Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

“ПЕНСИЯ КЕЛДИ...МИ!?”

“ПЕНСИЯ КЕЛДИ...МИ!?”
 
Аввалига бир қувондик – пенсияни нақд пулда бериш жорий этилди!
Кўп ўтмай яна суюндик – нафақамизни аввалгидек, почта эмас, “Халқ банки”ининг жойлардаги бўлимлари орқали тарқатиш кенг йўлга қўйилди. Лекин...
Бу борада бизнинг Поп туманида юритилаётган иш тутуми жуда ажабланарли. Банк ходимлари июль ойида туманнинг Санг қишлоғи Гузар маҳалласидаги чала битган бир дўконда роса тўрт кун пенсия тарқатишди. Бу хуш хабарни эшитганлар шу ёққа ёғилиб келаверди, навбатга ёзилаверди... Тасаввур қиляпсизми, юзлаб қария қирқдан юқори жазирамада, шундоқ йўл устида навбат кутиб ўтиришди. Тушга яқин йиғилганларнинг бир қисми пенсиясини олгач, банкирлар “Пул тугаб қолди, ё бугун, ё эртага келамиз”, дея жўнаб кетишди...
 Эртаси куни тонгдан яна навбат... бақир-чақир, асаббузарлик бошланди.
Мана, энди август ойи пуллари ҳам тарқатил­япти. Бу гал ҳам банк вакиллари яна ўша жойга жойлашиб, пенсионерларни йиғиб, энди пул тарқатаман, деб туришганди... маҳалла фуқаролар йиғинидан вакил келиб, “Бу ерда тарқатмайсизлар, Янгичек маҳалласига борамиз”, деб уларни олиб кетди. Эрталабдан бери навбат кутиб ўтирган  отахон-онахонлар ёқаларини ушлаб қолаверишди, улови борлар эса кассирлар ортидан қувиб кетишди...
  Ёшим салкам тўқсонда, болам,– дейди Гузар маҳалласида яшовчи Инобатхон ая. –  Шу ҳолимда пенсиямни ололмай сарсон бўлиб юрибман. Бир ёқда юрт раҳбари халқнинг оғирини енгил қилинглар, одамлар биздан рози бўлсин,  деб турсаю, бу ёқдагиларнинг қилиғини қаранг?
– Ростдан ҳам Халқ банки Поп туман бўлими мутасаддиларининг пенсия тарқатишни  тўғри ташкил эта олмаётганлари кўпчиликнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда, – дейди Санг қиш­лоқ Пиллакаш маҳалласи фуқаролар йиғини раиси Тоҳиржон Маткаримов. – Наҳот, кўчанинг юз метрча жойидаги пенсионерлар рўйхатини тузиб, уларнинг нафақасини бериб бўлгач, яна юз метр силжиб, ортиқча навбатсиз, асаббузарликларсиз тарқатишнинг имкони бўлмаса? 
Поплик бир гуруҳ
пенсионерлар номидан
О. НОМОЗОВ
ТОЙТЕПАМАС, ТЎЙТЕПА-КУ!
 
Қайси бири тўғрилигини шундоғам кўпчилик билади. Бу ҳақда неча марта бонг урилди, ҳозир ҳам ёзиляпти. Лекин нафсига қуллуқ қилувчи “ёзғир”лар хато қилишдан чарчашмаяпти.
Энг қизиғи, жиддийроқ кузатсангиз бошқа бир ҳақиқат аён бўлади: яъни, у кириллча ёки лотин ёзувидами, барибир имловий саводсизликка йўл қўйиляпти. Лекин ҳали бирор жойда осилган рус тилидаги ёзувларда (айрим машиналарга техник ёрдам кўрсатиш устахоналаридаги “қўлбола реклама”ларни айтмаганда)  деярли хато ёзилган ҳарф ёки сўзни учратмайсиз. Сабаби нимада эканлигини изоҳлаш мушкул.
Ниҳоят Тошкент вилояти марказига айланган Тўйтепа шаҳрига кираверишдаги ушбу иккита ёзувни солиштиринг, нима ўзгарган? Лекин бири аввал ўрнатилган, иккинчисининг эса ҳали сиёҳи қуриб улгурмаган! “TOYTEPA SHAXRIGA XUSH KELIBSIZ!”даги
“X”нинг “H” деб ёзилишини наҳотки ҳеч ким билмаса?. 
Изоҳни ким беради?
Озод КАРВОН тайёрлади