Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Пайсалга солиш эмас, ечим топиш зарур

Пайсалга солиш эмас, ечим топиш зарур

Шароф Рашидов тумани “Тинчлик” маҳалла фуқаролар йиғинида туман давлат солиқ инспекцияси раҳбари бошчилигида депутатлар, кўпчилик қайта-қайта мурожаат қилавериб яхши таниб қолган сув, газ, электр энергияси ва бошқа ташкилот вакиллари хонадонма-хонадон кириб юрганини кўрган одамлар ажабланиб, “Тинчликмикан, меҳмонлар кўпчилик бўлиб, маҳалламизда юришибди”, деб сўраб-суриштиришни бошлашди.

­– Солиқдан қарзингиз борми, дейман? Оёғингиз қалтираб, юрагингиз пўкиллаб қолди, – деди улардан бири ҳазил қилиб, кейин барчани хотиржамликка чорлади: – Меҳмонлар Президентимизнинг топшириғи билан маҳалла аҳлидан хабар олгани келишган. Энди туман секторларга бўлинди. Бизники 4-сектор. Раҳбари – туман давлат солиқ инспекцияси бош­лиғи. Нима дардимиз бўлса, айтайлик. Муаммоларниям яширмайлик.

– Нима, менинг хонадонимга ҳам киришадими? – деди даврадагилардан бири. Мен ҳеч кимга шикоят ёзмаган бўлсам.

– Шикоят ёзиш, мурожаат қилиш шарт эмас энди, қўшни. Тадбиркорлик қилсаммикин, деб ўйланиб юрувдингиз-ку. Ўша ҳақда гапиринг, ҳовлингизда имкониятингиз борлигини кўрсатинг. Тушунмаганингизни сўранг.

– Эй, шунақами?.. Президентимизга минг раҳмат. Энди раҳбарлар уйма-уй юриб, ҳол сўрайдиган бўлди, денг. Унда тезроқ уйга борай.

Содда қўшнининг гапларидан даврада енгил кулгу кўтарилди...

Дастлаб шундай ҳазил, қизиқиш, ҳайратга сабаб бўлган бу воқеага ҳам бир йилдан ошди. Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 8 августдаги “Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан ташкил этилган секторлар бугун кундалик ҳаётимизнинг муқим ҳамда муҳим ажралмас қисмига айланиб қолди, десак янглишмаймиз. Ушбу жабҳа фаолияти билан танишиш учун айнан 4-секторга йўл олганимизнинг ҳам сабаби бор. Чунки партиямиз электорати ҳисобланган тадбиркорлар, фермерлар, томорқа ер эгаларининг фаолияти солиқ идоралари билан узвий боғлиқ.

Шароф Рашидов туманидаги мазкур секторга “Янгиобод”, “Янги ҳаёт”, “Самарқандқудуқ”, “Уч қиз”, “Кўрпасой”, “Умар”, “Тинчлик”, “Нонисангил” маҳалла фуқаролари йиғинлари бириктирилган бўлиб, бу ҳудуддаги жами 4 894 хонадонда 34 029 нафар аҳоли истиқомат қилади.

Йўл ёқаларида ўрнатилган махсус белгилар бўйича сектор штабини топиш унчалик мушкул бўлмади. Штаб биноси, дарҳақиқат, барча талабларга мос равишда жиҳозланган. Меъёрий ҳужжатлар тўлиқ шакллантирилган. Қизиққан киши ҳудуд аҳолиси, ижтимоий-иқтисодий кўрсаткичлари ва шу каби исталган йўналишда амалга оширилаётган, режалаштирилган ишлар ҳақида тўлиқ маълумот олиши мумкин.

Кейинги пайтдаги кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида йиллар давомида тўпланиб қолган муаммоларни ҳал қилиш, одамларга муносиб турмуш тарзини яратиб беришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу мақсадга эса одамлар билан ҳамфикр, ҳамжиҳат бўлмасдан эришиб бўлмайди. Туманларни секторларга ажратишда айнан шу жиҳат эътиборга олинган бўлса ажаб эмас.

 Мазкур ҳудудда тадбиркорлик билан банд аҳоли сони 2 329 нафарни ташкил қилади, улардан 1 986 нафари паррандачилик, чорвачилик, асаларичилик билан машғул бўлса, қолган қисми миллий ҳунармандчилик, савдо-сотиқ, касаначилик каби тадбиркорлик турлари билан шуғулланади. 18 нафар киши оилавий тадбиркорлик билан банд. Сектор ҳудудида 436 та корхона ва ташкилот, 146 та хусусий корхона, 257 та фермер хўжалиги, 20 та жамоа ташкилоти мавжуд.

