Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

O‘zLiDePнинг поплик беш фаоли

O‘zLiDePнинг поплик беш фаоли Бугун Поп шаҳри, Ипак йўли маҳалласи, Афсона кўчасида жойлашган бу файзиёб хонадон тўйхонани эслатади. Келиб-кетувчилар, табрикловчилар кўп. Қариндош-уруғ, дўс­ту-ёр, қўни-қўшни... Оиланинг ўртанчи фарзанди, 32 ёшли Дилшоджон Раҳмонов иқтисод фанлари доктори илмий
даражасини олди. Тўнғич Шавкатжоннинг ўғли Камолиддин Ички ишлар вазирлиги академиясига ўқишга кирди. Оила кенжаси Элёржон эса эгизак фарзандли бўлди...

Хонадон бекаси Майрамхон ая Деҳқон қизи офтобдек чарақлаб, қўли кўксида меҳмон кутиб, меҳмон кузатади.

­– Худога шукр, – дейди ая. – Шундай кунларга етказганига шукр! Қани энди, болаларнинг отаси ҳаёт бўлсалар, қанчалар қувонган бўлардилар...

Кўп йиллар қурилиш ташкилотида ҳисобчилик қилган, туманда биринчилардан бўлиб тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиб, қатор хайрли ишларни амалга оширган раҳматли Алижон ака Раҳмонов фарзандларини ўқимишли, удли-шудли инсонлар бўлишини ният қиларди. Не бахтки, бугун фарзандлар ота руҳини шод этиб, орзуларини ушалтириб туришибди.

Шавкатжон билан Шерзоджон “Беш бургут” кўп тармоқли хусусий фирмасини ташкил этишган. Фирма асосан қурилиш, савдо-тижорат ишлари билан шуғулланади. Жамоанинг қўлигул қурувчилари “Баркамол авлод” марказини реконструкция қилгач, бутунлай янгича қиёфа касб этиб, болаларнинг севимли масканига айланди. Ҳозир қурувчилар умумтаълим мактабларини янги ўқув йилига тайёрлаш билан банд. “Обод қишлоқ” дастури бўйича ҳам бунёдкорларни бири-биридан зарур юмушлар кутиб турибди. Фирманинг савдо дўконлари, хизмат кўрсатиш шохобчалари ҳам аҳоли хизматида.

– O‘zLiDeP туман Кенгаши билан ҳамкорликда “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида маҳалламиздаги кам таъминланган оилаларни тадбиркорликка жалб этишга алоҳида эътибор қаратяпмиз, – дейди Шерзоджон. – Кейинги ойларда бизнинг кўмагимизда бешта оила банкдан кредит олиб, ўз фаолиятини йўлга қўйди. Бундан ташқари, ўн нафар ёшни ишга олиб, қурувчилик касбини ўргатяпмиз.

Элёржон олий маълумотли иқтисодчи, тумандаги мактабгача таълим муассасаларининг бирида хўжалик ишларини бошқариш билан бирга “Беш бургут”да ҳисобчилик ҳам қилади. Акаси Ойбек ҳам иқтисодчи, туман ҳалқ таълими бўлимида ўз мутахассислиги бўйича фаолият юритади. Уйида қуён боқишни йўлга қўйган.

– Қуёнчилик етти хазинанинг бири, – дейди у. – Тез кўпайиб, тез етиладиган жонивор. Оиламиз билан бу соҳани ривожлантириб, алоҳида қуёнчилик фермаси ташкил этиш, шу йўл билан аҳолига арзон, сифатли қуён гўшти етказиб беришни мақсад қилганмиз.

Юқорида айтганимиздек, ўртанча фарзанд Дилшоджон илм йўлидан кетди.

– Шу болам ўзи кичиклигидан китоб­га ўч эди, ўқигани ўқиган эди, – дейди Майрамхон ая. – Илмга чанқоқлигини кўриб, отаси билан бамаслаҳат уни уйимиз яқинидаги 50-ихтисослашган лицейга бердик. Лицейда “Кичик академия” ташкил этилган бўлиб, тўрт юз ўқувчидан саккиз нафари аъзо эди, уларга стипендия тўланарди. Менинг Дилшоджоним ҳам ана шулар сафида эди...

Дилшоджон лицейни битиргач, Наманган муҳандислик иқтисодиёт инс­титутига грант асосида ўқишга кирди. Алишер Навоий номидаги давлат стипендианти бўлди. 2007 йили институтни тамомлагач, Тошкент молия инс­титути магистратурасига имтиҳонсиз қабул қилинди. Орадан икки йил ўтиб, Банк-молия академияси аспирантурасига кириб, 2012 йили муддатидан олдин “Ўзбекистон Республикасида соғлиқни сақлаш муассасаларини молиялашни такомиллаштириш” мавзусида номзодлик дессертацияси ёқлади. Шундан кейин ёш иқтидорли олим Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг молия ва солиқ кафедрасида ўқитувчилик қилиш билан бирга илмий изланишларини давом эттирди. Яқинда эса “Ўзбекистонда ижтимоий соҳани молиялаштиришнинг методологик асосларини такомиллаштириш” мавзусидаги докторлик ишини муваффақиятли ҳимоя қилди.

