Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Biz tarmoqlarda:

O‘zLiDeP Смольний билан алоқага чиқди

O‘zLiDeP Смольний билан  алоқага чиқди

            Президентимиз Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга Мурожаатномасида ҳозирги вақтда мамлакатимиз 1,5-2 миллиард АҚШ доллари миқдорида мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилаётгани, лекин ушбу соҳада йилига 10-15 миллиард АҚШ долларига тенг маҳсулот экспорт қилиш имконияти мавжудлигини таъкидлаб, бу йўналишдаги салоҳиятимизни рўёбга чиқариш юзасидан кўрсатмалар берганди.

                Давлатимиз раҳбарининг йўл-йўриқларини амалга ошириш, мамлакатга чет эл инвестицияларини жалб қилиш, миллий маҳсулот, товар ва хизматларнинг экспортини кўпайтиришда давлат ва хўжалик бошқаруви органлари билан бирга фуқаролик жамияти институтлари ҳам фаол иштирок этмоқда. Эътиборга молик жиҳат шундаки, улар томонидан Ўзбекистондаги ишлаб чиқарувчи корхоналар ва хорижий ҳамкорлар ўртасида узоқ муддатли барқарор шериклик муносабатларини ўрнатиш ва ривожлантиришга хизмат қилувчи мутлақо янги, ноанъанавий механизмлар амалиётга татбиқ этиляпти. Хусусан, партиямизнинг бу борада ҳамкорлар билан биргаликдаги янги ташаббуслари, ўзига хос ёндашувлари кўзга ташланяпти.

              Куни кеча O‘zLiDePнинг экспорт ва инвестицияларни кенгайтириш масалалари бўйича лойи­ҳаси, Ўзбекистон Тадбиркорлик ва фермерликни қўллаб-қувватлаш маркази, Санкт-Петербург шаҳри маъмуриятининг ташқи алоқалар қўмитаси ташаббуси билан “Ўзбекистон ва Россия: ҳудудларнинг ўзаро ҳамкорлиги истиқболлари” мавзусида онлайн анжуман бўлиб ўтгани ҳам фикримиз тасдиғидир. Таъкидлаш керакки, Ўзбекистон ва Россиянинг савдо-иқтисодий ва инвестицион ҳамкорлигини кенгайтириш ҳамда мус­таҳкамлашга қаратилган ушбу тадбир бевосита Санкт-Петербург губернатори Георгий Полтавченко кўмагида ташкил этилди. Тадбир икки мамлакат Президентлари ўртасида давлатларимиз ҳудудларининг ўзаро ҳамкорлигини мустаҳкамлашга доир эришилган келишувларнинг амалий ифодаси бўлди дейиш мумкин.

              Мулоқотни партиянинг экспорт ва инвестиция­ларни кенгайтириш масалалари бўйича лойи­ҳаси раҳбари Тоҳир Шайманов ҳамда Санкт-Петербург шаҳри маъмурияти ташқи алоқалар қўмитаси раиси ўринбосари Светлана Журкина олиб борди.

            Тадбир аввалида Ўзбекистон тадбиркорлик ва фермерликни қўллаб-қувватлаш маркази директори Акром Алимов сўз олиб, Санкт-Петербург губернатори Георгий Полтавченконинг ўтган йил ноябрь ойида пойтахтимизга ташрифи ҳар икки шаҳар ўртасидаги алоқаларни янги босқичга олиб чиққанини алоҳида қайд этди. Тадбирдан мақсад – икки мамлакат тадбиркорлари ўртасида ишбилармонлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш, мева-сабзавот ва озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхоналари орасида кооперацияни кучайтириш ҳамда Ўзбекистон ва Россиянинг савдо-иқтисодий ва инвестицион ҳамкорлигини фаоллаштиришга кўмаклашиш эканини таъкидлади.

             – Бизда экологик тоза, сифатли озиқ-овқат маҳсулотларига талаб жуда катта, – деди Санкт-Петербург шаҳри истеъмол бозори ва тадбиркорликни ривожлантириш қўмитаси раиси вазифасини бажарувчи Лидия Громова. – Ўзбекистон табиий маҳсулотларга бой. Шаҳримизда озиқ-овқат саноати ва савдосига ихтисослашган кўплаб хусусий ташкилотлар фаолият юритяпти. Бу борадаги мавжуд имкониятларимизни тўла ишга солишимиз керак. Чунки мамлакатингиздан қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари олишни кўпайтиришдан биринчи навбатда биз манфаатдормиз. Шу билан бирга, соғлиқни сақлаш, таълим, туризм ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни янада кенгайтирмасдан туриб, савдо-иқтисодий алоқаларни жадал ривожлантириб бўлмайди, деган фикрдаман.

