Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Biz tarmoqlarda:

Панжара ортида айтилган ҳақиқат

Панжара ортида айтилган ҳақиқат

Жавобгарлар жавобгарликка тортилмади...

Бир неча йил аввал хизмат тақозоси билан жиноят ишлари бўйича суд мажлисида иштирок этгандим. Айбланувчи – тўққизинчи синф битирувчиси темир панжара ичида ҳовучдеккина бўлиб, тўкилай-тўкилай деб турар, икки кўзи залда ранги докадек оқариб кетган, униққан рўмолининг учини лабига босиб унсиз йиғлаётган онасида эди. Судда воқеа учун жавобгар барча масъуллар – мактаб директори, синф раҳбари, маҳалла раиси, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг туман бўлимлари, вояга етмаганлар билан ишлаш комиссияси вакиллари жам эди.

Маълум бўлишича, ўспириннинг отаси ичкиликка муккасидан  кетган, эрталаб уйдан чиқиб кетиб, ишлаб топган пулига (пойабзал таъмирлайди) бўккунча ичиб келар ва ароқнинг кучини хотинини калтаклашга сарфлар экан. Бу ҳолат мудом такрорлангани боис кун ботаверса, аёлга қўшилиб бир ўғил ва икки қизи ҳам қалтирашга тушар, рўшнолик нелигини билмаган беайб онанинг ота томонидан баттар хўрланишини кўриб, тишини тишига босишарди.

Ана шундай кунларнинг бирида, улар қуруқ помидордан иборат кечки овқатни еб ўтиришганида дарвозанинг қаттиқ тарақлашидан сергак тортишади: демак, у яна ичган, ҳозир ҳаммани бўралаб сўкади, “текинхўр”, “текинтомоқ” дей­ди, сўнг аёлига яқинлашиб, уни масхаралаб жиғига тегади, акс садо қайтмагач: “Ақалли гап қайтаришниям билмайсан, борингдан йўғинг яхши”, дея дўппослайди. Бундай пайтда болакайлар онанинг тиззасига ёпишиш ёки атрофини ўраб ҳимоялаш, отага йиғлаб ёлворишларидан фойда йўқ, акс ҳолда, “Болаларингниям менга қарши тарбиялаяпсан”, дея ярим тунгача онаизорга кун бермайди. Ана шуларни ўйлаб муштдеккина болалар ичида йиғлашади (овоз чиқариб йиғлашларига ҳам рухсат йўқ!).

Бу галги зарбалар ҳар доимгидан ошиб тушди, тилсиз ожиза тепкилардан ичини ушлаб типирчилаб қолди, оғзи-бурни қонга тўлди, шунда ҳам нуридийдалар онани эмас, тескари томондаги уч устунни маҳкам қучоқлаб олишган, нозиккина елкалари тез-тез силкинарди, холос. Ўз ёшига яраша таъсирчанлиги, куюнчаклиги янада ошган тўнғич фарзанд – ўғилнинг сабр косаси тўлди. Тўлдики, энди чидаб туролмади, кучли таъсирда ғўр ақлида тўсатдан келган фикрни амалга оширгиси, яъни отани сергак торттириб қўйгиси келди гўё ва тўғри ошхонага кириб, пичоқ олиб чиқди. Бу вақтда ароқхўр уйга кириш учун пастқам зиналарнинг иккитасидан кўтарилган эди. Йигитча ундан битта қуйига тушди-да, совуқ қуролни кўрсатиб деди:

– Энди мен катта бўлдим, бундай қараб туролмайман. Урсангиз мени уринг, фақат онамга тегманг!

– Ие? – кўзлари ола-кула бўлиб ортига бурилди муштумзўр ва оғзидан тупук сачратди. – Сен тирранча ҳали менга ақл ўргатяпсанми?

– Бечора онамнинг айби нима? Айтинг?

– Мана бунингга сен ўргатгансан шундай қилишини! – ҳалиям ўзига келолмай питирлаётган аёлига кўрсаткич бармоғини ўқталди у. – Ҳозир кўрсатиб қўяман сенга!

У шундай дея пастга қадам ташлаётиб, ўғлининг ўнг қўлида юқорироққа кўтарилган тиғга рўбарў бўлди... Пичоқ нақ юракка қадалган эди! Тез ёрдам машинаси келгунича, унинг жони узилиб бўлган эди...

Хуллас, эҳтиётсизлик орқасидан жиноят содир этилган, таомилга кўра, жиноятчига жазо тайинланиши керак. Шундай ҳам бўлди, ҳукм ўқилди: ўспирин 10 йил муддатга озодликдан мустаҳиқ қилинди! Жазони тегишли колонияларда ўташ белгиланди (бу ҳукмдан онанинг қулоқлари кар бўлиб қолгани аниқ, юрагининг қолганиям узилди).

