Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

O`zLiDeP шафелигида ўтказилган “Ўзбекистон фаол тадбиркорлари анжумани” да 2000 га яқин тадбиркор қатнашди

 O`zLiDeP шафелигида ўтказилган  “Ўзбекистон фаол тадбиркорлари анжумани” да 2000 га яқин тадбиркор   қатнашди

         Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ташаббуси билан Ўзбекис­тон Савдо-саноат палатаси ҳамда бир қанча нуфузли вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда видеоконференция шаклида ўтказилган ушбу тадбирда мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан икки мингга яқин тадбиркор ва фермер, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашлар депутатлари иштирок этди.

       Анжуманда “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида”ги фармонда белгиланган вазифалар тадбиркорлар томонидан атрофлича ўрганилди, биргаликда амалга ошириладиган вазифалар белгилаб олинди. 
Анжуман давомида иштирокчилар ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

Қутлимурат ПАНАЕВ,Қораўзак туманидаги “Строй вектор” МЧЖ бошқаруви раиси, “Panamilk”
сутни қайта ишлаш корхонаси раҳбари:

        – Президентимиз ўтган йили Қорақалпоғис­тон Республикасига ташрифи чоғида  корхонамизга ҳам келганди. Ўша учрашувда давлатимиз раҳбари бизга зарур масалаҳат ва тавсиялар бериб, бундан буён тадбиркорлар томонидан илгари сурилаётган лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этишда ҳеч қандай муаммо, тўсиқ ва қийинчилик бўлмаслигини қатъият билан таъкидлагани бизга журъат, шижоат бағишлади. Талай янги, кўламдор ишларга қўл урдик. Муқояса учун қуйидаги рақамларни келтираман: сутни қайта ишлашга ихтисослашган корхонамиз 2014 йили ишга тушган бўлиб, кунига 300 литр сут билан иш бошлаган ва уч хил маҳсулот ишлаб чиқарган. Бугун эса кунига 5 тонна сутдан 55 турдаги маҳсулот тайёрланмоқда. Бир неча йил аввал маҳаллий фермерлардан сут сотиб олардик,  аммо талаб ортиши билан бизга янада кўпроқ ва сифатли сут зарур бўлди. Шу боис Германиядан Қорақалпоғистон иқлимига мослаша оладиган 60 бош қорамол ва Австриядан 300 бош эчки олиб келдик. Қорамолларнинг ҳар биридан 21 литргача сут оляпмиз. Эчкилар сутидан эса юқори сифатли пишлоқ ишлаб чиқаряпмиз. Нимагаки эришган, эришаётган бўлсак, барчасини Президентимизнинг соҳага қаратаётган муттасил эътибори шарофатидан деб биламан.  

         Анжуманда ишбилармонлар томонидан айтилган таклифларни маъқуллаган ҳолда мен ҳам бир мулоҳазамни билдирмоқчиман. Ҳозир тадбиркорлик соҳаси кўплаб қонун ҳужжатлари билан тартибга солинаётгани, бу эса соҳа вакиллари учун муайян қийинчиликларни вужудга келтираётганини инобатга олиб, халқаро тажриба ва бугунги кун талабларидан келиб чиқиб, тадбиркорлар ва инвесторлар учун тушунарли бўлган ягона “Тадбиркорлик кодекси” ишлаб чиқилишини мақсадга мувофиқ деб ҳисоблайман.

 Олим ИСАЕВ,

“МЕХМАШ” АЖ кузатув кенгаши

аъзоси, Наманган вилояти:

      – Биз тадбиркорликка қўл урганимиздан сўнг ҳар хил шароитда ишлаб кўрдик. Охирги бир ярим йилда амалга оширилаётган ислоҳотлар тадбиркорнинг ишини тубдан ўнглаб юбормоқда. Конвертация, нақд пул сингари муаммолар эндиликда бизни қийнамайди. Бозор иқтисодиётига ўтиш даври ниҳоятда жадал кечмоқда.

          Тадбиркорликнинг бутун дунёда татбиқ этилган қонун-қоидалари бор. Кичик бизнес ривожлантирилиб, ўрта бизнесга айланади. Тизим такомиллаштирилиб, модель пухта ишласа, йирик бизнесга айланади. Бугун давлатимизда ўтказилаётган ислоҳотларнинг энг юқори даражаси, маҳсулотнинг фонд биржасида сотилишига эришишдир. Демак, ҳаммамиз ҳаракат қилсак, бу механизм ишлайверади.

