Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

ОЗОДЛИК СУРАТИ “Ҳуррият дафтари”дан кўчирмалар

ОЗОДЛИК СУРАТИ      “Ҳуррият дафтари”дан кўчирмалар
 
 
 
 ...Бу дафтарнинг ҳар варағида юзлаб, минглаб тақдирлар, унутилмас воқеалар, турли-туман кечмишлар, соғинчу изтироблар битилган. Озодлик туйғуси... Ҳассос адиб, адабиётшунос олим, куни кеча Президентимиз фармонига кўра “Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби” юксак унвонига сазовор бўлган Иброҳим Ғафуров таъбири билан айтганда, “Одамни енгилмас қилади”!
 
***
...Ўшанда 2000 йилнинг кеч кузаги эди. Телевидениеда ишлардим. Ўзбек миллий адабиётининг атоқли намояндаси, фидойи инсон, раҳматли устозимиз Аҳмад Аъзам ёнига чорлаб: “Чорсу бозорига туташ кўчада дунё кўрган бир инсон яшайди, исмлари Абдулазиз ҳожи ота, шу киши билан “Шаҳидлар хотираси” майдонида съёмкамиз бор, хуллас, шу ёққа олиб борсангиз савоб бўларди-да”, деди. Бу афсонавий инсон тақдири ҳақида кўп қизиқ ҳикоялар эшитгандим. Ҳузурига шошилдим.
Ўша йилнинг май ойида Биринчи Президентимиз ташаббуси билан очилган майдонга биринчи боришим. Яна денг, бу муборак манзилга бир асрни қаритаётган шундай табаррук зот билан зиёратга отланаётганимдан бошим осмонда эди.
“Шаҳидлар хотираси” мажмуига етиб келдик. Абдулазиз ота бўлса секин пичирлайди: “Аллоҳим, шаҳидларга икки дунё саодатни бергин, Ассалому алайкум, Қодирий бобо, Чўлпон бобо, илоё руҳларингиз шод бўлсин!”
Зинапоялардан оҳиста-оҳиста қадамлар билан пастга тушдик. Нафасини ростлаб олгач, қори домла сўзлай кетди:
– Қачондан бери шу ёққа келаман, дейман. Ҳеч оёғим тортмасди. Бугун насиб қилган экан. Лекин Аҳмаджон (Аҳмад Аъзамни назарда тутди – Н.Ж.) нинг отасига минг раҳмат, “Ўзлик” кўрсатуви орқали жуда кўп инсонларнинг номини оқлади, элга танитди.
Ишонасизми, ўғлим, ҳозир сизни қўлтиқлаб тушиб келяпману, ҳар босган изимдан фарёдли овозлар эшитилаётгандек туюлаверади. Оёқ босишга қўрқасан киши. Телевизорда шу майдоннинг очилиш маросимини кўриб, йиғлаб ўтирдим. Ислом Каримовга мингдан минг раҳмат! Халқим ўз тарихини билсин, бой ўтмишини қадрласин, деб шундай обод бир зиёратгоҳни бино қилдирди. Бўлмаса қаранг, шу пайтгача неча марта айтилди, ёзилди, Қодирийлар шу ерда отилган, эшитган, кўрганлар бор, деб жар солинди. Ҳеч ким миқ этмади, ташаббус кўрсатмади. Ниҳоят  обод бўлди, халқимиз кўнгли шод бўлди...
Шу куни отахон бизга ҳам, камера қаршисида ҳам ёниб, жўшиб сўзлади. Келгунича ҳорғин кайфиятда бўлган Абдулазиз ҳожи ота ортга қайтаётганимизда баланд руҳда зинапоя­лардан илдам юриб кетди...
Хизрсифат, дуогўй отахоннинг нурли сиймосини яна кўргим, дилбар гурунгини соғиниб, эшитгим келди. Қиш кунларидан бирида яна йўқладим. Умра сафаридан қайтиб келганидан сўнг сал шамоллаб қолган экан. Неваралари бир-икки кундан кейин қўнғироқ қилишимни айтишди. Ниҳоят, ўша, юртдошларимизнинг кўпчилигига қадрдон бўлиб қолган мўъжазгина гўшаларида дийдорлашдик.
