Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Пахта ҳосилини тўлиқ териб олайлик!

Пахта ҳосилини тўлиқ териб олайлик!

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг

М У Р О Ж А А Т И

Ҳурматли юртдошлар!

Юртимизда Президентимиз бошчилигида ҳар бир фуқаро, ҳар бир оиланинг даромадларини ошириш, халқимизнинг тинч ва фаровон ҳаёт кечириши, мамлакатимизнинг изчил тараққий этиши учун барча шароитларни яратиш чоралари кўрилмоқда.

Ҳеч кимга сир эмас, иқтисодий фаровонликка эришиш ўз-ўзидан бўлмайди, албатта. Ривожланган давлатлар тажрибаси шуни кўрсатадики, ҳар қандай тараққиёт улкан меҳнат ва машаққатни талаб қилади. Ватан келажаги, авлодлар тақдирига бефарқ бўлмаган ҳар бир инсондан улуғ мақсадларга эришиш учун елкама-елка ва якдил меҳнат қилиш талаб этилади.

Ҳозирги кунда юртимиз деҳқонларининг куну тун қилган машаққатли меҳнати ва катта сарф-харажатлар эвазига етиштирилган пахта ҳосилини йиғиб-териб олиш мавсуми жадал давом этмоқда.

Пахта ҳосилидан олинадиган фойда нафақат фермерларимиз даромадига даромад қўшибгина қолмай, балки юртимиз ривожи, хусусан, маҳалла ва қишлоқларни обод айлаш, янги уй ва йўллар қуриш, боғча ва мактаблар барпо этиш каби хайрли ишларга хизмат қилишини унутмаслигимиз лозим!

Бу йилги мураккаб об-ҳаво шароитида ғўза парваришлаш, ҳосил етиштириш осон кечмади. Деҳқонларимизнинг машаққатли меҳнати эвазига яратилган ҳосилни айни йиғиб-териб олиш мавсумида кузатилаётган об-ҳаво инжиқликларига эса барчамиз гувоҳмиз. Айни шундай вазиятда пахтани ёғин-сочинли кунларга қолдирмасдан саранжомлаб олиш,  даромад манбаимизни далада қолдирмасдан йиғиштириб олиш Сизу бизнинг, ҳар биримизнинг кўмагимизга боғлиқ.

Давлатимиз раҳбарининг қишлоқ хўжалиги ходимларига кўрсатаётган алоҳида ғамхўрлиги, бу йилдан пахта етиштиришни молиялаштиришнинг мутлақо янги тизими яратилгани Сиз миришкор деҳқонларнинг ишга бўлган муносабатингизни тубдан ўзгартиргани табиий. Хусусан, пахтанинг харид нархлари ўтган йиллардагига нисбатан қарийб икки баробар оширилгани яқин тарихимизда кузатилмаган воқеликдир.

Шундай экан, ҳар биримиз кўрсатилаётган бундай ғамхўрлик елкамизга улкан масъулият юклашини ҳам ёдда тутишимиз керак! Бугунги кунда энг асосий вазифамиз – йил давомида қилган самарали меҳнатимиз натижасини белгилайдиган пахта йиғим-теримининг якуний босқичини ҳам шараф билан ниҳоясига етказишдир!

Деҳқончилик учун ноодатий келган ушбу мавсумда оқилона иш тутаётган фермерларимиз ернинг ҳақиқий эгаси эканлигини амалда намоён этишмоқда. Шу билан бирга, ўз ишига совуққонлик билан қараб, пахта йиғим-теримини кўнгилдагидек ташкил қила олмаётганларда эса фермерлик қобилияти етарли эмаслиги кўзга ташланмоқда.

Бу каби ҳолатларга йўл қўймаслик учун, аввало, уюшқоқлик билан, бор куч-ғайратимизни пахта теримига сафарбар этишимиз, ҳосилнинг бир мисқолини ҳам исроф қилмасдан, сўнгги чаноғигача тўлиқ териб олишимиз керак! Етиштирилган пахтани тоза териш натижасида ҳосилдорликни 3-5 центнерга оширишга эришиш мумкинлигини ёддан чиқармаслигимиз зарур!

Пахта ҳосилини етиштиришда меҳнати сингган барча ишчи-ходимлар, дала меҳнатчиларини жалб этган ҳолда бир чаноқ пахтагача териб топширишни ташкиллаштириш лозим. Ҳар бир одам кунига 20-30 килограммдан пахта терган тақдирида ҳам, ҳар бир фермер оиласидан мавсумга жалб этилган ўртача 4 киши ялпи хирмонга бир центнер атрофида ҳисса қўшишини эътиборда тутишингиз фойдадан холи бўлмайди.

Азиз фермерлар, зиммамизга олган мажбуриятни бажаришимиз шарт эканини доимо ёдда сақланг! Шартномавий режаларни сурункали бажармай келаётган фермер хўжаликлари билан тузилган ер ижара шартномаси бекор қилиниши ҳамда етказилган зарар тўлиқ ундириб олинишини ҳам унутмаслик лозим.

Пахта йиғим-теримида нафақат пахтачиликка ихтисослаштирилган, балки бошқа йўналишдаги фермер хўжаликлари ишчилари ҳамда меҳнатга лаёқатли оила аъзоларини ҳам фаол қатнашишга даъват этамиз!

Долзарб пайтда ўзини четга олмасдан, хирмонга муносиб ҳиссасини қўшадиган фермерларимизга эса, албатта, ўз миннатдорлигимизни билдирамиз.

Азиз маҳалла раислари,
фаоллар!

Қадрли ҳамюртлар!

Машаққатли меҳнат маҳсули бўлган пахта ҳосилини охирги чаноғигача йиғиб-териб олишда ишга яроқли маҳалла аҳли уюшқоқлигини таъминлашда алоҳида ўрнак кўрсатишингизга ишонамиз!

Ишсиз маҳалладошларимизнинг йиғим-теримга жалб этилиши уларнинг шахсий даромадлари ошишига ва мўлжаллаган оилавий тадбирлари, тўй-маъракаларини ўтказиши учун қўшимча маблағ топишларига имкон беради.

Ушбу мурожаатноманинг аҳамиятини аҳолига тушунтиришда сизларнинг бой ҳаётий тажриба ҳамда ташкилотчилик қобилиятингиз борлигини яхши биламиз. Шунинг учун ҳам Сизлардан ана шу салоҳиятингизни ишга солиб, ихтиёрий, айниқса, ташаббускор теримчиларнинг йиғим-терим жараёнига фаол иштирокини таъминлашда ҳамкор, ҳамфикр ва елкадош бўласиз деган умиддамиз.

Шу билан бирга, юртбошимиз таъкидлаганидек, мажбурий меҳнатнинг ҳар қандай кўринишига йўл қўймаслигингизни, 18 ёшга тўлмаган ёшларни пахта теримида қатнашишининг олдини олишда ўз ёрдамингизни аямаслигингизни сўраймиз.

Ўзбекистон фермер,
деҳқон хўжаликлари
ва томорқа ер эгалари кенгаши