Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Пайариқда тадбиркор ёшлар сафи кенгаяди

Пайариқда тадбиркор ёшлар сафи кенгаяди Пайариқда тадбиркорлар учун коворкинг маркази фаолият бошлади.

Айтиш керакки, “Ёшлар келажагимиз” давлат дастури асосида ташкил этилган мазкур марказ навқирон авлоднинг бизнес ташаббуслари, стартаплари, ғоя ва лойиҳаларини амалга оширишга кўмак бериш, бизнес режалар ишлаб чиқиш, юридик маслаҳатлар, бухгалтерия ва бошқа хизмат турларини кўрсатиш, форумлар, мастер-класслар ҳамда семинарлар ташкил этиш каби вазифаларни бажаради.

Ҳозирда марказ тадбиркорликка қизиққан пайариқлик йигит-қизлар билан гавжум. Улар бу ерда бизнесда аниқ йўналишни танлаб олиши ёки ўзини қийнаган масалага ечим топишаяпти.

—    Коворкинг марказни ташкил этиш мақсадида Ёшлар марказининг 2 қавати туман ҳокимлигининг 50 млн. сўм маблағлари асосида замонавий тарзда жиҳозланди, -дейди Ёшлар иттифоқи Пайариқ туман Кенгаши етакчиси Жамшид Ахунов. – Ҳозирда 14 ёшдан 31 ёшгача бўлган йигит-қизлар сони анкета асосида аниқланмоқда. Шу кунгача статистика хисоботлари асосида 77 500 дан ортиқ ёшлар борлиги қайд этил келинган бўлса, ҳозиргача 66 минг ёшлар рўйхатга олинди. Қувонарлиси, анкета асосида аниқланган ёшларнинг 13 мингдан кўпроғи коворкинг марказига келиб, керакли йўл-йўриқарни олгач ўз бизнесларини бошлаш арафасида турибди. Шу йилнинг 10 август кунидан уларнинг бизнес лойиҳаларига 5 йил муддатга 7 фоизли имтиёзли кредитлар ажратила бошланади.

Шунингдек,  туманда “Ёшлар келажагимиз” давлат дастурида белгиланган “Ёшлар меҳнат гузарлари” қурилиши ҳам бошланган.  Жорий йилда секторлар ҳудудида 4 та шундай гузарлар ташкил этиш лойиҳалаштирилаяпти. Хусусан, М.Улуғбек маҳалласида 800 млн. сўмлик маблағ ёрдамида давлат шерикчилк асосида бунёд  этиладиган меҳнат гузари ёшлар тадбиркорлигини амалга ошириш учун замонавий манзил бўлади. Замонавий тарзда қуриладиган бу биноларнинг иккинчи қаватида  ёш тадбиркорлар ўз бизнесини юритса, биринчи қаватида эса тадбиркор ўз фаолиятини давом эттиради.

Муҳаббат РАВШАНОВА,

“XXI asr”   мухбири