Суд тартибига биноан айбланувчига сўнгги сўз берилди. Унинг жавобидан нафақат яқинларининг, барча тўпланганнинг юраги пораланди: “Қани эди, бугунгидек ҳамманинг эътибори менда бўлганида эди, менинг сўзларим аввалдан ҳам аҳамиятли бўлганида эди? Қанийди, сенинг дардинг нима, нимани истайсан, деб мендан олдинроқ бирор марта сўрашганида эди – мен бугун бу ерда ўтирмаган, онажоним отам ва мендан айрилмаган бўларди... Мен бугунгидек кунни 15 йилдан бери кутдим!”

Бутун залга сукунат чўмди, пашша учса эшитиладиган. У эса имкониятни бой бергиси келмагандек, бундай фурсат бошқа келмайдигандек, падарининг руҳидан ва юз берган фожеада ўзини айблаб, шундоғам қовурилиб ётган онасидан кечирим сўрагандек, яна давом этди, давом этганидаям вояга етмаган эмас, нақ мўйсафид бўлиб сўйлади: “Эсимни танибманки, отам ичкиликсиз туролмайди, шу боис ҳамма оталар ичади деб ўйлаб улғайдим. Отамнинг тиззасида эркаланиб ўтиришни-ку қўйинг, бирга мазза қилиб, жанжалсиз овқатланиш ҳам ёт эди бизга. Аммо мен бу кунимизга биргина отамни айбламайман, у киши маънан носоғлом фикрли бўлсаям атрофимиздагилар соғ эди-ку! Мана, икки амаким икки томонимизда яшайди, ўзига тўқ, болалари киймай ташлаб юборадиган кийимларига биз зормиз, янги кийим-кечак билан сийлаш тугул, ўша эскиларини ҳам бизга илинишмайди, девордармиён бўлиб биздан тил учида хабар олишга вақтлари ҳам, хоҳишлари ҳам йўқ. Оёқ кийимим, тайинли устбошим йўқлигидан ойлаб мактаб эшигини кўрмасдим, аммо ўқишни жуда истардим, мана бу ҳурматли директоримиз, синф раҳбаримиз (залда ўтирган тегиш­ли одамларга қўли билан ишора қилди) булар уйимиз қаердалигини билишмайди ҳатто, келиб менинг ҳолимдан хабар олишганида эди, мен таълим таъсирида отамни “қўрқитиб” қўйишга журъатим етмасмиди? Қаҳратон совуқдаям ариқ бўйида машина ювиб пул топардим, у ҳам кунлик ейиш-ичишимиздан ортмасди. Маҳалла раисини маҳалланинг отаси деймиз, кечаси билан ўйлаб чиқиб, онамга билдирмай бир неча бор у кишига мурожаат қилдим, бизнинг моддий ёрдам олишимизга, отамни тартибга чақиришга ва ичкиликдан даволанишларига кўмаклашинг деб, “Ота-
онанг тирик, бири бўлмаганда ёрдам берардик”, деб мени қайтарди, онам эса бунақа нарсаларни сўрашдан ор қилар, кўчага тил ёрмасди. Ёки “участкавой”имиз, мен отамни бошига етган заҳотиёқ етиб келди, аммо унгача бўлган жанжалларнинг бирортасига аралашмаган, “хабарсиз” қолар эди. Ўқиш маҳалида мен – мактаб ўқувчисининг меҳнат қилаётганини улар кўрмаган дейсизми? Кўрган. Бошқа қўни-қўшниларимиз-чи, уларнинг орасида тегиш­ли давлат ташкилотларида ишлайдиган, мурувват ҳақида соатлаб маъруза ўқийдиганлари ҳам бор. Баъзилари ўтказадиган тўйларнинг бир столига кетадиган харажатига бизнинг қозонимиз бир йил қайнайди, аммо қани ундай саховатпешалар? Ана шу мен санаган одамлар бизга ҳам инсон сифатида қараганида, ўз вазифасига совуққон бўлмаганида онажоним фарзандини мана бу қафасда кўрмаган, бир кунда ҳам эридан, ҳам ўғлидан ажралмаган бўларди, мен жазодан эмас, онамнинг аҳволидан, сингилларимнинг келажагидан хавотирдаман? Мана, содир этилган жиноятда менга жазо беришди, аммо унинг олдини олишга масъул бўлгани ҳолда ўз вазифасига совуққонлик билан қараган ва бунга шароит яратиб бериб, ўз ҳиссасини қўшганларнинг бирортаси жавобгарликка тортилмади. Эҳ, бугунги эътибор аввалроқ бўлганида эди!..”

Нурхон ЭЛМИРЗАЕВА