Яна дардли гурунг бошланиб кетди:
– Насиб этса, юз ёшни қоралаб боряпман, болам. “Инсоннинг боши Тангрининг тоши” деб бежиз айтилмаган экан. Озодлик ҳақида сўзлаш осон дейсизми? Мана, мендан, 40 йил ҳижратда, Ватан дардида зор-зор йиғлаган одамдан сўранг она тупроқ қадрини.
Ватан қадрини ватансиздан сўранг, дейдилар. Бизнинг ҳисобимиз осмондаги ой билан ўлчанади. Кеч киради, тонг отади, тонг отади, кун ботади. Ишонинг, юртдан айро тушган одам учун ҳатто, соатни қўйинг, лаҳзалар ҳам тўхтаб қолгандек туюлаверади. Кун ўтмайди, умр ўтармиди?
30-йилларнинг даҳшатли манзараларини эсласам, этим музлаб кетади ҳозир ҳам. Жон ширин-да, ишонмайди кўпчилик, бойлар, қоп-қоп тилла-олтини борлар дуч келган жойга кўмиб қочиб кетди, бир бурда нон, керак бўлса, тиллодан қиммат эди ўша даврларда...
Қўйинг, яхши кунлардан сўзлайин. У кунларни биз кўрдик, сизлар кўрманглар. Буғдой донасидай сочилиб кетган ўзбеклар Ватан озод бўлганида қанчалар қувонишганининг сири аслида шу!
Худойимнинг шарофати билан муборак ҳаж зиёратига юртимиз озод бўлган 1991 йилда борганман. Раҳматли ота-боболарим Маккаю Мадинага етолмай, армонда дунёдан ўтиб кетишган. Шуларнинг руҳлари шод бўлсин деб икки марта Умра сафаригаям бориб келдим.
Кўчадан кетаётсак, бизни икки киши тўхтатиб, қаердан келганимизни сўрашди. Ўзбекистондан десак, елка қисишди. Охири бўлмади, мен  баланд овозда, Бухорий юртидан келдик, деганимни биламан ҳалигиларнинг бири мени қучоқлаб ҳўнграб йиғлаб юборди...
Танишдик. Нуриддин ҳожи деганининг отаси асли Шаҳрисабздан экан, у 7 ёшида Макка шаҳрига бориб қолган экан. Қўқонлик Раҳматулло қори икковлари бизларни қўярда қўймай уйларига олиб кетишди. Яна бир гуруҳ мусофир ватандошларимизни уйларига чорлаб, суҳбатларимизни йиғлаб-йиғлаб тинг­лашди...
Бу кўз ёши, дийдорлашув, дардлашувлар бежиз эмаскан. Дунёнинг ишларини қаранг, биз бўлсак, бу ёқдан минг-минг чақирим йўл босиб, бир умр топган-тутганимизни йиғиб, тўплаб муборак зиёратга интиламиз. Улар-чи? Барча иш-ташвишларини ташлаб, юрак-юракларида номларини асраб-авайлаб юрган олис Ўзбекистондан меҳмонлар келишса, бир лаҳза бўлса-да, дийдорларига тўйиб, бу ёқдан олиб борган ўзимиз учун жуда оддий туюлгувчи буғдой нонларимизни кўзларига суртиб, йиғлаб суҳбатларимизга  муштоқ бўлиб яшайдилар. Уларнинг аксари “Қанийди, ота-боболаримнинг киндик қони томган муқаддас тупроқни бир зиёрат қилсак, бу дунёдан армонсиз кетар эдик”, дейишади армон билан...
Азизлар, Озодлик сурати сизу бизнинг ёнгинамизда. Уни кўриб-кўрмаймиз, англаб-анг­ламаймиз. Қачонки, юртдан айро тушсаккина, кўзларимизга ҳеч нарса кўринмайди. Дунёнинг манаман деган шаҳару эртаксифат манзаралари, океану денгизларини оддий бир қишлоқдаги одмигина кечаётган ҳаёт ташвишларимизга ҳам алишгимиз келмайди. Бунда қандай сиру синоат бор, айтинг!
Ватандан ташқарида бахт йўқ деганлари балки шудир. Балки...