Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

O‘zLiDeP ташаббуси: юзма-юз мулоқотлар, ечимини топаётган муаммолар

O‘zLiDeP ташаббуси: юзма-юз мулоқотлар, ечимини топаётган муаммолар Аввал хабар қилганимиздек, шу кунларда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиё­сий Кенгаши Ижроия қўмитаси аппарати ходимлари ҳамда ҳудудий кенгашлар фаолларидан иборат ишчи гуруҳлари “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида мамлакатимиз миқёсида олиб борилаётган амалий ишларнинг аҳамиятини очиб бериш, “Yoshlar – kelajagimiz” ҳамда “Ҳар бир оила – тадбиркор” дас­турларининг мазмун-моҳиятини кенг тарғиб қилиш мақсадида қиш­лоқларда уйма-уй, хонадонма-хонадон юриб, маҳаллий аҳоли билан жонли мулоқотлар ўтказмоқда.

Ватанимиз Мустақиллигининг 27 йиллик байрами ва муборак Қурбон ҳайити арафасида кечаётган тадбирларда ушбу айёмлар шукуҳи ва кўнгилдаги шукроналик, тобора обод бўлиб бораётган юртимиздаги тинчлик-осойишталик қадри ҳақида сўз юритиляпти. Шунингдек, жойларда одамларни қийнаётган муаммолар, янада фаровон яшашга тўсқинлик қилаётган айрим камчилик ва нуқсонларни бартараф этиш билан боғлиқ масалалар чуқур таҳлил қилинмоқда. Ана шундай учрашувлар Самарқанд ва Наманган вилоятларининг барча туманларида бўлиб ўтди.

САМАРҚАНД вилоятида “Обод қишлоқ” дастурига киритилган МФЙларидаги қарийб ўн саккиз минг хонадонда 104 113 нафар аҳоли истиқомат қилади. Партия фаоллари уч кун давомида сал кам бир минг етти юзта хонадон аҳли билан мулоқотда бўлди.

Маълум бўлдики, ана шу оилаларда 146 нафар O‘zLiDeP аъзолари яшар экан. Эътиборли жиҳати, қизғин кечган тарғибот-ташвиқот ишлари натижасида ушбу хонадон аҳлларидан яна беш юздан ортиғи партияга аъзо бўлиш истагини билдирди.

Маҳаллаларда умргузаронлик қилаётган фаолларимиз орасидан ташаббускор, эл ҳурматига сазовор бўлган талабчан етакчилар рўйхатини шакллантиришда оқсоқоллар билан бамаслаҳат иш тутилди. Юз эллик нафардан кўпроқ етакчилар келгусида ўзлари яшаб турган ҳудудда партия фаолиятини жонлантириш, аҳоли орасида O‘zLiDeP ғояларини тарғиб қилиш, навбатдаги сайловларда партия номзодларининг халқ ишончини қозонишига бевосита кўмаклашади.

Аҳоли томонидан кўтарилган муаммоларнинг нақадар долзарблиги инобатга олинган ҳолда уларни туман, вилоят ва республика даражасида ҳал қилиш бўйича алоҳида таҳлиллар, қиёсий жадваллар тайёрланди.

Ишчи гуруҳларининг олис қишлоқларда уйма-уй, оилама-оила юриб тўплаган маълумотлари билан танишар эканмиз, иккита савол туғилади: жойига чиқиб ташкил этилаётган бундай суҳбат-ўрганиш­ларни одамлар қандай қабул қилмоқда ва улар билан мулоқотлар давомида аниқланган муаммоларга партия фаоллари қандай ечим топмоқчи?

O‘zLiDeP мутасаддиларининг таъкидлашича, маҳаллий аҳоли “Обод қишлоқ” дастури доирасида амалга оширилаётган ишларни мамнуният билан қарши олмоқда. Эски, пастқам уйлар ўрнида янги, замонавий иморатлар қад ростлаётгани, қинғир-қийшиқ кўчалар ўрнида кечаси чироқлар билан ёритиладиган равон йўллар пайдо бўлаётгани уларнинг дунёқарашини тубдан ўзгартираётир. Озод ва обод юртда одамлар фаровон яшаши хусусидаги тушунчалар уларнинг онгига сингиб бормоқда.