             Юртимиз қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ва қайта ишлаш борасида улкан салоҳиятга эга. Мева-сабзавотларимиз ва улардан тайёрланган товарлар сифатини бутун дунё эътироф этмоқда. Бинобарин, мамлакатимиз билан озиқ-овқат соҳасидаги ҳамкорлик ғоят истиқболли бизнес саналади.

             “Ўзбекозиқовқатхолдинг” компанияси раи­си ўринбосари Баҳодир Юнусов слайдлар намойиши орқали ана шу ҳақда сўз юритди. Маълумотларга қараганда, республикамизда озиқ-овқат соҳасига ихтисослашган 9 700 дан ортиқ корхона фаолият юритмоқда. Улар томонидан 140 турдаги ва 100 фоиз табиий маҳсулотлар – музлатилган, қуритилган, консерваланган мева-сабзавотлар ва шарбатлар, пюрелар тайёрланмоқда. Аграр ва қайта ишлаш корхоналари ҳар йили жаҳоннинг 80 дан ортиқ давлатига қарийб 1 миллиард АҚШ долларилик янги пишиб етилган ва қайта ишланган маҳсулотларни экспорт қилмоқда. Холдинг компанияси вакили хорижий инвес­торлар учун мамлакатимизда яратилаётган имтиёз ва преференцияларга ҳам атрофлича тўхталди.

              “Ўзшаробсаноат” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси биринчи ўринбосари Тимур Умаров виночилик саноати эришаётган муваффақиятлар, тармоқ корхоналарининг чет давлатлар билан самарали ҳамкорлиги тўғрисида батафсил гапириб берди.

              Андижон, Фарғона, Наманган, Самарқанд ва Сурхондарёда фаолият олиб бораётган тадбиркорлар, давлат идоралари масъул ходимлари, жумладан, “Мароқанд мева-саб­завот” МЧЖ директори Меҳрож Файзилов, Сурхондарё вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Тўра Боболов, “Golden-G” экспорт-импорт компанияси раҳбари Собит Нугманов ва бошқалар видеоалоқа орқали қатнашчиларни ҳудудларнинг экспорт имкониятлари билан таништирдилар, амалий таклифларини баён этдилар.

            Санкт-Петербург шаҳри маъмурияти шафелигида бевосита Смольнийда ташкил этилган студияда шаҳарнинг юқорида тилга олинган қўмиталари билан бирга Санкт-Петербург савдо-саноат палатаси, шунингдек, “СпецСервис”, “Корпорация Бонапарт”, “Legaris Trading”, “Балтика-Транс”, “ТОР”, “Безопасные технологии и разработки”, “X5 Retail Group”, “Международной ассоциации интеграционного сотрудничества” каби етакчи компания­лар ва тармоқ тузилмалари вакиллари ҳам ўзбекистонлик ҳамкасблари билан қизғин мулоқотга киришдилар, ҳамкорликда бизнес юритишга тааллуқли кўплаб саволларга жавоб топдилар.

             O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши аъзоси Равшан Охунов таъкидлаганидек, партиямизнинг ўзи учун бутунлай янги бундай форматларни амалиётга  татбиқ этаётгани Президентимиз томонидан белгилаб берилган мезонларга вобаста бўлишга интилиб, “амалий ишлар партияси” сифатида ўз фаолиятини тубдан қайта кўриб чиққани ифодасидир. Зеро, жамият ва давлат ривожланишининг бугунги суръатлари, амалга оширилаётган ислоҳотлар қамрови партиямиздан мана шундай амалий қадамларни талаб этмоқда. Партия жамият ва давлатни модернизация қилиш, мамлакат иқтисодиётини либераллаштиришдаги тарихий воқеаларнинг кузатувчиси эмас, балки фаол иштирокчисига айланиши зарур. O‘zLiDeP негизида ташкил этилган маҳаллий товар ишлаб чиқарувчилар ва уларнинг хориждаги салоҳиятли ҳамкорлари ўртасида муҳокама ўтказиш бўйи­ча ташкил этилган майдон ҳам ушбу мақсадларга хизмат қилади. Мазкур анжуманларда маҳаллий кенгаш депутатлик гуруҳи аъзоларининг иштирок этиши эса тадбиркорларнинг экспортга йўналтирилган фаолиятини фаоллаштиришдаги мавжуд муаммоларни ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этиш имконини беради.