         Фикримча, бизнес борасида энг катта муаммо бу менежерлар, яъни, иш бошқарувчилар етишмаётганидир. Тадбиркор ишни олиб бориши мумкин, айтайлик, 10 ходимни ишлатишгача, кейин эса бошқарувни менежерга топшириши керак. Чунки кейинги фаолият пухта режани талаб этади. Ишлаб чиқариш, экспорт, маркетинг масалалари асосан менежерга юклатилиши лозим.

        Бугун тадбиркор ишни ташкил қилаяпти, лекин бизнесни юритиш масаласини ҳам ўйлаш керак. Тадбиркорликни юқори даражада ривожлантириш ҳам аслида бир санъат. Менеж­мент борасида дунёнинг ўз моделлари бор: АҚШ модели, Япония модели, Англия модели, Германия модели... Ушбу моделлардан бирини танлаб, оптималлаштириб, ўзимизга татбиқ қилиш бугунги давр талабидир. Шу асосда мактабгача таълим муассасасида, мактабда, олий таълимда бўлажак мутахассисларни менежерликка йўналтириб боришимиз шарт.

          Такрор айтаман, ҳозирги ҳолатда тадбиркорлар учун иш юритувчилар керак. Бугун ҳам мамлакатимизда олий таълим муассасаларини менежерлар битирмоқда, аммо қайси йўналиш бўйича?.. Йўналишлар кўп, тадбиркор ўз йўналиши бўйича иш юритувчини топиб олиши керак.

 Алишер БОЙҚОРАЕВ,

Китоб туманидаги

“Севаз-Андроникс” МЧЖ раҳбари:

          – Сўзим аввалида ўзим гувоҳ бўлган бир воқеага эътиборингизни қаратмоқчиман. 2010 йили Шавкат Мирзиёев бош-қош бўлиб, биз 24 нафар тадбиркорни тажриба алмашиш учун Туркияга жўнатган, сафар олдидан бизга ҳамкорликни ривожлантириш, илғор тажрибаларни ўрганиш, инновацион технологияларни жорий қилиш орқали кўплаб иш ўринлари яратиш ва мамлакатни тараққий эттириш зарурлигини жон куйдириб тушунтирган эди. Демоқчиманки, юртбошимиз ҳукумат раҳбари бўлган пайтларида ҳам тадбиркорлик тараққиётига алоҳида эътибор қаратган эдилар. 

           Президентимиз ташаббуси билан фуқароларнинг талаб-истаклари, таклифлари халқ қабулхоналари, интернет тармоғи ва бошқа воситалар орқали ҳам ўрганилиб, кўриб чиқилмоқда, пировардида янги қабул қилинаётган меъёрий ҳужжатларда ўз аксини топмоқда. Мана, бир мисол. Яқин-яқингача хусусий улгуржи савдо фаолиятини амалга ошириш учун лицензия олишда минимал иш ҳақининг 3500 баробари миқдорида (602 840 000 сўм) устав фонди ташкил қилиш талаби мавжуд эди. Аёнки, кўпгина тадбиркорлар учун бу оғир, иштиёқни сўндирувчи юк эди. Мен бу шартни қайта кўриб чиқиш ва ўзгартириш таклифи билан уч йилдан зиёд турли ташкилотлар вакилларига бевосита ва билвосита, қайта-қайта мурожаат қилдим. Лекин натижа бўлмади. Президентимиз биргина қарор билан шу тартибни бекор қилди. Бундан ташқари, илгари экспортчи корхоналар маҳсулотни хорижга жўнатишда маҳсулотнинг муайян кишига қарашли томорқада етиштирилганини тасдиқловчи, маҳалла фуқаролар йиғини раиси ва солиқ инспектори қўл қўйган маълумотномани тақдим қилишга мажбур эди. Бу эса экспорт ҳажмини кўпайтиришга тўсқинлик қиларди. Президентимиз бу тўсиқни ҳам олиб ташлади. Шу сингари кўпдан-кўп енгилликлар, қулайликлар учун мамлакатимиз раҳбарига алоҳида миннатдорлик билдираман.