Бу жиҳат каттаю кичик билан ҳар бир мулоқотда яққол намоён бўляпти. Пойтахт­да ишлайдиган турли даражадаги раҳбарларнинг қишлоқларга аввалгидек бир неча соатга эмас, балки бир неча кун, баъзида ҳафта давомида келиб одамларнинг дарду ташвиш­лари билан қизиқаётганини маҳаллий аҳоли “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилади” деган даъватнинг амалий ифодаси сифатида қабул қилмоқда.

Етакчи сиёсий куч саналган Ўзбекис­тон Либерал-демократик партияси ҳам бу жараёнда фаол иштирок этишни ўзининг устувор вазифаларидан бири деб билади. Шунинг учун жойлардаги муаммоларни ўзига берилган ваколатлар доирасида ҳал қилиш чораларини кўришда электорат вакиллари билан янада яқин бўлиш йўлини танлади. Бунда партия номзоди сифатида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашларга сайланган депутатлар яқиндан ёрдам бераётир. Бошқача айтганда, ижроия органларига юборилаётган депутатлик сўровлари туфайли кўплаб масалалар қисқа муддатда ҳал этиляпти. O‘zLiDeP вилоят кенгашлари томонидан депутатлик гуруҳлари билан ҳамкорликда ташкил этилаётган эшитувларда ҳам ўрганишлар давомида аниқланган муаммоларга ечим изланяпти. Ҳудуд миқёсида ҳал қилиниши мушкул бўлган масалаларни республика даражасига олиб чиқиш мақсадида парламент қуйи палатасидаги O‘zLiDeP фракциясига тақдим қилинмоқда.

– Аҳоли билан мулоқот пайтида ёзиб олинган бирорта масала партия фаоллари назоратидан четда қолмайди, – дейди O‘zLiDeP Нуробод туман Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари-аппарат раҳбари Марҳабо УСАНОВА. – Бу борада ҳар бир туман, ҳар бир қишлоқ кесимида алоҳида мониторинг юритиляпти. Мақсадимиз битта: партия дастурида белгилаб қўйилган устувор йўналиш­лардан келиб чиққан ҳолда электоратнинг ишончини оқлаш, хусусий тадбиркорлик ва кичик бизнеснинг жойларда янада жадал ривожланишига кўмаклашиш, томорқадан фойдаланиш маданиятини юксалтиришга ҳисса қўшишдан иборат. Бу борада ҳудудлардаги таниқли ишбилармонлар, тажрибали фермерлар ва кўпни кўрган деҳқонларнинг маслаҳатларига таянамиз. Улар билан партия ғояларининг қишлоқлардаги таъсирчан тарғиботчиси сифатида яқиндан ҳамкорлик қиламиз.

 

* * *

Иштихон туманидаги “Хумо” МФЙга қарашли Хина қишлоғида яшовчи Шодмон бобо Мавлонов томорқасида 200 минг туп тут кўчатини парваришламоқда. Энди у алоҳида ер олган ҳолда ушбу кўчатлардан тутзор яратиб, пиллачиликни ривожлантирмоқчи. Бу масалани ўрганиб чиқиш ва ёрдамлашишни партия депутатлик гуруҳи аъзолари ўз зиммасига олди.

Ишчи гуруҳи Аҳиллар кўчасида яшовчи Камолиддин Пирназаров билан суҳбатда бўлди. У 100 та товуқ боқиб, кам эмас, 10 миллион даромад кўрган! Ёш бўлишига қарамай, бу борада зарур билимларга эга. Шу сабабли ўз фаолиятини кенгайтириб, паррандачилик фермасини ташкил қилиши учун 100 миллион сўмлик кредит кераклиги хусусида тегишли ташкилотларга депутатлик сўрови юборишга келишиб олинди.

Нуробод туманидаги “Обод қишлоқ” Давлат дастури асосида бутунлай янгича, замонавий қиёфага эга бўлиб бораётган Жом қишлоғида аҳоли учун янгиланган намунавий лойиҳалар асосида арзон, ижтимоий ва муҳандислик инфратузилмасига эга шинам уй-жойлар барпо этилмоқда. Масалан, 2 та янги мактабгача таълим муассасаси қурилиши режалаштирилган бўлиб, ҳозирда 1 та МТМ биносининг қурилиши тугалланмоқда. Шунингдек, ҳудуддаги деҳқон бозори замонавий кўринишда барпо этилди. Масжид, ҳаммом, озиқ-овқат дўконлари, автобекатлар эса кейинги ой охирларига қадар фойдаланишга топширилади.

