Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

O‘zLiDeP: таклиф биздан, қувватлаш сиздан

O‘zLiDeP: таклиф биздан, қувватлаш сиздан Хусусий мулкчилик ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли муҳофаза қилиш бўйича янгича, ўзига хос ҳамкорликка чорлаймиз.

Халқ қабулхоналари давлат органлари билан аҳоли ўртасида очиқ мулоқотни йўлга қўйиш, долзарб муаммоларни аниқлаш, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан мурожаатларнинг кўриб чиқилишини таъминлашда ўзига хос самарали механизмга айланди. Бу ҳақда Президентимизнинг “Аҳоли муаммолари билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида ҳам алоҳида қайд этилган. Мазкур қабулхоналарнинг ташкил этилиши аҳолини йиллар давомида қийнаб келган муаммоларнинг аниқланишига, уларнинг аксариятини жойида ҳал этилишига замин яратди.

Шу билан бирга, икки йил мобайнида Президент номига 2,5 миллиондан ортиқ мурожаат келиб тушгани, республика ишчи гуруҳлари томонидан хонадонма-хонадон юриш, ижтимоий ва бошқа объектларни ўрганиш натижасида қўшимча 1,1 миллиондан ортиқ турли муаммолар аниқлангани жойларда ечимини кутаётган масалалар ҳали кўплигини, айримлари ўрта ва қуйи бўғиндаги ташкилотлар даражасида ҳал этилмаётганини кўрсатмоқда.

Ушбу фармонда давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг бевосита фуқаролар билан ишлашга ўтиши, уларнинг халққа, жумладан тадбиркорлик субъектларига яқин кўмакчи бўлиши лозимлиги белгиланган.  Жорий йил 1 февралдан Халқ қабулхоналарининг аҳоли мурожаатлари билан ишлаш бўйича амалдаги тизими билан бир қаторда, муаммоларни уйма-уй юриш орқали ҳам аниқламоқда.

Хўш, мамлакатимиздаги мавжуд сиёсий партиялар ўртасида энг кўп маслакдошига эга, иқтисодиётимизнинг локомотиви бўлмиш тадбиркорлик ва фермерлик ҳаракатининг қўллаб-қувватловчиси, мазкур субъектларнинг ҳимоячиси – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси юқоридаги фармон ижросини таъминлаш учун қандай амалий ишларга бош-қош бўлмоқда? Аҳолининг барча қатламлари, оддий одамлар билан самарали мулоқотни йўлга қўйиш учун келгусида нималарга эътибор қаратиш керак?

Шу ва шу каби долзарб саволларга O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси котибият мудири, Экспертлар гуруҳи раҳбари Нуриддин МУРОДОВнинг жавобларини эшитайлик-чи:

– O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси қарори билан ўтган йилнинг август-сентябрь ойларида ишчи гуруҳлар шакллантирилди ва жойларда “Ҳар бир оила – тадбиркор”, “Yoshlar – kelajagimiz”, “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла”, каби ўта муҳим давлат дас­турлари ижросини ўрганиш юзасидан электорат вакиллари ва аҳоли билан юзма-юз мулоқотлар олиб борилди.

Фикримиз тасдиғи сифатида баъзи рақамларга мурожаат қилиш мақсадга мувофиқ деб ўйлайман. Ишчи гуруҳ аъзолари мазкур жараёнда 24 мингта хонадонга кириб бориб, минглаб аҳоли билан мулоқотга киришди. Жумладан, тадбиркорликни йўлга қўйиш масалаларида қийинчиликка учраган 1 700 нафардан ортиқ фуқарога кўмак­лашилди.

Бундан ташқари, “O‘zLiDeP бош­ланғич ташкилотлари ўз томорқасида тадбиркорлигини бошлаганларга кўмакдош” лойиҳаси доирасида 23 819 та хонадон аҳлига амалий ёрдам кўрсатилди. Халқ депутатлари вилоят, туман (шаҳар) кенгашларига партиямиздан сайланган депутатларимиз томонидан эса 36 500 дан, 2018 йилда умумий ҳисобда партия ишчи гуруҳи аъзолари 84 мингдан зиёд оилага кириб борган. Мақсад эса, аниқланган муаммолар ва билдирилган мурожаатларга партиявий воситалар орқали имкони борича ижобий ечим топишдир. 

Демакки, халқ қабулхоналари ва O‘zLiDeP ҳудудий ташкилотларининг мақсад ва муддаоси бир. Шундай экан, айнан шу асосда халқ қабулхоналари ва партиямиз ташкилотлари аҳоли турмуши фаровонлиги йўлида 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида, Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида ва “Аҳоли муаммолари билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида белгиланган вазифаларни амалга оширишда мавжуд салоҳиятдан самарали фойдаланиш юзасидан ҳамкорлик қилиш мақсадга мувофиқдир.