           Фурсатдан фойдаланиб, айрим таклифларимни ҳам баён қилмоқчиман. Барча ишбилармонларни мамлакатимиз экспорт салоҳиятини мустаҳкамлаш ҳамда рақобатдош маҳаллий маҳсулотларни ташқи бозорга чиқариш тизимини такомиллаштиришга қаратилган чора-тадбирларни ўз вақтида бажаришда фаол бўлишга ундайман. Қолаверса, хусусий инвестицион фондларни ва инвестициявий кафолат тузилмаларини ташкиллаштириш, уларни қўллаб-қувватлаш масаласининг кўриб чиқилишини бугунги кун талаби деб биламан.

 Валибой ФАЙЗИЕВ,

Навоий шаҳридаги “Тriumf-gornyak”

масъулияти чекланган жамияти раҳбари:

             – Илгари бир ишни бошлашдан олдин минг марта ўйлардик, иккиланардик. Чунки текшир-текшир, фаолиятга турли аралашувлардан безиб қолгандик. Талай бизнес ғоя ва ташаббуслар қоғозда қолиб кетгани ҳам шундан. Энди дадиллик билан янги марраларни кўзлашимиз шарт. Зеро, бизга Президентимиз қалқон бўлиб турибди. Хусусий бизнесни қўллаб-қувватлаш 2018 йил учун қабул қилинган Давлат дастурининг ўзагини ташкил қилаётгани ҳам шундан далолат. Унда мулкдорларни ўйлантираётган катта-кичик масалаларни ҳал этишга қаратилган бандларга катта ўрин ажратилган. Бу эса бизга жуда катта ишонч билдирилаётганини кўрсатади. Ишончни оқлаш эса ўз қўлимизда.

          Ҳозир йирик лойиҳалар устида иш олиб бораяпмиз. Хусусан, вермикулит лист ишлаб чиқариш бўйича биринчи қадамни ташладик. Янги лойиҳамизни муваффақиятли амалга оширсак, бундай корхона Марказий Осиёда ягона бўлади. Эътиборлиси, мазкур лойиҳамиз мамлакатимиз иқтисодиётига инновацион тараққиёт моделларини жорий этиш бўйича Давлат дастурида белгиланган вазифаларга ҳамоҳангдир.

         Ўтган йили май ойида Президентимиз вилоятимизга ташрифи чоғи дастлаб Қизилтепа туманига борган эди. Ўшанда пахта етиштириш ва қайта ишлашда кластер усулини қўллаш бўйича лойиҳамиз тақдимотини ўтказган эдик. Давлатимиз раҳбари бу ташаббусни қўллаб-қувватлади. Тез орада ғояларимиз амалиётга кўчди. Пахтани қайта ишлаб, тайёр маҳсулот сифатида экспорт қилишга ихтисослашган текстиль фабрикаси барпо этилди. Айни кунларда корхонада трикотаж кийим-кечаклар ишлаб чиқарилиб, катта қисми Россияга экспорт қилиняпти.

           Анжуман менда жуда катта таассурот қолдирди. Бошқа ҳудудларда фаолият юритаётган йирик тадбиркорлар билан танишдим. Айримлари билан ҳамкорлик қилишга келишиб олдик. Йиғилганлар эътиборига бир қанча таклифларимизни ҳавола қилдик. Шундай тадбирларни ҳар йили камида бир марта ўтказиб туриш керак, назаримда. Ҳар ойда, лоақал ҳар чоракда бир маротаба муайян соҳа, йўналишлар бўйича шу каби мулоқотларни ташкил этиш ҳам фойдадан холи эмас. Ўйлайманки, ушбу таклифларимни тадбиркорларимиз якдил қўллаб-қувватлайди. Ишбилармонларимизни юртимизда инновацион тараққиёт моделларини жорий этишга, инновация ва инвестициялардан самарали фойдаланадиган янги авлод кадрларини, янги сармоядорлар синфини шакллантириш йўлида бир тану бир жон бўлишга чақириб қоламан.