Юзма-юз мулоқот чоғида мазкур ҳудудда яшовчи Комила Тиркашова шу йилнинг баҳор ойида сув тошқини оқибатида яшаб турган хонадони кучли талофат кўргани сабабли ҳозирда қайнотасининг уйида вақтинча яшаб келаётганини айтиб, уйини таъмирлашда кўмак сўради. 9-Жом сайлов округидан маҳаллий кенгаш депутатлигига сайланган Э. Дия­ров ҳомийлар ёрдамида бу муаммони ҳал этиб беришни ўз зиммасига олди. Лайло Ўроқованинг ўзи яшаб турган хонадони яқинида  барпо этилган янги МТМга ишга жойлашиши масаласи ҳам жойида ҳал этилди.

Булунғур туманига борган ишчи гуруҳ аъзоларининг Ғўбдин маҳалла аҳли ўртасида олиб борган тарғибот ишлари натижасида Маҳфуза Эшмуҳаммедовада паррандачиликни йўлга қўйиш истаги пайдо бўлди.

 – Партия фаолларининг “Тадбиркорлик билан шуғулланинг, бизнесингизни бошлашингизга кўмаклашамиз” деган қанотли сўзларидан руҳландим, – дейди М. Эшмуҳаммедова. – Энди партия кўмагида тижорат банкидан имтиёзли кредит олиб, паррандачиликни йўлга қўяман.

Оқдарё туманидаги  “Амир Темур” маҳалласида яшовчи Зебо Ўрозованинг асл касби ўқитувчи. Ҳозирда нафақада. У қишлоғида бўлаётган ўзгаришлардан мамнун.

– Йўлларимизга тош тўкилиб асфальт қилишга тайёрланаяпти. Электр симёғочларимиз алмаштирилиб, қайта монтаж ишлари амалга оширилди. Маҳалламиздаги мактаб­гача таълим муассасаси қаровсиз аҳволга келиб қолган эди. Ҳозирда бу ерда таъмирлаш ишлари бошланди. Маҳалламиз аҳлининг бундай ўзгаришлардан қувончи чексиз, – дей­ди Зебо опа.

Тамара Абдуалимова шу маҳалладаги кам таъминланган оила аъзоларидан. Унинг турмуш ўртоғи вафот этганига тўрт йил бўлибди. Ўғли, келини ва икки нафар набираси билан истиқомат қилади. Элбекжон шу пайтгача ёлланма меҳнат эвазига рўзғорни тебратиб келган. Бахтсиз ҳодиса туфайли оёғи синиб, ярим жон бўлиб қолган. Тамара опа партия фаоллари билан учрашувда ўғлининг оёғини қайта операция қилишда ва уйи атрофини девор билан айлантиришда амалий кўмак сўради. Бу мурожаат бўйича туман тиббиёт бирлашмасига депутатлик сўрови асосида ёрдам кўрсатиладиган бўлди.

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси, партиянинг Самарқанд вилоят Кенгаши, Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши вакилларидан иборат ишчи гуруҳ аъзоларининг навбатдаги манзили Тайлоқ туманидаги Нурли йўл маҳалласи бўлди. Мазкур МФЙда яшовчи Дилшода Мансурованинг тўрт нафар фарзанди бор. Мулоқот давомида хонадон бекаси ўз ҳовлисида иссиқхона қурмоқчи эканлигини маълум қилди. Ишчи гуруҳ аъзолари унга бизнесни бошлаши учун Ўзбекистон Фермер ва деҳқон хўжаликлари, томорқа ер эгалари Кенгаши қошида ташкил этилган жамғарма ҳисобидан имтиёзли кредит берилишини маълум қилишди.

Каттақўрғон туманидаги Каттаминг маҳалласидаги ўрганишлар натижасида мутасадди ташкилотлар аҳолига суюлтирилган газ баллонлари етказиб бериш борасида етарлича бош қотирмаганлиги аниқланди. Ушбу муаммони тезроқ ижобий ҳал этиш мақсадида партия депутатлик гуруҳлари тегиш­ли муассасалар раҳбарларига депутатлик сўрови жўнатишди.