– Касбимиз тақозоси боис аҳоли ва ташкилотлар билан олдиндан бақамти ишлаб келамиз, – дей­ди ташкилий шўъба бошлиғи Муртазо Қурбонов. – Бироқ уйма-уй юриб, одамларимизнинг яшаш тарзи, аҳволи билан танишиш, гапнинг очиғи, нафақат бизга, балки турли идора вакилларидан шакллантирилган ишчи гуруҳ аъзолари учун ҳам фойдадан холи бўлмади. Аниқланган муаммолар ечими кўпинча бир неча ташкилот фаолияти билан боғлиқ экани боис баҳамжиҳатликда жойида ҳал қилишга киришилди.

Суҳбатдошимизнинг гапида жон бор. Буни маълумотлардан ҳам билса бўлади. Сектор аъзолари шу йилнинг ўтган вақти давомида 567 та муаммони аниқлаган, шундан 470 таси жойида ҳал қилинган, 86 таси бўйича йўл харитаси тузилиб, аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилган, қолганлари назоратга олинган.

Сектор ишчи гуруҳи шуғулланаётган масалалар кўлами кенг бўлиб, деярли барча жабҳалар қамраб олингани боис бевосита тадбиркорлик фаолиятига доир масалалар ечими билан қизиқдик.

– Партиямиз фаоллари, депутатларимиз ҳамда сектор ишчи гуруҳи билан ҳамкорликда ҳудудда 12 та тадбиркорлик субъекти қайта тикланди, – дейди O‘zLiDePнинг туман Кенгаши раиси биринчи ўринбосари Фарҳод Маматқулов. – Аввал уларнинг фаолияти нима учун тўхтаб қолгани таҳлил қилиб чиқилди. 5 нафар тадбиркорга банкдан кредит маблағи олишга кўмаклашилди. Натижада 16 нафар кишини иш билан таъминлаш имконияти пайдо бўлди.

Таъкидлаш лозимки, сектор вакиллари томонидан тозалик ичимлик суви, газ, электр энергияси таъминоти, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга кўмак бериш, ижтимоий объектларнинг талаб даражасида фаолият кўрсатишини таъминлаш борасида анчагина ишлар амалга оширилган.

– Ўтган йилнинг ноябрь ва декабрь ойлари учун нафақа ололмадим. Тегишли ташкилотларга мурожаат қилгандим, “куйиб кетди”, дейишди. Мен ҳам шундай экан-да, деб қўяқолувдим. Ишчи гуруҳ аъзолари хонадонимизга келиб, муаммоларни сўраганда шу масаладан гап очдим. Ёзиб кетишганди. Май ойида пенсиям қайта ҳисоб­ланиб, ўша икки ойнинг нафақасини қўшиб беришди. Шу боис миннатдорлик билдирай деб келдим, – дейди Янгиобод маҳалласида истиқомат қилувчи Мастура Қодирова.

Азиза Қурбонова эса уйида фарзандли бўлган экан. Фарзандига туғилганлик тўғрисида гувоҳнома ололмай сарсони чиқибди. Ушбу масалани сектор ишчи гуруҳи вакиллари ҳам ижобий ҳал қилган бўлса-да, кишини беихтиёр мушоҳадага ундайди. Авваламбор, ҳар бир ҳомилали аёл ҳисобда туриши, фарзанд туғилгунча тиббиёт ходимлари назоратида бўлиши керак эмасми? Майли, турли сабабларга кўра фарзанд уйда дунёга келган экан, туман ФҲДЁ идораси ходимлари унга гувоҳнома беришни нега сектор вакиллари аралашгунча пайсалга солиб юришди?

Аҳолини қийнаб келаётган кўпгина муаммолар ечими баъзан арзимаган важ-корсонлар туфайли ортга суриб келингани кишини ажаблантиради. Айнан шу ташкилотларнинг сектор ишчи гуруҳига киритилган вакиллари кўпинча одамлар билан юзма-юз бўлганда хижолатга тушиб қолишмоқда. Бу ҳам тумандаги мутасадди ташкилот вакилларидан иборат сектор ишчи гуруҳининг уйма-уй юриб, аҳоли билан очиқ мулоқотда бўлиши нақадар зарурлигини изоҳлайди, назаримизда.

Баҳром МИРЗАҚОБИЛОВ,

“XXI asr” мухбири