Паралимпиячиларимизга омад ёр бўлсин!

Хабарингиз бор, 18 августдан 2 сентябрга қадар давом этган XVIII Осиё ўйинларида спортчиларимиз 21 та олтин, 24 та кумуш ва 25 та бронза медалларини қўлга киритиб, жами 70 та медал билан умумжамоа ҳисобида 5-ўринни эгаллаб, ёруғ юз билан юртимизга қайтишган эди.
Энди эса паралимпиячиларимиз ҳам айнан Индонезия пойтахти Жакарта шаҳри 6-13 октябрь кунлари мезбонлик қиладиган Параосиё ўйинларига жўнаб кетишди.
III Параосиё ўйинларида Ватанимиз шарафини 54 нафар вакилимиз ҳимоя қилади. Улар спортнинг беш тури: пауэрлифтинг, дзюдо, ўқ отиш, сузиш ва енгил атлетика бўйича ўтказиладиган беллашувларда ўз омадларини синаб кўришади.
Ўтган ёзги Осиё ўйинларида Ўзбекистон терма жамоаси олтин, кумуш ва бронза медаллари умумий сони бўйича энг яхши натижани қайд этган эди. Энди навбат паралимпиячиларимизга.
Уларга омад тилаймиз!