Самарқанд туманидаги Илонсой қиш­лоғида 54 та хонадон бўлиб, уларда 158 нафар аҳоли истиқомат қилади. Лекин ҳудудда тадбиркорлик субъекти ҳам, аҳолига маиший хизмат кўрсатиш шохобчаси ҳам, савдо дўконлари ҳам мавжуд эмас. “Обод қишлоқ” дастури доирасида ҳудудда “Маҳалла маркази”, “Нуронийлар чойхонаси”, савдо дўконлари, 20 ўринли ҳаммом, мактаб ва мактабгача таълим муассасаси, дорихона, кичик футбол майдончаси қуриш режалаштирилган. 

Яна бир гап. Шу вақтга қадар “Илонсой – Сиёб бозори” йўналиши бўйича жамоат транспорти йўлга қўйилмаган. Натижада мактаб ўқувчилари қишлоқдан 15 чақирим узоқда жойлашган Гулобод қўрғонидаги 38-ўрта мактабга, аҳоли эса Сиёб деҳқон бозорига қатнашда қийинчиликларга дуч келяпти. Ушбу муаммолар ҳам мутасаддилар билан атрофлича таҳлил этилиб, имкони борича кечиктирмасдан ечим излашга келишиб олинди.

Бир сўз билан айтганда, ишчи гуруҳ аъзоларининг Самарқанд вилоятига уюштирган сафарлари амалий натижаларга бой бўлди. Албатта, бу билан барча муаммолар ўз жойи­да ҳал этилди, мурожаатлар камайди, дейишга ҳали эрта. Хулоса ясашга шошилмайлик, мавзуга яна қайтамиз.

 

***

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси, партиянинг Наманган вилоят Кенгаши, Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши вакилларидан иборат ишчи гуруҳ аъзолари сўлим водийнинг Наманган вилоятига қарашли қишлоқларда бўлишди.

НАМАНГАН вилоятида “Обод қишлоқ” дастурига киритилган маҳалла фуқаролар йиғинларидаги ўн уч мингга яқин хонадонда етмиш мингдан ортиқ инсонлар истиқомат қилади. Гуруҳ аъзолари жами 22 та МФЙга қарашли қарийб мингта оила аъзолари билан мулоқотда бўлдилар.

Яширмайлик, авваллари улар пойтахт­дан келганлар билан иложи борича мулоқотдан қочишар, рўбарў бўлиб қолишса ҳам “Бизда ҳаммаси яхши, ҳеч қандай муаммомиз йўқ” деган гаплар билан чекланишарди. Уларга мавжуд муаммолар билан бирга ички қўрқув ҳам азоб берарди. Энди-чи?

Ҳар бир муаммо аниқ манзили, мурожаатчининг исми-шарифи, касби-кори билан бирга ёзиб олиниб, мониторингга киритилди. Ижроси қатъий назоратга олинди. Либерал сиёсатнинг самараси шу бўлдики, бугунги депутатлар сайловчилар билан учрашишдан, маҳаллий аҳоли эса муаммоларни баён этишдан, масъулиятсиз раҳбарларнинг ишга лоқайд муносабатини танқид қилишдан қочмайди. Аксинча, очиқ мулоқот, мунозара ва муҳокамалар орқали фаровон яшашимизга оддий тўсиқ бўлиб турган жиҳатлар жойида бартараф этилишини яхши билишади.

– Президентимизга ўзимизнинг самимий миннатдорчилигимизни билдирамиз, – дейди Тўрақўғон туманидаги “Оқтош” МФЙ раиси Валижон Сатторов. – Бугун маҳалламиз қиёфаси тубдан ўзгарди, ичимлик суви ва электр таъминотидаги муаммолар бартараф этилди. Қолаверса,  150 ўринга мўлжалланган болалар боғчаси қурилаётгани бизни янада хурсанд қилмоқда. Партия фаоллари мулоқотлар давомида аҳолига “Ҳар бир оила – тадбиркор” ва “Yoshlar – kelajagimiz” давлат дастурларининг мазмун-моҳиятини кенг тарғиб қилаётгани муҳим аҳамият касб этмоқда.