 Бахтиёр ОДИЛОВ,

Самарқанд туманидаги “Истиқлол шуъласи” фермер хўжалиги раҳбари:

           – Кейинги йилларда юртбошимиз раҳбарлигида ишбилармонлар манфаати ҳимояси йўлида беқиёс ишлар амалга оширилди ва бу жараён тўхтовсиз давом этяпти. Салоҳиятимизни тўла рўёбга чиқаришга хизмат қилувчи улкан шарт-шароитлар яратиляпти. Имкониятлардан унумли фойдаланишимиз, ҳақ-ҳуқуқимизни яхши билишимиз керак. Биз ҳам вужудга келаётган имтиёзлардан фойдаланиб, корхонамизда 2016-2017 йилларда 180 та янги иш ўрни яратдик. Ҳозир Нарпай туманида йилига 1 миллион тонна сифатли цемент ишлаб чиқариш қувватига эга завод қуришга киришганмиз. Ушбу заводни тўлиқ ишга туширсак, 700 та иш ўрни яратилади.

             Шу ўринда бир мулоҳазамни айтиб ўтмоқчиман. Иқтисодчи олимларнинг кузатишларига қараганда, юксак тараққий этган давлатларда тадбиркорлар синфи мамлакат аҳолисининг камида 3 фоизини ташкил этаётир. Масалан, Европа Иттифоқига кирувчи давлатлар фуқароларининг ҳар еттинчиси ўз бизнесини юритмоқда. Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, Ўзбекис­тонда тадбиркорлар сони камида 950 мингни ташкил қилиши керак. Юртимизда эса ҳозирча ишбилармонлар сони бу миқдорга етгани йўқ. Фикримча, бошқа шарт-шароит қаторида жамиятимизда фаол тадбиркорлик маданиятини ҳам шакллантиришимиз зарур. Айниқса, фарзандларимизнинг бу борадаги билим ва кўникмаларини ошириб боришни мактабдан бошлашимиз, керак бўлса, олий таълим муасассаларида ҳам тадбиркорлик тўғрисида дарслар ўтиш, алоҳида фан киритилиши зарур. Келгусида тадбиркорлар академияси ташкил этилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди. Чунки замонавий инновацион технологияларни айнан дунёқараши кенг, билимли ёшларгина бошқара олади.

 Муҳаббат ЙЎЛДОШЕВА,

Қўрғонтепа туманидаги “Kapital Bella” хусусий корхонаси раҳбари:

         – 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Рес­публикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурининг қабул қилиниши биринчи навбатда биз тадбиркорларни кўп йиллардан бери ўйлантириб келаётган қатор масалаларнинг самарали ҳал қилинишига имкон яратади, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка янада катта имтиёз ва имкониятларни вужудга келтиради. Буни барчамиз самимий миннатдорлик билан эътироф этяпмиз. Ҳужжатнинг ишлаб чиқилишида ўз таклифларимиз билан иштирок этдик. Бу эса Давлат дастурининг ҳаётий ва халқчил бўлишини таъминлайди, шунинг баробарида ижроси кенг жамоатчилик назоратида бўлади.

           Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаб­буси хусусий сектор тараққиётида бутунлай янги босқични бошлаб берганини ҳаммамиз кўриб-билиб турибмиз. Хусусан, ҳам тадбиркор, ҳам вилоят Кенгаши депутати сифатида туманимизда тадбиркорлик қай даражада ривожланаётганини мунтазам кузатиб бораяпман. Чунончи, ўтган олти ой ичида аёл тадбиркорларнинг сони 20 фоизга ошган, ёш ишбилармонлар 154 нафарга кўпайган. Уюшмаган йигит-қизларнинг 400 нафари ишга жойлашган. Диққатга сазовор жиҳат шундаки, уюшмаган ёшларнинг 127 нафари хориждан қайтиб келган фарзандларимиздир. Улар диёримизда ёшлар учун яратилаётган шарт-шароит, тобора яхшиланаётган бизнес муҳити туфайли бағримизга қайтмоқда.

 Рената ЮСУПОВА,

Тошкент шаҳридаги “Торговое

оборудование” МЧЖ директори:

        – Ушбу форум биз хусусий сектор вакиллари учун дилимиздаги гапларни айтиш, таклифларимизни илгари суриш учун эркин ва катта минбар вазифасини ўтаётганини алоҳида қайд этиб, O‘zLiDEP ва унинг ҳамкорларига чин дилдан миннатдорлик билдирмоқчиман.

