Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

ПАРЛАМЕНТ ЖУРНАЛИСТИКАСИ: замонавий усул ва ёндашувлар

ПАРЛАМЕНТ ЖУРНАЛИСТИКАСИ: замонавий усул ва ёндашувлар
Журналист... У қандай билим ва дунёқарашга эга бўлиши керак? Мамлакатда қонун ижодкорлиги кўзгуси – парламент фаолиятини ёритувчи журналист-чи? У мазкур йўналишда ахборот тарқатув­ни самарали амалга ошириши, Олий Мажлис ва халқ ўртасидаги ишончли кўприк бўла олиши учун нималарга эътибор қаратиши, қандай усул ва ёндашувларга таяниши лозим бўлади?
 
Худди шу каби саволларга пойтахтимизда бўлиб ўтган семинар-тренингда атрофлича жавоб топишга ҳаракат қилинди. Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси, Журналистларни қайта тайёрлаш маркази, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг (ЕХҲТ) Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси ҳамкорлигида “Парламент журналистикаси: замонавий усул ва ёндашувлар” мавзуида ташкил этилган анжуманда оммавий ахборот ходимлари ва журналистика факультети талабалари иштирок этишди.
– 2017-2018 йилларда Ўзбекис­тонда парламент, таҳлилий журналистика салоҳиятини такомиллаштириш масалалари лойиҳаси доирасида ўтказилган тадбирда маҳаллий ва хорижий медиа ташкилотларининг етакчи экспертлари парламент ҳаётини ёритиш юзасидан машғулотлар ўтказди, – деди Журналистларни қайта тайёрлаш маркази директори Гулнора Бобожонова. – Айтиш жоизки, Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясида парламентнинг демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш, давлат бошқарувининг ташкилий-ҳуқуқий асосларини ривожлантириш, парламент ва жамоатчилик назорати механизмларини амалга оширишни давом эттиришдаги ролини ошириш белгилаб қўйилган. Бу йўналишдаги ишлар самарадорлиги, мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказишда эса оммавий ахборот воситаларининг ўрни муҳим аҳамият касб этади. 
– Шу маънода парламент журналистикасининг услуб ва қоидаларини мукаммал ўзлаштириш, бу борада хорижий журналистиканинг илғор тажрибасидан унумли фойдаланиш самарали ҳисобланади, – деди Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг журналистика факультети ўқитувчиси Наргиза Қосимова. – Айниқса, сабоқларни чет эллик таниқли журналистлар билан ҳамкорликда олиб борганимиз иштирокчиларимизда ўз устида янада ишлаш ва замонавий усулларни қўллаган ҳолда иш олиб бориш кўникмасини оширди.  
Журналист ва талабалар, шунингдек, депутатлар фаолияти ҳақида материаллар тайёрлаш, парламент журналистикасининг сифати, оммавий ахборот воситаларининг халқ саводхонлигини оширишдаги роли каби мавзуларда маърузалар тинглашди. Айниқса, интерфаол усулда ўтказилган назарий ва амалий машғулотлар қатнашчиларда катта қизиқиш уйғотди. 
Тадбир сўнгида энг фаол иштирок этган журналистларга сертификат топширилди.
 
Нурхон ЭЛМИРЗАЕВА,
“XXI asr” мухбири