Янгиқўрғон туманидаги “Бўстон” МФЙ аҳолиси билан бевосита мулоқотда бўлган ишчи гуруҳи аъзолари Акрамхўжа Азизов хонадонида 100 та парранда, 5 та қорамол, 15 та бедана боқилаётганлиги, томорқасида сабзавот экинлари етиштириб келаётганлигига гувоҳи бўлишди.

– Маҳалладаги ўқув марказини шу йил очганман, – дейди тадбиркор Камола Жаҳонгирова. – 10 дан ортиқ ҳунар тўгаракларида 40 нафар ёш таҳсил олиб келмоқда.

Ушбу ўқув маркази ёнида “Boston trikotaj ART Soft tex” корхонаси фаолият юритаётир. Бу ерда маҳалланинг 120 нафар қизлари иш билан банд. Партия ғояларини тарғиб қилиш давомида ўқув марказининг 30 нафар ёшлари ва корхонанинг 120 нафар ходими партияга аъзо бўлиш ниятида эканлигини билдирди.

Хонадонлардаги аҳволни ўрганиш давомида жойлардаги ҳақиқий етакчи (лидер)ларни аниқлаш масалаларига ҳам жиддий эътибор қаратилди. Эл орасида ташаббускорлиги билан танилган, одамлар ҳурматига сазовор бўлган 110 нафар талабчан етакчилар рўйхатини шакллантиришда оқсоқоллар билан бамаслаҳат иш тутилди.

Бошланғич партия ташкилотлари ўз номи билан суянч ва таянчдир. Шу маънода, пойтахтдан келган ишчи гуруҳларининг жойлардаги БПТлар фаолияти билан қизиқиши ва уларнинг сонини оширишга ҳаракат қилишга интилиши табиий. Айни шундай саъй-ҳаракат орқали Наманган туманининг “Шамшикўл” ва “Шўрқўрғон” МФЙда, Чуст туманининг “Чавандоз Акбар полвон” фермер хўжалигида, Мингбулоқ туманидаги “Шуҳратбек Матонат” агрофирмасида, Уйчи туман “Пахта тозалаш” акциядорлик жамиятида, Норин туманининг “Қоратери” ва “Қўшчек” МФЙда, Янгиқўрғон туманининг “Элегант” ўқув марказида, Чортоқ туманининг “Обод диёр” МФЙда, Тўрақўрғон туманининг “Шоҳидон” қишлоқ врачлик пунктида, Косонсой туманининг “Ширинбулоқ” ва “Қорасув” МФЙда, Учқўрғон туманидаги “Томат пастаси” ва “Узтекс” масъулияти чекланган жамиятларида партиянинг бошланғич ташкилотлари очишга келишилди.

Юқорида таъкидлаганимиздек, амалий ишлари билан шуҳрат қозонган O‘zLiDeP электоратга янада яқин бўлиш, уларнинг муаммоларини жойида ўрганиш, ўз олдидаги вазифаларга инновацион ёндашув йўлини танлади. Мавжуд масалаларни ўрганиб, қоғозга туширган билан одамларга яхши бўлиб қолмайди, албатта. Шу муаммони оқилона ечиш йўлини таклиф қилган, ҳудудларда тўпланиб қолган катта-кичик масалаларни ҳал қилиш имконини топган партиягина сайловчилар эътиборини қозона олади. Яъни, самара – одамлар фаровон яшашининг бош мезони. Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг бугунги саъй-­ҳаракатлари  аввалги сиёсий жараёнларда қўлга киритилган ана шу ишончни янада мус­таҳкамлаш, мавқе ва имижини янада кучайтиришга қаратилган.

***

Самарқанд ва Наманган вилоятларидаги жонли мулоқотлар мазкур жараёнларнинг, таъбир жоиз бўлса, навбатдаги сайловлар арафасидаги тизимли тадбирларнинг кичик бир қисми, холос. Ана шундай суҳбатлар бошқа ҳудудларда ҳам аниқ режа асосида давом эттирилади. “XXI asr” эса бу борадаги таҳлилий-танқидий чиқишлар изчиллик касб этишига аҳамият беради. Сиз кутган ва кутмаган маълумотларни таъсирчан тарзда тақдим этиш тадоригида бўлади.

Озод РАЖАБОВ,

“XXI asr” мухбири