– Шу куни мен ҳам ўша ерда эдим, – дейди ҳаяжон билан Майрамхон ая. – Ўғлимнинг илмий маърузасини тинг­лаб, устозлари – академик Саидаҳрор Ғуломовнинг, профессор Нодиржон Жумаевнинг, фарзандим ҳақидаги сўзларини эшитиб, бошим кўкка етди. Кўзларим севинч ёшларига тўлди. Ўша зум ўзимни дунёдаги энг бахтли оналарнинг бири деб билдим. Ёшларга билим чўққиларини эгаллашлари учун барча шароитларни яратиб бераётган, уларни ҳар доим қўллаб-қуввватлаб, янги-янги марралар сари руҳлантираётган Президентимизни дуо қилдим.

Дилшоджон камтар, камсуқум йигит. Бугунгача қўлга киритган муваффақиятлари омилини устозлари туфайли, уларнинг меҳри, ишончи туфайли деб билади. Ёш олимнинг фикр-мулоҳазалари билан қизиқамиз.

– Давлатимиз раҳбари бугунги кунда таълимга, соғлиқни сақлаш тизимига алоҳида эътибор қаратаётганлари бежиз эмас, – дейди у. – Мамлакатнинг эртанги равнақи ана шу икки омилга кўп жиҳатдан боғлиқ. Илм ва соғлиқ бор жойда иқтисодий ўсиш бўлади. Энг катта ресурс бу – инсон салоҳияти. Инсон салоҳияти эса чексиз. Илмий ишим жараёнида Голландия, Ҳиндистон, Туркия каби хорижий давлатларда бўлганимда бунга ўзим ишонч ҳосил қилдим.

Бир кичик мисол: Голландия ҳудуди унча катта бўлмаган давлат. Ер шароити ҳам бирмунча мураккаб. Аммо, шунга қарамай, голландияликлар озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш ва экспорти бўйича дунёда етакчи ўринлардан бирини эгаллаб турибди. Боиси, бу ерда инсон салоҳиятига, инновацияга жуда катта аҳамият қаратилаётганидир.

Инновация тадқиқотларда туғилади. Инновация ҳам вақтни, ҳам харажатларни тежайди. Мамлакатимизда Президентимиз ташаббуси билан инсон салоҳиятига, илм-фан ютуқларига, тадбиркорликка устувор аҳамият қаратилиб, биз каби ёшларга барча эшиклар очиб берилаётган экан, бу яқин йиллар ичида ижобий натижасини беради.

Давр билан ҳамнафас яшаётган бу қутлуғ хонадон соҳиблари билан суҳбатлашар эканмиз, беихтиёр хаёлимизга Майрамхон аянинг отаси Деҳқон газзоб (тезоб, шахди-шиддати баландлиги учун шундай лақаб олган) исмли уста пахтакор, унинг қудаси – ўз даврининг ишбилармон инсонларидан, Наманганда биринчи бўлиб “Победа” автомашинасини минган Хўжамберди ота келди. Ҳар икки обрў-эътиборли инсон бундан қирқ йиллар муқаддам яхши ниятлар билан қуда бўлган эди. Вақт – олий ҳакам. Буни қарангки, йиллар ўтиб Хўжамберди Раҳмон ўғли ва Деҳқон бува сулоласидан, раҳматли Алижоннинг ака-амакиваччалари Озодбой Хўжамберди, Исақжон, Исломжон сингари эл назаридаги раҳбар-мутахассислар, ўндан зиёд олий маълумотли молиячи-иқтисодчилар, яна қанча тадбиркор, ишбилармон инсонлар етишиб чиқиб, бугун элу юртга сидқидилдан хизмат қилмоқда. Бу сафга фан доктори илмий даражасини олган Дилшоджондек иқтидор қўшилгани Хўжамбердиевлар сулоласи шарафини яна бир поғона кўтарди, барчани хурсанд қилди.

Қизиқ. Ҳар икки бобокалон – Хўжамберди ота билан Деҳқон бува вақти келиб, ўз зурриётларидан фан доктори чиқишини хаёлга келтирганмикан? Ўйлашмаган-ов. Ана Сизга замон шиддати, инсон орзу-ҳаваси, имкониятлари...

Бири-биридан оқил, тадбиркор фарзандларнинг онаси, набираларнинг бувиси, оила фариштаси, мунис-меҳрибон Майрамхон ая айни кунларда эгизак набиралари – Ҳасан-Ҳусаннинг парвариши билан банд. Ахир, данагидан мағзи ширин, деганлари шу эмасми?..

Ортиқали НОМОЗОВ,

 “ХХI asr” мухбири

Cуратни Шерзод ҒАФФОРОВ олган.