          Мендан аввал сўзга чиққанлар ҳозирда юртимизда кечаётган янгиланишлар хусусида тўлқинланиб сўз юритдилар. Дарҳақиқат, мамлакатимизда юз бераётган тарихий ўзгаришлар мазмун-моҳиятига назар ташласак, турмушимиз фаровонлигига хизмат қилувчи аниқ амалий ишлар устувор вазифа сифатида белгилангани, “Халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қилиши керак” тамойили ҳаётга изчил татбиқ этилаётганини кўрамиз. 2018 йил учун мўлжалланган Давлат дастурининг жамоатчилик муҳокамасига қўйилишининг ўзиёқ барча ислоҳотлар фақат ва фақат халқимизнинг розилиги учун амалга оширилаётганини кўрсатади.

         Қувонч билан қайд этишни истардимки, давлатимиз раҳбарининг мулкдорлар синфини қўллаб-қувватлаш, уларга янада кўпроқ эркинлик бериш сиёсатини қатъият билан давом эттираётгани энг катта ютуғимиздир. Масалан, беш йилдан буён корхонамиз ишчи-хизматчилари сонининг 50 нафардан ортиши масаласи билан боғлиқ, солиққа тортиш қоидаларига ҳам алоқадор асосли бир таклифни илгари сураётгандик. Ниҳоят, ўтган йили O‘zLiDeP томонидан ўтказилган бир очиқ мулоқотда ўртага ташлаган ушбу таклифимиз парламентдаги фракциямиз аъзоларига ҳам етиб борди ва тегишли меъёрий ҳужжатларга ўзгартиш киритилиб, бизни қийнаётган муаммо ҳал бўлди.

           Халқимизда “Қарс икки қўлдан чиқади” деган нақл бор. Модомики, давлат раҳбари бизга беқиёс ғамхўрлик кўрсатаётган экан, аввало, бунинг замирида улкан ишонч ётганини ҳис этайлик. Бу юксак эътибор қадрига етиб, шунга муносиб бўлишга интилайлик. Тадбиркорларни юртбошимизнинг ҳаётда ҳеч нарса ўз-ўзидан бўлмайди, деган ўгити, кўрсатмаларидан тегишли хулосалар чиқариб, фаолиятни илғор технология ва бошқарув усуллари асосида ташкил қилишга, рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқариб, Ватанга наф келтиришга чақираман.

           Яна бир гап. Бугунги кунда дунёда аҳоли кўпайиши туфайли ишсизлик долзарб муаммога айланяпти. Мамлакатимизда мазкур масалага алоҳида диққат қаратиляпти. Тадбиркорликка кенг йўл очилиши ишсизликка барҳам беришда катта аҳамиятга эга. Одамларни иш билан таъминлаш ҳар бир оиланинг мустаҳкамлиги, жамиятимиз барқарор ривожланиши, юртимизда тинчлик ва осойишталик бардавом бўлишининг асосий шартидир. Шу боис ҳар бир тадбиркор, фермерни ана шу хайрли вазифани амалга оширишга сезиларли улуш қўшишга ундайман.

           Тадбир ниҳоясида O‘zLiDeP ташаббуси билан ўтказилган Ўзбекистон тадбиркорлари анжуманини ҳар йилда бир марта ўтказиш, шу орқали амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида тадбиркорларнинг иштироки билан боғлиқ асосий йўналишларни белгилаб бориш, ҳудудлардаги тадбиркорлик ва инвестицион муҳитни тизимли асосда таҳлил қилишни йўлга қўйиш, бизнес муҳитига салбий таъсир кўрсатаётган ҳар қандай ҳолатларнинг олдини олиш юзасидан Олий Мажлис ва ҳукуматга таклифлар киритиб бориш, партия ва унинг тузилмалари имкониятларидан кенг фойдаланган ҳолда ўзбекистонлик ва хорижий тадбиркорлар ўртасида яқин ҳамкорлик муносабатларини йўлга қўйиш бўйича аниқ ишларни амалга ошириш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Анжуман иштирокчилари ташаббуси билан Ўзбекистон тадбиркорларига мурожаат қабул қилинди ва ўқиб эшиттирилди.

 Қўшсаҳифани “XXI asr” мухбирлари

Беҳзод ИСРОИЛОВ,

Олимжон ЖУМАБОЕВ,

Аслиддин АЛМАРДОНОВ,

Солижон ЗОИРОВ (суратлар) тайёрлади.