              Санкт-Петербургдаги “Интеграцион ҳамкорлик халқаро ассоциацияси” президенти Иван Андрусякнинг фикрига кўра, бундай учрашувлар уларнинг ўзбекистонлик тадбиркорлар билан тўғридан-тўғри алоқаларни ўрнатиш ҳамда ривожлантиришга қизиқишидан далолат беради. Шунингдек, Ўзбекистон ҳудудларида етиштириладиган сифатли ва табиий маҳсулотларни россиялик истеъмолчилар дастурхонига етказиш бўйича етакчи корхоналар ўртасида ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш учун ўзига хос янги имкониятлар эшигини очади.

              Бизнес-форум дўстона ва ишчанлик руҳида ўтди. Ўзбекистоннинг бир қатор ҳудудларидаги мева-сабзавот ҳамда озиқ-овқат ишлаб чиқарувчилари ҳамда “Ўзбекозиқовқатхолдинг” ва “Ўзшаробсаноат” АЖ вакиллари Россия бозорларига сифатли маҳсулотларни етказиб бериш имкониятларини намойиш этди.

             Мазкур форум партиянинг икки мамлакат бизнес-тузилмалари ҳамкорлигини ривожлантиришга амалий ҳисса қўшиш йўлидаги яна бир муҳим қадами бўлди. Давлатнинг ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий устувор вазифаларини амалга оширишда партия ва парламент дипломатияси механизмлари қўлланилиши Санкт-Петербург маъмурияти учун ҳам муайян даражада янгиликдир.

             Тадбир давомида бундай мулоқотларни доимий уюштиришга эҳтиёж борлиги айтиб ўтилди. Кейинги мулоқотларда қуйидаги мавзуларни кун тартибига қўйиш мақсадга мувофиқлиги қайд этилди: биринчидан,
Ўзбекистон мева-сабзавот маҳсулотларини Россия бозорига, шу жумладан, “яшил йўлак” тизимини жорий этиш орқали етказишни кенгайтириш учун қулай шароитлар яратиш; иккинчидан, савдо-иқтисодий ва инвестицион ҳамкорликни ривожлантириш, шу жумладан, ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчиларнинг Россия бозорига ва россиялик ишлаб чиқарувчиларнинг Ўзбекистон бозорига фаол киришига қаратилган истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш; учинчидан, инновацион ёндашувларни кенг жорий этган ҳолда юқори технологик саноат маҳсулотларини ишлаб чиқиш ва экспорт қилиш, икки томон учун манфаатли бошқа товарларни етказиб беришни кенгайтириш.

             Иштирокчилар якдиллик билан қайд этганидек, бизнес-форум Ўзбекистон ва Санкт-Петербург тадбиркорлари ўртасида узоқ муддатли муносабатлар ва ҳамкорликни ўрнатиш учун ўзига хос янги форматдаги майдон яратди. Томонларнинг тадбиркорлар мулоқотини доимий асосда, шу жумладан, иқтисодиётнинг бошқа тармоқлари бўйича ҳам давом эттиришга манфаатдорлиги маълум қилинди.

             Партия шу каби бизнес форумларни Россиянинг бошқа ҳудудлари ҳамда бир қатор мамлакатлар билан ўтказишни ҳам мўлжалламоқда. Бу тадбиркорлар ўртасида тўғридан-тўғри муносабатларни ўрнатиш, бизнес-лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва биргаликда амалга ошириш, Ўзбекистон маҳсулотларини ташқи бозорларга етказиш масалалари бўйи­ча аниқ келишувларга эришишга хизмат қилади. Анжуман давомида эришилган барча келишувларни амалга ошириш ва якунига етказиш учун партия махсус гуруҳлар ташкил этади, улар ташкилий масалалар билан шуғулланиб, ўзбекистонлик ва хорижий тадбиркорлар ўртасида ўзига хос “алоқа кўприги” вазифасини бажаради.

             Онлайн анжуман якунида иштирокчилар шу йилнинг июнь ойида текстиль саноати соҳасида ҳамкорликни ривожлантиришга бағишланган шу каби тадбирни ташкил қилишга келишиб олдилар.

Беҳзод ИСРОИЛОВ,

“XXI asr” мухбири

Суратларни Солижон ЗОИРОВ олган.