатларимни “Микрокредитбанк”нинг туман филиалига топширдим. Айни пайтда Янги Зеландиянинг наслдор оқ рангли қуёнидан 100 тасини хоразмлик тадбиркор билан ўзаро шартнома асосида келтирдик. О‘zLiDeP бунда яқиндан кўмакдош бўлиши муаммоларимиз ечимида жуда асқотмоқда.
– Ёшларнинг бизнес режа ва лойиҳалари бир-биридан қизиқарли ва аҳамиятли, энг муҳими, пухта ишланган, – дейди Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Улуғбек Ниёзов. – Айниқса, боёвутлик Мақсуд Назарқуловнинг бизнес режаси менда катта қизиқиш уйғотди. Уни амалга ошириш учун туман ҳокимлиги томонидан ер майдони ажратилса кифоя. Албатта, бу масалада ёш тадбиркорга депутатлик гуруҳлари билан бирга амалий ёрдам берамиз.
 
 
“Ёшлар қаноти”нинг келгусидаги мақсад ва режалари нималардан иборат?
 
Бу ҳақда партия Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасининг ёшлар билан ишлаш бўлими мудири Сардор Марипов шундай дейди:
– O‘zLiDeP “Ёшлар қаноти”нинг асосий мақсади – янгилик яратишга чанқоқ, замон руҳини теран илғайдиган, ишбилармон ва тадбиркор, малакали, ёш мутахассисларни ўз атрофида жипслаштириш ва уларнинг салоҳиятидан фойдаланган ҳолда партиянинг дастурий мақсад ва вазифаларини ҳаётга татбиқ этишдир. Шунингдек, уюшмаган ёшларнинг ҳам ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, манфаатларини ҳимоя қилиш, интеллектуал салоҳиятини тўлиқ намоён этиш ҳамда жамиятда муносиб ўрин эгаллашлари учун шарт-шароит яратиб бериш, бандлигини таъминлашга кўмаклашишдан иборатдир.
Кези келганда айтиш керакки, юртимизда ёшлар сиёсатини амалга ошириш бўйича мустаҳкам ҳуқуқий асос яратилган. Хусусан, “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши, Президентимиз ташаб­буси билан Ўзбекистон Ёшлар иттифоқининг ташкил этилиши, 30 июнь – “Ёшлар куни” деб эълон қилиниши, давлатимиз раҳбарининг БМТ бош ассамблеяси 72-сессиясида сўзлаган нутқида ёшлар масаласига алоҳида урғу бергани ва махсус халқаро конвенция ишлаб чиқиш таклифини илгари сургани мамлакатимизда бу борада чуқур ислоҳотлар олиб борилаётганидан далолатдир.
Юртбошимиз Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан видеоселектор йиғилишидаги маърузасида партияларнинг ёшлар йўналишида олиб борилаётган ишларини танқид қилган эди. Шундан тўғри хулоса чиқарган ҳолда, фаолиятимизни қайтадан кўриб чиқдик ва уни замонавий талаблар асосида тубдан такомиллаштириш мақсадида декабрь ойида “Ёшлар қаноти”нинг ҳисобот конференцияларини ўтказишни режалаштирдик. Бунда бўлимнинг 2016-2017 йиллардаги фаолиятини танқидий-таҳлилий кўриб чиқиб, йўл қўйилган айрим камчиликлар ва келгусида амалга оширилиши лозим бўлган вазифаларга алоҳида тўхталиб ўтамиз. “Ёшлар қаноти”нинг ёшларга оид сиёсати стратегияси ва янги таҳрирдаги низоми лойиҳалари ишлаб чиқилиб, кенг муҳокамаси ташкил этилиши ҳамда “Ёшлар қаноти” гуруҳлари таркибини давлат ва жамият ишлари, ўзини ўзи бошқариш жараёнларида бевосита иштирок этишга тайёр, изланувчан, фидойи ва ватанпарвар ёшлар ҳисобига янгилаш ҳам кўрилади.
Айни пайтда жойларда гуруҳлар фаоллари конференциянинг ҳудудий босқичларига алоҳида тайёргарлик кўришмоқда. Бу эса тадбирларни юқори савияда ўтказиш, келгусидаги ҳар бир ишга масъулият билан ёндашишда муҳим аҳамият касб этади. Ишонамизки, O‘zLiDeP келгусида самарали фаолият орқали мамлакатимиз ёшлари билан яқиндан иш олиб борадиган, уларнинг дарду ташвишларини бартараф этишга кўмаклашадиган кучлардан бирига айланади.
Биз келажагимиз эгаларининг эзгу орзу ва мақсадлари сари баланд парвоз этишларида уларга қўшқанот бўламиз!
 
Қўшсаҳифани “XXI asr” мухбири
Нурхон ЭЛМИРЗАЕВА ҳамда
ЎзДЖТУ талабаси Чарос ЁҚУБОВА
тайёрлади.
<!-- [if gte mso 9]> <w:LsdExcep