Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

ПАРЛАМЕНТДАГИ ВАКИЛЛАРИМИЗ ЯНГИ ИСЛОҲОТЛАР ЖАРАЁНИДА

ПАРЛАМЕНТДАГИ ВАКИЛЛАРИМИЗ ЯНГИ  ИСЛОҲОТЛАР ЖАРАЁНИДА
Куни кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракцияси томонидан оммавий ахборот  воситалари вакиллари учун “Ҳаракатлар стратегияси доирасида кўзда тутилган ислоҳотларнинг ҳуқуқий базасини такомиллаштиришда O‘zLiDeP фракциясининг иштироки” мавзуида  матбуот анжумани ташкил этилди. Республикамиздаги кўплаб оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этган тадбирда партия ва унинг парламент қуйи палатасидаги фракцияси томонидан Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида амалга оширилган ишлар хусусида атрофлича сўз юритилди.
 
Қайд этилганидек, Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда кенг қамровли янги ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Халқимиз турмуш фаровонлигини янада яхшилаш, иқтисодиётимизни юксалтиришга қаратилган ана шу янгиланишларда сиёсий партиялар ва уларнинг парламент қуйи палатасидаги фракциялари, жумладан, етакчи сиёсий куч бўлган O‘zLiDeP ва унинг фракцияси ҳам муносиб иштирок этмоқда.  Таъкидлаш керакки, фракция тизимида ишни янгича талаблар асосида ташкил этиш бўйича зарур чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, изчиллик билан ҳаётга татбиқ этилаяпти.
Йиғилишда фракция томонидан Ҳаракатлар стратегияси доирасида илгари сурилаётган муҳим йўналишлар ижросини таъминлаш борасида мамлакатимиз Президенти томонидан қабул қилинаётган фармон ва қарорлар ижроси  устидан фракция тизимли назорат-таҳлил фаолиятини йўлга қўйгани ҳам таъкидланди.
– Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида парламент томонидан  104  та  қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган. Уларнинг барчасида энг катта фракция сифатида O‘zLiDeP вакиллари фаол қатнашди, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партиямиз фракцияси аъзоси Ойбек ЖУМАЕВ. – Ушбу қонун лойиҳаларининг 22 таси бевосита депутатлар томонидан ишлаб чиқилган ва  16 таси айнан фракциямиз ташаббуси билан илгари сурилди. Мамлакатимиз раҳбарининг шу йил 12 июль куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишидаги маърузаси  асосида аниқ вазифалар белгилаб олинган бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва Молия вазирликлари, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси ҳамда уларнинг ҳудудий бошқарма ва бўлимлари фаолияти устидан изчил депутатлик назорати олиб борилмоқда.
Парламент қуйи палатасидаги O‘zLiDeP фракцияси ижрочи котиби Отабек Равшановнинг айтишича, депутатлик назорати бўйича 2017-2018 йилларга мўлжалланган иш режасида барча вилоятлар, шаҳар ва туманлар тўлиқ қамраб олинган. Шу пайтгача ушбу режада акс этган бир талай ишлар амалга оширилди. Масалан, “Ургут” эркин иқтисодий зонасида ва “Янгиер” кичик саноат зонасида тегишли ўрганишлар амалга оширилди. “Янгиер” кичик саноат зонасидаги ўрганишлар натижасида бир қанча тижорат банклари белгиланган лойиҳаларни ўз вақтида молиялаштирмаганлиги оқибатида уларнинг рўёбга чиқиши кечикиб кетаётгани, кўпгина ташкилотлар ўз мажбуриятларига совуққонлик билан қараётгани туфайли ҳудуддаги ишлар талаб даражасида бормаётгани аниқланди. Бундан ташқари, фракция аъзолари ташаббуси билан кичик саноат зоналари фаолиятини тартибга солувчи айрим қонуности ҳужжатларининг бугунги талабларга жавоб бермаслиги, уларга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш лозимлиги тўғрисидаги хулосалар аниқ, асосли таклифлар билан бирга мутасадди ташкилотларга киритилди.
– Фракциямиз аъзоларининг халқ билан мулоқотини янада тизимли ва самарали йўлга қўйиш, уларга мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар мазмун-моҳиятини тушунтириш, Президентимиз томонидан қабул қилинаётган фармон ва қарорлар моҳиятини очиб бериш, шунингдек, Қонунчилик палатасида айнан фракция ташаббуси билан ишлаб чиқилган қонун лойиҳаларини муҳокама қилиш мақсадида шу йилнинг августидан бошлаб партиянинг “Facebook” ижтимоий тармоғидаги саҳифасида тўғридан-тўғри онлайн мулоқотлар амалга оширилмоқда, – деди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракцияси аъзоси Қаҳрамон ЭРГАШЕВ. – Ўтган вақт мобайнида Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракцияси аъзолари билан 40 дан ортиқ тўғридан-тўғри онлайн мулоқотлар ўтказилди. Уларда аҳолини ўйлантираётган мингдан ортиқ саволларга жавоб қайтарилди. Эътиборлиси, шу йил октябрь ойидан эътиборан мазкур амалиёт ҳудудий кенгашлардаги партиямиз депутатлик гуруҳи аъзолари билан ҳам йўлга қўйилди.
Шунингдек, фракция аъзолари партия томонидан ижтимоий тармоқ орқали тўғридан-тўғри эфирга узатилаётган тадбирларда ҳам фаол қатнашаётгани диққатга молик. Масалан, 2017 йилнинг 6 сентябрида O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси томонидан  Президентимизнинг валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони мазмун-моҳиятига бағишланган давра суҳбати “Facebook” орқали онлайн йўсинда эфирга узатилди. Тадбирни қарийб 4 минг киши кузатиб борди. Улар фракция аъзоларига тўғридан-тўғри саволлар билан мурожаат қилиш имкониятига эга бўлишди.
Йиғилишда баъзи камчиликлар ҳам тилга олинди. Мисол учун,  депутатларнинг аксария­ти “Facebook” ижтимоий тармоғидаги шахсий профилида фаол эмаслиги танқид қилинди.
Чекка ҳудудларда истиқомат қилаётган, интернетдан фойдаланиш имконияти чегараланган юртдошларимиз билан бевосита алоқалар ўрнатилишига партиямиз томонидан алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Айниқса, махсус ишчи гуруҳлари мамлакатимизнинг энг чекка туманлари, овул ва қишлоқларида яшайдиган ҳамюртларимиз билан учрашувлар ўтказяпти. Ҳозиргача Қорақалпоғистоннинг энг чекка – Каракалпакия аҳоли пунктидан тортиб, Навоий вилоятининг Томди туманигача жами 70 га яқин  мулоқотлар ташкил этилди.  Кўплаб ижтимоий-иқтисодий муаммолар ҳал қилинди. Шунингдек, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлаш учун эса жойларда сайёр қабуллар ташкил этилмоқда.  Ўтган давр  мобайнида чекка-чекка ҳудудларда жами  43 маротаба сайёр қабуллар ўтказилиб, 2 730 дан ортиқ киши қамраб олинди.
Мухтасар айтганда, қатнашчилар Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракциясининг тегишли йўналишлардаги фаолияти бўйича тўла тасаввурга эга бўлдилар. 
 
Элбек ШОЙИМҚУЛОВ,
“XXI asr” мухбири.
 
Солижон ЗОИРОВ олган суратлар.