Дастлабки бундай ҳамкорлик, партиянинг Сурхондарё ва Сирдарё вилоят кенгашлари ҳамда шу вилоятларнинг Халқ қабулхоналари томонидан имзоланган келишувлар асосида йўлга қўйилди. Бундан кўзланган асосий мақсад нафақат аҳоли мурожаатларига партиявий воситалар орқали ечим топиш, балки жойларда тадбиркорлар ва фермерларни қийнаётган муаммоларни ҳам бевосита ўрганишдан иборат бўлди. Хонадонма-хонадон юриб, аҳолининг касаначилик, томорқа, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик, асаларичилик, қуёнчилик, боғдорчилик каби йўналишларда микробизнесни йўлга қўйиш ва уни юритишдаги муаммолар билан бир қаторда инвестицияни жорий этишда маҳаллий тадбиркор ва фермерлар олдида турган муаммо, сунъий тўсиқ ва ғовлар жойида ўрганилди.

Ана шундай мақсадларнинг муштараклигидан келиб чиқиб, зиммамизга юкланган вазифаларни амалга оширишда мавжуд салоҳиятдан самарали фойдаланиш нуқтаи назаридан хусусий мулкчилик ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли муҳофаза қилиш бўйича Халқ қабулхоналари ҳамда O‘zLiDeP ўртасида ҳамкорликни таклиф қилмоқдамиз.

Бунда тарафлар қуйидаги йўналишлар бўйича ҳамкорлик юритадилар:

вилоятда хусусий тадбиркорликнинг жадал ривожланишини таъминлаш, кенг эркинлик бериш ҳамда қулай ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини янада яхшилайди;

тадбиркорлик субъектларига бизнесни ташкил этиш, юритиш ва янада ривожлантиришда амалий ёрдам кўрсатади;

тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига тўсиқ бўлаётган аниқ муаммолар асосида уларни бартараф этиш юзасидан қонунчиликка ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифлар тайёрлайди;

вилоят ҳудудини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, шу мақсадда уйма-уй юриш, ижтимоий ва бошқа объект­ларни ўрганиш орқали аниқланган муаммолар юзасидан ахборот алмашади;

O‘zLiDeP Сирдарё вилоят Кенгаши вилоятдаги Халқ қабулхоналари аниқланган камчилик ва муаммоларни бартараф этиш юзасидан қисқа                         (йиллик) ва ўрта муддатли манзилли тадбирлар режаларини шакллантиришда ўз таклифларини бериб боради;

тадбиркорлик субъектлари ҳамда партия Сирдарё вилоят Кенгаши томонидан ўрта муддатли манзилли тадбирлар режаларини шакллантириш учун, берилган таклиф ва лойиҳалар Президентнинг Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, мурожаатлар билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчиси бўлинмаларига юборади;

“Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” давлат дастурлари доирасида қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга ошириладиган аҳоли пунктлари рўйхати юзасидан партия Сирдарё вилоят Кенгаши ҳамда партиянинг туман ташкилотларига келиб тушган таклифларни Халқ қабулхоналарига кўриб чиқиш учун тақдим этади;

Халқ қабулхоналари мурожаатлар билан ишлаш ҳолати юзасидан халқ депутатлари кенгашлари мажлисида муҳокама қилиш учун ҳар чоракда ахборот киритади ҳамда ушбу ахборот юзасидан мутасадди ташкилотлар раҳбарларининг ҳисоботини эшитишни ташкил этиш борасида партия депутатлик гуруҳлари билан ўзвий алоқада бўлади;

томонлар келишилган жадвал асосида биргаликда ҳудудларда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш, оммавий ва сайёр қабуллар ўтказади;

ижтимоий-иқтисодий соҳадаги ҳудудий, тармоқ ва давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва ижросини назорат қилишда ўзаро ваколат доирасида ҳамкорлик қилади;

шунингдек, томонлар Конституция, амалдаги қонунчилик, Президентимизнинг фармон ва қарорлари, Вазирлар Маҳкамаси қарорлари, O‘zliDeP уставига зид келмайдиган соҳаларда ҳамкорлик юритади.

Ўйлайманки, ушбу ҳамкорлик нафақат жойларда балки, партия ташкилотлари орқали халқ депутатлари кенгашларида, O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси орқали Қонунчилик палатасига ҳам кўчади. Бу эса келгусида халқимиз фаровонлигини таъминлаш, уларни рози қилишнинг энг яқин ва самарали йўли бўлиб қолади.

“XXI asr” мухбири
Нурхон ЭЛМИРЗАЕВА

ёзиб олди.